Ўлим ибратдир.
Жаноза. Тобут олиб чиқилиб саф бўлиб турган одамларнинг олд тарафига қўйилди. Имом домла мархумнинг яқинларидан "мабодо кимдир хат-ҳужжат билан келса, марҳумнинг олди-бердиларини ўз гарданларингга оласизларми" деб берган саволига "ҳа, оламиз" деган жавоб бўлди. Сўнгра имом домла саф олдига туриб жаноза намозини ўқишни бошлади; "Аллоҳу акбар".
"Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ" деб намоз тугашини билдирувчи салом берилгандан кейин ҳозир бўлган жамоатнинг асосий қисми тобутга хам қарамай ортга, уйга қайтишга шошилди. Тобутни кўтаришга бир тўп яқинлар, қўшнилар, қариндошлар қолдилар. Қолганлар эса ўз ташвишлари билан тарқалиб кетдилар. Тобут елкаларда чайқалганча манзилига ошиқди.
Қабристон. Маййит қабрга қўйилди. Имом домла "Таборак" номи билан машхур бўлган "Мулк" сурасини тиловат қила бошлади. "Табарокаллази биядиҳил мулку ва ҳува аъла кулли шайъин қодир". Марҳумни сўнгги йўлга кузатишга борганларнинг бошлари эгик, Қуръон оятларини қалблари ажиб бир ҳузур туйиб эшитмоқда эдилар. Домла тиловатни тугатиб ўликлар-у, тириклар, ёшлар-у, кексалар, соғлар-у, беморлар ҳаққига дуо қилар экан, дуонинг охирини марҳумнинг ҳаққига бағишлади. Яратгандан унинг гуноҳларини кечиришини ёлвориб сўради. Жамоат эса чин қалбдан "омин" деб турди. Ниҳоят дуо тугаб одамлар ўз ўрниларидан қўзғала бошлашди. Қабр олдида бир-икки киши қолди холос. Қолганлар ўз ташвишлари томон ошиқдилар.
Қабр усти. Ҳамма тарқаб кетган бўлса-да ҳам айрилиқ, ҳам одоб юзасидан марҳумринг яқинлари бироз қабр ёнида ўтириб қолишди. Ўзларича, билганларича марҳумнинг хаққига дуолар қилишди. Ва улар ҳам жанозадан кейин уйга кўнгил сўраб борадиганларни кутиб олиш лозимлигини эслаб қабристон дарвозаси томон ошиқишди. Уларни маърака ва маросимлар билан боғлиқ ташвишлар чулғаганди.
Қабр. Ниҳоят мархумнинг бир ўзи ва бир қабри ёлғиз қолди. Йўқ-йўқ, марҳум бу ерда ёлғиз эмас, марҳумлар ҳам, қабрлар ҳам кўп. Аммо тириклар хам ҳисобга олинса энди у ёлғиз. Кечагина атрофида парвона бўлиб турган яқинлари энди йўқ. Энди унинг ўзи қоп-қоронғу қабрда бир ўзи қолди.
Буни устига ёлғизлик етмагандай қабрни устини бекитиб ташлашган. Қоронғу зулматда ва чиқиб бўлмас жойда(Зеро бунинг унча ахамияти йўқ.Чунки у хоҳласа хам ҳатто у ерда чиқишга урина ҳам олмайди) марҳумни ўзини ёлғиз қолдириб кетишди. Ҳамма, ҳатто энг яқинлар ҳам бундан буёғига мархумнинг жонига оро бўла олишмайди. Энди у ёлғиз.
Эй омонат жон! Эрта бир кун навбатинг келганда ажал отлиғ ўлим шарбатини сен хам албатта татиб кўришингни билиб хам бу беш кунлик дунёда кибрга берилиб кеккаясанми?
Куни келиб сени ҳам ёлғиз ўзингни қоронғу гўрга тиқиб Мункар-Накир ихтиёрига топшириб кетишларири билиб ҳам нафсингга ва шайтонга қул бўласанми?
Эй омонат жон, кўзингни очгил.
Бировнинг ҳаққини ейишдан, кимларнидир ҳаққинини ейишдан ўзингни тийгил. Сен хозир кибраланаётганинг тирик бўлишинг бу вақтинчаликдир. Бир кун сен ҳам Эгангни ҳузурига боришинг, қабрда Мункар-Накир ҳузурида ёлғиз қолишинг бор. Ундан кейин эса Рўзи Қиёматда қайтадан тирилиб бу вақтинчалик ҳаётдаги ҳар бир ишинг учун жавоб беришинг бор. Шундай экан эй омонат жон, кўзингни очгил. Эсингни йиғгил.
#Ўлим_ибрат
Комментариев нет:
Отправить комментарий