суббота, 4 марта 2017 г.

Болалик қўшиқлари. Варрак.

Бугун варрак учираётган бир болани кўриб болалигим эсимга тушиб кетди. Мен болалигимда, у пайтда ҳали мактаб ўқимасдим, осмонда варракни ўзи учади деб ўйлардим. Ипсиз ва бировнинг бошқарувисиз. Нега бунақа ўйлаганимни ҳалигача тушунмайман. Акс ҳолда болаларнинг варракларини ғалтаклар ёрдамида учиришганини неча марталаб кўрганман. Ишонсангиз, ҳатто бир марта уйимиз тепасида учаёган варракни пастга, олдимга тушишини бир неча соат кутганман. Охири зерикиб кўчага ўйнагани чиқиб кетганман.

Ҳозиргиларни билмайман-у, бизнинг болалик давримизда ҳар фаслнинг ўз ўйинлари бўларди. Қишда қорбўрон, баҳорда варрак учириш, ёзда ғўра бўла бошлаши билан ёнғоқ ўйнаш, кузда эса ланка тепардик. Ҳеч қайси бола кузда варрак учириб, баҳорда ланка тепмасди.

Ҳозирги болаларга мазза. Хоҳласа Хитойдан келтирилган тайёр варрак бор. Хоҳласа ҳар қандай плёнка материалга ингичка ёғочни Х қилиб боғлаб варрак қилиб учириб кетаверади. Бизнинг болалигимизда эса варракдор бўлиш қийин масала эди. Ёш болалар минг уринишмасин варрак ясай олишмас эди. Мабодо ясасалар ҳам унча ўхшата олишмас, ясаган варраклари осмонга чиққандан кейин туғри учмасдан "шох ташлаб" безор қилиб юборарди. Шу сабабли ҳам варракни кўпинча ёши каттароқ одам қилиб берарди.

Варрак ясаш ўшанда катта бир бош оғриқ эди. Олдин маҳалладаги магазинчини олдига бориб харидорларни нарсасини ўраб берадиган қоғозидан олиш учун илтимос қилиш керак. У ёш болаларга қоғоз бермайди. Ишга амакимизни ,ёки дадамизни қўшамиз. Улар сўрашса магазинчи йўқ демай беради. Ана ундан қамиш қидирардик. Бир амаллаб қамиш топганимиздан кейин елим ўрнида ишлатиш учун бир пиёла суюқроқ хамир ясаб, ана ундан кейин "ҳамма нарса тайёр, варрак ясаб беринг" деб дадамизга ёки амакимизга харшаха қилишга ўтардик. Тўғри, юқорида айтганимдай унгача варрак ясашга ўзимиз ҳам уриниб кўрган ва варрак ясашни ўхшата олмаган бўлардик. Катталарнинг эса бизга варрак ясаб беришга баъзида вақтлари бўларди, баъзида эса йўқ.

Бир амаллаб варракни ясатиб олганимиздан кейин унга дум ва уни учириш учун ғалтак топиш муаммоси пайдо бўларди. Думни-ку уйдан эски латта-путталарни йиртиб, бир-бирига боғлаб эплардик, аммо ғалтак муаммо бўларди. Онамиз уйдаги тикиш-бичиш ишларида ишлатадиган ғалтакни бермасди. Магазинда ўша пайтда беш тийин турадиган ва номи "ўнинчи ғалтак" деб аталадиган ғалтакни олишга эса ҳар доим ҳам пул топа олмас эдик. Онамизни бизга ғалтак бермасликларини сабаби бизнинг варрак учиришимиз кўп эди. Ғалтак ишлатишимиз кўп эди. Шу туфайли ҳам ўзи ишлатишга олиб келган ғалтагини бизга ҳадеб беравермас эди. Яна ғалтак учун пул топа олмаганимизда уйдаги ғалтакни секин онамизга билдирмай ўғирлаб чиқардик. Ҳар гал варрак ясар эканмиз онамиз ғалтакни бекитиб қўярди ёки "ғалтакка тегманглар" деб қаттиқ огоҳлантирар эди. Биз эса барибир, ё ўғирлардик ёки сотиб олишга пул топардик.

Катталар ясаб берган варрак бизни азиз нарсамизга айланарди. Болалар тортқилаб йиртиб қўяди деб уни анча-мунчага кўчага кўтариб чиқавермасдик. Тўполончироқ ёши катта болалар "кел бирга учирайлик" деб варрагимизни қўлимиздан олиб қўйиши ҳам мумкин эди-да.
Эсимда ана шундай машаққат билан ясалган биринчи варрагимни учириш учун маҳалламиздаги тепаликка олиб чиқдим. Ёнимда бирга учиришни хоҳлайдиган "меҳрибон" акалар пайдо бўлишди. "Учираману, осмонга чиққандан қўлингга бераман" деб биттаси варрагимни қўлимдан олиб учира бошлади. Шамол яхши эсиб турибди. Варрагим осмону фалакка кўтарилиб кетди. Ҳалиги бола варрагимни ипини қўлимга тутқазди. Ғалтакни охиригача қўйиб юбордим. Варрагим осмонда нуқтадай кўриниб қолди. Шу онда хаёлимга ўша икки соат тагида ўтириб пойлаганим ва олдимга тушмаган "ипсиз" учадиган варрак эсимга тушди. Мен ҳеч нарсани ўйламасдан варрагимни варрагимни ўшандай бировни бошқарувисиз учишини хоҳлаб ипини қўйиб юбордим. Олдимдаги "меҳрибон" ака "нима қилдинг ахмоқ?" деди-ю варрагимни тушган жойидан олиш учун тепаликдан пастга ўқдай отилиб кетди. Варракни ипи узиладими ёки қўлдан чиқиб кетадими бориб тушган жойидан биринчи бўлиб ким бориб олса варрак ўшаники ҳисобланарди. Эгаси бошқа даъво қила олмас эди. Бу болалар ўртасида ёзилмаган қоидага айланарди. Варрагимни қўйиб юборганимдан "меҳрибон" аканинг варрагимни тушадиган жойини мўлжаллаб  ўқдай югириб кетишининг сабаби шу эди.

Қўйиб юборган варрагим мен хоҳлаганимдай осмонда учмади. Чайқала-чайқала қайергадир тушди. Шунда биринчи марта варракнинг бошқарувсиз ўзи уча олмаслигини билдим. Унгача эса варракни осмонга чиқариб қўйиб юборишади ва у эркин ҳолда қанот қоқиб ўзи учади деб ўйлаган эканман. Хато қилганимни, адашганимни билдим. Машаққатлар билан ясатган варрагим қўлимдан кетганини ҳам тушундим ва тепаликдан тушиб кетдим. Ортимдан болалар мазах қилиб кулиб қолишди.

Ундан кейин ҳам кўп варрак учирдим. Ўзим ясашни ўргандим. Маҳалламиздаги ўша тепалик ҳозир ҳам бор. Энди болалар у тепаликка чиқишмайди. Варракларини шундоқ ҳовлиларидан туриб учираверишади. Энди ундай варраклар ҳам йўқ. Болаларнинг онги ўсиб варрак ясашда уста бўлиб кетишди. Пули бори Хитой варрак олиб учиради. Пули йўғи эса бир парча плёнка топса бўлди, қандайлигини аҳамияти йўқ , дарров ундан варрак ясайди қўяди. Энди қамишни ҳам кераги йўқ, нима топса ишлатаверади. Елим ўрнида ишлатиладиган хамирни ҳам кераги йўқ, плёнкага қамиш ўрнида ишлатадиган исталган нарсасини икки-уч жойдан ип билан боғлаб қўяди бўлди. Ҳозирги варракларга ҳатто думни ҳам кераги йўқ. Думсиз учиришаяпти.

Ҳозир маҳалладаги болаларни "замонавий" варракларини кўриб ўша машаққат билан варрак ясаган даврларни, ўша варрак учирадиган тепаликни эслайман, қўмсайман.

Даврлар ўзгарди.
Оқибатлар ўзгарди.
Манфатлар ўзгарди.
Одамлар ўзгарди.
Болалар ўзгарди.
Варраклар ўзгарди.
Тепаликлар ўзгарди.
Менинг кўнглим эса ўзгармади. Болаликдаги ўша кўнглим мен билан бирга.
Ҳамон ўша-ўша ҳолида...

пятница, 24 февраля 2017 г.

Хижолат

Одамлар олдида хижолат бўлавериш ҳам унча яхши иш эмас. Аммо нима қилайки мен ана шундай одамман. Ҳатто, йўлакда кетаётганимда қулоғида қулоқчин тақиб бошини сарак-сарак қип келаётган бола менга урилиб кетса-да хижолат бўлганимдан биринчи мен кечирим сўрайман.
Ёки менга кимдир нимадир ваъдани берсаю айтилган вақтда бажармаса мен хижолат бўламан.

воскресенье, 19 февраля 2017 г.

Муҳаббат ва нафрат орасидаги Баджо

Гап муҳаббат ва нафратдан кетар экан бу масалада футбол ҳаётга, ҳаёт эса футболга ўхшайди. Ҳар иккаласида ҳам сиз қанчалик иқтидорли бўлманг, қанчалик яхши одам бўлманг, қанчалик узоқ йиллар машаққат билан бошқалар учун меҳнат қилманг ҳаммасини биргина хато ёки ўйламасдан қилинган иш барбод қилади ва миллионларнинг сизга бўлган муҳаббатлари саноқли сонияларда батамом нафратга айланади. Бунга тарихда мисоллар кўп. Футболчилар орасида ҳам, даҳолар орасида ҳам, ҳатто оддий одамлар орасида ҳам.

Футболдаги ана шундай хатоларнинг энг машҳури ва мухлислар муҳаббатининг саноқли сонияларда нафратга айланиши бўйича энг биринчи ўринда турадигани бу кеча 18 февралда ўз туғилган кунини нишонлаган италиялик машҳур футболчи Роберто Баджонинг қилган хатосидир.

Ёш авлод бу ҳақда яхши билмас, ўтган асрнинг 80-йилларнинг охиридан 90-йилларнинг охиригача Италия футболининг гуллаб-яшнаган даври бўлди. Айниқса Италия "А" серияси ҳар жабҳада бошқа миллий биринчиликлардан бир бош поғона юқорида юрди. Шу муддат орасида дунёнинг энг кучли ўйинчилари шу ерда, "А" серияда ўйнадилар. Ва ҳатто ўшанда  "А" серия ҳақли равишда  "Дунёнинг кичик чемпионати" номини ҳам олган эди. Қайерда бир юлдуз пайдо бўлса уни биринчи навбатда Италия жамоалари сотиб олардилар.
Шу туфайли ҳам ўша даврда жаҳонга машҳур Марадона "Наполи" жамоасида, Ван Бастен, Гуллит ва Райкарддан иборат "учар голландлар" "Милан"да ўйнашар эди. Ва яна кўплаб дунёнинг энг сара ўйинчилари "А" серияда йиғилган эдилар. Шу туфайли ҳам ўша йилларда Еврокубокларни учаласини ҳам бир йилда Италия жамоалари ютган йиллар ҳам икки-уч марта бўлганди.

Ўша йилларда "А" серия кучайиб кетиши билан бирга Италия терма жамоаси ҳам кучли ўйин кўрсатиб 1990 йилдаги ўз уйларида ўтказилган ЖЧда бронза, 1994 йилги ЖЧда эса кумуш медални қўлга киритгандилар. Ана шу терма жамоа сафида бизнинг қаҳрамонимиз Роберто Баджо ҳам бор эди. 

1990 йилда "Фиорентина"дан "Ювентус"га кўчиб ўтган қаҳрамонимиз шунчалик зўр ўйин кўрсатардики буни натижасида у 1993 йилда жаҳоннинг энг зўр ўйинчиси бўлди ва яна "Франс Футбол" нашри томонидан Европанинг энг зўр ўйинчисига бериладиган "Олтин тўп" совринини ҳам қўлга киритди. Қаҳрамонимизнинг ажойиб ўйинларидан баҳраманд бўлган мухлису мутахасислар "агар Италия терма жамоаси 1994 йилда бўлиб ўтадиган ЖЧ ҳам муносиб қатнаша олса жаҳоннинг энг яхши ўйинчиси совринини яна бор Баджо ютади" деб тахмин қила бошладилар. Амалда ҳам ўша тахминлар ўзини қисман оқлади. Роберто ЖЧда ўз терма жамоаси учун борини бериб ўйнади ва унинг финал чиқиб бориши учун ўз ўйинлари билан ёрдам берди. Аммо, финалда Роберто кейинчалик бир умр мухлислар томонидан ҳам, ўзи томонидан ҳам унутилмайдиган ўта қўпол хатога йўл қўйди. Биргина голи ҳаммасини ҳал қилиши ва унга яқин келажакда яна кўплаб совринлар-у, олам-олам шуҳрат олиб келиши мумкин бўлган ҳолатда у ўйин лотереяси бўлмиш пенальтилар сериясида Бразилия терма жамоасига гол ура олмади. Ҳа, тўп дарвозага тўғри борса майли эди. Дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди. Робертонинг бу хато зарбасидан кейин шу пайтгача уни бошларида кўтариб юришга тайёр бўлган миллионлаб мухлислари саноқли сонияларда уни батамом ёмон кўриб қолдилар ва ундан нафратланадиган одамларга айландилар.

Роберто ўша пайтда кўп нарса йўқотганини балки англаб етган, балки англаб етмагандир. Аммо у ўша голга айлантира олмаган пенальтиси туфайли саноқли сонияларда итальян халқининг қаттиқ нафратига сазовор бўлди.
Биринчи ҳатти-ҳаракат ўша ўйинни бевосита стадионда томоша қилиб ўтирган мухлислар томонидан қилинди. Улар тинимсиз равишда Робертони бор овозлари билан бақириб сўкардилар. Ундан кейин эса Робертонинг пенальтидан гол ура олмаганидан аламзада бўлган мухлисларни тўхтатиб бўлмай қолди. Бу нарсага ўйин тугаган заҳоти ўз газета ва журналларида Робертонинг гол ура олмаганидан кейин бошини чангаллаб ушлаган ҳолатидаги расмини қўйиб у ҳақда танқидий мақолалар чоп этиб, уни ландовурдан ландовурга солган журналистлар ҳам яхшига ҳисса қўшдилар. Италия терма жамоаси ўз ватанига етиб келиб, футболчилар самолётдан тушар эканлар минглаб мухлислар Робертони "Йўқол ландовур", "Даф бўл омадсиз" деб ёзилган плакатлар билан кутиб олдилар.
Энг ёмони эса у тўп сураётган "Ювентус" жамоасининг мухлислари ҳам жамоа раҳбариятидан Робертонинг жамоадан ҳайдаб юборилишини қаттиқ талаб қилиб чиқдилар.

Унга энг алам қилгани "Ювентус" мухлислари ҳам, терма жамоа мухлислари ҳам ҳал қилувчи пенальтидаги биргина ўша ахмоқона зарбасини деб унинг терма жамоадаги ва "Ювентус"даги кўплаб ҳал қилувчи ва ғалаба келтирувчи голларга муаллифлик қилганини, унинг терма жамоада ва "Ювентус"да қилган заҳматли меҳнатларини саноқли сонияларда унутдилар. У энг кўп мана шундан азобланди. Ва ўша мухлисларнинг ҳақорат-у нафратига учраганидан кейин энди футболни завқ билан ўйнамайдиган бўлди.

Кечагина ўз соч турмакларини Робертонинг орқаси думли соч турмагига ўхшатиб юрган ўн минглаб  мухлисларнинг энди Робертони кўришга кўзлари, отишга ўқлари йўқ эди. Мухлисларнинг жамоадан Робертони йўқотиш керак деган талабларига қарши бора олмаган "Ювентус" жамоасининг раҳбарлари кейинги йил қаҳрамонимизни "Милан" жамоасига сотиб юборишди. Аммо Робертонинг ўйини "Милан"да  ҳам унча ўхшамади. Бунга сабаб эса "Милан" билан Италиянинг турли шаҳарларига борар экан, у ҳар қадамда унга нисбатан бўлган нафратларини ошкора бетига айтадиган "тиффози"ларга дуч келавергани бўлди. Уларнинг ҳақоратлари унга кўп азоб берарди. У ҳаммасига чидарди. Аммо кундан-кун у футболдан совуб борарди. Мухлисларга уни ўша хатосини бироз унутишлари учун уни ишидан ҳам ўтиб тушадиган янги бир ҳодиса керак эди. Аммо ҳа деганда ундай ҳодиса юз бермади.
Фақатгина фаолиятининг сўнгги тўрт йилини камтарона "Брешиа"да ўтказган қаҳрамонимиз футболни яна завқланиб ўйнай бошлади. Ва тўрт йил давомида "Брешиа" учун кўплаб муҳим голларни уриб берди ва охир-оқибат бутсасини михга илди.

Унинг жамоавий ва шахсий совринлари жудаям кўп. Ўзи ҳам маҳоратли етук ўйинчи бўлган. Шу туфайли ҳам ФИФАнинг ХХ-асрнинг энг кучли футболчиларини аниқлаш учун ўтказган сўровномасида у Марадона, Пеле ва Эйсебиодан кейин тўртинчи ўринни қўлга киритган эди. Уни ўша пенальтидаги хато зарбаси туфайли итальян "тиффози"лари ёқтирмай қолганлари билан дунёда унинг яна миллионлаб мухлислари бор эди. Ўша хатосидан кейин италиялик мухлислар унга тақлидан қилган соч турмакларини кестириб ташлаган бўлсалар-да, унинг жаҳон бўйлаб сочилиб кетган мухлислари унинг ўзидан ҳам, уникига ўхшаган соч турмакларидан ҳам воз кечмаган эдилар. Шу туфайли ҳам у фаолиятининг охирги йилларини камтарона "Брешиа" жамоасида ўтказганида халқаро аудиторияда бу жамоанинг ўйинларига қизиқиш бирдан кескин ошиб кетган эди. Роберто туфайли ўшанда бу жамоанинг мухлислари ҳам анча кўпайиб қолган эди.
Мутахасисларнинг фикрларига кўра ўша омадсиз пенальти бўлмаганида у камида тўрт-беш йил жаҳон футболида энг зўр ўйинчи бўлиб юрарди. Аммо унинг тақдирида ўша пенальти голга айланмаслиги ёзилган эди.

Кеча 18 февралда ижтимоий тармоқлар орқали унинг таваллуд топган куни эканини билиб у ҳақда нималарнидир ёзишни ният қилдим. Зеро бир пайтлар ёш бўлсамда мен ҳам унинг ажойиб ўйинларидан баҳраманд бўлганман, кўриб завқ олганман.
Унинг тақдири бироз ўзгача ва қийинроқ бўлди. Аммо у сабр билан ҳаммасини енгиб ўтди. Шу туфайли ҳам унинг ўйинларини кўриб завқ олган миллионлаб мухлислар ҳанузгача уни менга ўхшаб ажойиб хотиралар билан эслайдилар. Зеро у шунга лойиқ футболчи бўлган.

пятница, 17 февраля 2017 г.

Ибтидо ва интиҳо

Бироз ақлини таниган одам биладики бу дунёнинг ўзи ҳам, ундаги нарсаларнинг ҳам, одам умрининг ҳам, ҳамма-ҳаммасининг ибтидо ва интиҳоси бор.
Инсоннинг умрига қарайдиган бўлсак ёшликнинг ҳам, гўзалликнинг ҳам, бахтли кунларнинг ҳам, қайғули дамларнинг ҳам, боши ва охири бор. Маъжозий маънода Холиқ Зот дунёни ана шу ибтидо ва интиҳо устига қурган десак ҳам янглишмаймиз. Шундай ҳолатлар бўладики мана шундай ибтидо ва  интиҳоли ҳолат бир марта эмас бир неча марта содир бўлиши ҳам мумкин. Масалан вулқонларга ўхшаб. Уйғонади, сўнади. Яна уйғонади, сўнади. Бу ҳолат одамларда ҳам рўй бериши мумкин. Яратган бирида омадни беради, бирида уни опқўяди. Яна беради, яна опқўяди. Инсон ризқининг кўпайиши ва камайиши ҳам шунга ўхшаш нарса.

Энди буни футбол жамоаларинг ҳолатлари билан кўрадиган бўлсак жамоа бир кучайиб, зўр ўйин кўрсатиб, қисқа вақтда қўша-қўша совринларни ютиб, бирида эса умуман ўйнай олмай, буни натижасида қўйи лигаларга тушиб кетиши ҳам мумкин. Даврлар ўтиб эса яна бошқатдан  муваффақиятли бўладиган бир даврни ибтидосига қадам қўйиб, яна кучли ўйнаб совринлар юта бошлаши мумкин. Кейин яна пастга шўнғиш, кейин яна кўтариш,яна шўнғиш... Ана шу жараён ҳам ибтидо ва интиҳо қоидаларига асосланади.

Кеча "Барселона" жамоаси ЕЧЛ нинг нимчорак финалида Парижнинг "ПСЖ" жамоасидан яхшигина тарсаки еди ва 0:4 ҳисобида ютқазди. Бу натижадан кейин жамоанинг кейинги босқичга чиқиши ўта қийин иш бўлади. (Ўзимнинг тахминим; чиқа олмайди). Жамоанинг Ла лигададаги ишлари ҳам унчалик яхши эмас. Жамоа "Реал" жамоасидан анча орқада қолиб кетган. Шу туфайли ҳам кўпчилик Барселонанинг инқирозга учраётгани ҳақида гапира бошладилар. Албатта битта ўйиндаги мағлубият ҳеч нарсани англатмайди  Ҳали жамоанинг инқирози ҳақида гапиришга эрта. Яраланган шер янада ваҳшийлашиши ҳам мумкин. Аммо ёмон бир статистикага кўра жамоанинг ЕЧЛда охирги марта мағлубиятга учраб курашни нимчорак финалда тўхтатганига анча йиллар бўп кетган экан. Жамоанинг мухлислари ҳам, душманлари ҳам бу жамоанинг ҳар йили камида ярим финалга чиқиб боришига ўрганиб қолишган эди. Ана шу сабаблар туфайли ҳам ҳозир ҳамма жамоанинг инқирозини гапираётган бўлса ажабмас.

Албатта, "Барселона"да инқироз бошланди" дейишга ҳали эрта. Аммо, юқорида "ҳар бир ишни, даврни ўз ибтидоси билан бирга  ўз интиҳоси ҳам" бор деганимдай "Барселона"нинг дунё футболида юқори ўринларда юришининг ҳам ўз интиҳоси бор. Жамоанинг ҳозирги юксак даражага чиқиши 2005-йиллардан бошланган эди. Олдинига Райкард, ундан кейин Пеп Гвардиола, ундан кейин ҳозирги мураббий Луис Энрике бошчилигида жамоа кўплаб мусобақаларда армонсиз, ҳатто ҳасад кўзи билан қаралса бошқаларга навбат бермай ҳам ютди. Шу йиллар орасида жамоа ўзи иштирок этадиган турли мусобақаларда мутахасис ва мухлислар томонидан доим фаворит ва ғолибликка асосий даъвогарлардан бири сифатида баҳоланди. Жамоа ҳам шу баҳоларга мос ўйин кўрсатиб кўплаб совринларни қўлга киритди. Энг муҳими, жамоанинг энг катта ютуғи бошқа ҳеч қандай жамоада бўлмаган ва бошқалар ҳавас қилиб ўзлаштиришга уринган "Барселона" услубида ўйнаш" номи билан аталадиган ўз услубини яратди. Ҳатто бу масалада дунёга машҳур жамоалардан бири "Реал" ҳам "Барселона" каби мақтана олмайди. (Албатта бу ерда "Реал" жамоасини камситиш ниятида ёзилмади.) Аммо, бир кун келиб бу муваффақиятли одимларнинг интиҳоси албатта бор. Бугун бўлмаса эртага, эртага бўлмаса индин барибир бу иш вақтинчаликка бўлса ҳам содир бўлади. Албатта, ўшанда Барселона қўйи лигага тушиб кетмас ёки жамоа тарқатилиб юборилмас, аммо ҳозиргидай ютуқларни кетма-кет юта олмай қолиши мумкин.

Ҳозир Барселона ҳақида ёзаяпману аммо бу ҳолат кўтарилиш ва пасайиш, яъни муваффақиятли дамларнинг ибтидоси ва интиҳоси борлигидан ҳеч бир футбол жамоаси омон қолмаган ва омон қолмайди. Аксарият жамоаларнинг тақдири шу. Узоққа бормайлик, АПЛни олайлик. Бу чемпионат ҳали АПЛ деб аталмасидан олдин ўтган асрнинг 70- йилларидан бошлаб "Ливерпуль" жамоасининг олдига тушадиган жамоа бўлмаган. Ўн беш-йигирма йил давомида жамоа ўзи иштирок этган ҳамма турнирларда ютиб чиққан. Совринларни армонсиз йиққан. Аммо ўтган асрнинг 85-йилларидан бошлаб жамоанинг ишлари орқага кета бошлади. Бироз ўтиб эса Англия футболида гегемонлик "МЮ" қўлига ўтди.

Фергюссон бошчилигида бу жамоа ҳам узоқ йиллар Англия футболининг гегемони бўлди. Ўнлаб АПЛ чемпионлиги, Англия кубоги, ЕЧЛ ғолиблиги ва ҳоказо кўплаб ютуқларни қўлга киритди. Энди эса бу жамоа ҳам ўша ютуқларнинг интиҳосини ўзида ҳис қилиб кўраяпти ва мана икки-уч йилдан бери АПЛда чемпион бўлиш уёқда турсин ЕЧЛга йўлланма берувчи кучли тўртликка ҳам кира олмай Европа миқёсидаги иккинчи даражали турнир бўлмиш Европа лигасида айланиб юрибди.

Агар мисол келтираман деса дунё футболида кўтарилиш ва пасайишга учраб ўзида муваффақиятларли юришларнинг ибтидоси ва интиҳосини ўз бошидан ўтказган жамоалар жудаям кўп. Гарчи мен "Барселона" жамоасига бироз мухлислик қилсам-да унинг бугунги кундаги муваффақиятсизликларига куюнмаяпман. Тўғри, жамоа ҳали инқирозга учрамади. Аммо инқирозга учраса ҳам буни тўғри тушунаман. Чунки муваффақиятли дамлар ва ютуқларга бурканиб юриш бу вақтинчалик ҳолат. Кимлардадир бу "Лестер"га ёки бир пайтлар порлаб чиқиб кейин қандай порлаб чиққан бўлса ўшандай сўнгган "Лидс"га ўхшаб қисқагина даврда бўлиб ўтар. Яна кимлардадир бир пайтлардаги "Ливерпуль", "МЮ" ёки ҳозирги "Барселона"га ўхшаб ўн-ўн беш, балеки йигирма йиллаб давом этади.
Шундай экан "Барселона" ютуқларга бурканиб юриш даврининг ибтидосини бошлаб қўйганига анча йиллар бўлди. Энди қачонлардир унинг интиҳоси ҳам албатта содир бўлади. "Қошиқ навбати" эса кимгадир ўтиб кетаверади. Шундай экан хотиржам бўлаверайлик азиз мухлислар!

Р.С. Балки юқоридаги гаплар Барселона мухлисларига ёқмас. Аммо начора, ҳақиқат аччиқ бўлади. Юқорида айтдим ўзим ҳам бу жамоага бироз мухлислик қиламан. Аммо, на чора ҳамма нарсанинг ҳам ибтидоси бўлганидек албатта интиҳоси ҳам борлигини биламан. Балки Барселонинг ютуқли дамларининг интиҳоси ҳали бери яқин ўн йилларда ҳам келмас. Агар шундай бўлса интиҳонинг орқага сурилгани учун мен ҳам фақат хурсанд бўламан.