воскресенье, 25 октября 2015 г.

ҚАТАҒОН ҚУРБОНЛАРИ

"ҚАТАҒОННИНГ ҚОРА КУНЛАРИ"

Кечагидай эсимда, 1994 йилнинг январь ойида, мактаблар бўйича фан олимпиадасида, она-тили ва адабиёти фанидан, туманда 1-ўринни олиб, вилоят босқичида қатнашдим. Ўшанда танлов уч босқичда бўлиб ўтган эди. Биринчиси оғзаки савол-жавоб (адабиётдан), иккинчиси она тилидан тест саволлари, учинчиси эса берилган учта мавзулардан биридан иншо ёзиш эди. Ўша учта мавзулардан бирининг номи "Қатағоннинг қора кунлари" деб номланарди. Мен иншо ёзишда мана шу мавзуни танлаган эдим. Лекин, ўшанда бу мавзуда ёзиш осон бўлмаган эди. Йуқ, бу ерда гап етарли билимдан кетмаяпти, билим бор эди. Ёзиш осон бўлмаганини сабаби, бу мавзуни ўзи оғриқли мавзу эди. Ҳа бутун бир миллат зиёлиларини, иймон-эътиқодлиларини, олимларини, ёзувчи-ю, шоирларини, ҳамма-ҳаммасини отилишлари, йўқ қилинишлари ҳақида ёзиш қийин эди.
Ўшанда нималар ёздим, қандай ёздим билмайман, аммо ҳафта, ўн кунлардан кейин мактабимиз директори ва мени номимга ўша она-тили ва адабиётидан бўлиб ўтган фан олимпиядасини вилоят босқичида ҳакамлик қилган ҳайъат номидан, гарчи тўғри ёзиш қоидаларига амал қила олмай ёзган бўлсам-да, иншони "чин юракдан куйиниб ёзиб берганим, ўша давр муҳитини қалбан ҳис қилиб очиб бера олганим учун" алоҳида ташаккурнома ва вилоят босқичида она-тили ва адабиёти фанидан иккинчи ўринни олганим ҳақидаги гувоҳнома келган.
Йўқ, бу гапларни мақтаниш учун ёзмаяпман, балки ўша "Қатағоннинг қора кунлари" орадан шунча йиллар ўтса-да ҳамон юрагимизда оғир тош бўлиб ётгани ҳақиқат эканлигини ва  мактаб давримда, ўспирин ёшимда ҳам, халқимиз зиёлиларининг, иймон-эътиқодли кишиларининг қатағон қилиниб йўқ қилиб юборилгани менга қанчалик таъсир қилганини тасвирлаб бериш учун ёзаяпман.

1925-йилдан 1953-йил, мустабид ва қонхўр Сталин вафот этгунча нафаққат ҳамюртларимиз, балки бутун СССР халқлари учун жудаям оғир йиллар бўлди. Шу йиллар давомида мустабид тузум дастидан юртимизда ишлаб турган маърифат масканлари бўлмиш мадрасалардан биттаси ҳам қолмай ёпилди. Камига ўша мадрасаларнинг қарийб ҳаммаси бутунлай бузиб ташланди. Масжидлар ёпилиб, манфур "қизил аскар"ларнинг ётоқхонасига ёки отлари учун отхоналар қилиб берилди ёки уларнинг ҳам аксарияти бузиб ташланди.

Ёнг ёмони, энг ачинарлиси, энг афсусланарлиси доим миллатнинг қўлидан ушлаб, иймон-эътиқодга, илм-маърифатга, зиёга тортиб кетаётган жамики илм соҳиблари, маърифат тарқатувчи, иймон эътиқодли кишиларнинг қарийб ҳаммаси йўқ қилинди. Дорга осилди, отилди, сургун қилинди, қамоққа тиқилди ва йўқ қилинди.
Бу миллат учун ҳақиқий фожиа эди! Ҳа фожиа! Кимдир ўша даврда ҳам, ҳозир ҳам фожиалигини англаб етган, кимдир англаб етмаган фожиа эди!

Ўша йилларда собиқ мустабид тузумнинг ҳар бир бурчагигача айғоқчилар, исковучлар, жазо отрядлари тиним билмай ишлар эди ва ўзларининг режаларини амалга ошириб, асл юрт фарзандларини ёппасига олиб кетиб йўқ қиларди. Уларнинг ўрнига эса ўзлари тайёрлаган на ўзини, на динини, на миллатини, на ота-онасини билмайдиган манқурт кимсалар юрт тепасига келар эди. Албатта мустабид тузум соҳиблари ва уларнинг хизматкорлари бу юртнинг иймон-эътиқодда, илм ва фанда, маърифатда пешқадам бўлиб юрганларини йўқ қилса, қолганларини бўйнидан ип тортиб, ўзлари хоҳлаганидек йўриққа солиб тортиб кетавериш мумкинлигини билишган ва шу режа асосида иш қилишган. Юртни ҳар соҳадаги пешқадамлари йўқ қилингандан кейин, улар ўз режалари йўлида бу миллатни манқуртлари орасидан "ўз пешқадамларини" танладилар ва улар "ёрдамида" ҳаммани манқурт қилиш ҳаракатида бўлдилар. Аммо барибир ўз мақсадларини охиригача амалга ошира олмадилар. Аммо улар қилган ёвузликлар, қотилликлар қалбимизда битмас из бўлиб қолди. Оғир ва оғриқли чандиқ бўлиб қолди.

Замонлар ошар, даврлар ошар, аммо халқимиз, бир пайтлар ўзлари учун жонини дорга тикиб шаҳид кетган ўғил-қизларини унутмайди. Уларнинг ёди ўлгунимизгача доим қалбимизда туради. Биздан кейин эса болаларимизни ёдида туришади. Биз улар ҳаққига доим дуодамиз. Аллоҳ сизларни мағфират ва раҳмат қилсин эй Қатағон қурбонлари!

ҚАТАҒОН ҚУРБОНЛАРИ

Келди мустабид тузум,
Ёйиб ҳар ён, ёлғонлари.
Чиқдилар қаршисига,
Қатағон қурбонлари.

Қонхўр бир тузум эди,
Яшаган замонлари.
Курашдилар, то сўнгги жон,
Қатағон қурбонлари.

Дўстдан кўп, бўлди душман,
Чекланди имконлари.
Бош эгмай, жон фидо қилган,
Қатағон қурбонлари.

Шу миллат ва эл учун,
Тикиб азиз жонлари.
Шаҳид бўлиб кетдилар,
Қатағон қурбонлари.

Мана, юрт энди Озод,
Унмоқда райҳонлари.
Шу орзуга жон тиккан,
Қатағон қурбонлари.

Энди шодон ўйнаб юрар,
"Абу Бакр", "Усмон"лари.
Номи учун қатл бўлган,
Қатағон қурбонлари.

Инша Аллоҳ ўсаверар,
Бу юртнинг "Чўлпон"лари.
Хотиржам ётаверинг,
Қатағон қурбонлари.

Бандаларнинг ҳаммаси,
Бу дунё меҳмонлари.
Шарафла келиб-кетган,
Қатағон қурбонлари.

"Жаннат бўлсин инша Аллоҳ,
Охират маконлари".
Дуодамиз ҳаққингизга,
Қатағон қурбонлари.

(Эслатма; Агар бу ёзишма (шеър бўлишга даъво қилмайди, бори шу)кимнидир шундай ҳолда ёзилган шеърига мос келиб қолса, бу мутлақо тасодиф. Чунки мен шу пайтгача кимнидир шундай ёзилган шеърини ўқимаганман. Ва буни ҳам ҳеч кимдан кўчирмадим, ҳеч кимдан илҳомланмадим. Шунчаки ўзи "келиб қолди".)

Комментариев нет:

Отправить комментарий