среда, 21 декабря 2016 г.

Режа

Ва ниҳоят 2016 йилнинг тугаб тарих зарварақларига мухрланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Ўзбекистон футбол аҳли (футбол жамоалари, ПФЛ, ЎФФ кабилар) бу йилги мавсумни ҳам амаллаб тугатиб олишди. Жамоларнинг аксарияти йиллик сарҳисобларини чиқариб бўлишди(гарчи айрим жамоаларда ҳали ўйинчилардан қарздорлик бартараф этилмаган бўлса-да) ва кейинги йил режаларини тузишни бошлаб юборишди.

Бир ҳофиз "ҳар баҳорда шу бўлар такрор" деб хониш қилганидай футболимизда биринчи режани ПФЛ ўзининг янги мавсумга ташлайдиган қуръаси билан (гарчи у қуръа мавсум охиригача сувоқчи устани лойга сомон қўшиб яхшилаб аралаштирганидай аралаш-қуралаш бўлиб, буни оқибатида тақвим бошдан оёқ бўтқа бўлиб бир неча марталаб ўзгариб кетса-да) бошлаб беради.  (Шу ерда эсимга тушиб кетди ПФЛ қуръа ташлашда кейинги йилнинг баҳоридан бошлаб терма жамоамиз яна Жаҳон Чемпионати-2018 саралаш баҳсларини давом эттиришини  ҳисобини олганмикин? Худо билади-да)

Тақвимга қуръа ташлангандан кейин жамоаларимизни аксарияти ҳам янги мавсум режасини тузишни бошлайдилар. Жамоанинг йиллик бюджетини қанча белгилаш? Қайси корхонадан неча пул ҳомийлик ёрдами олиш? Бир-иккита легионерларни қайси давлатдан, қандайини олиб келиш, янги мавсумда жамоанинг нечанчи ўринлар учун ҳаракат қилиши ва ҳоказо ва ҳоказолар.

Режалар тузилаяпти, миллий чемпионат амал-тақал қилиб ўтказилиб тугатилиб олинаяпти, аммо ривожланиш учун, қандайдир янгиликларга қўл уриш, миллий чемпионат савиясини ошириш, мухлислар билан ишлашни яхшилаш ва уларни стадионларга кўпроқ жалб қилиш йўлларини топиш, маркетинг билан жиддийроқ шуғулланиш, янги мавсумда совринли ўринлар учун ҳаракат қилиш ва ҳоказо каби ишлар жамоаларимизни  тузаётган режаларга кирмай қолиб кетмоқда.

Худойберди Тўхтабоевни "Сариқ девни миниб" асарини кўпчилигингиз ўқигансиз. Мана шу асарда режа тузиш тасвирланган бир жойи бор. Унга кўра асар қаҳрамони Ҳошимжон Рўзиев ўша пайтда Ички Ишларнинг ОБХСС бўлимида ишлаган ҳолда ўз режасини ўт ўчирувчиларни режасига қараб тузади ва охирида Ёнғинга Қарши Кураш бўлимининг номи ўрнига ўзи ишлаётган ОБХСС бўлимининг номини ёзиб чиқишни унутиб, режалар муҳокамаси бўлаётганда қаттиқ кулгу остида қолади. Ундан ҳам қизиғи у билан бир бўлимда ишлаётган майор Холиқов исмли асар қаҳрамони эса умуман янги режа тузмасдан қўлидаги ўтган йилги режани фақат саналарини алмаштириб қўйиб кейин ўша режа бўйича ишлаб кетаверар экан. Уни бу иши ҳам раҳбарият томонидан танқид ва ходимлар томонидан қаттиқ кулги билан кутиб олинади.
Ҳозир буни нега эслаяпман? Сабаби жамоаларимизда ҳам, ПФЛда ҳам эҳҳе, неча йиллардан бери бир хил иш, бир хил муаммо, бир хил режа бўлиб келаяпти. ПФЛда бу ишлар, бу муаммолар тақвим тузишда термамизни ва совриндор жамоаларимизни халқаро ўйинларини ҳисобга олмай тақвимни тузиб, кейин мавсум давомида уни ўзгартираверишларида кўринади.
Жамоаларимизда эса... Улар уч тоифага бўлинишган. Совринли ўринларга даъвогар уч-тўртта жамоа. Ўртамиёна етти-саккизта жамоа ва охирида уч-тўртта аутсайдер жамоалар фақат турнир жадвалидаги  "ўзларини ўрнилари" учун "курашишади". Баъзида одатни бузиб баъзи аутсайдер жамоалар ўртамиёналар орасига киришга уринишлари мумкин. Аммо ўртамиёналарнинг биронтаси лидерликка даъво қилишга  ва совринли ўринлар учун курашишга асло журъат қила олмайди. Баъзи ўртамиёна жамоалар гоҳида мухлисларнинг энсасини қотириб "Бизни мақсадимиз "кучли олтилик"ка кириш" ёки "Биз олтинчи ўринни эгаллаб "кучли олтилик"дан жой олганимиздан хурсандмиз" деб ҳам қўйишади. Улар бунақа гапларни ўтган йил ҳам, ундан олдинги йил ҳам, умуман олганда ҳар йили айтишади. Аммо бирон марта "Бизни мақсадимиз совриндорлар қаторидан жой олиб ОЧЛда ёки ОК да қатнашиш" дейишмайди. Чунки режада у ниятлар, у мақсадлар йўқ. Ният ҳам, мақсад ҳам "кучли олтилик"да ё бешинчи ўринни, ё олтинчи ўринни олиш, ундан бошқамас.
Ҳаммамиз кўрдик, ўтган йил Англия Преьмер Лигасининг аутсайдер жамоаларидан бири "Лестер" Лигани ютиб Англия чемпиони бўлди, аммо Қизилқум ёки Олмалиқни бу яқин йиллар ичида миллий чемпионатимизда биринчи ўринни олиб "ўзбек "Лестер"и бўлиб Ўзбекистон чемпиони бўлишларига мени кўзим етмайди.
Шу ўринда "кучли олтилик" деган ибора бизда Собиқ Иттифоқ давридан қолиб кетганини эслатиб қўймоқчиман. Бу иборани пайдо бўлиш сабабига келсак, ўшанда Собиқ Иттифоқ чемпионатида кучли олтиликка кирган жамоалар еврокубокларда қатнашар эдилар. Яъни 1-ўринни олиб чемпион бўлган жамоа Европа Чемпионлар Кубоги(ўша даврларда шундай номланарди)да, Кубок соҳиби эса Кубок Эгалари Кубогида, яна тўртта жамоа эса УЕФА кубогида қатнашарди. (Кубокни кўпинча кучли олтиликка кирган жамоалардан бири оларди ва шу туфайли олтинчи ўрин соҳиби ҳам УЕФА кубогида қатнашарди.)
Бизда кучли олтиликка кирган жамоаларнинг икки-учтаси нима каромат кўрсатадики буни отини "кучли олтилик" десак?
(Яна "кучли ўнлик" дегани ҳам бор. Бу ҳақда индамайман)

Очиғи жамоаларимизни ўз олдиларига юқори мақсадларни қўймай мана шундай ўз қобиқларига ўралиб аутсайдер жамоалар аутсайдерликка, ўртамиёна жамоаларимиз эса ўртамиёналикка рози бўлиб режа тузишларини мен ўша Х.Тўхтабоевни асаридаги майор Холиқовнинг режа тузишига ўхшатаман. Назаримда жамоаларимизнинг аксарияти янги режа тузишда ўша ўтган йилги режаларини санасини ўзгартириб қўйишади, бўлди. Яъни 2016-йилги мавсумда ҳам жамоа ўз олдига "кучли олтилик"ка киришни(шу ерда эътибор беринг "совринли ўринлардан бирини эгаллашни" эмас, балки "кучли олтилик"ка киришни) ўз олдига мақсад қилиб қўйганди. Келаётган 2017- йил мавсумида ҳам мақсад шу, "кучли олтилик"ка кириш. Агар тарихни ковлаштирсангиз ана шу "кучли олтилик"ка киришни орзу қилаётган жамоани бундан ўн йил олдин ҳам режа ва мақсади шундай бўлганини кўрасиз. Демак режа анча йиллардан бери ўзгармаяпти. Ўша ҳолида туриб фақат саналар янгиланиб қўйилаяпти холос. Аммо бу ҳолат қачонгача давом этади? Қачонгача эски режалаларни санаси ўзгартирилиб юраверилади? Қачон Қизилқум ёки Олмалиқ (ҳарҳолда ҳомийлари баққуват жамоалар саналишади) совринли ўринларни эгаллаб ОЧЛ да қатнашишади?
Мумкин, ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Уларни совринли ўринларни эгаллаб ОЧЛ да ўйнашлари учун авваламбор янги режа керак. Ҳа шундай, "кучли олтилик"ка кирадиган эски режа эмас, балки "Биз бу йил, янги мавсумда чемпион бўлишга ҳаракат қиламиз" деган янги режа керак. Шунда футболимиз бошқачароқ, қизиқарлироқ бўлармиди.(Яна терма жамоани шаклланиши ҳам маълум фоизда шунга боғлиқлигини ҳам унутмайлик. Жамоалар совринли ўринлар дардида қанчалик курашувчан бўлсалар, терма жамоада ҳам ўша курашувчан футболчилар ўйнайдилар ) Шундай экан режаларни бир янгилаб олиш вақти келмадими?

Комментариев нет:

Отправить комментарий