вторник, 20 октября 2015 г.

Она тилим!

ОНА ТИЛИМ!

Она тилим!
Мен бу сўзни эшитганданоқ таниқли доғистонлик, авар шоири Расул Ҳамзатовни эслайман.
Нега дейсизми?
Чунки бу инсон ўз шеърлари орқали ўз юрти бўлмиш Доғистонни ва ўз миллати бўлмиш аварларни шунчалик кўп куйлади-ки, натижада бу икки ном "Доғистон" ва "авар" бутун дунёга машҳур бўлди.

Узоқ-узоқ юртларда яшайдиган миллионлаб одамлар Ер шарини харитасини қўлларига берганда Доғистон қайерда эканлигини кўрсатиб бера олмасалар ҳам, аммо ўша Ер шарини аллақайси бир бурчагида Доғистон исмли юрт борлигини ва унда аварлар деб аталадиган миллат яшашини мана шу шоир Расул Ҳамзатовни шеърлари орқали билдилар.

Бўлмаса Доғистон деган юртда аварлардан ҳам бошқа бир неча ўн хил миллат яшайди. Аммо уларнинг ўз Ватанини, ўз миллатини жонидан ортиқ севувчи Расул Ҳамзатовлари бўлмагани учун уларни ҳеч ким танимайди. Ҳатто яқин қўшнилари ҳам уларни билмайди. Аммо аварларни бутун дунё билади.

Бўлмаса Расул Ҳамзатов ҳам ўз шеърларини аксарини рус тилида ёзган. Аммо у барибир "аварим" ва "Доғистоним" деб куйлайверган.

Албатта Расул Ҳамзатов ижодида "буюк оғалар" ҳақида ҳам шеърлар бўлган. Ўша даврда бусиз иложи йўқ эди. Иккита Ватан ва миллатига бағишланган шеърини матбуотда ва китоб ҳолида чоп этиш учун шоир тўртта "буюк оғаларнинг" "буюк ғояларини" тилга олиб шеър ёзиш керак эди.
Лекин нима бўлганда ҳам Расул Ҳамзатовнинг авар миллати ва Ватани Доғистонни донғини дунёга достон қилиш йўлидаги хизматлари каттадир. Унинг шеърлари ва ҳаракатлари  ҳар бир бошқа миллат шоири ўрнак олса бўлгулик ибратдир.

Дунёда ҳар йили анча тиллар йўқ бўлиб унутилиб кетилмоқда. Яна қанчаси унутилиб кетиш остонасида турибди.
Энди биз ўзимиздаги аҳволга қарайлик. Бизда ўз тилимизга, миллатимизга бўлган эътибор қанчалик бўлмоқда?

Бизда аҳвол тилимиз йўқолишга тушгулик фалокатли эмас, аммо ўта қониқарсиздир.
Вилоятларимизда унчалик эмас, аммо бошкентимиз Тошкентда рус тили баъзиларнинг ўйлашича билағонликнинг, маданиятнинг ва ақллиликнинг тимсолидир. (Ҳарҳолда кўпгина қовоқбошлар шунақа ўйлашаркан.)
Аслидаям шундайми?
Қандай қилиб киши ўз она тилини билмай ёки ўз она тилини ҳурмат қилмай маданиятли ёки ақлли бўлиш мумкин экан-а?

Баъзилар кўча-куйда ўзбекча қилган муомалангизга энса қотириб, паст назар билан қарашади. Ва охири ҳоҳлар-ҳоҳламас ўзбек тилида жавоб беришади. (Ундаям хоҳлашса. Хоҳлашмаса "чего" деб тураверишади)
Аслида улар ўз она тиллари бўлмиш ўзбек тилини билишади. Аммо гаплашишни ҳоҳлашмайди холос. Нега бунақа қилишлари кўпчиликка қоронғу.
Умуман рус тили қачондан бери бизда маданиятни, ақллиликни белгиси бўлиб қолди? Ҳов бувамлар замонида шундай эди. Ўшанда одамларимиз рус тилини ўрганишга, рус тилида гапиришга мажбурланар ёки баъзи бировлар ўз карьерасини, келажакда "буюк оғалар"га ёқиб қандайдир амалга ўтиришни илинжида мактабда русчада ўқир, оилада, кўча-куйда русча гаплашар эди.  Энди биз Мустақилмизку! Мустақил Ўзбекистонмизку!
Нега энди пойтахтда рус тили бунчалик муҳим бўлиб қолмоқда.
Бу ҳолатга оз бўлсада тепамиздагилар ҳам айбдор. Чунки ҳали ҳам кўпгина вазирликлар негадир ўз иш юритишларини рус тилида олиб бормоқдалар. Мажлисларни рус тилида ўтказмоқдалар. Қоғозларини рус тилида тўлдирмоқдалар. Шундай бўлгандан кейин ўз она тили бўлмиш ўзбек тилини ҳурмат қилмайдиган, ўз она тилида гапиришни хоҳлаиайдиган оддий одамлардан не гина?
Шу-ми ўз она тилига ҳурмат?

Аслида мени рус тилига ҳам, рус миллатига ҳам қаршилигим, адоватим йўқ.
Мени қаршилигим, мени адоватим рус миллатчиларига, шовинистларига ва импералистларига қаратилгандир.
Ҳозирги кунда Россия ҳукумати Россияга келаётган чет эллик ҳар бир меҳнат муҳожиридан рус тилини энг бўлмаганда ўртача билиш талабини қўйиб, улардан имтиҳон олиб, кейин вақтинчалик яшашга ва ишлашга рухсат бермоқда. Бу тўғри талаб. Бир юртга ишлашга, ёки вақтинчалик яшашга бораяпсизми, сиз ўша давлат тилини билишингиз, унинг урф-одатлари ва тарихидан қисман хабардор бўлишингиз керак. Аммо собиқ Иттифоқ ҳудудига тарқаб кетган ва собиқ Иттифоқ республикаларининг доимий фуқоролари бўлган русийзабонларнинг аксарияти  негадир бу ёзилмаган оддий қонун-қоидаларга амал қилавермайдилар. Уларнинг аксарияти масалан, бизда ота-боболаридан бошлаб яшаб келаётган бўлсалар-да на тилимизни ўрганадилар ва на урф-одатларимизни ҳурмат қиладилар. Мабодо бу ҳақда биронтасига танбеҳ берсангиз эртасига дарров Россия элчихонасига югуради "менга нисбатан миллатчилик қилишмоқда" деб. Бўлмаса улар миллатчиларнинг катталари Россияда яшашини яхши билишади ва ҳанузгача тилимизни ўрганмасликлпрининг сабаби ҳалигача уларнинг аксариятида шовинистик руҳ сақланиб қолганлигидир.

Юқорида ҳам ёздим, мени рус тилида гапирадиганларга ғаразим йўқ. Ҳатто одамларимизни ўз она тилини яхши билган ҳолда рус тили ва яна бир нечта хориж тилларини яхши билишларини, ўрганишларини тарафдориман. Аммо бу ўз она тилини унутиш, ўз она тилига ҳурматсизлик қилиш эвазига бўлмаслиги керак. 

Мени бу масалада туркларга ҳавасим келади. Улар бир пайтлар Марказий Осиёдан ўз туркий қавмлари орасидан тили умуман ёт ва бегона халқлар яшаган Кичик Осиёга кўчиб борган бўлсалар-да ўз она тилларини асрадилар. Нафақат асрадилар, балки ўз таъсир доираларини кенгайтириб атрофдаги бошқа миллатларни ўз тилларини ўрганишларига муваффақ бўлдилар.
Бунда мажбурлаш бўлмади. Балки улар ўз она тилларини ҳимоя қилиб, асраб авайлаганлари ва ҳурмат қилганлари туфайли бўлди.

Ҳозирги кунда ҳам жаҳон миқёсида ўтаётган тадбирларда, катта-катта минбарларга чиқаётган Туркия ҳукумати вакиллари ҳар доим ўз она тилларида гапиришади. Бу эса ҳалигача улар ўз она тилларини қаттиқ севишлари ва ҳурмат қилишларидан далолатдир.

Бу масалада улар биз учун энг яхши ўрнак бўлишлари керак.

Биз ҳам келажакда ўз она тилимизни юқолиб кетишини ҳоҳламасак ўз она тилимизни ҳурмат қилишимиз керак. Акс ҳолда маълум бир вақт ўтиб бизнинг она тилимиз ҳам таназзулга юз тутиши мумкин.

Комментариев нет:

Отправить комментарий