Ота
Ҳар бир инсон улғайиб, оилали бўлиб авваламбор ўзидан қиздир, ўғилдир зурриёт қолдиришни, зурриёт қолдирганда ҳам ақлли ҳушли, одобли, келажакда элга, юртга, Ватанга, ота-онасига меҳрибонлик билан хизмат қиладиган зурриёт қолдиришни хоҳлайди. Ҳеч ким "болам улғайиб жиноятчи бўлсин, ўғри-киссавур бўлсин, юзимни ерга қаратсин" деб ният қилмайди. Ҳамма ўз боласини иқболини кўришни, кексайганда фарзанди орқасидан ўзининг ҳам фарзандидан яхшилик кўрган эл-юрт томонидан дуо қилинишини, кексайганда фарзандларнинг камолини кўришни истайди. Аммо...
Аммо ана шу хом сут эмган банда бу учун авваламбор ўша фарзандга тўғри тарбия бериш кераклигини унутади. Баъзида ҳаддан ортиқ эркалатса, баъзида ҳаддан ортиқ уришади. Баъзида эса боласининг тарбиясини батамом ташлаб қўяди. Буни натижасида эса тарбиясида нуқсонлари бор бола катта бўлиб улғайиб отанинг ҳаққига дуолар келтириш ўрнига унинг ҳаққига лаънатлар олиб келади. Отанинг бошини эгади. Қаддини букади ва охир оқибат кексалик гаштини ҳали тузук-қуруқ татиб кўрмаган отани олтмиш ёшнинг нари-берисида гўрга тиқади.
Қўйидаги ҳикояда ҳам отанинг тақдири шундай аянчли бўлди. Охирги пайтларда ёлғиз ўғлининг нотўғри ишлари оқибатида жудаям катта суммага қарз бўлиб кетгани туфайли отанинг қадди букилди. Ҳаммасини ичига ютди. Озиб кетди. Охири бир кун тонгда тинчгина омонатини топширди.
Ота икки қизнинг ортидан ўғли туғилганида қанчалик хурсанд бўлган эди. Гўёки дунёда ундан ортиқ бахтли одам йўқдай. Ундан кейинги фарзанди ҳам қиз туғилди. Битта ўғил, "халқ тилида айтилганда "Яратгандан тилаб олинган" ўғилни эсини таний бошлаганда ҳам, ўсмирлигида ҳам ота унча эркалатмас эди. Аммо қаттиқ уришмас ҳам эди. Уришган вақтида ҳам хотини ўртага тушиб "ўзи биттагина боламни ҳам тинч қўймайсиз" деб уришгани қўймас эди. Ўғил оилада ўта эркин ўсди. Тўғри, ёмон болаларга қўшилиб ўғри ёки нашаванд бўлиб кетмади. Аммо у кўнгли тусаган ишни қила оларди. Ота "ўғлимни уйлантирсам босилиб, қуюлиб қолар" деган ўйда бир хонадоннинг қизини ўғлига унаштириб фотиҳа қилиб қўйди. Қиз бироз ёшлиги учун икки қуда тўйни кейинроқ қилишга келишиб олдилар.
Ота ҳали мактаб пайтиданоқ ўғлига видеокамера олиб берганди. Ўғил ўша пайтлардан бошлаб тўйларга чиқар, уларни видеотасвирга олиб пул ишлар эди. Аммо ишлаган пули ўзидан ортмас, камига отасидан беркитиб онасидан ҳам пул оларди. Ўғил ёш ҳолида тўйларга чиқиб юрган пайтида асосан қўшиқчилар билан бирга бўларди. Тўйдан кейин эса кўпинча тўйда хизмат қилган айрим раққосалар билан танишиб ёш ҳолида "кўзи очилди". Уйланадиган қизи билан унаштирилган пайтида эса турли ёмон ахлоқли қизлар билан "юриш"да "ас" бўлиб кетган эди. Ана шундай кунлардан бирида ота уйдалигида бир аёл киши ёнида ёш бир қиз билан чақириб келиб қолди. Ота эшикни очар экан аёл йиғлаб "Жувонмарг ўғлингиз қизимни номусига тегибди, энди унга уйланади. Уйланмаганига қўймайман" деб дод-вой сола бошлади. Ота "секинроқ гапиринг опа, қўни-қўшнилар эшитса нима дейди" деганига қарамасдан аёл ҳаммага эшиттириб бақириб-бақириб яна келишини айтиб кетди. Ўғил ўшанда аёлнинг олдига қўрқиб чиқа олмади. Ота биринчи зарбага ана ўшанда дуч келганди. Аёл кетганидан кейин ота ўғилни тергов қилди. Ўғилнинг айтишича ўша аёлнинг қизи шу пайтгача номусини йўқотиб бўлган. Ўша куни ҳам боланинг бироз кайфи борлигини билган қиз уни панага ўзи тортган ва охири мақсадига етган. Ота қизни кимлиги, унинг оиласи билан қизиқди. Маълум бўлишича қизнинг ўзи енгилтабиатроқ қиз экан. Ўғли билан бўлгунча ҳам қизнинг ёмон йўлларда юриши элга ошкор бўлиб улгирган, шу туфайли ҳам қиз уйланмаган биронта йигит билан "бирга бўлиб" уни илинтириши ва номини оқлаб тегиб олиши керак бўлган. Қиз бу болани "ҳали ёш, ҳеч нарсани билмайди" деб ўйлаган. Аммо қаҳрамонимиз аёллар масаласида "уста" бўлиб кетганлардан эди. Аммо қизнинг онаси ҳам анойи эмас экан. Ишга ҳуқуқни ҳимоя қилиш ходимларини тортиб болага чора кўришни сўрабди. Ўшандан кейин бир йилдан ошиқроқ вақт отанинг ҳаловати бўлмади. Ҳали қизнинг онаси дағдаға қилиб келади, ҳали ички ишлар ходимлари келишади.
Уёқда қудаси булар билан қуда бўлганига, қизини бу тайинсиз болага унаштириб қўйганига афсусда. Аммо чораси йўқ, фотиҳани буза олмайди. У даврларда "фотиҳаси бузилибди" деган йигитни бало ҳам урмасди. Аммо қиз ҳақида бўлар-бўлмас миш-мишлар тарқаб кетиб кейин қизлар уйда ўтириб қолиб кетишарди. Қизнинг отаси шуларни ўйлади. Аммо ўша воқеадан кейин куёвини ҳам, қудасини ҳам заррача ҳурмат қилмайдиган бўлди.
Аҳвол анчагина таранг эди. Охири боланинг ўзи бир йўлини топди. Иккита ички ишлар ходимлари билан гаплашиб (улар ҳадеб уйига келаверганларидан бола билан яхши таниш даражасига боргандилар) уларнинг қўлига ўша ишдан кейин отаси тортиб олиб қўйган видео камерасини олиб бориб бериб тинимсиз қизнинг ортидан кузатишларини ва бу учун ҳамма харажатларни кўтаришини билдирди. Ички ишлар ходимлари ҳам у қизнинг хулқи ҳақида ҳамма гапни эшитган эдилар учун бунга рози бўлдилар. Ахийри икки ой деганда қиз яна битта бола билан "бирга бўлиб" қўлга тушди. Уни пойлаб юрган ходимлар уни "иш" устида ушлаб олиб, буни ўша қиз кирган хонадонга бостириб кириб тасвирга ҳам олиб исботлаб, кейин қиз ва унинг онаси қилган даъвони туҳматлигини исботлаб ишни ёпдилар. Отанинг ўшанда кўп пули кетди. Аммо энг ёмон бир машмашадан қутилгани учун кетган пулига ачинмади. Аксинча одамлар орасида юзи ёруғ бўлгани учун хурсанд ҳам бўлди.
Ўша ишдан кейин ҳам ўғил бебош юришини йиғиштирмади. Аммо энди у анча эҳтиёткор бўлиб қолганди. Шу тарзда йиллар ўтаверди. Ота ўғилни уйлантирди. Набиралар кўрди. Ўғил ҳам бироз босилди ва кейинчалик савдо ишига ўтиб кетди.
Унинг савдодаги ишлари ҳам олдинига яхшидай туюлиб, охири бу ишдан у катта қарз бўлди. Қарзи уй-жойлари, мол-мулкини сотиб тўласа ҳам қарзнинг бир чеккасини ёпмайдиган даражага келди. Худонинг берган куни пулини сўраб уйга одам қидириб келади. Ўғил беркиниб юрибди. Ҳамма юк шўрликнинг отанинг гарданида. "Ўғлим уйда йўқ, келсин, қарз бўлса берамиз, хавотирланманг" деган гапни азбарои кўп такрорлайверганидан кечаси уйқусида ҳам айтиб чиқадиган бўлди. Ота маҳалланинг энг актив одамларидан эди. Бу ишдан кейин у умуман уйдан чиқа олмай қолди. Катта гавдали одам озиб-тўзиб бир тутам бўлиб букчайиб қолди. Шу қарз туфайли қарзни қайтаришни кимдир илтимос қилиб сўраса, кимдир ялиниб сўрарди. Яна кимдир эса уруш-жанжал қилиб келиб охирида "э ўшандай ўғилни ўстирган сендай отага минг лаънат" деб ҳақорат ҳам қилиб кетарди. Ота барини ичига ютди. Охири бўлмади. Кунлардан бир кун эрта тонгда кўксини чангаллаб йиқилди-ю жон берди.
Эҳ ота, сен боланг туғилганида шу учун хурсанд бўлганмидинг? Сенинг ниятинг шунақа ўз отасига, эл-юртга нолойиқ фарзанд ўстириш эдими? Шу фарзанд ортидан кексайганингда кунинг кун бўлмади-ку! Сен ҳам бола ўстираётганингда "кексайганимда белимга қувват бўлади, қўлимдан юмушимни олади, мен эса тенгдош чоллар билан чойхонага чиқиб гурунглашиб, кексалик завқини суриб юраман " деб ўйлавдингку! Эҳ ота, қайерда хато қилдинг? Кошки эди сенинг билиб-билмай қилган хатоларинг бошқалар учун дарс бўлса эди. Бугун сенинг вафотингни эшитиб қалбим қаттиқ оғриди. Сен бундай ўлимга лойиқ эмасдинг. Аммо тақдири илоҳий сенга шуни раво кўрган экан сени ҳам, бандаларнинг қўлидан нима ҳам келарди?
Вафотингни эшитиб ҳаққингга дуо қилдим. Ноқобил ўғлингнинг ҳаққига ҳам дуо қилдим. Яратган билиб-билмай қилган гуноҳларимизни кечирсин.Биздан ўтганларни раҳмат ва мағфират қилсин. Тирикларимизни Ўзининг Ҳақ йўлидан адаштирмасин. Бизларни ҳам доимо ота-онамизни хизматларини малолланмай қиладиган фарзандлардан қилсин. Ноқобил фарзандларга инсоф берсин. Омийн.
Комментариев нет:
Отправить комментарий