"Ҳаммаси қўшним Ҳикмат бобонинг "Жон болам кампирим ўлиб ёлғиз қолдим. Келинларим ва қизларим минг ювиб-тараб қарамасин кампиримни ўрнини боса олмайди. Шунга уёқ-буёқларни бир қидириб, суриштириб кўрсанг. Балки, менбоп биронта бева чиқиб қолар. Агар муносиб бир аёлни топиб берсанг сениям қуруқ қўймайман" деб қилган илтимосларидан бошланди. Таниш-билишлардан суриштириб биздан бир неча қишлоқ наридан ёши 50 лардан ошган бир боши очиқ аёлни топдим. Аёлнинг фарзандлари йўқ, ўзи ака-укалариникида яшаб юрган экан. Бориб аёл билан гаплашдим. Ҳикмат бобонинг жудаям қариб қолмаганини, эндигина 70 ёшдан ошганини, рўзғори анча бутлигини гапирдим. Аёл рози бўлди. Аммо..., аммо укаси пишиққина экан. "Ака, мен опамни шундоқ бериб юбора олмайман. Менинг ҳаққим 200 "кўк"ида" деса бўладими? "Ўз опасини сотадиган шунақа пасткаш одамлар хам бор экан-да" дедим-у, уларнинг телефон номерини олиб, бориб "куёв бола" билан гаплашиб жавобимни айтадиган бўлдим. Уларнинг олдидан чиқиб тўғри Ҳикмат отанинг олдиларига бордим. Яхши бир аёлни топганимни ва аёл розилигини, аммо укаси пул сўраётганини айтдим. "Ҳаҳ занғар, сал кўп сўраб юборибди-ю, кўпчилик 100 долларга рози бўларди. Қани бир телефон қил-чи, агар уни 100га сен кўндира олмасанг мен ўзим кўндираман. Агар шундаям кўнмаса аёл яхши бўлса сўраганини бериб олиб келаверамиз" дедилар. Телефонни олиб аёлнинг укасига телефон қилиб Ҳикмат ота айтган "нарх"ларини айтдим. Занғар деганларича бор шекилли кўнмади. Шунда Ҳикмат бобо қўлимдан телефонни тортиб олиб, "Эй ука, нечта ўртоқларим уйланди. Биронтаси 150 хам бергани йўқ. Энг кўп бергани 100 берди. Сен ҳам баҳонгни оширмай олавер 100ни" дедилар. Чолнинг ўзи савдолашади деб ўйламаган шекилли ука кўнди.
Шундан кейин бориб аёлни олиб келиб Ҳикмат бобога никоҳлаб қўйдик. Аёл яхши экан, Ҳикмат бобо мени ҳам қуруқ қўймади. Кейин эса маҳаллада, кўча-кўйда менинг Ҳикмат бобога яхши бир аёлни топиб берганим овоза бўлди ва энди узоқ-яқиндан "отамга, тоғамга, амакимга яхши бир аёл топиб беринг" деб кўпчилик мени қидириб келадиган бўлди.
Шундай қилиб менинг ишларим хам юришиб кетди. Мен ҳам хотин топиб берганим учун "ставка"мни 100 доллар қилиб белгиладим. Яна йўлкира, мошинага бензин пули, тушлик дегандай харажатларни "куёв бола" тараф тўлайди.
Келажакда иш фаолиятимга путур етказмаслиги учун ёши 75 дан ошган чолларларни синаб кўриб, улар синовдан ўтишсагина уларга хотин қидирадиган бўлдим. Ёши саксондан ошганларни эса илтимосини қабул қилмайдиган бўлдим.
Дафтар тутиб ёлғиз аёлларнинг манзилини киритиб қўйдим. Мурожат қилиб келаётган чолларни рўйхат қилдим. Ҳар икки тарафнинг ёши нечада, оилавий ва молиявий аҳволлари қандайлиги ҳақида анкеталар тузиб қўйдим.
Юқорида "чолларни синайдиган бўлдим" дедим. Ана шундай кунларнинг бирида бир танишим келиб қолди. Онаси ўтган йил вафот этган эди. Отасини уйлантириш кераклигини ва бунга ёрдам беришимни сўради. "Неча жойга бордик, аммо отамнинг ёшларини саксонда эканини билиб ҳеч қайси аёл рози бўлмаяпти. Шунга балки сен топиб бера олармикансан деб олдингга келавердим" деди. Танишимни "иложим йўқ" ёки "қўлимдан келмайди" деб хафа қилгим келмади. "Эртага отангни олиб кел. Синовимдан ўтсалар албатта хотин топиб бераман. Ўта олмасалар мендан хафа бўлмасинлар" десам, "Отамни олиб келганман, кўчада мошинада ўтирибдилар" деди.
Танишим отасини олиб хонага кирди. Сўрашиб рўпарамга ўтқаздим. Отага ўзимни ёмон кўрсатмасдан бу ишга қандай қилиб силлиққина рад жавобини берар эканман" деб бошим қотар эди. Охири топдим. Иккаламизни ўртамизда усти бўш хонтахта турибди. Хонтахтага лак сурилган. Қоғоз қўйса ёпишиб қолгудай бўлиб қолади. Хаёлимга бир шумдик келди. Танишимни хонадан чиқариб юбориб отадан "Ота, шамолингиз яхшими?" деб сўрадим. Гарчи сааолимни тушунмаган бўлсаларда "Ҳа болам зўр" дедилар. "Ота, эшитган чиқарсиз, мен ёши саксон ёш ва ундан тепада бўлганларга хотин топиб бермайман. Бу "авторитет"имга тўғри келмайди. Сизга майли бу қоидамни истисно қиламан, аммо барибир шамолингизни синаб кўраман" дедим. Чол шамолини қандай синашимга ақли етмай "майли болам синайвер" деб қўйди. Миямга келган шумликни ичимдан кулгу тошиб келаётган бўлса-да сиртимга чиқармай, жиддийлик билан бажара бошладим. Олдимдаги дафтардан бир варақни олиб олдимиздаги хонтахтани ўртасига қўйдим. "Қани ота, шамолингизни бир синайликчи. Мана шу варақни уч марта пуфлаб хонтахтани устидан пастга туширишингиз керак. Қани марҳамат" дедим. Чол "шамолимни шундай синар экан-да, осонку бу" деган хаёлда бироз кулимсириб бошини эгиб, ичини тўлдириб нафас олди-да "пуфф" деб қоғоз томон пуфлади. Не ажабки қоғоз учиб кетиш уёқда турсин ўрнидан ҳам жилмади. Чол яна икки марта олдингисидан-да чуқурроқ ютиниб пуфлади, аммо натижа бўлмади. У қизариб, бўйин томирлари бўртиб чиқиб яна икки марта имкон беришимни сўради. Имкон бердим. У икки марта ўрнига тўрт марта пуфлади ҳамки қоғоз ўрнидан жилмади. "Ана кўрдингизми ота, сизни шамолингизни кучи қолмаган. Мени кечирасиз, сизга хотин топиб бера олмайман" деб олдимдан чиқариб юбордим. Чол чиқиб маюс ҳолда мошинага ўтиргандан кейин олдимга танишим бўлган ўғли кирди. Унга ўтказган синовимни кула-кула айтиб бердим. Охирида бу синов бир баҳона эканини, агар отасига олдимга келгандан йўқ деб юборсам мендан қаттиқ хафа бўлишини, шу учун рад жавобини мана шунақа синов билан билдиришни лозим топганимни ва бу учун улардан узр сўрашимни айтдим. Шунда танишим нега саксондан ошганларга йўқ дейишим сабабини сўради. "Иккинчи мартами ёки учинчи мартами турмушга чиқаётган аёл ҳам икки кун бўлсада хотиржам яшашни хоҳлайди. Энди ўзинг ўйла, ёши саксондан ошганлар роса мункиллаб қолишади. Кейин табиат қонуни бу: олтмиш ёшдаги одамдан кўра саксон ёшдаги инсонларринг бу дунёсидан у дунёси яқин бўп қолади. Шундай экан 50-60 ёшли ёлғиз аёллар ҳам ёшроқ чолларга тегишни хоҳлашади. Ҳозир отангга рад жавобини бермай хотин қидирганимда ҳеч қайси аёл унга тегмасди. Мани эса овора бўлганим қоларди. Сабаби шу" деб сўзимни якунладим.
Яқинда ўша танишимни кўчада кўриб қолдим. Ўша мени синовимдан кейин отаси "бўлди, менга аёл излашни йиғиштиринглар" деганмиш. "Нега отажон?" деб сўрашса "Мени бу ёшимда ҳеч қайси аёл тегмайди" дебди. "Лекин шунда ҳам суриштириб юрибмиз" деди".
Р.С. Бу воқеалар қўшним билан содир бўлган ва шу қўшним ҳалиям чолларга хотин топиб бериш билан шуғулланаяпти. Воқеани ҳам ўзидан қандай эшитган бўлсам шундайлигича келтирдим.
Комментариев нет:
Отправить комментарий