пятница, 14 декабря 2018 г.

Обид Асомов


Таниқли қизиқчи ва актёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов бугун вафот [этди](https://www.xabar.uz/1hd)

Унинг бундан бир неча кун муқаддам, 10 декбарь куни  пойтахтдаги 1-сон шаҳар клиник шифохонасининг Жонлантириш бўлимига ётқизилгани хабар қилинган эди. Ўшанда аксарият сайтлар уни юрак хуружига учраганини ёзишган [эди](http://qalampir.uz/news/obid-asomov-ogir-yurak-xuruji-bilan-shifoxonaga-yotqizildi-25990)

Эртаси куни эса унинг админи Ўткир Муҳаммадхўжаев телефонда унинг юрак хуружига учраганини инкор [этиб](https://m.sputniknews-uz.com/society/20181211/10226397/Obid-Asomov-shifokhonaga-tizildi.html?mobile_return=no) гапирган:
“Обид Асомов енгил шамоллаш билан шифохонага ётқизилди. ОАВларда тарқалган юрак хуружи ва реанимация ҳақидаги хабарлар ёлғон”, - деди Ўткир Муҳаммадхўжаев.
"Айни дамда ижодкорнинг соғликлари яхши, бошқа зарур ишлари бўлмагани туфайли шифокорлар кузатуви остида дам олмоқда, - деб қўшимча қилди Муҳаммадхўжаев.

Эслатиб ўтаман,  Обид Асомов 1963 йил 22 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида таваллуд топган. Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомчилик институтида ўқиган. 1993 йилда “Обид-А” театрини ташкил қилган. Ўзбекистон ва хорижда машҳур қизиқчи, истеъдодли актёр сифатида танилган.
“Кулол ва хурмача”, “Альпомиш”, “Дев ва пакана”, “Тоҳир ва Зуҳра (замонавий талқин)” каби фильмларда суратга тушган. 2000 йиллар охиридан бошлаб россиялик таниқли юморист Евгений Петросяннинг таклифига кўра, “Кривое зеркало” телешоусида қатнашди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 августдаги “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбеккино” Миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги  қарорларига мувофиқ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов "Мультипликацион фильмлар студияси" ДУК директорлигига тайинланган эди.

Марҳумни Яратган раҳмат ва мағфират қилсин. Оила аъзоларига эса сабр берсин.




Тиланчи ва фоҳиша

Ҳаммамизга маълум шу кунларда Сенатнинг 17-ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Мажлисда“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди

Ўша қонунга биноан Мажлисда кўплаб қонунлар қабул қилинаяпти ёки жорий қонунларнинг айримларига ўзгартиришлар киритилмоқда.

Ана шу ўзгаришлардан бири фоҳишалик билан шуғулланганлик учун жазони бироз оғирлаштирилгани бўлди.
Яъни фоҳишалик билан шуғулланганлик учун жарималар оширилди.
Бу ҳақда Адлия вазирлигининг *Ҳуқуқий ахборот* телеграм канали хабар [бераяпти](https://t.me/huquqiyaxborot/3862).

*Қонун билан киритилган ўзгартиришларга асосан фоҳишалик учун жарима миқдори оширилди. Энди бу иш билан шуғулланиш энг кам ойлик иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача жарима солинишига олиб келади. Илгари энг кам ойлик иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача жарима эди.

Ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такрор содир этилган бўлса энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Илгари энг кам ойлик иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача жарима эди*.

Яна бир қонун кўча-куйларда тиланчилик қилиб юрганлик учун жорий қилинаяпти.  Қонундаги ўзгаришларга кўра:
*Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-моддаси, 3-бандига кўра тиланчилик қилганлик учун энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш белгиланмоқда. 

Шу билан бирга, Жиноят кодексининг 127-моддаси, 1-бандига кўра тиланчилик билан шуғулланиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилинади*.

Фоҳишалик қилганларга тайинланган жазо билан тиланчилик учун белгиланган жазо ўртасидаги *кааааатттттта* фарқни кўриб нима дейишни ҳам билмай қолдим. Демак, қонунларимизга кўра тиланчилар фоҳишаларга нисбатан ёмонроқ иш қилаяпти шунақами?
Ёки тиланчилар ўз тиланчилигини жамоат жойларида оммага кўрсатиб қилгани учун кескинроқ жазо белгиланиб, фоҳиша эса ўз фоҳишалигини ўз мижози билан одамларнинг кўзидан панада, пар тўшакда қилгани учун енгилроқ жазо белгиланганмикин?

Шу икки иш учун қандайдир жазо белгилаб қўйганларга қойил демасдан иложим йўқ.
Мени фикримга келсангиз ҳар қанақасига фоҳишалик учун тиланчилик учун белгиланган жазодан қаттиқроқ жазо белгиланиши керак. Аммо, минг афсуски ҳозирча бизда тиланчиларга фоҳишаларга қараганда қаттиқроқ жазо белгиланаяпти.
Бундай ҳолатда фоҳишалардан ҳам ёмон жазога муносиб кўрилаётган тиланчиларга раҳмим келади холос.

❗️ Эслатиб ўтамиз, Қонун кучга кириши учун Президент томонидан имзоланиши ва белгиланган тартибда расман эълон қилиниши лозим.

Каналга уланиш👇👇👇

Япониядаги қаровсиз уйлар

*Япониядаги қаровсиз уйлар*

Шу йилнинг ноябрь ойида Япония ҳукумати мамлакат бўйлаб қаровсиз (akiya) уйлар сонини қисқартиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқди. Шу мақсадда ҳукумат уларни рамзий нарх қўйиб ёки бепул тарқатишга қарор қилди.
Бу ҳақда tahlil.uz хабар [бераяпти](http://tahlil.uz/uz/post/view?alias=aponiadagi-odamsiz-ujlar)

Ишонмаяпсизми?  Ишонаваринг.

2013 йилнинг ҳисоботига кўра, Японияда тахминан 8 миллион ташлаб кетилган уйлар мавжуд бўлган. Бугун ғса уларнинг сони тобора ортиб боряпти. Ушбу ҳодисанинг асосий сабабларидан бири бу табиий офат ва кекса авлод вакилларининг турли бидъатларга ишониши.

Номура тадқиқот институтининг кузатувларига кўра, 2033 йилга қадар ташлаб кетилган уйларнинг сони 21,7 миллионга етиши мумкин. Бу Япониядаги барча уйларнинг 30 фоизини ташкил қилади. Тадқиқотчиларнинг фикрича, вазият шу таҳлит давом этаверса, ҳукумат янги уй қуришни чеклайди.

Ҳукуматнинг фикрига кўра, 2018 йилнинг сентябрь ойида мамлакат тарихида илк бор 70 ёш ва ундан катталар умумий аҳолининг 20 фоизини ташкил қилган. Кунчиқар юртда туғилиш даражаси узоқ вақт давомида пасайиб бормоқда ва ёшлар ўртасида кўп меҳнат қилиш оқибатида ўз жонига қасд қилаётганлар оммалашган.

Энг ёмони — японияликлар кекса ёшдаги кишилар ҳаётдан кўз юмса ёки кимдир ўз жонига қасд этса, бирон киши томонидан ўлдирилган хонадонда истиқомат қилишни истамайди ва шу туфайли уй ташлаб кетилади.

Қаровсиз уйлар — жиддий ижтимоий муаммо бўлиб, унинг оқибатида вайронгарчилик юзага келади. Оқибатда ўзини-ўзи идора қилувчи идоралар бундай ерлардан кам солиқ олади. Натижада ернинг нархи қадрсизланади.

Японияда “бепул” турар-жойга эга бўлиш учун нималарни билиш лозим

Бўш турган уйларнинг ҳаммаси ҳам текинга берилмайди, асосан жуда паст нархларда сотилади. Жараённи соддалаштириш учун ваколатли идоралар турли ҳудудлардаги қаровсиз уйларни махсус сайтларга — акийя банкларга жойлаштиради. Айрим сезилар-сезилмас жиҳатларни ҳисобга олиб, ўзингиз истаган уйни тез ва қулай сотиб олишингиз мумкин.

Rethink Tokyo нашри сизга турли уйларни кўринишига қараб дарров сотиб олишни маслаҳат бермайди. Хариддан кейин муаммолар пайдо бўлмаслиги учун биноларни баҳолаш учун экспертни чақириш лозим. Уй яшашга яроқсиз бўлса-да, унга солиқ тўлаш шарт.

Япониядан уй сотиб олишда ҳеч қандай қатъий талаблар қўйилмаган. Чет эллик ёки маҳаллийми фарқи йўқ. Ҳукумат кўчмас мулк сотиб олган шахсга фуқаролик бермайди. Шунингдек, сиёсий қочоқ, мамлакат фуқароси билан никоҳ, ишлаш ва таълим учунгина вақтинчалик яшаш ҳуқуқини беради.

Баъзи ҳудудлардан уй сотиб олмоқчи бўлганларга эса мамлакат фуқароси, оилали, ота-онасининг ёши 43 ёшдан ошмаган ва болалари ўрта мактабдан катта бўлмаган талаблар қўйилади.

Уйни қандай топиш ва олиш мумкин

Япониядаги барча қаровсиз уйларни топиш мумкин бўлган ягона сайт йўқ. Сиз сайтлардан турар жой топмоқчи бўлсангиз япон тилини билишингиз ва таржимондан фойдаланишингиз керак бўлади. Муайян шаҳарга келиш биланоқ маъмурият билан боғланган дуруст
Баъзи сайтлар аkiya лар рўйхатини жойлайди. У ерни топиш учун эса япон тилидаги “Аkiyya Bank” калит сўзидан фойдаланишнинг ўзи кифоя.

Қизиқ, бизда қишлоқ жойларида ҳам, шаҳарларда ҳам уй етишмовчилиги туфайли бир ҳовли ёки квартирада бир нечта оила мажбуран тиқилиб яшаётган оилалар бисёр. Дунёнинг нариги чеккасида эса японлар қаровсиз уйларни кимга топширишни билмай бошлари қотаяпти. Тескари дунё дегани шу бўлса керак-да. Нима дедингиз?!

четверг, 13 декабря 2018 г.

Тиланчилик таъқиқланмоқда


Ўзбекистонда тиланчилик қонун билан тақиқланмоқда

Бу ҳақда ЎзА хабар [бермоқда](http://www.uza.uz/oz/society/zbekistonda-tilanchilik-onun-bilan-ta-i-lanmo-da--13-12-2018?m=y&ELEMENT_CODE=zbekistonda-tilanchilik-onun-bilan-ta-i-lanmo-da--13-12-2018&SECTION_CODE=society)

Ҳаммамизга маълум жамиятимизда тиланчилик айримлар учун меҳнат қилмай даромад топиш манбаига айланган
Статистик маълумотларга кўра, ички ишлар органлари томонидан биргина Тошкент шаҳрида охирги бир йил давомида 5 мингдан ортиқ шахс тиланчилик қилиш билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланган ва реабилитация марказига олиб борилган.

Мазкур шахсларнинг 4 мингдан ортиғини хотин-қиз, шу жумладан, 3 мингдан ортиғини ёш болали аёл, 100 нафарга яқинини ногиронлиги бўлган эркак ҳамда 500 нафарга яқинини кекса ёшдагилар ташкил қилган.

Тиланчилик айримлар учун меҳнат қилмай даромад топиш манбаига айланган. Йўлларда тиланчилик қилишни одат қилиб олганлар нафақат ўз ҳаёти, балки транспорт воситалари ҳаракатланишига ҳам хавф туғдириб келмоқда.

Бундай ҳолатларга барҳам бериш мақсадида тиланчилик қилиш қонун билан тақиқланмоқда.

Олий Мажлис Сенатида муҳокама этилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда бу ўз ифодасини топган. 

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1883-моддасида тиланчилик қилганлик учун энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш белгиланмоқда. 

Шу билан бирга, Жиноят кодексининг 1271-моддаси тиланчилик билан шуғулланиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилинади.

Мазкур қўшимчалар тиланчилик қилганлик учун, шу жумладан тиланчилик қилишда вояга етмаган ёки ногиронлиги бўлган шахслардан фойдаланганлик ёки уларни жалб қилиб ёхуд ўзини ногиронлиги бўлган шахс сифатида кўрсатиб, шунингдек чақалоқлар ва ёш болаларга ҳамда бошқа вояга етмаганлар, ногиронлиги бўлган шахсларга гиёҳвандлик ёки психотроп, шунингдек кишининг ақл-идрокига таъсир қиладиган бошқа восита ва моддаларни истеъмол қилдирган ҳолда содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар учун амалдаги қонунчиликда жавобгарлик масаласи белгиланмаганлиги учун жорий этилмоқда. 

Нима ҳам дердик, энди мамлакатимиздаги  тиланчиларга ҳам қийин бўлади. Айниқса.....ларга. Чунки уларни касби шу. Кимни назарда тутганимни тушундингиз деб ўйлайман.

Ургут телеминора

Қўйидаги расмни нимага ўхшатаяпсиз?
Ҳа, ҳа. Адашмаяпсиз. Суратдаги телеминора.
Мен Ўзбекистонда махсус ва биноларга эга ҳолда махсус қурилган иккита телеминорани биламан. Бири Тошкентдаги ўша ҳаммамизга маълум ва машҳур телеминора бўлса, иккинчиси Ургутдаги телеминора.
Қолган телеминораларни аксарияти фақат темир-терсакдан иборат миноралардир.
Сиз қўйидаги суратда кўраётган телеминора Ургутдаги телеминорадир.

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида мамлакатимизга хусусий телевидения кириб келди. Самарқандда илк бор СТВ телеканали очилди. 1990- йил, август ойида, ҳали СССР таркибида юрган пайтимиздаёқ Самарқанд вилоят Кенгаши депутатлари Самарқанд вилоят телевидениясини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилади. Тайёргарликлар ниҳоясига етиб илк кўрсатув 1991 йил 21 март, Наврўз байрами куни эфирга узатилади. Узлуксиз эфир эса 1991 йил,  15 майдан бошлаб эфирга узатила [бошланади](http://stv.uz/histstv.html)

Орадан бироз ўтиб Ургутда ҳам туман бўйича кўрсатадиган Ургут телеканали иш бошлади. Телеканал ишлар экан ана шу суратдаги ихчам телеминора қурилди ва ишга тушди.
Ҳозир интернетдан қидириб Ургут телеканали нечанчи йил ташкил этилгани, нечанчи йил ёпилгани ҳақида умуман маълумот топа олмадим. Аммо, яхши эслайман 1994-95 йилларда Ургут телеканали ишлар эди. Уни ёпилиб кетишига нима сабаб бўлганидан ҳам хабарим йўқ. Бугунги кунда телеминора ишламай  ташландиқ ҳолда ўша йиллардан ёдгорлик сифатида турибди.
Телеминоранинг баландлигини чамалаб кўрдим: 30-40 метрлар атрофида чиқади.

Айтгунча бу йил мамлакатимиздаги илк нодавлат телевидения сифатида очилган СТВ телеканали ҳам шаҳвоний саҳнаси бўлган мультфильмни эфирга адашиб қўйиб юборилиши ортидан [ёпилди](https://zamin.uz/madaniyat/39849-behae-sahnalarni-efirga-uzatgan-stv-telekanali-epildi-sevimli-jiddiy-ogohlantirildi.html)

среда, 12 декабря 2018 г.

Эҳтиёт бўлинг газ суви

Куни кеча маҳалламизда кекса бир онахоннинг жанозаларини ўқидик. Бироз олдин онахоннинг соғликлари ҳам, юриш-туришлари ҳам яхши эди. "Ажал соғми, беморми қараб ўтирмайди, онахонни куни бугун битган экан, ризқ-насибаси бугун узилган эканда" деб жанозага борсак онахон бошқа бир иш ортидан оламдан ўтибдилар. Ҳаммаси тақдирдан, аммо онахон билан бўлиб ўтган ишни ёзиб, юртдошларимизни хавфдан огоҳлантиришни ўз бурчим деб билдим.

Маълум бўлишича онахон бундан ҳафта-ўн кун олдин ҳовлида йиғилган хазонларни, эски пластик баклажкаларни ўчоққа ташлаб ёқиб юбормоқчи бўлибдилар. Олдинига ўт олмабди. Шунда ўчоқни рўпарасида ўтириб ўтни амаллаб ёқибдилар. Ўша баклажкалар орасида ярим баклажка газ балондан бўшатиб олинган газ суви-газ конденсати ҳам бор бўлган ва онахон буни билмаганлар. Олов ёнгандан кейин қопқоғи ёпиқ бўлган ўша газ суви бор баклажка пақ этиб ёрилибди-ю онахонни ўтирган жойида олд тарафига боши, юзи ва кийимлари аралаш сачраб ёниб кетибди. Онахон дод солган. Келинлари келиб сув сепганча юзлари, кийимлари куйган. Келинлари сув сепиб оловни ўчиргандан кейин онахонни тезда тиббий тез ёрдамга олиб боришади. Духтирлар тиббий ёрдамни кўрсатишади. Куйиш тарафдан аҳволлари унчалик ёмон бўлмаган. Аммо ўша олов сапчраб ҳаммаёқлари ёниб олов ичида қолганларида юракларига зарар етган экан, охири кеча касалхонада бир ҳафта ётиб жон берибдилар.

Ҳаммамизга маълум ҳозир мамлакатимизнинг аксар жойларида аҳолига арзон газ баллонлар тарқатилаяпти. Кўпинча айримлар ўша газ баллонларни ёқиб бўлгандан кейин остида қолган газ сувини турли мақсадларда ишлатиш учун баклажкаларга қуйиб олишади. Кеча онахоннинг куйиб вафот этишларига сабаб бўлган ўша ярим баклажка газ сувини ҳам ўша хонадонда ёқилган газ баллондан кимдир бўшатиб олган.

Масалан, биз тарафларда ўшандай йўллар билан йиғилган газ сувини кўча-куйда бензин сотиб юрган бензинфурушлар бензинга аралаштириб сотишади. Кимдир ўзи машинасига қуйиб бензинга аралаштириб қуйиб юборади. Яна кимлардир хонадонда ёқиш учун олиб қўйишади.

*Ҳурматли юртдошлар! Агар сиз уйингизда ўшандай газ баллонларини ишлатсангиз ўша баллонларда газ тугагандан кейин остида қолган газ сувини ҳеч қачон бўшатиб ҳам олманг, баклажкага солиб қўйиб хонадонингизда ҳам сақламанг. Айнан ўша нарса тез ўт олиш жиҳатдан бензин ва дизелдан ҳам кучли. Агар у ёш болалар қўлига тушиб қолса ёки ёши катталар ҳам у билан эҳтиётсиз муносабатда бўлсалар оқибати фожеа билан тугаши мумкин.
Шу учун сиздан илтимос қиламан газ баллонларни ёқиб бўлгандан кейин уни болалар тегмайдиган жойда сақланг ва ичидаги газ сувини умуман бўшатиб олманг*.



Т. Малик домла ва футбол

Эсларингда бўлса 2016 йилнинг январь ойида “Китоб олами” марказида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик домла ўзининг “Меҳмон туйғулар”, “Фалак”, “Зулмат салтанати” китоблари тақдимотида ўзбек футболчилари ҳақида фикр билдириб шундай деган [эди](https://kun.uz/126363):

«Месси, Роналду деган футболчиларнинг майдондаги ҳар бир хатти-ҳаракатини компьютер ҳисоблаб боради. Улар битта ўйинда 15-16 километр югураркан. Тинимсиз меҳнат қилишади. Шунча югурганига яраша, натижаси ҳам яхши бўлади. Бизнинг "думбул футболчиларимиз"нинг энг яхшиси ҳам 5 километрни зўрға югуради. Шунга яраша натижани ҳам кўраверасизлар. Кеча ҳам ютқазишди-ку. Уларнинг барчасининг бўйнига омоч боғлаб, далада қўш ҳайдатиш керак. Сизлар шулар каби танбал бўлиб қолманглар!».

Орадан бироз ўтиб домла Kun.uz сайти ва «Янги китоб» нашриёти учун "Футболчиларни танқид қилишда давом этаман" деб
махсус интервью [берди](https://m.stadion.uz/news/detail/120102)
Ўша интервьюсида домла футболчиларимизни яна танқид қилди.

Ўшанда Т. Малик домланинг ўзбек футболи ва футболчиларимиз ҳақидаги фикрларини ўқиган айримлар "Домла китобини ёзсин. Тушунмаган футболига нима қилади аралашиб?!" дейишди. Аммо улар адашишган эди. Домла илк фаолиятини Ленин учқуни газетасининг спорт бўлимида бошлаган ва бир неча йил болалар спортини газетада ёритган, Бутуниттифоқ бўйлаб ўтказилган болалар футболи мусобақаларида қатнашган, уларни газетада ёритган. Шундан келиб чиқсак футбол мавзуси домла тушунмаган  мавзу эмас.

Қўйида домланинг "Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи" китобида бир пайтлар ўзи гувоҳи бўлган Совет спорти ҳақидаги фикрларини келтираман:

_Аслида Совет футболи ғирром пойдевор устига қурилган эди. Советлар профессионал спортни рад этар эдилар. Улар оммавий спорт тарафдори бўлганлар. Советлар тарихининг дастлабки йилларида шундай бўлган. Лекин ХХ-асрнинг иккинчи ярмида мамлакатда "ғирром профессионализм пайдо бўлди. Бу нима дегани? Маълумки профессионал спортда спортчи ҳеч қаерда ишламайди. Фақат спорт билан шуғулланади. Спорт клубларини ҳам давлат таъминламайди, ўзлари пул топадилар. Турли спорт жамоалари кимларнингдир шахсий мулки ҳисобланади.
Коммунистлар ғояси эса шахсий мулкни рад этар эди.
Профессионал спортда спортчи клуб билан шартнома тузади Клуб раҳбари уни хоҳлаган пайтида сотиб юбориши мумкин Советларда ундай эмас эди. Спортчининг бир жамоадан бошқасига ўтиши анча қийин масала эди. Моддий тарафдан манфати ҳам йўқ эди Спортчи ҳаваскор ҳисобланар ва ҳеч қайерда ишламас эди, аммо спортчиларнинг аксарияти ҳужжатларда қора ишчи ҳисобланар эди. "Динамо" спортчилари милиция ходими,  "МҲСК" ҳарбийлар, "Спартак" касаба уюшмаси, "Шахтёр" кончилар, "Нефтчи" нефтни қайта ишлаш заводи ишчилари эдилар.

Шунинг баробарида Совет спорти сиёсийлаштирилган ҳам эди. Халқаро мусобақаларнинг аксарияти спорт беллашуви эмас, балки совет социализими ва ғарб капитализми олишуви деб талқин қилинар эди. Совет хоккейчилари канадаликларни ёки АҚШликларни албатта енгиши шарт эди. Енгишса Совет тузумининг афзаллигини намойиш этган бўлишарди. Мабодо енгилишса ўша спортчилар қаттиқ жазоланишар эди.
Шунингдек Совет спортида допингдан фойдаланиш мавжудлиги ҳақида нафақат ёзиш, ҳатто гапириш мумкин эмас эди. Гиёҳвандликнинг бошланиши ҳисобланмиш бу иллат гўёки Совет спортида йўқ эди. Аммо амалда бор эди. Шунингдек спортчилар ўртасида ҳатто гиёҳвандлик ҳам бор эди.

Спорт билан доимий шуғулланиб профессионалга айланганлар вақти келиб майдондан четга чиқишганда қийнала бошлашарди. Энг биринчи галда шуҳрат пиллапоясидан тушиб эътибордан қолганлари учун руҳий қийналардилар. Кейин эса аввалги даромадлари бўлмай моддий жиҳатдан қийнала бошлардилар. Маълумки жиноий тўдаларга чиниққан йигитлар керак. Спортдаги фаолияти тўхтаб,  моддий тарафдан қийналиб қолган йигитлар осонгина ана шу жиноий тўдаларнинг ўлжасига айланиб улар сафига қўшилар эдилар. "*Шайтанатнинг жин кўчалари*" китобида бу ҳақда батафсил ёзганман_.