ГЕОРГИЙ ЛЕНТАСИ, ЁХУД ЙЎҚОТИЛГАН ЎЗЛИК.
(Архивдан. Токи танамда жоним бор экан ва юртимда кимдадир шу лента бор экан мен бу ҳақда такрор ва такрор ёзавераман.)
Охирги пайтларда кўча-куйда машиналарга илинган, ёки ишхоналарда иш столи устида бирон нарсага қадаб қўйилган "ғалати ранглар"дан ташкил топган ленталарни куриб охири жим туролмадим. "Ғалати ранглар" деганимни сабаби бу лентадаги ранглар бизнинг байроқ ёки бошқа нарсаларимиздаги рангларга умуман ухшамайди.
Унда нима у? Қанақа ранг ва қанақа лента?
Айтишларича бу лента "Ғалаба лентаси" эмиш!
Инсон шунчалик ҳам гўл ва лақма бўладими? Агар бу "Ғалаба лентаси" бўлса нега бир пайтлар СССР ҳукумати бу лентага аҳамият бермади ва ҳатто фойдаланишни таъқиқлаб қўйди? Буни сабаби ҳатто саводи йўқ инсонларга ҳам тушунарли-ку. Чунки бу лента Чор Россиясининг импералистик ва босқинчилик рамзларидан бири эди. Ва номи "Георгий лентаси" дир. (СССР эса ўзини одил ва халқпарвар кўрсатарди ва тарих китобларда Чор Россиясини тинимсиз ёмонланарди. Шу учун ҳам бу лента ҳам СССРда "запрет"да эди.)
Агар бу лента "Ғалаба лентаси" бўлганда Сталин дунёни бу лентага тўлдириб ташларди. Хрушев, Брежнев ва ҳоказо Горбачёв ва Елцин ҳам ҳаммаёқни бу лентага тўлдириб ташларди. Аммо уларни биронтаси бу лентага ҳатто эътибор ҳам бергани йўқку!
Ҳатто Путин ҳам ҳокимиятда илдиз отиб олгунча 2005 йилгача бу лентага эътибор бергани йўқ.
Кейин, агар биз Ғалабани нишонлайдиган бўлсак, бизнинг энг катта ғалабамиз бу СССРдан ажралиб чиқиб мустақил давлат бўлганимизку. Ҳа шундай, энг катта Ғалабамиз бу бизнинг Мустақил Ўзбекистон бўлганимиздир.
Аммо бу мустақиллигимизни кўра олмаётган баъзи ғаламис ва ёвуз кучлар мана шу лента ва бунга ўхшаган воситалар билан юртимизга кириб келиб, аҳолининг онги, тушунчаси ва миллий ғурури йўқ қисмини кундан-кун ўз таъсирига тортмоқда. Бу эса суверенитетимиз учун, Мустақиллигимиз учун ниҳоятда хавфлидир.
Эсимда бундан беш-олти йиллар олдин бу лентани бизда бир-иккита ўрис тақарди. Ундан кейинги йилда ўша ўрисни ёнига бу лентани тақадиган битта ўзбексимон миллатдошимиз ҳам пайдо ьўлди. Ундан кейинги йилда бу лентани тақадиган ўзбексимонлар биттадан иккитага кўпайди. Ва йиллар ўтган сайин уларни сафи кенгайиб бораяпти. Бунақада бора-бора ўзбексимонларимиз Россияни бўйинтуруғини ҳам бўйниларига боғлаб олиб бизни бошқатдан Россияга мустамлака бўлшимизга рози бўлишади, ёки шуни хоҳлаб қолишлари ҳам мумкин. Бундан эса ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак.
Энг кулгимни қистатиб, яна жаҳлимни чиқараётган ҳолатлардан бири шуки, бугунги кунда Россияда руслар томонидан бу лентани мазах қилиб, таҳқирлаб сўнгра видеога олиб you tube каналларига қўйишсаю, буёқда бизнинг ўзбексимонлар бу чиркин лентани кўзиги суртгудай бўлиб ўтирса, бундан ортиқ кулфат борми?
Хаммамизга маълумки СССР деган давлат ер юзи картасидан юқолгандан кейин унинг меросхури булмиш Россия Собик Иттифоқнинг кўп рамзларидан кечиб юборди ва эски замонлардаги Чор Россиясининг рамзларини яна амалга киритди.
Булар хозирги Россия байроги ва герби шулар жумласидандир.
Юкорида тилга олганимиз Георгий лентаси хам шу рамзлардандир. Адашмасам бу лентага ўхшаш лента Собик Иттифоқ давридаям қайсидир медал билан қўшиб кўкракка тақилган.
Лекин ўшанда уни аҳамияти жудаям паст бўлган. Ҳозир эса негадир Россия давлати раҳбарлари учун, ёки Россиядаги ўрисдан бошқа миллатни тан олмайдиган рус миллатчилари учун бу лента жудаям муҳим рамзлардан бирига айланди!
Миллионлаб доллар сарфлаб бу лентани кўпайтириб Постсовет республикаларида ҳар хил йуллар билан тарқатиб юришибди.
Якинда Ўзбекистонда хам Россияни кайси бир ташкилоти шу ленталарни тарқатиб юргани интернет ОАВ.ларида хабар қилинди. Кейин қизиқсам Россия элчихонаси бу ранги паст ва чиркин лентани анча йиллардан бери Постсовет республикаларида тарқатар экан.
Бундан максад нима?
Бир пайтлар Скобелев ва Черняевлар юртимизга келиб, бизни ерларимизни, эркимизни забт этиб юз минглаб миллатдош ва ватандошларимизни қиришгани учун юқоридаги лентани мукофот тарзида ўз хукмдорларидан олишган.
Россия ҳукуматини мақсади ҳозир буни бизга эслатишми?
Ёки бутун Постсовет ўлкаларга кўрсатишми?
Бу ленталарни тарғиб қилиб тарқатаётганларнику мақсадлари тушунарли, аммо у ленталарни кўр-кўрона, билиб-билмай тақиб юрган юртдош ва миллатдошларимизни ишларини нима деб тушунмоқ , ёки шарҳламок керак?
Юкорида ёздим юртдошларимизни баъзилари машинасига, баъзилари эса ишхонасига бу лентани илишган деб.
Лекин улар билишармикин бу лента соҳиблари бир пайтлар ота-боболаримизни қонига чўмилганларини?
У даврни-ку қўйиб турайлик, ҳатто ҳозирги кунда Россияни турли бурчакларида шу лентани билагига тақиб олган рус миллатчилари "Россия факат русларники, юқолсин келгиндилар"-деб қанчалаб миллатдош ва юртдошларимизни таҳқирлашаётганини ва уларни ҳатто ўлдириб кетишаётганларини билишармикин?
Шу саволни баъзи бир шу лентани кўтариб юрган юртдошларимизга берсам "Бошимни сиёсат билан қотирма. Ман у гапларни билмайман. Билганим бу оддий "Ғалаба лентаси"- деб жавоб беришди.
Ҳой барака топкур юртдошим у лента "Ғалаба лентаси" экан, кимни, ким устидан қилган "ғалабаси" шарафига жорий қилинган, хеч уйлаб курдингми?
Агар бу лента "Ғалаба лентаси" бўлганида ҳатто ғалабага алоқадор хасу-чўпгача қадрлаган Совет ҳукумати бу лентани ҳам "табаррук" қилиб қўярди ва ҳамма ёққа тарқатарди. Аммо улар тарқатмадику, шуни ҳеч ўйлаб кўрдингми?
Ҳой барака топкур юртдошим, миллатдошим бу қанақа лента бўлишидан қатъий назар бу бизни лентамиз емас!
Бу лентани диний эътиқодимизга ҳам, миллий ўзлигимизу-туркийлигимизга хам, тарихимизга хам ва ниҳоят замонавий миллий давлатчилигимизга хам алоқаси йук!!!
Агар буни Чор Россиясидан қолганини билган бўлсанг шуни унутмаки бу лентани биринчи тақиб келганлар сени ерларингни босиб олиб, ота-боболарингни ўлдириб, тирик қолганларини эса ўз эркидан жудо қилган инсонлардир.
Мабодо советлардан қолган деб билсанг ана уша советлар сени юртингни 70 йил зулукдай сурган, ота-боболарингни қул ва манқурт килиб ўзлигидан айиришга харакат қилган ва эрк учун курашга чиққанларни ўлдириб қонини ичиб, ҳатто уларни қабрини сену мендан бекитган қаттоллар эди!!!
Эй юртдошим, миллатдошим сени бу чиркин лентани тарқатаётганларни бу лентани Иккинчи Жаҳон Уришида немис-фашистлар устидан қозонилган ғалабага боғлашлари сени чалғитиб қўймасин. Чунки биринчидан бу лентани у урушга умуман алоқаси йуқ. Иккинчидан эса ўша урушдан бироз олдин бу лентани тақиб келганлар ва уларнинг болалари сени юртингга от ўйнатиб, қилич яланғочлаб кириб келган ва ўша сен айтаётган уруш бошлангунча ҳар хил сабаблар билан ота-боболаринггни қирган, уларни "бой-қулоқ"қа чиқариб молини тортиб олган ва охирида ўзга юртга сургун қилиб уларни ер-мулкларини тортиб олган инсонлардир. Шу учун сен доим "Буюк Ғалаба"ни пеш қилавермасдан ундан олдин бўлиб ўтган воқеалар билан ҳам қизиққин. Ундан олдин бўлиб ўтган воқеаларни ҳам эслагин. Ота-буваларинг немисдан бироз олдин ким билан уришди, нега жонини, молини қурбон қилди, бир ўйлаб кўргин.
Эй юртдошим, миллатдошим, диндошим сен шуларни билмай у лентани тақиб юрган булсанг мана энди билдинг ва хозироқ у лентани оёғинг остига олиб топтаб ташлагин-ки зора бу билан бу лента соҳибларига карши курашиб мардларча ҳалок булган юз минглаб, хатто миллионлаб юртдош, миллатдош ва диндош аждодларинг руҳи таскин топса!!!
Эй юртдошим агар сен юқоридаги фожеаларимизни билиб хам шу лентани тақиб юрган булсанг сен миллатдош, юртдош ва диндош дейишга нолойиксан ва арзимайсан ҳам. Ва сен ўзлигингни, тарихингни, миллатингни ва динингни, ота-боболаларингни жабру жафоларини, ҳамма-ҳаммасини унутиб булган манкуртсан!
Агар танангда заррача виждонинг, инсофинг, иймонинг колган булса ҳалиям кўзингни оч. Ҳалиям ўзлигингни англаб етишинг учун фурсат бор!!!
--
Комментариев нет:
Отправить комментарий