Куз оқшомларинг бирида дўстим билан шаҳримиздаги ўзбек миллий таомларини тайёрлайдиган "Миллий таомлар" кафеларидан бирига кириб овқатланмоқчи бўлдик. Ҳаво салқин ва ёмғир ёғиб турганлиги учун ташқарида қўйилган стол-стулларни йиғиштириб олиб қўйишибди. Ичкарига кирсак ҳаммаёқ хўрандалар билан банд. Қарасак фақат битта столда тўрт кишилик ўринда икки киши ўтирибди. Бориб сўрасак жойни бўш дейишди. Уларни ёнига ўтириб овқатни буюртма бердик. Овқат келгунча мен ҳамдастурхон бўлиб қолган бу икки инсонни бироз кузатдим. Уларни бири тинимсиз гапирар, иккинчиси эса уни гапини маъқуллаб ора-сирада саволнамо гап ташлаб қўяр ёки нариги сергапини гапини маъқуллаб қўярди. Улар овқатланиб бўлишган, шунчаки сергапини гапирадиган гапи кўп шекилли чой ичиб ўтиришарди. Хаёлимдан "Фаросати ҳам йўқ эканда. Акс ҳолда одамлар кафега кириб жой топа олмай ҳатто баъзилар жой бўшашини кутиб ўтиришибди. Булар бўлса овқатланиб бўлиб бемалол чой ичиб ўтирибди" деган фикр ҳам ўтди. Аммо бу фикрни сиртимга чиқармадим. Йўқ, бу қўрқиш туфайли эмас, балки андиша юзасидан эди. Тўғри-да, қовоқдай калласи ишламаса мен нима ҳам дердим. Кейин овқатланиб бўлиб столни бўшатиб ўрнидан туриш турмаслик бу унинг ҳуқуқи. Хоҳласа туради, хоҳламаса турмайди.
Шу орада бизни буюртмамизни ҳам олиб келишди. Биз шошилмай овқатлана бошладик. Сергапи ўзига тинчроқ шекилли. Эгнида қиммат кийимлар кийиб олибди. Наригиси эса одмироқ кийинган. Манимча наригиси бу сергап олифтани қўлида ишлайди-ёв. Акс ҳолда ҳар бир гапини маъқулламас эди. Яна асосан ишхонадаги ишларни гаплашишаётган эди. Ҳарҳолда шундай деб ўйладим. Овқатланаётган пайтимизда менга телефон қўнғироғи бўлди ва мен қисқагина жавоб бериб телефонимни столни устига сергап олифта билан ўзимнинг ўртамизга қўйдим. Шу орадан сергап олифтанинг нимадир гапига у биз томонга қараб "тўғрими акалар" деб мурожат қилгандан кейин аралашиб ҳам кетдик. Ниҳоят овқатланиб бўлиб, уларга ёқимли иштаҳа тилаб ўрнимиздан турдик ҳамки сергап олифта ва унинг шериги ўрнидан турай демасди. Кафедан чиқиб дўстимни уйига олиб бориб қўйдим ва уйга келиб эшикдан киргандан кейин боя кафеда столни устига қўйган телефоним эсимга тушди. Тезда хотинимни телефонини олиб ўз рақамларимни тера бошладим. Қўнғироқ кетаяпти, аммо ҳеч ким кўтармаяпти. "Ўша қўйган жойимда турибди" деган умидда шошилиб кафега қараб жўнадим. Йўлда яна бир неча бор тердим, яна қўнғироқ кетди, аммо яна ўша ҳол, ҳеч ким кўтармади. Кафени олдига машинамни қўйиб шошилиб киришда бир кишига урилиб кетдим. Қоронғуда юзига қарасам бояги биз билан бир столда ўтирган сергап олифта экан. Узр сўраб йўлимда давом этдим. У "ҳечқиси йўқ, бўлиб туради" дегандай ғўлдиради-ю мошинасига ўтириб кетди. Ичкарига кириб тўғри боя ўтирган столимизга қараб бордим. У ер бўш эди ва столни устини офицанка қизлар йиғиштириб олишаётган экан. Уларга телефонимни унутиб қолдирганимни айтсам улар ҳеч қандай телефон кўрмаганларини, залга видеокамера ўрнатилганини, хоҳласам ким олганини текшириб кўришим мумкинлигини айтишди. Тезда бориб зал маъмурига учрашдим ва вазиятни тушунтирдим. У мени камера экранлари қўйилган хонага бошлади. Камерага ёзиб қолинган кадрларни кўраяпмиз. Мана, келиб ўтирдик. Кейин менга қўнғироқ бўлиб телефонимни стол устига қўйдим. Мана, ўрнимиздан туриб чиқиб кетишимиз. Телефон столни устида қолди. Видеоёзувларни кўрар эканмиз столни устидаги телефонимга ану сергап олифта то ўзим уйга бориб қўнғироқ қилмагунимча эътибор бермаганини кўрдим. Балки гапга чалғиб сезмагандир. Мана, экрани ёниб телефоним жиринглаяпти ва сергап олифта шундан кейин телефонимни қолиб кетганини билиб унга эътибор бераяпти. У экрани ёниб-ўчиб жиринглаётган телефонимни ёнини босиб овозини ўчираяпти ва қайтариб столга қўйяпти. Экранда томоша қилиб турибмиз, у салфетка олиб унга юз қўлларини артаяпти ва телефонимни устига қўйиб телефонимни бекитаяпти. Кейин тезда шеригига нимадир деб, юзига фотиҳа тортиб ўрнидан тураяпти ва туришда телефонимни тепасига ташлаб қўйган салфеткага ўраб чўнтагига солиб залдан чиқаяпти. Балки, мен шошилиб хотинимни телефонидан қўнғироқ қилмаганимда қайтиб кафега келгунимча ҳам у телефонимни унутиб қолдирганимни сезмай ўтираверардими. Балки, балки. Аммо ҳозир телефоним йўқолиб бўлганди бир виждонсиз ҳаромхўрни ўғирлиги туфайли. Уни кўрган одам шу ишни қилишига асло ишонмайди. Аммо одамни оласи ичида ва уни кийиб юрган кийимига қараб асло баҳо бериб бўлмайди. Видеоёзувларни кўраётиб маъмур ташқарда ҳам камералар борлигини айтиб қолди. Сергап олифтани қандай машинага ўтириб кетганини кўрдик. Аммо номер камерага кўринмас экан.
Шундан кейин кеч бўлса-да бориб бир магазиндан хотира картасини сотиб олиб келдим ва маъмур ўғирлик жараёнини унга ёздириб берди. У ердан чиқиб уйдан телефонимни қутиси ва магазиндан берилган ҳужжатларни олиб ўша кафе жойлашган туман ИИБ га ўтдим. Ички Ишлар ходимларига бўлган воқеани айтиб бериб хотира картасига ёздирган кадрларни кўрсатдим. Улар аризамни қабул қилиб телефонимни ҳужжатлари ва хотира картасини қолдириб кетишимни сўрадилар ва ўғрини топсалар хабар беришларини айтиб мени кузатиб қўйдилар.
Бўлган воқеа шу. Очиғи одамлардан ҳам шунақа ҳолатларда хафа бўлиб кетаман. Арзимаган нарсани деб, ё пулни деб ўзларидаги инсоний сифатлар бўлмиш ҳалолликни ҳам, виждонни ҳам, инсофу-диёнатни ҳам, ҳатто Яратганни Ўзи сақласин, иймонларини ҳам сотиб юборадилар.
Агар шу телефонимни кўча-куйдами, ё бошқа жойдами ҳақиқий ўғри ёки киссавурга олдирганимда бунчалик хафа бўлмасдим. Чунки уни касби шу. У эрталаб кимнидир нарсасини ўғирлашни ният қилиб уйдан чиқади. Аммо мени телефонимни олиб кетган одам ҳечам ўғри ёки киссавурга ўхшамасди. Гап-сўзлари бинойидек эди. Бу одам шунчаки кўпчиликка ўхшаб ҳаромдан ҳазар қилмайдиган ва озгина фойда ёки манфат йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган одамлар тоифасидан холос.
Ота-буваларимизни ҳаромдан ниҳоятда ҳазар қилганлари бугунга келиб қаёққа йўқолди билмайман. Билганим шуки айрим-айрим инсонларни айтмаса аксарият одамларда бировларни ҳаққидан қўрқиш, ҳаромдан ҳазар қилиш деган гаплар қолмади. Мана, мени телефонимни ҳам ўғирлаб кетган инсонни ҳам олайлик. Шу телефон неча пул туради? Сотса юз доллар атрофида турадиган телефон эди. Хўш, ўша сергап олифта телефонимни кимгадир юз долларга сотиб оиласини эҳтиёжига ишлатиб юборди ҳам дейлик, нима бўлади? Уни қиладиган "фойда"си ўғирлик гуноҳи ва камига болаларига ҳаром луқма едириш бўлади, ундан бошқа нарсамас. Чунки ўша мени телефонимни сотиб топган маблағини оиласи билан нари борса бир ҳафта, ўн кун ер, аммо эрта Қиёматда ўғирлик учун, болаларига ҳаром луқма едиргани учун берадиган жавобгарликчи? Юз доллар қийматдаги пул ўғри бўлиб тавқи лаънат олишга, гуноҳкор бўлишга, келажакда болаларини тақдирига таъсир қилиши мумкин бўлган ҳаром луқмани болаларига едиришга арзирмикин?
Асло йўқ!
Ҳа шундай, охиратини ўйлайдиган одам учун йўқ. Аммо Худо бехабарларга фарқи йўқ!
Очиғи бу кетишда охири нима бўлишимизни ўйласам юрагим орқамга тортиб кетади. Чунки бугун биз "топиб олган" нарсамизни ўғирлаб бировни ҳаққини есак ва камига ўша бировнинг ҳаққидан болаларимизга ҳам едирсак эртага болаларимизни ва улардан кейинги қоладиган авлодни аҳволи нима бўлади? Биз "тасодифан" бировнинг ҳаққини есак ва уларга ҳозирдан ҳаром луқма едириб борсак кейин улар бировнинг ҳаққини ейишни касб қилиб одамларнинг қўлидаги нарсасини уриб тортиб олмайди деб ким кафолат беради? Шундай экан ҳар биримиз ҳозирдан шайтон ва нафсимиз бировнинг ҳаққини чиройли кўрсатганда ўзимизни ва болаларимизни оқибатини ўйлайлик ва бошқаларнинг ҳаққини ўзлаштиришдан, бировларнинг ҳаққини ейишдан тийилайлик. Эртага кеч бўлиши мумкин!
Р.С Мен ўша телефонимга қаттиқ куйинганим йўқ. Чунки "Худо берди, Худо олди". Фақат ичидаги контакт номерларни йўқотганимга бироз ачиндим холос.
Комментариев нет:
Отправить комментарий