пятница, 16 декабря 2016 г.

САРҲИСОБ!

Иқрор

Аввало бироз ўзим ҳақимда. Мен футболни чуқур тушунадиган, уни чуқур таҳлил қила оладиган мутахасис эмасман. Оддийгина бир футбол жонкуяри, оддий бир футбол мухлисиман холос.  Футбол жонкуяриман дедиму, аслида ўша футбол жонкуяри қандай бўлишини ҳам билмайман. Билганим ўзбек футболи хоҳ терма жамоа иштирокида, хоҳ жамоаларимиз иштирокида муваффақиятга эришса хурсанд бўламан. Аксинча, муваффақиятсизликка учраса, мағлуб бўлса хафа бўламан ва ўзимча жонкуярликни шу деб ўйлайман.

Яқиндан бошлаб ўзимча футбол ҳақида, футболимиз ҳақида хом-хатала бир нарсалар ёза бошладим. Ёзганларимдан очиғи ўзимни ҳам кўнглим тўлмайди. Аммо ишонинг, мен машҳур бўлиш учун ёки номим чиқиши учун ёзмайман. Шунчаки футболимиз аҳволини ўйлаб, йигирма беш йилда ҳам арзирли бирон ютуққа эришмаганимиз, миллий чемпионатда ўсиш йўқлиги, чет эл чемпионатларида ҳам Ватанимиз номини машҳур қила оладиган ўйинчилар етишиб чиқмаётгани, миллий чемпионатимизда ҳамма-ҳаммаси халта-хуржун бўлиб ётгани туфайли ҳам чидай олмай ёзаман.
Ушбу қораламаларимда ҳам нафақат йиллик, балки мустақил бўлганимиздан кейин миллий Футбол Федерациямиз иш бошлаб, миллий чемпионатимиз ўтказила бошлагандан бери давом этиб келаётган бир қатор муаммоларни сарҳисоб қилиб уларни сизларга яна бир бор эслатишга уриндим.

Терма жамоа ва ЎФФ

Ўзбекистон Футбол Федерацияси терма жамоамиз атрофидаги ҳамма ишларга ва Ўзбек Футболига раҳбарлик қилаётган ташкилотдир. Аммо мени назаримда ҳам, мухлислар назарида ҳам Футбол Федерациямиз ўз ишини мана шу ўтган йигирма беш йиллик тарихимизда фақат ўрта баҳога бажарган. Уларнинг ўз ишларини "яхши" ёки "аъло"га бажарганларини очиғи мен эслай олмайман. Масалан, терма жамоамизга ўртоқлик ўйинларида муносиб рақиб топиб бериш ёки Федерация ўзига муносиб ҳомийлар топиш каби ишларини  шу пайтгача ҳатто ўрта баҳога ҳам бажара олмаган. (Кеча янгиликларда Франция Футбол Федерацияси "Найк" компанияси билан 2026 йилгача ўзаро ҳамкорлик шартномасини тузганини ва буни натижасида ФФФ "Найк" компаниясидан йилига 50 миллион евродан пул олиши маълум қилинди. Бизда ҳам ҳатто арзимаган пул беришса-да ЎФФ билан қандайдир компания ўртасида шундай ҳамкорлик шартномаси борми ёки йўқми ҳеч ким билмайди. Тўғри, биз "Жома" компанияси билан ўзаро ҳамкорлик қилаяпмиз, аммо улар бу ўзаро ҳамкорлик учун бизнинг Федерациямизга қандайдир суммада маблағ ўтказиб беришадими ёки йўқми бу ҳақда ҳам Федерация ҳеч кимга маълумот бермайди)
Очиғи  Футбол Федерациямиз ўз олдидаги арзимаган ишларни ҳам ҳал қилишга қодир эмас. Масалан, терма жамоамиз уй учрашувларини ўтказганда билет кассаларда сотилишни бошлагандан олибсотарлар қўлига ўтиб кетади. Буни натижасида ўн минглаб мухлислар сарсон-саргардон бўлиб ўша олибсотарлар қўлидаги билетларни бир неча баробар қимматига сотиб олишга мажбур бўлишаяпти. Бу муаммо ҳам ўша Федерациямиз тузилган йиллардан бери бор. Аммо ҳеч ким бу муаммони ечими билан шуғулланганини кўрмаганман, эшитмаганман. Олдинига "Пахтакор" стадиони олдида, яқин йиллардан бошлаб энди "Бунёдкор" стадиони олдида билетжаллоблар қўлларида даста-даста билетни кўтариб ўз нархидан бир неча баробар нархларни айтиб бемалол "бизнес" қилишади, кимларгадир билет сотишса пачка-пачка пулни санаб олишади, аммо улар билан ҳеч кимни иши йўқ. Агар сиз исталган бир кўчанинг четида ерга битта тўшамани ёзиб уни устига бир-иккитадан пайпоқ, ич майка, трусик ва дастрўмолчани сотиш учун ташлаб қўйинг, тезда тепангизда икки-учта солиқчи, прокуратура департаменти ва Ички Ишлар ходимлари пайдо бўлишади ва сиздан савдо учун рухсатномангиз ва патентингиз бор йўқлиги ва ҳоказоларни сўрашади. (Бу уларнинг қонуниний фаолиятларига киради) Аммо, негадир шунча йиллардан бери терма жамоамиз ўйнаганда бақир-чақир қилиб, ҳатто бир неча кунлар давомида ноқонуний билет савдоси билан шуғулланадиган билетжаллобларни ҳеч ким сўрамайди ва нега сўрамаганини сабабини ҳам ҳеч ким билмайди. Мухлисларнинг билгани эса билетжаллобларнинг ҳеч кимдан қўрқмай эркин билет сотишлари холос.
Шу ерда "Демак, стадион атрофидаги билетжаллобларни ноқонуний ишларига тегишли орган вакиллари қараш керак экан-да" деган фикр туғилиши мумкин. Тўғри, билетжаллобларга чорани тегишли орган вакиллари кўриши керак. Аммо "ҳар бир мухлисга учтадан ортиқ билет сотилмайди" деб қарор чиқариб қўйган Федерация қошидаги "Терма жамоалар маркази"нинг маъсул ходимларининг кўзлари қаёқда? Нега кассада ҳар бир мухлисга учтадан ошиқ билет сотилмаса ҳам билетлар тез тугаб қолаяпти? Ахир ҳар бир мухлисга учтадан ортиқ билет сотилмаса кассалар билетни бир кунда тугатмай бир неча кунлар давомида сотиши керак-ку. Яна, агар ҳар бир мухлисга учтадан ортиқ билет сотилмаса унда стадион атрофидаги билетжаллобларнинг ҳар бирининг қўлидаги юзлаб билетлар уларнинг қўлига қандай тушиб қолаяпти? Нега кассада ўтирган ходимларнинг қониқарсиз ишига ҳеч ким чора кўрмайди? Энг ёмони билетни ўз нархидан бир неча баробар ошиққа сотиб олган мухлис ҳеч қачон ИИВ ходимини  ёки солиқчини танқид қилиб юрмайди. Балки билет сотишни ҳам эплаб ташкиллаштира олмаган Федерацияни танқид қилади. Шундай экан ҳамма тошлар ўзи томонга отилишини билган Федерация тегишли орган вакиллари билан биргаликда иш олиб бориб шу арзимаган муаммони ҳал қилса бўладику! Йўқ, ҳозирча Федерациямиз бу ишда томошабин ролини бажармоқда холос.
Ууман олганда йигирма беш йиллик сарҳисобимизда бу ташкилот ишига "ўртача" баҳо қўйилади. (Аслида буларнинг иши "ўртача" баҳосига арзимай "қониқарли" баҳосига тортаяпти-ю, аммо Футбол Федерациямиз кейинги йилда ўз иш фаолиятини анча яхшилайди деган умидда "ўртача" баҳолаяпман)

Халта-хуржун ишлар ва ПФЛ

Проффессионал Футбол Лигасини тузилганига унча кўп бўлмади. Бу ташкилот 2008 йилда ОФКнинг қаттий талаби билан тузилган эди. (Агар ОФКнинг талаби бўлмаганда биз ҳалиям Профессионал Футбол Лигаси нима эканини билмай ўтиб кетаверармидик) Ўша пайтда ОФКнинг Миллий Футбол Федерацияларга Профессионал Футбол Лигасини тузиш ва унинг Миллий Футбол Федерациялари таркибида алоҳида ташкилот бўлиб фаолият юрғизиши талабини қўйиши бу Лигаларнинг сифатини ошириши, яна лигада юз берадиган арзимаган муаммоларга Федерациялар чалғиб қолмасдан ўз ишлари билан шуғулланишлари ва ундай ишлар билан янги тузиладиган ПФЛ шуғулланишини назарда тутганди. Амалда ҳам қарийб шундай бўлди. Футбол Федерациямиз чемпионат ва кубок ўйинларини ўтказишдаги майда-чуйда муаммолардан халос бўлди. Аммо тузилган ПФЛ ўша майда-чуйда муаммоларни ҳам ҳал қила олмаяпти. Йўқ, хоҳласа ҳал қилади. Шунчаки хоҳламайди холос. Гапнинг исботи билан бўлгани яхши. Масалан, яқинда Олий лигада 15-ўринни олган "Навбаҳор" жамоаси ва Биринчи лигада 2-ўринни олган "Норин" жамоалари ўртасида бўлиб ўтган ўтиш ўйинини олайлик. Ҳаммамизга маълум бу икки жамоа ўртасидаги ўйин Тошкентда, қори тозаланмаган оппоқ майдонда, оппоқ тўп билан ўйналди ва унда "Навбаҳор" жамоаси ғалаба қозониб Олий Лигадаги ўз ўрнини сақлаб қолди. Ўша куни стадионда томошабинлар йўқ эди деса ҳам бўлаверади. Чунки ўйин аҳамият даражасида унчалик муҳим ўйин эмас эди. Айниқса тошкентлик мухлисларга. Чунки ҳар иккала жамоа Наманган вилоятиники. Уларнинг қайси бирининг ғалаба қозониши "Локомотив" ёки "Пахтакор" мухлисларига фарқи йўқ эди. Футбол томоша қиламан дейдиган бетараф мухлисларга ҳам қори тозаланмаган стадионда, совуқда қор босган трибуналарда ўтириб футбол томоша қилиш ёқмайди. Буни устига оппоқ майдонда оқ рангли тўпда футбол ўйналса.
Шу ерда савол туғилади. ПФЛ шу ўйинни Водийнинг бирон шаҳрида, масалан Наманганни ўзида, ё Қўқонда ҳам ўтказса бўлар эдими?! Ҳа шундай қилса ҳам бўлар эди. Майли, ПФЛ қор ёғиб совуқ бўлишини ҳисобини олмаган ҳам бўлсин. Аммо Наманган вилоятининг икки жамоаси ўртасидаги ўйин Тошкентда футбол мухлисларини умуман қизиқтирмаслигини ҳисобини олиши керак эдику! Ёки, оппоқ қор билан қопланган стадионни ҳеч ким тозаламади ва ўша куни ҳар иккала жамоа оқ майдонда оқ тўп билан ўйнадилар. Шу туфайли ҳеч бўлмаганда тўпни бошқароқ ранглисини топиб берса бўлар эдику! (Йўқ, майли ПФЛ тўпни бошқа ранглисини топиб бермасин. Бор-йўғи шу ўйинни ўйнаётган жамоалардан тўпни бошқа ранглисидан топиш талабини қўйсин эди. Уларни ўзлари рангли тўпни топиб олишарди. Аммо ПФЛ шуни ҳам қила олмади)  Ё шу муаммо ҳам ҳал қилиб бўлмайдиган муаммолар сирасига кирадими? Асло йўқ!
Бу ПФЛ ни қовун туширишидан кичкина бир мисол холос. Ташкил топганидан бери бу ташкилот бунақа қовунлардан кўпини туширган. Ишонаверинг, шундай.
Яна бир муаммо мавсум бошида ПФЛ томонидан миллий чемпионатимиз ўйинларининг тақвими тузилганда кўриниб қолади. Яъни бу ташкилот клубларимизни ОЧЛ ва ОК даги ўйинларда қайси вақтда ўйнашларини ёки терма жамоамизни ўйинларини вақтини билиб ҳам тақвим тузишда буни инобатга олмай, кейин йил давомида фақат ўйинларни ўзгартириш билан шуғулланиб ўтиради.
Умуман олганда бу ташкилотни тузилганидан бери ишини сарҳисоб қилсак фақат "қониқарли" жавобини олишади. Бу ташкилотни "ўртача" баҳосини олишига ҳали анча бор.

Мухлислар қарғишига қолган жамоалар

Навбатни охирида миллий чемпионатимизда қатнашаётган жамоаларнинг ишларини сарҳисоб қиламиз. Зеро буларда ҳам йигирма беш йилдан бери ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммолар бор. Ва ана шу муаммоларнинг ичида шундай арзимаганлари ҳам борки жамоа мутасаддилари озгина ҳафсала қилсалар ўша муаммолар дарров ҳал бўлади қолади. Аммо ўша ҳафсала уларнинг аксариятида негадир топилмаяпти.
Жамоаларимизнинг энг асосий муаммолари бу маблағ етишмаслигидир. Аммо бу муаммо уларнинг ўзига эмас, балки ҳомийларининг жамоа учун маблағ ажратишига боғлиқдир. Аммо, шундай муаммолар борки буни юқорида айтганимдай озгина ҳафсала қилсалар жамоа раҳбариятининг ўзлари ҳал қилиб қўя қоладилар. Шундай осон ҳал бўладиган муаммолардан бири жамоаларнинг мухлислар билан ишлашларидир. Очиғи мухлислар билан ишлаш қарийб ҳамма жамоаларимизда қониқарсиз аҳволда. Тўғри, ҳар бир жамоада мухлисларнинг фан-клублари тузилган ва у фан-клубларнинг ҳар бирида нечтадандир аъзолар ҳам бор. Ўша фан-клуб аъзоларига жамоанинг ўз ўйингоҳидан марказий секторларни ажратилгани ҳам ҳақиқат. Ўша аъзолик учун берилган билетлари билан уларни ўзларига берилган секторларга бепул киришлари ҳам бор гап. Аммо фан-клубларга аъзо бўлмаган мухлислар-чи, уларга қандай қулайликлар яратилган? Ҳеч қандай!
Масалан, мухлисларга озиқ-овқат ва яхна ичимликлар билан савдо қиладиган расталарни стадион ичида ташкиллаштириш бу ҳомийларга тақалиб қолган иш эмаску! Буни мухлислар учун жамоаларнинг ўзлари ҳам қилиб қўйишса бўладику! Ёки яна бир оддийгина иш, футбол ўйинидан олдин стадиондаги ўриндиқларни чангдан, лойдан артиб тозалаб қўйиш қийин иш эмаску! Неча марта стадионларга футбол томоша қилишга борган бўлсам бирон марта ўриндиқларни тоза, артилган ҳолда кўрмадим. Мухлисларга қулай бўлсин деб ўриндиқларни артиб, тозалаб қўйиш бу ҳам бошқа бировларга боғлиқ иш эмас, балки жамоа мутасаддиларининг ўзларига боғлиқ ишку!  (Охиргисини айтай, яқинда Самарқанддаги "Динамо" стадионига Ўзбекистон Кубоги финалини томоша қилиш учун тушдим. Стадион ўриндиқларини лойқа қоплаб ётган экан, амаллаб зўрға тозалаб ўтирдик)

Жамоаларнинг яна бир қониқарсиз ишлари бу маркетинг билан боғлиқ ишлардир. Дунёдаги аксарият лигалардаги жамоаларнинг кўплари хусусий жамоалар бўлиб улар ўз жамоаларинг маркетинг ишларига жиддий ёндашадилар ва жамоа учун икки сўм сарфласалар маркетинг орқали ўша сарфланган пулни бир қисмини қайтаришга уринадилар. Бизда эса хусусий жамоалар йўқ ҳисоби. Аммо бу уларнинг маркетинг масалаларида лоқайд ёки пассив бўлишларига сабаб бўла олмайди. Майли, жамоаларимизнинг асосий ҳомийлари давлат корхоналари ва ҳокимиятлар бўлар экан ва уларнинг бюджетлари давлат корхоналари ҳисобидан қопланар экан, аммо шу ерда уларнинг ўзлари ҳам маркетинг билан жиддий шуғулланишса ва буни орқасидан бироз маблағ ишлаб топишса бу ўзларига фойдаку! Ошиқча пул бўлса таниқлироқ легионерлар чақириларди ва ОЧЛда тузукроқ натижа кўрсатиларди ёки бошқа мақсадларга сарфланарди. Аммо ҳозирча жамоаларимиз ўзларига бириктирилган ҳомийларнинг маблағларини мазза қилиб еб ётиш билан бандлар холос.

Жамоаларимизнинг ҳам йигирма беш йиллик ишларига баҳо берар эканмиз уларнинг баҳоси "қониқарсиз" ҳолда бўлаяпти. 

Умуман олган Ўзбек Футболи деган атама билан аталадиган футболимизни ҳар томонлама таҳлил ёки сарҳисоб қилсак унинг ҳар томонлама баҳоси "қониқарли" ва "қониқарсиз" баҳолар ўртасида эканини кўрамиз.

Мен бир мухлис сифатида Ўзбек футболини ривожланишини, клубларимизни Осиё миқёсида пешқадамлар сафида юришларини, терма жамоамизни ҳам нафақат Осиёда балки Жаҳонда ўз ўрнига эга терма жамоа бўлишини, ҳар йили бир нечталаб ўйинчиларимизни Осиё ва Европанинг кучли чемпионатларига трансфер бўлишларини ва буни натижасида нафақат жамоаларимизнинг молиявий аҳволлари яхшиланиши, балки ўша футболчиларнинг ўзларини ҳам чет элларда олаётган зўр маошлари туфайли мамлакатимиз иқтисодини янада ривожланишига ҳисса қўшишларини ва шу билан биргаликда Ўзбекистон деган юртни дунё саҳнасида янада кўпроқ танилишига сабабчи бўлишларини жудаям хоҳлайман. Аммо, ишонинг шу истакларга йўл жамоаларимизнинг, ПФЛ нинг, ЎФФ нинг ўз ишларига қандай ёндошишлари билан бошланади. Агар уларда ҳам меникидай истак бўлса албатта улар ўз фаолиятларини тубдан ўзгартириб, ўз ишларига янада маъсулиятлироқ бўлишлари керак. Акс ҳолда аҳвол ўнгланмайди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий