Кеча эрталаб бирданига кўчамиз одамлар билан гавжум, серқатнов бўлиб қолди. Маҳалладошларим тўп-тўп бўлиб уёққа ўтишади, буёққа ўтишади. Ҳайрон қолдим. Чунки кўчамиз одатда жудаям серқатнов кўча эмас, маҳаллани оддий бир кўчаси. Шошилиб турганим учун кимдандир бу одамларни қайерга бораётганларни сўраб ўтирмадим ва ишим тиғизлиги учун маҳалладан чиқиб кетдим. Соат бирларда уйдан телефон қўнғироғи бўлди. Қўшнимиз қамоқда эди, шу чиқиб келибди. Шунга соат иккида худойи-эҳсон беришаркан, шунга айтиб кетишибди. Ҳа, одамларни эрталабдан нега кўчамизда серқатнов бўлиб қолганларини сабабини тушунгандай бўлдим. Демак, бир пайтлар нашаванд бўлган ва наркотик олди-сотдисига аралашиб қўлга тушиб қамалиб кетган қўшнимиз қамоқдан чиқиб келган ва эрталаб мен кўрган одамлар уни кўргани ва қамоқдан эсон-омон чиқиб келгани билан қутлаш учун уни уйига боришаётган бўлган. Энди эса соат иккида камида эллик кило гуруч дамлаб, албатта дастурхони ҳам шунга яраша бўлади эҳсон қилиб элга ош тарқатаяпти.
Мана шу ерда ўзим ҳам шу элнинг фарзанди бўла туриб, шу одамлар орасида яшаб атрофимдаги ёки музофотимдаги ёки юртимдаги одамларни умуман тушунмаслигим, тушуна олмаслигим аёнлашади. Нега дейсизми? Ҳозир тушунтираман. Мана эрталаб мен кўрган оломон, буёғига "эл" сўзини ўрнига шу сўздан фойдаланишга мажбурман,кечирасизлар, бир пайтлар шу нашаванд қўшнимиз наша чекишни бошлаганда ҳам тепасида томошабин эди. Кейин "сопини ўзидан чиқарай, ҳеч бўлмаса чекадиганим ўзимга текинга тушсин" деб нашафурушликни бошлаганда ҳам томошабин эди. Шу оломоннинг бирининг акаси, бирининг укаси, яна бирининг нимадир қариндоши, ўзи маҳалламизда бегонани ўзи йўқ, ҳамма бир-бирига қариндош, яна бирининг қўшниси бўлмиш шу қўшним ботқоққа ботаётганда ҳам, инсонийлик қиёфасини йўқотиб оғуфурушлик билан шуғулланаётганда ҳам, ўзига ўхшаган кимларнидир наша билан таъминлаб унинг унинг ота-онаси борми, хотини-ю, бола-чақаси борми ҳаммасини қарғишини олиб юрганда ҳам (нашаванд кимсаларнинг яқинларини наша сотаётган одамларни баддуо қилиб ёмондан-ёмон қарғаганларини ўзим кўп бора гувоҳи бўлганман) мана шу соат иккидаги эҳсонни келиб паққос тушириб кетаётган оломон жим эди, сукутда эди, томошабин эди.
Шу ўринда "ҳа энди ўртада меҳр-оқибат бор, шу учун маҳалладошлар ўша кишини қамоқдан чиқиб келгани учун ҳол-аҳвол сўрашга бораяпти" деб оғзимга уришга уринманг. Сиз айтган ўша меҳр-оқибат бу томошаталаб ва лоқайд оломонда шу қўшним олдинига нашавандликни, кейин нашафурушликни бошлаганда қайерда эди?
Нега шу меҳр-оқибатни бу "меҳр-оқибатли" одамлар ўз вақтида қўшним жирканч бир ботқоққа ботаётганда кўрсатиб уни ботқоққа ботишдан сақлаб қолиб кўрсатмадилар? Ахир ўшанда қўшним энди нашавандликни бошлаганда кўплашиб уни бу йўлдан тўхтатиб қолса бўлар эди-ку. Буни иложи йўқ эди деб инкор қилишга уринманг. Ўзим гувоҳи бўлганман баъзи инсонлар энди шу йўлга кирганда яқинлари кўплашиб уни бу йўлга кириб кетишдан сақлаб қолганларини. Агар эҳсон ошига келаётган мана шу оломон қўшнимни ҳам ёки бошқа мана шу қўшнимга ўхшаб турли нотўғри йўлда юрганларни ҳам ўша тўғри йўлдан тойиб эгри йўлга қадам қўйганларида эҳсонга тўп-тўп бўлиб келаётгандай уларнинг олдига ёки уйига тўп-тўп бўлиб бориб уларга то ўша нотўғри йўллларидан қайтмагунларича насиҳат қилганларида, танбеҳ бераверганларида улар ўша эгри йўлга батамом кириб кетмасмидилар. Ҳа шундай. Мени тушунмаганим мана шу-кимнидир ботқоққа ботаётганини кўриб чўп узатмаган оломон, кейин ана шу ботқоққа ботган инсонни азасида бел боғлаб, зўр қилиб кўзёш тўкиб тура олади. Аммо биронтаси "ҳей оломон, шуни хоҳласанг ботқоқдан чиқариб олардинг-ку, нега томошабин бўлиб уни ботқоққа батомом ботиб бўлгунча томоша қилиб ўтирдинг" демайди. Ҳа демайди.
Мен бу ерда биргина нашаванд қўшнимни мисол келтирдим. Яна мисол келтираман десам мисоллар жудаям кўп. Оломонни бу ишларини кимдир касал-бемор бўлганда бориб кўрмай, тириклигида бирон марта йўқламай, ўлгандан кейин ёқа йиртиб йиғлайдиганларга ёки касал-бемор ётганида унга дори-дармонми ёки бошқа томонданми арзимаган бўлса-да моддий ёрдам қилмай, вафот этганидан кейин катта-катта маблағлар сарфлаб ҳар хил ном остида(йигирма,қирқ,йилоши, буёғи хоҳлаганингиздай ном қўйиб олаверинг) эҳсонлар берадиган одамларнинг ишларига ўхшатаман. Ва ишонч билан айта оламанки оломоннинг аксарияти ана шундай одамлардир.
Р.С Қўшнимдан ҳол-аҳвол сўраб, қамоқдан қутилиб келгани билан қутлаш учун мен ҳам кечки пайт ишларимни битириб уйга қайтгандан кейин бирровга ўтдим. Ахир тониб ва қочиб қайерга ҳам бораман, мен хам шу оломоннинг бир бўлагиманку.
Комментариев нет:
Отправить комментарий