воскресенье, 5 февраля 2017 г.

Туш (қўрқинчлироқ)

Бир қўлимда газета, яна бир қўлимда эса телефон. Бир телефонни титкилайман, бир газета варақлайман. Футбол янгиликларига қараяпман. Охирги ҳафтанинг энг шов-шувли хабари бу "Пахтакор" ўзининг энг иқтидорли ўйинчиларидан бири бўлмиш Машариповни миллий чемпионатимиздаги ашаддий  рақиби бўлмиш "Локомотив"га ижарага бергани ҳақидаги хабар бўлди. Шу сабабли қўлимдаги газетанинг бош саҳифасида Машариповнинг катта суратини беришибди. Иккинчи ва учинчи саҳифаларда эса "Наҳотки энди "Пахтакор" "Аякс"га айланса" деган сарлавҳа билан қалами ўткир журналистларимиздан бирининг каттагина мақоласи берилибди. Бу мақолада журналист акамиз "Нега "Пахтакор" ўтган йилги мавсумда ОЧЛга йўлланма ололмаган ҳолда бу йилги мавсум бошланмасдан аввал ўзининг яхши бир ўйинчисини рақиб жамоага ижарага беради? Нима "Пахтакор" энди  ОЧЛга йўлланма берадиган совринли ўринлар учун курашмай, бундан буёғига Голландиянинг "Аякс" жамоасига ўхшаб фақат футболчиларни тарбиялаб сотиш билан шуғулланадими?" деб жиддий саволни ўртага ташлайди? Ушбу мақола бир қатор футбол журналистлари ва мутахасисларининг фикрлари билан бойитилган экан. Журналистлар ва мутахасисларнинг бири Машариповнинг ижарага берилишидан "Пахтакор" ютқазмаганини, аксинча ютганини таъкидлаб бунга исбот сифатида "Пахтакор"да Машариповдан бошқа иқтидорли ўйинчилар кўплигини ва улар Машариповнинг ўрнини билдирмасдан ўйнай олишларини ва Машарипов ижарада ўйнаётган жамоаси билан ОЧЛда иштирок этишини ва бу мусобақа Машарипов учун реклама вазифасини бажариб бериши мумкинлигини келтирган. Яна бир мутахасис эса бу ижарадан "Локомотив" ютганини гапириб бунга исбот қилиб жамоа ўзининг ашаддий рақибини кучсизлантиргани ва жамоа ажойиб бир ўйинчига эга бўлгани ҳақида гапирган.
Яна бир мутахасис эса бу ижарадан терма жамоамиз ютганини гапирган ва бунга исбот сифатида Машарипов ОЧЛ да иштирок этиши туфайли халқаро майдонда маҳоратини анча оширади. ЖЧ саралаш ўйинларда асосан бизга бошқа миллий биринчиликларда ҳам ўйнаётган ўзбекистонлик маҳоратли ўйинчилар етишмаётганини келтирган.
Мақоланинг бир четида эса Машарипов ҳақида маълумотлар келтирилган. У маълумотларда Машариповни тарбиялаган футбол мактабидан тортиб, у қайси жамоаларда ўйнагани, "Пахтакор"дан "Локомотив"га қанча маблағ ҳисобига ижара учун ўтгани ва энди "Локомотив"да қанча маъош олиши ҳақида маълумотлар бор. Ҳатто охирида Машариповнинг қайси компаниялар билан шахсий реклама шартномалари борлиги ва фаолияти бошланганидан бери шу пайтгача қанча маблағ ишлаб топгани тахминий ҳисоблар билан келтирилган эди.

Газетанинг тўртинчи, бешинчи саҳифаларида ҳали мавсум бошланмагани туфайли ўйинларнинг таҳлилий мақолалари ўрнига бу йилги жамоаларимизнинг кимлар билан қанча суммалик ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзолашгани ва энг яхши ва энг паст натижа кимларда эканлигини суммалар билан аниқ қилиб ёзишибди. Бу маълумотларни улар жамоаларимизнинг сайтларидан олиб жамлаб ёзишибди шекилли. Чунки жамоаларимизнинг сайтларида бу ҳақда доимо янгидан янги маълумотлар берилиб борилаяпти.

Газетани варақлар эканман олтинчи, еттинчи саҳифаларда яна бир суммалар билан боғлиқ статистик мақолани беришибди. Бу мақолада Олий лигамиздаги жамоаларнинг ўз футболчиларига қанча маъош беришаяпти ёки ҳар бир жамоанинг ўйинчилари ўз жамоаларидан йилига қанча миқдорда маъош олишаяпти, жамоада энг кўп маъош оладиган, энг кам маъош оладиган ўйинчилар кимлар бу ҳақда батафсил маълумот беришибди. Яна жамоаларнинг ўйинчиларнинг маъошлари учун умумий ҳисобда қанча маблағ сарфлашлари ҳақида ёзиб Олий лигамизда маъошлар учун энг кўп ва энг кам пул сарфлайдиган жамоаларнинг номлари келтиришибди. Адашмасам бу маълумотлар ҳам жамоаларнинг сайтларидан олинган. Барака топишсин жамоаларнинг сайтларида бундай маълумот ҳар доим туради.

Газетанинг саккизинчи, тўққизинчи саҳифаларида трансфер янгиликлари берилиб, биринчи навбатда хорижга йўл олган футболчиларимиз қайси жамоамиздан хорижнинг қайси жамоаларига қанча суммага трансфер бўлганликлари ёзилган. (Ҳатто бу трансфердан жамоларимиз оладиган чет эл валютасини Марказий банк белгилаган курсда қанча сўм бўлади-ю, "қора бозор" курсида қанча сўм бўлишини ҳам эринмай ҳисоблаб ёзишибди азаматлар. "Ғайратингга балли-эй" деб юбордим шу маълумотни кўриб.) Кейин Олий лигамиздаги ўзаро "ўтди-ўтди"лар ҳақида маълумот бериб қайси жамоа қайси жамоадан кимни неча пулга сотиб ёки ижарага олгани ҳақида маълумотлар берилган. Бу маълумотлардан шу аниқ бўлдики бу йил ички трансферлар учун энг кўп маблағни "Олмалиқ", "Бухоро" жамоалари сарфлашибди. Энг кам маблағни эса анча-мунчада ўйинчи олиб сотавермайдиган "Металлург" жамоаси сарфлабди.

Бир бошидан ўқиб борар эканман газетанинг шу сони статистика билан тўлибди деб ўйладим. Ёки ҳали мавсум бошланмагани учун газета ходимлари ўз ўқувчиларини қизиқтирадиган статистик маълумотларни олдин бериб олайлик деб ўйлашибди шекилли.
Чунки газетани варақлар эканман кейинги саҳифаларда ПФЛ бу йил тв. каналлардан транцлация учун қанча маблағ олиши, ўтган йилларда бу маблағ қанчани ташкил этгани, ундан кейинги саҳифаларда эса жамоаларнинг маркетинг ва билет сотишлардан қанча маблағ ишлашлари, бу уларнинг бюджетларининг неча фоизини ташкил этиши ва бу кўрсаткич бўйича ҳам энг кўп ва энг кам пул топадиганлар кимлар эканлиги жадвал тарзида келтирилган.

Навбатдаги саҳифада эса бир нечта ўйинчилар билан шартномаси борлигига қарамай уларни жамоадан четлатиб, уларга маъош тўлашни тўхтатган бир жамоанинг устидан чиқарилган Хўжалик судимизнинг (чунки бизда Спорт Арбитраж суди йўқ, шу учун бундай низоли ишларни Хўжалик судларимиз кўриб чиқишади) ўйинчилар фойдасига чиқариб берган қарори ҳақида мақола тарзида маълумот беришибди. Бу мақолада ўйинчиларнинг ҳам, уларга маъош тўламаган жамоанинг вакилининг ҳам фикрлари берилган. Ўйинчилар ўзларини қонуний ҳақлари учун курашганларини айтсалар, жамоа вакили суднинг қароридан норозилигини ва тез орада бу иш учун апеллация берилишини айтибди. Унинг сўзларига кўра ўйинчилар доимий интизомни бузувчи ўйинчилар бўлишган.

Очиғини газетани охиригача ўқий олмадим. Телевизорнинг пиххиллаб чиқарган овози мени уйғотиб юборди. Боя футбол кўраман деб телевизорни қаршисида ёнбошлаб ўйинни бошланишини кутиб газета ўқиб ётгандим. Кўзим илиниб ухлаб қолибман. Бояги газетада  ўқиганларим тушимда экан. Ўзим ҳам ҳайрон қолдим бизнинг газеталарда бунақа маълумотлар бунақа ошкора тарзда ёзилмас эди-ку деб.
Қўлимдаги газетага уйқусираб қарасам терма жамоамизнинг жонкуяр бош мураббийи Самвел аканинг яқинда берган интервьюларидаги "Сергеевни "Пахтакор"ни манфати учун Хитойдан ўзим чақиртириб олдим" деб ёзилган жойини ўқиб ухлаб қолган эканман.

Комментариев нет:

Отправить комментарий