Футбол.... Футбол ҳақида гап кетганда дарров, ҳаммани хаёли Европа томонларга кетиб қолади. Ўзимизни футболимиз эса..қизиқ эмас, вассалом. Ҳозир мен сизларни, футболимизда курашувчанлик қолмагани, ёки аллақандай келишилган ўйинлар билан бошингизни қотирмоқчи эмасман. Балки, умуман бошқа мавзу бўлган футбол ва маркетинг ҳақида бироз фикр билдирмоқчиман.
Очиғи, бу ҳақда кўп ва хўп ёзилган. Жамоаларнинг раҳбарларига, ёки мураббийларига, бу ҳақда кўплаб саволлар берилган. Жавоблар ҳам, турли хил бўлган ва улар вазиятдан ҳар хил ваъдалар, ёки умумий гап билан чиқиб кетаверганлар.
Футболимизни қандай ривожлантириш ҳақида ўйлаб, гоҳида жамоаларимиз минтақавий ҳокимликлар томонидан жудаям эркалатиб юборилган деб ўйлаб қоламан. Ўзи, ўйинини тайини бўлмаган, ҳеч бир мақсадни кўзламай ўйнаётган жамоаларга турли вилоятларда, ҳокимликлар томонидан, ёки уларни кўрсатмаси билан давлат корхоналари нега бунча маблағларни сарфлашади? Қачон клубларимиз, ҳаммасини бўлмаса-да, бир қисм маблағларини, ўзлари ишлаб топишга ҳаракат қилишади?
Умуман олганда, жамоаларимиз боқимандаликдан қачон қутилишади?
Назаримда футболимизни унчалик ривожланмаётганига, ёки халқаро мусобақаларда муваффақият қозона олмасликларига, ёки биздан Европада ҳам бемалол ўйнаб кета оладиган ўйинчиларни етишиб чиқа олмаётганига шу омил ҳам сабаб бўлаяпти. Чунки, ўйнаса-ўйнамаса, натижа кўрсатса-кўрсатмаса маъоши тайин бўлгандан кейин, нега ўйнасин?
Билишимча, жамоаларимизни ҳар бирида маркетинг бўлими бор. Аммо, улар нима вазифаларни бажараяптилару, яна қайсиларини бажаришга чора топа олмаяптилар, ким билади?
Умуман, бу ҳақда қачон мухлисларга ҳисобот берилади? Ёки, бу шунчалик ҳам сирми?
Қачонгача клубларимиз маҳаллий ҳокимларга ёрдам сўраб югуришади. Қачонгача ҳокимиятлар ўз юмушлари ошиб-тошиб ётганда футбол жамоаларини ҳам "бошоғриғи" билан ҳам шуғулланадилар?
Эсимда, бир пайтлар бу ҳақда, жамоаларимизни раҳбарларига шу саволлар берилганда, "ҳозир имкониятимиз камроқ, Худо ҳоҳласа кейинги йиллардан амалий ишларни бошлаб юборамиз" деб, умумий жавоб бериб қочишарди. Ўшанда, ҳали энди мустақил бўлган давлатимиз иқтисодий томондан энди оёққа тураётган даврлари эди. Шу учун ҳам, клуб раҳбарларини умумий гапларида берган ваъдаларини кейинги мавсумларда ҳеч ким ўйламасди. Ёки ўша раҳбарларга эслатмасди ҳам. Энди-чи, энди мана мустақиллигимизга 25 йил бўлаяпти. Иқтисодий ривожланишимиз анча барқарорлашди. Буни натижасида юртимизда ўз сўзига ва ўз ўрнига эга бўлган қанчалаб компаниялар оёққа турди. Хўш, мана шундай ҳолатда, майли, жамоаларимизни бирданига хусусийлаштирмасак ҳам, ҳеч бўлмаганда жамоаларимиз маркетинг билан жиддийроқ шуғуллансинлар. Ахир қачонгача, ҳокимиятлар томонидан, ёки ҳокимиятлар талаби билан турли давлат корхоналари томонидан молиялаштириладиган жамоаларимиз, мавсумни иккинчи ярмида маблағ топа олмай, етим қўзидай бўлиб юришади? Қачонгача?
Турли чет элларда бўлганлар билишади, ёки ўзимиз ҳам фильмларда кўрганмиз, чет элларда турли фирма компанияларнинг маркетинг бўлимларини оддий ходимлари тинимсиз равишда ўзларига реклама берадиган ҳамкор қидириб, кўчама-кўча, компанияма-компания эринмай юришади. Хўш, нега бизнинг боқиманда жамоаларимизнинг, маркетинг бўлимларининг "боқиманда" ходимлари ўз жамоаларининг маблағ ишлаб топиши учун ана ўшалардай ҳаракат қилишмайди, елиб-югуришмайди? Чунки 25 йилдан бери давлатимиз уларни боқаевериб, текин "нонни" беравериб, уларни боқимандаликка ёмон ўргатиб қўйган. Мана, неча йиллардан бери кўраяпмиз, мабодо бирон бир вилоятнинг бир жамоасига ўша вилоят ҳокимиятидан эътибор камроқ берилсин, албатта ўша вилоят жамоаси маблағ топа олмай, бунинг оқибатида қўйи лигага тушиб кетади. Аммо, асло ўша жамоанинг раҳбарияти, ёки маркетинг бўлимининг ходимлари, "қани, ўзимиз ҳам бир ҳаракат қилиб кўрайликчи, балки бироз маблағни ўзимиз ҳам ишлаб топармиз" дейишмайди ва бу йўлда ҳаракат ҳам қилишмайди. Бизда, ҳалигача жамоаларимизга қайси компаниялар ҳомийлик қилиши жамоаларнинг офисларида, ёки маркетинг бўлимларида эмас, балки вилоятлар ҳокимлик идораларида ҳал бўлмоқда.
Юқорида ҳам айтдим, энди биз иқтисодда анча ютуқларга эришдик, анчагина корхоналар ва компаниялар оёққа туриб олишди. Шундай экан, энди уларга доимий реклама керак. Шу ерда, "корхоналаримиз ва компанияларимиз оёққа туриб олган бўлса, уларга реклама нима керак" деб ўйлаётгандирсиз. Дунёга оти кетган компанияларга қаранг, бир тарафдан қараганда уларни маҳсулотига реклама керак эмас, аммо улар замон билан ҳамнафас бўлиш учун, рақобатчиларидан орқада қолмаслик учун, доимий равишда миллиардлаб долларларни реклама учун сарфлашади. Бизда ҳам шундай. Кўплаб корхона ва компанияларимиз доимий равишда телеканалларда ва ОАВларида ва интернет сайтларда ўзларини реклама қилдирмоқдалар. Шундай экан, бизнинг футбол жамоаларимизнинг маркетинг бўлимларини ходимлари ҳам, қишда иссиқ, ёзда салқин хоналарда ўтирмасдан, ҳар бир компания ва корхоналарга бориб ўз хизматларини таклиф этишлари керак. Энг муҳими, қайсидир бир компания уларни хизматига эҳтиёж сезмас, аммо уриб сўкмайди-ю. Жа борса, мулойимлик билан эшикни кўрсатиб қўяр.
Энди, футбол жамоаларимизни реклама бериш имкониятларига қараймиз.
1). Жамоанинг формасидаги бўш жойлар. Бу учун авваламбор, жамоалар ҳар йили ҳар хил либосларда майдонга тушмай, ўзлари учун "ташриф қоғози" даражасига чиқа оладиган доимий бир хил рангли формаларга эга бўлишлари керак.
Қани айтингчи, сиз қайси жамоамизнинг формасини рангларини айтиб бера оласиз?
Ҳеч ким айтиб бера олмайди. Биргина "Пахтакор"ни йўл-йўл оқ-сариқ формасини айтмаса, қолган жамоаларимизнинг аксариятида умумий ранглар бўлмиш оқ, ёки кўк формадан фойдаланишади.
Демак, бу масалада олдин, жамоаларимиз дизайнерлар билан ишлаб, ўзлари учун сафардаги ўйинлар учун алоҳида, ўз майдонидаги ўйинлар учун алоҳида, машғулот учун алоҳида формалар тайёрлатиши керак, ва бу формалар чиройли кўринишда ва доимий бўлиши керак. Ана шундан кейин, жамоаларнинг уй формаларига алоҳида компаниянинг, сафар формаларига алоҳида компаниянинг, машғулот формаларига алоҳида компаниянинг логотиплари жойлаштирилади.
2). Стадионнни ичида, майдон четидаги баннерларга,(Агар баннерлар электрон баннерлар бўлса, янада яхши бўлади. Чунки бунда кўпроқ компанияларни реклама қилса бўлади.) яна, майдондаги катта экрандан ҳар хил рекламалар бериш мумкин. Яна стадион атрофидаги, стадионга қарашли ҳудудларда электрон табло ўрнатиб, ўйин пайтларидан бошқа пайтларда ҳам ҳар хил компания ва корхоналарни реклама қилиш мумкин.
3). Жамоаларнинг автобусларида ҳам, турли корхона ва компанияларнинг логотипларини жойлаштириш.
4). Жамоа ўзининг турли хил форма ва атрибуткаларини сотиш орқали маблағ ишлаб топиши.
Жамоа чиройли бир формага эга бўлгандан кейин, албатта формалар ва жамоа атрибуткалари билан савдо қилишни ҳам йўлга қўйиш керак.
Бунда, агар жамоани савдога чиқармоқчи бўлган форма ва атрибуткаларини ўзи ишлаб чиқариш имконига эга бўлмаса, юртимизда очилган корхоналарга буюртма бериб тайёрлатиб, ана ундан кейин, у маҳсулотларни савдога чиқарса ҳам бўлади.
Шу ерда яна бир муҳим масала юзага келаяпти. Яъни жамоанинг маркетинг бўлимини ходими, бир корхонанинг, ёки компаниянинг олдига ўз хизматини таклиф қилиб борганида, агар ўша компания билан жамоа формасига компания номини логотип қилиб ёзиш ҳақида шартнома тузса, уларни компаниясининг номи ёзилган футболкани нафақат майдонда тўп сўраётган жамоа аъзолари, балки бозорларга чиқарилаётган ҳар бир футболкаларга ёзилишини ва бу орқали жамоа, ўша компанияни ҳар тарафлама реклама қилиб бера олиши мумкинлиги ҳам таъкидланади. Ва бундай келишувлардан икки тараф ҳам манфатдор бўлади.
Жамоа ўз формаларини уч хил қилиб, (уй, сафар ва машғулот формаси) тайёрлатса, мана шу учта формага уч кил компанияни номини логотип қилиб ёздирса ҳам бўлади. Мабодо қайсидир компания ҳар учала формага ҳам ўз логотипини жойлаштиришни ҳоҳласа, уни бу ҳоҳиши ҳам инобатга олинади. Ва бозорга ҳам футболкалар уч хил кўринишда чиқарилади.
Энди, энг асосий масала, реклама берувчиларни қандай қилиб топиш, ёки қандай қилиб жалб қилиш йўллари ҳақида.
Бунда ҳар бир жамоа, ишни ўзи жойлашган шаҳардан бошлайди. Бу учун, ўша шаҳардаги, ёки ўша вилоятдаги энг йирик, компания ва корхоналарнинг камида юзтачаси рўйхат қилинади. Ва уларнинг манзили олиниб, (уларни манзилини топиш муаммо эмас) кейин, ўша манзилларни ҳар бирига кириб, ўша корхона ва компанияларни раҳбарияти, ёки маркетинг бўлимидагилар билан учрашиб, уларга ўз хизматларини таклиф этишади. Бунда нархлар, бошланғич босқичда арзон нархларда, албатта уларни қониқтирадиган суммаларда айтилади. (Чунки, бирданига катта суммалар айтилса, улар ўйлаб ҳам ўтирмасдан рад этишлари мумкин.) Кейин, юқорида келтирганим, рекламани турли жойларда бериш рўйхат билан нархланади (яъни логотипни уй либосига жойлаштириш бошқа нархда, сафар либосига жойлаштириш бошқа нархда ва машғулот либосига жойлаштириш бошқа нархда) ва каталог тарзида расмли қилиб тайёрланиб (масалан, у каталогда, формаларда мисол тариқасида бир ёзув ёзилган бўлади ва борган компания, ёки корхона раҳбариятига, ёки маркетинг бўлимидагиларга "мана, логотипларинг формаларимизда мана шу кўринишда бўлади, ёки экранларимизда мана бундай тарзда кўрсатилади" деб, уларга кўрсатилади) ўша намуна кўрсатилади. Кейин улар, реклама беришни ҳоҳлашса, рўйхатдан ўзларини ҳоҳишларига қараб танлайверадилар. Мабодо, реклама беришни ҳоҳламайдиганлари эса юқорида айтганимдай, уриб-сўкмайди-ку, балки хушмуомалалик билан эшикни кўрсатади. Энг муҳими, бошланғичда рўйхатдаги юзтача корхона ва компаниялардан ўнтаси реклама беришни ҳоҳласа, мана шуни ўзи ҳам катта гап. Албатта, бу иш осон бўлмайди. Лекин, мана шундай йўл билан ишлаш тизимига ўтилса, келажакда албатта натижа бўлади. Чунки биринчи мавсумда реклама берувчилар оз бўлиши, ёки уларга арзонроқ нархда хизмат кўрсатилиши мумкин. Аммо иш тўғри олиб борилса, кейинги йиллардан реклама берувчилар ҳам, қизиқиш туфайли кўпайиши ва
нархлар ҳам, энди бироз кўтарилиши ва буни натижасида жамоалар кўпроқ фойда олиши мумкин.
Энг аҳамиятлиси, бу ишлар, икки тарафни ўзаро розилиги ва ўртада шартнома имзоланиб, ҳар икки тараф ўз ҳисоботларида буни кўрсатиб, ихтиёрий равишда бўлиши керак. Асло, ҳокимиятларнинг аралашуви, ёки қандайдир босими билан эмас.
Агар жамоаларимизда иш, шу тахлитда олиб борилса, икки-уч йилда, энди корхона ва компанияларнинг ўзлари, ўзларини реклама қилдириш учун, жамоаларни эшигини таққиллатиб кела бошлайдилар.
Албатта, бу ўринда ишлар, жамоаларнинг маркетинг бўлимларини ходимларини, ўз ишига усталиги ва ўзаро мулоқотда тадбиркорлик руҳияти билан иш олиб бора олиши ҳам муҳим.
Тасаввур қилаяпман, юқоридаги фикрларни ўқиб, кўпчиликни юзида "Бу нарсалар жамоаларимизда қисман бўлса-да бор-ку" деб, изтеҳзоли кулгу пайдо бўлаяпти. Тўғри бор, аммо ҳаммаси хўжамкўрсин учун бор. Юқоридаги фикрларда тавсия қилинаётган ишлар, клубларимизда маълум фоизларда бор: стадиондаги баннерларда реклама берилаяпти, ҳомийлар билан шартнома тузилаяпти, футболка... чиқарилаяпти(ми?) Аммо, у ҳеч кимни қониқтираётгани йўқ. Энг муҳими, жаиоаларимиздаги маркетинг ривожланаётгани йўқ ва улар ҳатто, бир мавсум давомида сарфлаётган маблағларини 10% ни ҳам ўзлари, маркетинг орқали топаётганлари йўқ. Шундай экан, бу мавзу ўз долзарблигини юқотмайди.
Умуман олганда, кечагина хориждан бировни маҳсулотини олиб келиб сотиб юрган ишбилармонлар, бугунги кунда ўзлари завод ва фабрикалар қуриб, ўз маҳсулотларини хорижга чиқараяптилар. Хўш, футбол жамоаларимизда имконият ва шароит ўша қийналиб оёққа турган ишбилармонлардан минг карра яхши-ку! Демак, ҳамма гап жамоаларнинг раҳбариятида ва уларни боқиманда қилиб олиб ўтирган маҳаллий ҳокимиятларда ва УФФда экан. Шундай экан, улар бу масалани яхшлилаб бир ўйлаб кўрсалар бўларди. Акс ҳолда, бизнинг футболимиз шу йўсинда кетаверса, 2030 йилда ҳам халқаро майдонда бирон бир муваффақиятга эриша олмайди. Чунки, бизнинг рақобатчиларимиз доимий изланишда ва фаол ривожланишда кетаяптилар. Биз эса, 25 йилдан буён боқимандамиз!
Албатта бу фикрлар мутахассис томонидан эмас, балки оддий бир мухлис тарафидан берилаётганини инобатга олишларингни сўрардим. Маслаҳатлар ўринли бўлмаслиги ҳам мумкин. Аммо, барибир жим, томошабин бўлиб, ҳокимият томонидан, ёки ҳокимият бириктирган корхонадан қачон ҳисобимизга маблағ тушаркин деб ҳам қараб туриб бўлмайди. Чунки, тан олайлик, бу йўл билан футболимиз ривожланмаслигини, Жаҳон Чемпионатига чиқиш, ёки ОЧЛ нинг финалида зафар қучиш каби ютуқлар биз учун армон бўлиб қолаверишини ҳаммамиз ҳам билиб турибмиз.
Кейин, юқоридаги ишлар тезроқ бошланишини ҳоҳласак, бу йўлда, ЎФФ узоқ йиллик дастур ишлаб чиқиши ва бу дастурга мувофиқ, жамоаларимизни таъминотларини ҳокимиятлар, ёки уларни босими остидаги давлат корхоналаридан ҳар йили, босқичма-босқич камайтириб бориш йўли билан, футболимизда реклама бозорини шаклантиришни тезлаштирса бўлади. Акс ҳолда ҳеч нарса ўзгармайди ва клубларимиз боқиманда бўлиб қолаверадилар.
Бу тизимга тезроқ ўтишни яна бир муҳим жиҳати шундаки, ана ўшанда, жамоа лигада яхши ўйнаса, томошабинлар кўпроқ тушиши, футболкалар яхшироқ сотилиши, логотип учун ўз брендини беришни ҳоҳлайдиган компанияларнинг кўпроқ бўлиши ва шу кабиларни деб ҳам, ҳар бир жамоада "келишувчанлик"дан кўра, "курашувчанлик" ҳисси кўпроқ бўлади ва ана шунда лигаларимизда келишилган ўйинлар камайиб, томошабоп лигага айланамиз.
Умуман, бу фикрлар оддий бир мухлисни фикрлари бўлса ҳам, бу фикрларни ЎФФ ва унинг минтақавий бўлимлари, жамоаларнинг раҳбариятлари бир ўқиб чиқсалар фойдадан холи бўлмасди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий