11 йиллик мактаб таълими қайта тикланар экан бунга сабаб қилиб коллежларда давоматнинг пастлиги, ўқувчиларнинг назоратсиз қолиб кетаётгани ҳам сабаб қилиб кўрсатилди. Ҳар нарсанинг "лекин"и бордай мен хам коллежларда нега давомат паст бўлган ёки нега ўқувчилар назоратсиз қолиб кетишган ана шуларнинг "лекин"и хақида бироз фикр билдиргим келди.
Коллежларни ривожлантириб ундаги таълимни юксак даражага олиб чиқиш учун авваламбор уларнинг моддий техник базалари зўр қилиниши керак эди. Бизда нима бўлди? Қоғозда ҳаммаси зўр, аммо амалда хатто оддий чироқ йўқ. Қилиб қўйган генераторлари хўжамкўрсинга, борми, бор. Ёки кўпгина касбга тегишли асбоб-ускуналар ҳам етарли эмас. Мураккаброқ ускуналар ҳам ўзига яраша бор.
Кейин коллеж ўқитувчиларига юкланган юкламалар оддий мактабларникидан кўпроқ ва баттароқ бўлди. Айтсам биров ишонади, биров ишонмайди; коллежларга ҳатто нечадир килограммдан рангли метал йиғиб бериш мажбурияти ҳам бор. Буни ўзим ҳам билмасдим. Яқинда маҳалламиздаги коллеж директори айтиб қолди. Очиғи буни эшитиб ҳайрон қолдим. Чунки энг арзон рангли металнинг хам килограмми фалон пул. Шундай экан шўринг қурғур ўқитувчилар рангли металларни қайердан топсин? Ўқувчисига опкелишни буюргани билан фойдасиз, у кўчада ётган нарса эмас, барибир топиб кела олишмайди, топиб келишни хоҳлашмайди ҳам. Ва охир-оқибат бундай мажбуриятларни ўқитувчилар ўз маъошидан тўлайди.
Бундан ташқари турли ҳашарлар ҳам ўқитувчиларнинг жонига тегиб кетган ва мана шу ҳашарбозликлар ҳам коллежлардаги таълим сифатини пасайиб кетишига сабаб бўлди ва бўлмоқда. Масалан; Биз яқинда Имом Бухорий мажмуасига бормоқчи бўлдик ва Жомбой тарафдан юрдик. Қарасак кўча тўла аёлу-эркак. "Барака топишсин, кўчаларни тозалаб қўйишаяпти" деб ўйладик. Йўлдан ҳашарчиларни кузатиб борар эканмиз сув олиш учун бир дўконнинг олдида тўхтадик. Дўконни атрофида ҳам ҳашарчилар кўча тозалашаяпти, уйларни орқасини бўяшаяпти. Шерикларим магазиндан сув олиб чиққунларича мен ҳашарчиларнинг бири билан "ҳорма-бор бўл" қилдим ва бироз гаплашиб қолдим. Унинг ҳасрат ва надомат билан айтишича кўчада ана шу биз кўрган ҳашарчилар Жомбойга қўшни бўлган тумандаги лицей ва коллежларнинг ўқитувчилари экан. Мен ундан "Нега Жомбойга қўшни тумандан келиб ҳашар қилаяпсизлар, нима ўзларида ҳашарчи йўқ эканми? Уйларнинг кўча тарафини бўяб бераяпсизлар, нима бу уйларда ҳеч ким яшамайдими?" деб сўрадим. У "уйларда одам бор, аммо негадир вилоят Олий ва ўрта махсус таълими бошқармасининг буйруғига кўра Президентимизнинг ташрифларидан олдин айнан бизни хашарга олиб келишган" деди. Унинг гапларидан шу нарса аниқ бўлдики Президентимизнинг Самарқанд вилоятига ташриф буюришларида Имом Бухорий мажмуасига боришлари ҳам назарда тутилган ва вилоят катталари буни олдиндан билишар экан. Шу учун ҳам кўчаларни тозалаттириб уйларни кўча томонини буяттиришаётган экан. Ўшанда мажмуага Жомбой тумани орқали бориладиган йўлларни тозалаш, кўча юзидаги уйларнинг орқа деворларини бўяш каби ишларни қўшни тумандаги лицей ва коллежларнинг ўқитувчилари зиммасига юклашган. Нима Жомбойнинг ўзида ўқитувчи йўқ эдими? Ёки маҳалла раисларига буюриб бўёқ ёки оҳакни олиб берса ҳар бир одам ўз уйининг орқасини бўяб қўя олмас эдими? Бўяб қўя олар эди. Аммо вилоятдаги собиқ каттанинг ўзи қўшни тумандан экан, буни устига ўша қўшни туман ҳокими бўлиб ишлаб турган жойидан вилоятга катта бўлиб борган экан ва шу туфайли ўзини кўрсатмоқчи бўлиб ўзининг туманидан одам чақирганми ёки ўзининг туманини ўқитувчиларини баттар хор қилиб бутун вилоятда уларнинг хор эканликларини кўрсатмоқчи бўлганми билмадиму аммо факт шу Жомбойдан эмас балки ўзининг туманининг ўқитувчиларини вилоят Олий ва ўрта таълим бошқармаси орқали буюртириб (балки хокимият орқали буюртиргандир, буёғи менга қоронғу) Жомбойда 3 кун кўчаларда ишлатиб тентиратишаётган экан. Биз эса тасодифан бунга гувоҳ бўлдик.
Хўш, бу ахволдан кейин коллежларда қанақасига таълим сифати бўлсин? Ўқитувчи дарс ўтиш ўрнига қўшни туманга бориб уч кунлаб кўча тозалаб юрса унинг дарслари нима бўлди? Ўша ўтилмай қолган дарсларда ўтириши керак бўлган талабалар ахволи нима бўлди? Қанақасига кейин ўзбекнинг боласидан олим чиқсин, ўқитувчиси кўча тозалаб юрса? Бу ахволда қанақасига бола назоратда бўлади, ўқитувчиси уч кунлаб коллежга келмай хашарда юрса?
Мактаблар 11 йиллик бўлса зўр бўлади деб ўйлаётган жаноблар, хомтама бўлманглар. Агар мактаб бўладими, коллеж бўладими ёки яна қандайдир бошқача ном билан аташадими фарқи йўқ, ўша таълим муассасига қандайдир юкламалар таълим тизимига алоқаси йўқ ташкилотлар ва шахслар томонидан юкланаверар экан таълим тизими коллеждан мактабга ўзгаришининг фойдаси йўқ ва хаммаси ўша "эски тос, эски ҳаммом" ҳолида қолиб кетаверади. Ўқитувчи ҳашарга кетаверади ёки ўқувчиси эплаб олиб келолмаган металломни ўзи қидириб уйма-уй юриб дарс қолдираверади ва охир-оқибат ўша ўсмир ёшдаги асов ёшлар мактабдаям назоратсиз қолиб кетаверишади.
Шундай экан таълим сифатини ошириш учун биринчи навбатда таълим муассасалари ўзларига умуман дахли бўлмаган турли ЮКЛАМАЛАРДАН ОЗОД ҚИЛИНИШЛАРИ КЕРАК. Акс холда таълим мактабга кўчадими ёки яна бошқача таълим усули қўллариладими фарқи йўқ, таълим сифатида ҳам, ўсмирлар тарбиясида ҳам хеч қанақанги олдинга силжиш бўлмайди.
Р.С. Ҳашарда юрган ўқитувчининг исм-шарифини сўрамадим. Зеро бунинг қизиғи ҳам йўқ эди, ундайларнинг сони кўп. Фақат ана шундай ўта машаққатли касбда меҳнат қилиб юрганлари учун уларга раҳмат айтдим холос.
Комментариев нет:
Отправить комментарий