"ВАЛЮТА КУРСИ"нинг кўтарилиши, ёки "Пистачи хола"нинг бунга таъсири.
Дунё иқтисодиётида ёзилмаган бир қонун - қоида бор, яъни ҳар бир ривожланган ёки ривожланаётган ёки қолоқ давлатнинг ўз ички эҳтиёжи учун ишлатиши учун маълум бир олтин эквиваленти хисобида "қаттиқ валюта" керак. Ҳозирги кунда дунёнинг турли давлатларида АҚШ миллий пул бирлиги бўлган доллар "қаттиқ валюта" ва "халқаро валюта" сифатида тан олинган ва ишлатилмокда.
Долларнинг бундай мақомга кўтарилишида АҚШнинг 33-президенти, 1945-1953 йилларда президентлик килган Гарри Трумэннинг ҳиссаси жудаям катта.
Чунки, у президентлик қилган даврда АҚШ ҳукумати томонидан "доллар сиёсати" деб аталган иқтисодий ва ташқи сиёсатга алоқадор махсус режа ишлаб чиқилди ва бу режага мувофиқ дунёни турли бурчакларидаги Иккинчи Жаҳон Урушидан вайрон ҳолда чиққан кўплаб мамлакатларга миллиардлаб доллар чоп этилиб, имтиёзли қарз ёки беғараз ёрдам сифатида тарқатилди.
Шундан кейин хозирги кунгача Ер юзида доллар кириб бормаган жой умуман қолмади ва доллар халқаро миқёсда эркин айланадиган "қаттиқ валюта"га айланди.
Бугунги кунимизга келиб ҳар қандай давлатнинг иқтисодий ривожланиши ёки иқтисодининг орқага кетиб фалажланиб қолиши АҚШ долларига боғлик бўлиб қолди. Ҳатто дунёнинг ривожланган давлатлари ҳам бундан мустасно эмас. (Буни бугунги кунда Россия мисолида кўриб турибмиз. Дунё ҳамжамиятини Украина воқеалари муносабати билан Россияга қўллаётган санкцияси туфайли Россия иқтисодида валюта (доллар) тақчиллиги юзага келди ва буни окибатида Россия иқтисоди кундан кун оркага кетиб, фалажланиб оёғи осмондан бўлаяпти.)
Ҳозирги кунда Ер юзининг бирор бир давлатида долларга рақобат қиладиган бошқа "қаттиқ валюта" йўқ.
Бундан анча йиллар олдин Европа Иттифоқига аъзо давлатлар долларга рақобатчи ўларок Евро пул бирлигини жорий қилдилар. Аммо, бу пул бирлиги ҳам доллар билан бўлган рақобатга дош беролмади ва дунёда оммавий булаолмади. Оқибатда Ер юзининг турли бурчакларида доллар ҳамон асосий "қаттиқ валюта" бўлиб қолмокда.
Ҳар бир давлатнинг ташқи савдо ва экспорт-импорт ишларида "манфий ёки мусбат сальдо" деган тушунча бор. Тушинтираман; агар бир давлатнинг экспортидан импорти кўп бўлса, кириб келадиган валютадан чикиб кетаётган валюта миқдори кўп бўлади ва бу "манфий сальдо" ҳисобланади.
Агар, аксинча импортидан экспорти кўп бўлса ва валюта тушуми чиқиб кетаётганидан кириб келаётгани кўпроқ бўлса бу "мусбат сальдо" ҳисобланади.
Демак ҳар бир давлатнинг иқтисодий тақдири "қаттиқ валюта"га боғлиқ экан унда ўша давлат учун ташқи савдо ва экспорт-импортда "манфий сальдо"дан кўра "мусбат сальдо"га эга бўлишнинг аҳамияти жудаям каттадир.
Энди ўзимизда бу масалада аҳвол қандай?
Ўзбекистон ўз миллий валютаси бўлмиш сўмни 1994 йилнинг июль ойида муомалага киритган эди. Ўшанда сўм энди жорий қилинганда 1 доллар 7 сўм қийматида бўлган. Орада ўтган 25 йил давомида миллий валютамиз бўлмиш сўм долларга нисбатан фақат ва фақат ўз қадрини йўқотиб келаяпти. Бугунги кунда 1 долларга 1 сўм қилиб чиқарилган сўмимиз долларга нисбатан 4000 баравар ўз қадрини юқотди. (2015 йил 1 февраль 1 $=4000 сум. )
(Изоҳ; Ушбу мақола таҳрир қилинаётганда 07.02.2016 санасида 1 доллар 6150-6200 миқдорида эди. Ҳозир, 2019 йил, 17 август санасида таҳрир қилинаётганда 1 доллар 9100-9200 сўм бўлаяпти.)
Доллар курсининг ошиб келаверишининг асосий сабаби бизнинг мамлакатимиз мустақил бўлганидан буён ҳозирча бизда ҳалиям ташқи савдода мусбат сальдога эришмаганмиз. Яъни, мустақил бўлган йилларимиздан бошлаб бизнинг давлатимизга кириб келаётган валютадан чиқиб кетаётган валюта миқдори кўпрокни ташкил қилмокда ва биз ташқи савдода манфий сальдога эгамиз.
Энди асосий гапга утсак.
Кўпинча кўча-куйда кимларнидир пичинг билан "Бекатдаги писта (семечка) сотадиган хола хам доллар ошганини гапиради-я, унга нима даҳли бор экан буни?", деб киноя билан пичинг қилиб гапирганини эшитиб қоламиз ва дарров уни гапини маъқуллаб ҳиринглаб куламиз. Тахминимча бу мавзуни кулгига олиб гапирмаган одам қолмаган ва ҳатто қизиқчилар ҳам мавзу топилмаганда шу мавзуни роса "чайнашган".
Энди дўппини бошдан олиб қуйиб, кўк чойни аччиқ дамлаб, 1-2 пиёла босиб ичиб бир ўйлаб кўрайлик-чи балки ўша ҳар нарсага "доллар кўтарилишини" рўкач қиладиган "Пистачи хола" ёки бошқа турли-туман кишилар балки ҳақдирлар.
Унда бошладик:
- Ўша долларнинг ошиб кетганини гапирадиган "Пистачи хола" нон ейдими?
- Ейди.
- Ўша ноннинг уни қайердан келади?
- Қозоғистондан келади.
- Ниманинг ҳисобига келади?
- Долларнинг ҳисобига келади.
- Хўш, унда доллар ошса, Қозоғистондан доллар ҳисобига келадиган уннинг нархи сўмда ошадими?
- Ҳа, ошади.
- Уннинг нархи ошгандан кейин, ноннинг ҳам нархи ошадими?
- Ҳа, албатта ошади!
- Демак, ўша биз киноя қилиб устидан кулиб танқид қиладиганимиз "Пистачи хола" ҳар куни 1000 сўмга олиб ейдиган нонини доллар ошса ва уни орқасидан ун ошса 1200 сўм ёки 1500 сўмга олиб ейдими?
- Ҳа, шунақа булади!
- Хўш, энди бунга нима дейсиз?
- ????
Бу бир ноннинг мисолида бўлган ва бўладиган иш.
Энди бозорларга, магазинларга, бутикларга кириб қарангчи ўзимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўпми ёки чет элдан доллар ҳисобига олиб келинаётганларими?
Мени кўриб билишимча бизда ҳалиям чет эллардан келадиган маҳсулотлар кўпроқ.
Демак, "Пистачи хола" кундалик ёки ойлик ёки йиллик харажатларига доллар ошиб, ўша долларнинг ҳисобига келадиган маҳсулотларнинг нархи ошса олдингидан купрок пул сарфлашига тугри келади, туғрими?
Демак, унинг доллар ошишидан ёзғириб ўз маҳсулотининг нархини ошириши ҳам бежизга эмас ёки кунгилхушликдан эмас, балки МАЖБУРЛИКДАН ЭКАН!
Ахир у ҳам еб-ичиши, кийим кийиши, ўғил уйлантириб, қиз узатиши керакми?
Бу жараён ўз ўрнида занжирдай боғланиб кетган. Яъни, бу бир "Пистачи хола"нинг ташвиши эмас, балки миллионлаб оддий халқнинг ташвишидир. Ҳамма бир-бири билан маҳсулот алмашади ва доллар ошиши ортидан четдан келадиган маҳсулотлар нархи ошаверса ҳамма ўзаро савдо-сотиқда ўз маҳсулотининг нархини юқоридаги сабаб туфайли кўтаришга мажбур бўлади.
Демак, мамлакатимиздаги оддий инсонларнинг ҳар бири ўз ўрнида, ишлаб топаётган маблағини яшаш шароитига етказиши учун, доллар кутарилиб, четдан келадиган маҳсулотларни нархи ошганда МАЖБУРЛИКДАН ўз хизматини ёки маҳсулотининг нархини ошириши керак бўлаяпти.
Кийим кечак-ку ўз йўлига. Уни мавсумга мослаб сотиб олинса ҳам, бир-икки йиллаб тежаб кийса бўлади. Аммо, доллар ошиши орқасидан келиб чиқадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг нархини ошиши юқорида айтганимдай миллионлаб оддий халқни қийнаб қўймоқда. Улар даромадлари кўпаймаган ҳолда ўз эҳтиёжлари учун кундан–кун, кўпроқ ва кўпроқ харажат қилмоқдалар. Кеча 500 сўм турган нонни, бугун 1500-2000 сўмга, кеча 5500-6000 сўмлик писта ёғини бугун 10.000-12.000 сўмга харид қилишга мажбур бўлмоқдалар. Қийин-қийин яна ўша оддий халққа қийин. Мана шунақа ҳолатларда турли инсонлар "доллар ошди", деб ўз хизматини ёки маҳсулотининг нархини оширгани билан у барибир ўз харажатларига топганини тежаб ишлатишга мажбур бўлаверади. Чунки доллар ошиб кетавериши туфайли ҳамма нарсаларнинг нархи аҳолининг даромадидан ҳам тезроқ ошиб кетаверади.
Демак, бундай ҳолатларда аҳолининг ижтимоий ҳимоя қилиш, яъни аҳолининг кундалик турмушида керак бўладиган озиқ-овқат ва бошқа зарур нарсаларнинг нархини ошиб кетмаслигини олдини олиш учун доллар курсини ушлашда ҳукуматимизнинг роли жудаям катта. Чунки бу соҳа бизда 100% ҳукуматнинг назоратидадир. Ҳукумат эса доллар нархини ушлаш учун валютафурушларни орқасидан қувиши эмас, балки нима қилиб бўлса ҳам доллар ошиб кетмаслигини чорасини кўриши керак.
Мен юқорида "Пистачи хола" мисолида оддий ўзбек оилаларининг ҳаётинидан мисол келтирдим. Энди инсоф билан айтингчи "доллар ошди" дегани учун устидан кулиб мазах ёки танқид қиладиганимиз "Пистачи хола"нинг ўша гапи учун уни устидан кулишга, сўкиб танқид қилишга хаққимиз борми?
Асло, йук!
Чунки у, "Пистачи хола" ёки деҳқон ёки косиб ўз маҳсулотининг ёки хизматининг нархини ўз ихтиёри билан кўтармаяпти, балки доллар ошиши ортидан кўтариладиган нарх-наво туфайли кундалик эҳтиёжларига маблағ тополмаслиги ёки қўлидаги маблағни етказа олмаслиги туфайли нархларни ошираяпти ва доллар курсининг кўтарилганини гапираяпти.
Бугун мамлакатимиздаги миллионлаб одамлар "Пистачи хола" ҳолига тушиб, қандай қилиб кам ёки арзимаган даромад билан қора қозонларини қайнатишларини ўйлаяптилар.
Шундай экан, рўзғор ўтказиш тарафдан муаммоси бўлмаган хонимлар ва жаноблар, илтимос "Пистачи хола"ларни тинч қўйинглар!
Комментариев нет:
Отправить комментарий