четверг, 9 февраля 2017 г.

Икки Виктор, бир тақдир.

"Бу икки Виктор кимлар экан-а" деб ҳайрон қолаяпсизми? Викторлардан бири кеча вафоти ҳақида хабар чиққан "Динамо" Киевнинг собиқ дарвозабони Виктор Чановдир. Иккинчи Виктор эса "Барселона"нинг собиқ дарвозабони Виктор Вальдесдир.
"Уларнинг бир-бирига нима алоқаси бор экан" деб ўйлаяпсизми?
Алоқаси бор экан-да!
Уларнинг номи бир хил бўлган ҳолда тақдирларида ҳам айнан ўхшаш ҳолат бор экан.

Ўтган асрнинг 80-йилларининг иккинчи ярми Киевнинг "Динамо" жамоаси учун анча залворли бўлди. Жамоа афсонавий мураббий Лобановский бошчилигида бир неча бор Собиқ Иттифоқ чемпиони бўлди. 1986 йилда Европа Кубок Эгалари Кубоги совриндори бўлди. Жамоанинг бу ютуқларидан кейин аҳвол шу даражага бордики Собиқ Иттифоқ терма жамоасининг асосий ўзагини динамочилар ташкил этадиган бўлишди. Масалан, 1988 йилги Европа Чемпионатида кумуш медаль соҳиби бўлган терма жамоанинг асосий таркибида асосан динамочилар эдилар.

Ўша даврда бошқа жамоалар учун Москва жамоаларидан бошқасини тан олмайдиган, доим Москва жамоаларининг чемпион бўлишларини хоҳлайдиган, терма жамоада ҳам асосан Москва жамоаларида ўйнайдиган ўйинчиларни ўйнашларини хоҳлайдиган корчалон раҳбарларни енгиб мамлакат чемпиони бўлиш, терма жамоа мураббийига эса терма жамоага бошқа минтақалардан ҳам ўйинчи чақириш осон иш эмас эди. Аммо Лобоновский бу ишни украиналик йигитлар билан эплай олган эди. Ўша йилларда динамочилар жуда кучли ўйин намойиш этиб Москва жамоаларининг ютуқларини хоҳлайдиган корчалон раҳбарларнинг овозларини ўчиришга муваффақ бўлгандилар. Улар орасида Виктор ҳам бор эди. У ҳам бошқа жамоадошлари каби ўзининг жамоаси учун жон куйдириб ўйнаган, жамоанинг катта ғалабаларига ўз ҳиссасини қўшган эди. Аммо ўша даврлар Ринат Дасаевнинг "кетмони баландроқ учиб" зўр ўйнаб юрган даврларига тўғри келди ва қаҳрамонимиз маълум маънода унинг соясида қолиб кетган. Терма жамоада ҳам Дасаев биринчи рақамли дарвозабон бўлганлиги туфайли Виктор доим заҳирада қоларди. Буни статистик маълумотлардан ҳам билиб олса бўлади. Дасаев терма жамоа учун саксонга яқин ўйин ўтказгани ҳолда қаҳрамонимиз терма жамоада бор йўғи йигирма битта ўйин ўтказган. Аммо қаҳрамонимиз ўз ампуласида тенгсизлардан бири бўлган. Агар ўшанда Дасаев бўлмаганида шубҳасиз қаҳрамонимиз нафақат мамлакат миқёсида, балки Европа ва Жаҳон миқёсида ҳам энг яхши дарвозабонлардан бири бўларди.

Кеча Чановнинг вафот этганини ўқиб ўша бир пайтлар ёш бола пайтимда ўйинларини кўриб футболга меҳр қўйганим Динамо Киев ва унинг ўша даврдаги машҳур таркиби эсимга тушди. Бессонов, Демяненко, Литовченко, Протасов, Беланов кабилар билан бирга Чанов ҳам ўша жамоанинг бир алмаштириб бўлмас бир бўлаги эди.

Кейинчалик дунё бўйлаб танилган яна бир дарвозабон Виктор Вальдеснинг тақдири ҳам Виктор Чановнинг тақдирига ўхшаш. У ҳам "Барселона" жамоаси таркибида кўплаб миллий чемпионат ва кубоклардаги, халқаро мусобақалардаги ва кўплаб шахсий совринларни ютгани билан терма жамоада Касильяснинг соясида қолиб кетаверган. Терма жамоада у доим заҳирада Касильяснинг жароҳат олишини кутиб ўтираверган. Агар Касильяс бўлмаганда Виктор Вальдес ҳам нафақат Испанияда, балки Европа ва Жаҳонда ҳам анча йиллар жаҳоннинг энг яхши дарвозабони унвонини ҳеч кимга бермасди.  Аммо начора, тақдири илоҳий уларга шуни раво кўрган экан.

Ҳар иккала дарвозабон ҳам ўз даврларида, ўз жамоаларида кучли ўйин кўрсатган ҳолда терма жамоаларида ўзларига асосий рақобатчи бўлган бошқа кучли дарвозабонлар даврида фаолият юритдилар. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам ўз жамоаларинг оламшумул ғалабаларига кўп ҳиссалар қўшишган. Кимлардир бу иккала дарвозабонни маҳоратини камситиб "ҳа энди ўшанда "Динамо"нинг ҳам, "Барселона"нинг ҳам ҳимоя чизиғи кучли бўлган" деб уларнинг маҳоратларини камситишга уринади. Аммо ишонинг, жамоанинг ҳимояси минг мустаҳкам бўлсин дарвозабон бўш ўйин кўрсатса жамоа барибир кўплаб голларни ўтказаверади. Шундай экан бу иккала дарвозабоннинг маҳоратларига асло шубҳа қилиб бўлмайди. Уларнинг бир "айблари" бор эди холос. У ҳам бўлса ўзларидан ҳам кучли дарвозабонлар билан бир даврда яшаганлари. Уларнинг бундан бошқа "айблари" йўқ эди.
Нима бўлганда ҳам,  уларнинг иккаласи ҳам Жаҳон футболига ўзларининг номларини зарҳал ҳарфлар билан ёзиб кетишга улгурдилар. "Динамо" Киев ва "Барселона"нинг энг гуллаб-яшнаган ва кўплаб совринларни ютган даврлари эсланганда бу номлари ва тақдирлари ўхшаш бўлган дараозабонлар мухлислар томонидан ҳали узоқ эсланажаклар.

вторник, 7 февраля 2017 г.

Эркак

Эркакларга нима бўлаяпти-а?
Болани бола десак, аёлларни аёл десак, эркакларчи эркаклар, уларни нима жин ураяпти?
Мен ўн етти ёшимда рўзғор ташвишини ўз гарданимга олган эдим. Мендан олдингилар эса ўн уч, ўн беш ёшларидан рўзғорни ташвини ўз елкаларига олиб ўн саккиз ёшлилари Афғон уриши деб аталган урушда жон олиб жон берган эдилар.
Бугунчи, бугун? Бугун ўн саккиз ёшли бола нима қилаяпти? Армия бўлмаса эркакларга ўхшаб мусофирчиликда ҳарбий интизомда тобланиб келса. Ёки 70-80 - йиллардагига ўхшаб турли дала ишлари йўқ рўзғорни оғирини енгил қилай деб ишласа.
Очиғи, ҳозирги ўн саккиз-йигирма ёшли болаларнинг аксарияти гўдак. Ҳа гўдак!
Бундан 20-30 - йил илгариги даврда яшаган 18-20 - ёшлилар эркак бўлишган бўлса, бугунги ўшандай ёшдагилар ҳали гўдак.
Энг алам қиладигани у даврлардаги йигитлар ёш бошларига оиланинг кўп машаққатларини елкаларига олган бўлсалар ва бу йўлда ҳормай-толмай меҳнат қилган бўлсалар, бугунгилар эса арзимаган ўзи ҳал қип қўйса бўладиган ишни ҳам "Онам биладилар" деб ёки "Она нима қилай?" деб ланжланиб ўтирадилар 
Йуқ, мен бу ерда асло улар Оналар билан бир ишни маслаҳатлашмай қилаверсинлар ёки Онанинг гапига кирмасинлар демоқчи эмасман. Айтмоқчи бўлганим ўзларига боғлиқ ишларни ўзлари мустақил қилишга ҳам бироз ўргансинлар.

Бу блогни ёзишимга бир йигитнинг ўзига боғлиқ ишда ўта саркашлик қилаётгани сабаб бўлди. Яъни у йигит яқинда уйланган. Оилавий турмушининг илк кунларида хотини нимадандир сесканиб қўрққан ва кўзига шарпалар кўринаётганини айтган. Бу ҳол бир неча маротаба такрорлангач йигит ота-онасининг қистови билан хотинини онасиникига олиб бориб ташлайди. Орадан бир ой ўтар-ўтмас энди ота-онаси йигитни хотини билан ажраштириб бошқа қизга уйлантириб қўйишмоқчи.

Бу воқеани эшитар эканман "эссиз йигит" деб юбордим. Ва менинг назаримда йигит ўта латта бўлиб туюлди.
Яна қайтараман, мен йигит Онасини беҳурмат қилсин, ундан сўроқсиз нимадир қилсин демайман. Аммо айнан мана шу воқеада йигит латталик қилаяпти.
Тушунтираман. Йигитга бир нечта киши хотинини ота-онасиникидан олиб духтирга олиб бориб даволатиш, кейин биронта домлага ўқитиб кўриш кераклигини ва шундаям шифо топмаса кейин ажрашса бўлишини айтиб хотинини олдига боришни маслаҳат беришди. Йигит эса шу ўринда латталик қилиб "ота-онам рухсат беришмаяпти" деб хотининг тақдирига бефарқ қараб ўтирибди.
Маслаҳат берувчилар унинг бу баҳонасига ҳам гап топиб "ука, ота-онанг хотинингни олдига боришинга қарши бўлишса сен уларга айтмай, унинг олдига бекитикча бор. Қайнота ва қайнона билан маслаҳатлашиб уларга вазиятни тўғри тушунтириб кейин хотинингни духтирна ва кейин ўқитишга олиб боравер деб маслаҳат беришди. Бу латтақўзини топиб олган гапи "онам у билан энди бошқа яшамайсан" деб қўймаяптилар" деб туриб олган.
"Садқаи эркак кет, садқаи йигит кет. Сени ўзингда хотинингни бир даволатиб кўриш нияти йўқ. Бўлганда аллақачон буни чорасини топардинг". "Ҳар гапга "онам", "онам" деб тураверганингга қараганда бу ишга авваламбор ўзингда хоҳиш йўқ. Хоҳиш бўлганда бу воқеанинг тафсилоти менгача етиб келмасди.

Балки у аёлнинг дарди енгилгинадир. Озгина даволаш ёки Қуръондан озгина ўқиб дам солиб қўйиш билан батамом тузалиб кетар. Аммо йигит ва унинг оиласидагилар ўжарлик билан бир гап "тузалмайди, вассалом"ни ушлаб олишган бўлди. Яна йигитнинг онаси ўғлига, яъни йигитга "хотинингнинг касали оғир, буни устига болаларига ҳам юқади" деб гапириб келинини кўргани бориш, уни даволатиб, кейин ўқитиб кўришга қаттиқ қарши чиқаяпти. "Керак бўлса ана онаси даволатиб олсин, биз негм даволатар эканмиз" деган гапга ёпишиб олган.

Эътибор бераяпсизларми охирги пайтларда мамлакатимизнинг турли жойларида касал бўлган келинни "бор, ана онанг сени духтирга кўрсатсин" деб касал-бемор бўлган келинларни қайноналари томонидан ота уйига жўнатиб юбориш ҳолатлари жудаям кўпайди. Очиғи, одамларнинг бундай ишларини сира тушунмайман. Бу ишни улар қайси виждон билан қилишади менга қоронғу.
Албатта келининг отасининг мол-давлати кўп бўлса қизининг соғлиги учун озгина маблағ беришининг зарари йўқ. Аммо бу ҳолат одамлар орасида кенг тарқалиб мажбуриятга айланса ва ҳар бир касал бўлган келинларни эрлари "мана қизинг" давола" деб ота уйига ташлаб кетаверишса бу ўта ёмон ҳолат бўлади.

воскресенье, 5 февраля 2017 г.

Туш (қўрқинчлироқ)

Бир қўлимда газета, яна бир қўлимда эса телефон. Бир телефонни титкилайман, бир газета варақлайман. Футбол янгиликларига қараяпман. Охирги ҳафтанинг энг шов-шувли хабари бу "Пахтакор" ўзининг энг иқтидорли ўйинчиларидан бири бўлмиш Машариповни миллий чемпионатимиздаги ашаддий  рақиби бўлмиш "Локомотив"га ижарага бергани ҳақидаги хабар бўлди. Шу сабабли қўлимдаги газетанинг бош саҳифасида Машариповнинг катта суратини беришибди. Иккинчи ва учинчи саҳифаларда эса "Наҳотки энди "Пахтакор" "Аякс"га айланса" деган сарлавҳа билан қалами ўткир журналистларимиздан бирининг каттагина мақоласи берилибди. Бу мақолада журналист акамиз "Нега "Пахтакор" ўтган йилги мавсумда ОЧЛга йўлланма ололмаган ҳолда бу йилги мавсум бошланмасдан аввал ўзининг яхши бир ўйинчисини рақиб жамоага ижарага беради? Нима "Пахтакор" энди  ОЧЛга йўлланма берадиган совринли ўринлар учун курашмай, бундан буёғига Голландиянинг "Аякс" жамоасига ўхшаб фақат футболчиларни тарбиялаб сотиш билан шуғулланадими?" деб жиддий саволни ўртага ташлайди? Ушбу мақола бир қатор футбол журналистлари ва мутахасисларининг фикрлари билан бойитилган экан. Журналистлар ва мутахасисларнинг бири Машариповнинг ижарага берилишидан "Пахтакор" ютқазмаганини, аксинча ютганини таъкидлаб бунга исбот сифатида "Пахтакор"да Машариповдан бошқа иқтидорли ўйинчилар кўплигини ва улар Машариповнинг ўрнини билдирмасдан ўйнай олишларини ва Машарипов ижарада ўйнаётган жамоаси билан ОЧЛда иштирок этишини ва бу мусобақа Машарипов учун реклама вазифасини бажариб бериши мумкинлигини келтирган. Яна бир мутахасис эса бу ижарадан "Локомотив" ютганини гапириб бунга исбот қилиб жамоа ўзининг ашаддий рақибини кучсизлантиргани ва жамоа ажойиб бир ўйинчига эга бўлгани ҳақида гапирган.
Яна бир мутахасис эса бу ижарадан терма жамоамиз ютганини гапирган ва бунга исбот сифатида Машарипов ОЧЛ да иштирок этиши туфайли халқаро майдонда маҳоратини анча оширади. ЖЧ саралаш ўйинларда асосан бизга бошқа миллий биринчиликларда ҳам ўйнаётган ўзбекистонлик маҳоратли ўйинчилар етишмаётганини келтирган.
Мақоланинг бир четида эса Машарипов ҳақида маълумотлар келтирилган. У маълумотларда Машариповни тарбиялаган футбол мактабидан тортиб, у қайси жамоаларда ўйнагани, "Пахтакор"дан "Локомотив"га қанча маблағ ҳисобига ижара учун ўтгани ва энди "Локомотив"да қанча маъош олиши ҳақида маълумотлар бор. Ҳатто охирида Машариповнинг қайси компаниялар билан шахсий реклама шартномалари борлиги ва фаолияти бошланганидан бери шу пайтгача қанча маблағ ишлаб топгани тахминий ҳисоблар билан келтирилган эди.

Газетанинг тўртинчи, бешинчи саҳифаларида ҳали мавсум бошланмагани туфайли ўйинларнинг таҳлилий мақолалари ўрнига бу йилги жамоаларимизнинг кимлар билан қанча суммалик ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзолашгани ва энг яхши ва энг паст натижа кимларда эканлигини суммалар билан аниқ қилиб ёзишибди. Бу маълумотларни улар жамоаларимизнинг сайтларидан олиб жамлаб ёзишибди шекилли. Чунки жамоаларимизнинг сайтларида бу ҳақда доимо янгидан янги маълумотлар берилиб борилаяпти.

Газетани варақлар эканман олтинчи, еттинчи саҳифаларда яна бир суммалар билан боғлиқ статистик мақолани беришибди. Бу мақолада Олий лигамиздаги жамоаларнинг ўз футболчиларига қанча маъош беришаяпти ёки ҳар бир жамоанинг ўйинчилари ўз жамоаларидан йилига қанча миқдорда маъош олишаяпти, жамоада энг кўп маъош оладиган, энг кам маъош оладиган ўйинчилар кимлар бу ҳақда батафсил маълумот беришибди. Яна жамоаларнинг ўйинчиларнинг маъошлари учун умумий ҳисобда қанча маблағ сарфлашлари ҳақида ёзиб Олий лигамизда маъошлар учун энг кўп ва энг кам пул сарфлайдиган жамоаларнинг номлари келтиришибди. Адашмасам бу маълумотлар ҳам жамоаларнинг сайтларидан олинган. Барака топишсин жамоаларнинг сайтларида бундай маълумот ҳар доим туради.

Газетанинг саккизинчи, тўққизинчи саҳифаларида трансфер янгиликлари берилиб, биринчи навбатда хорижга йўл олган футболчиларимиз қайси жамоамиздан хорижнинг қайси жамоаларига қанча суммага трансфер бўлганликлари ёзилган. (Ҳатто бу трансфердан жамоларимиз оладиган чет эл валютасини Марказий банк белгилаган курсда қанча сўм бўлади-ю, "қора бозор" курсида қанча сўм бўлишини ҳам эринмай ҳисоблаб ёзишибди азаматлар. "Ғайратингга балли-эй" деб юбордим шу маълумотни кўриб.) Кейин Олий лигамиздаги ўзаро "ўтди-ўтди"лар ҳақида маълумот бериб қайси жамоа қайси жамоадан кимни неча пулга сотиб ёки ижарага олгани ҳақида маълумотлар берилган. Бу маълумотлардан шу аниқ бўлдики бу йил ички трансферлар учун энг кўп маблағни "Олмалиқ", "Бухоро" жамоалари сарфлашибди. Энг кам маблағни эса анча-мунчада ўйинчи олиб сотавермайдиган "Металлург" жамоаси сарфлабди.

Бир бошидан ўқиб борар эканман газетанинг шу сони статистика билан тўлибди деб ўйладим. Ёки ҳали мавсум бошланмагани учун газета ходимлари ўз ўқувчиларини қизиқтирадиган статистик маълумотларни олдин бериб олайлик деб ўйлашибди шекилли.
Чунки газетани варақлар эканман кейинги саҳифаларда ПФЛ бу йил тв. каналлардан транцлация учун қанча маблағ олиши, ўтган йилларда бу маблағ қанчани ташкил этгани, ундан кейинги саҳифаларда эса жамоаларнинг маркетинг ва билет сотишлардан қанча маблағ ишлашлари, бу уларнинг бюджетларининг неча фоизини ташкил этиши ва бу кўрсаткич бўйича ҳам энг кўп ва энг кам пул топадиганлар кимлар эканлиги жадвал тарзида келтирилган.

Навбатдаги саҳифада эса бир нечта ўйинчилар билан шартномаси борлигига қарамай уларни жамоадан четлатиб, уларга маъош тўлашни тўхтатган бир жамоанинг устидан чиқарилган Хўжалик судимизнинг (чунки бизда Спорт Арбитраж суди йўқ, шу учун бундай низоли ишларни Хўжалик судларимиз кўриб чиқишади) ўйинчилар фойдасига чиқариб берган қарори ҳақида мақола тарзида маълумот беришибди. Бу мақолада ўйинчиларнинг ҳам, уларга маъош тўламаган жамоанинг вакилининг ҳам фикрлари берилган. Ўйинчилар ўзларини қонуний ҳақлари учун курашганларини айтсалар, жамоа вакили суднинг қароридан норозилигини ва тез орада бу иш учун апеллация берилишини айтибди. Унинг сўзларига кўра ўйинчилар доимий интизомни бузувчи ўйинчилар бўлишган.

Очиғини газетани охиригача ўқий олмадим. Телевизорнинг пиххиллаб чиқарган овози мени уйғотиб юборди. Боя футбол кўраман деб телевизорни қаршисида ёнбошлаб ўйинни бошланишини кутиб газета ўқиб ётгандим. Кўзим илиниб ухлаб қолибман. Бояги газетада  ўқиганларим тушимда экан. Ўзим ҳам ҳайрон қолдим бизнинг газеталарда бунақа маълумотлар бунақа ошкора тарзда ёзилмас эди-ку деб.
Қўлимдаги газетага уйқусираб қарасам терма жамоамизнинг жонкуяр бош мураббийи Самвел аканинг яқинда берган интервьюларидаги "Сергеевни "Пахтакор"ни манфати учун Хитойдан ўзим чақиртириб олдим" деб ёзилган жойини ўқиб ухлаб қолган эканман.

Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи.

Ёзувчи Тоҳир Маликнинг асарларидан илк ўқиганим "Алвидо болалик" қиссаси эди. Қиссани ёшлигимда "Ёшлик" журналида ўқиган эдим. Мактаб дарсликларида С.Айнийнинг "Эски мактаб", А.Қаҳҳорнинг "Ўтмишдан эртаклар" каби болалар учун бирмунча қўрқинчли туюладиган қисса ва ҳикояларни ўқиб юрган мендай болага "Алвидо болалик" қиссаси ўзгача таъсир қилган эди. Шу қиссани қарийб ўттиз йил аввал ўқиган бўлсам-да асарнинг бош қаҳрамони Қамариддиннинг номи ҳали ҳам ёдимда. Ўшанда бу болага, унинг тақдирига роса ачинганман. Бу қиссани ўқиганимдан кейин синфдош ўртоқларим орасидаги ҳали ёш бола ҳолида нос, сигарет  каби зарарли нарсаларни чекадиган, маст қилувчи ичимликларга ружу қўйган болалар билан муносабатимни бирмунча уздим.

Шу ўринда таъкидлаб кетишни хоҳлардим, ҳеч бир бола онасининг қорнидан ўғри, ё нашаванд бўлиб туғилмайди. Ёшлигида "мен келажакда ўғри, ё нашаванд бўламан" деб орзу қилмайди. Сигарет, нос, ароқ каби зарарли нарсаларга ружу қўйиб алкаш, ё кашанда бўлишни мақсад қилмайди. Бу зарарли иллатларга илашиб қолишда асосан "содиқ дўстлар"нинг ҳиссалари катта бўлади. "Сен ҳам йигитмисан? Қани битта ол" деб ичмайдиган, чекмайдиган болаларни охир оқибат ўзига ўхшаган алкаш, нашаванд қилиб тарбиялайдиган "дўстлар"ни ҳам кўп кўрганмиз. Мана шундай ҳолатда китобни роли бола тарбиясида янада яққолроқ кўринади. Китобга меҳр қўйган ва ўқиётган асаридан таъсирланаётган боланинг салбий иллатларни қилишга вақти ҳам бўлмайди.

Кейинчалик ёзувчининг "Сўнгги ўқ" ва "Шайтанат" романларини ҳам ўқидим. Ундан кейин бу ёзувчининг панд-насиҳатга йўғрилган кўплаб китоблари чиқди. Ҳафсаласизлик қилдимми, ё бошқа сабаблар бўлдими ёзувчининг бошқа китобларини ўқий олмадим. Яқинда китоб дўконига кирганимда адибнинг яна иккита китобини олдим. Китобнинг номи "Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи" деб номланган экан. Китоб биографик услубда ёзилган бўлиб, унда ёзувчи ўз ҳаётини ёзган экан. Китоб икки китобдан иборат.
Очиғи бу яқин орада бадий адабиётга тегишли биронта китобни бунчалик мазза қилиб ўқимаган эдим. Бу китобни мазза қилиб ўқиганимни сабаби китобда ёзувчининг болалигидан бошлаб буёғи 1991 йилгача бўлган воқеалар, ёзувчи ишлаган радио ва турли газета-журналлар таҳририятидаги воқеа-ҳодисалар ҳаққоний кўрсатилган. Шу жумладан ёзувчининг бир йиллик ҳарбий хизматдаги ҳаёти ҳам тасвирланган. Бу китобдаги менга энг маъқул бўлгани  шу бўлди-ки ёзувчи ўша даврларда турли шоир ва ёзувчилар орасида кимлар билан ишлаган бўлса уларни ҳаммасини таржимаи ҳоллари ва характерларини ҳам қисқача бериб кетган. Масалан, охирида "Ваҳоб Рўзиматов таржимаси" деб  ёзилган асарларни кўп ўқиганман. Аммо бу инсонни кимлигини билмасдим. Т. Малик домла Ваҳоб аканинг қўл остида ишлаган даврларини эслаб бу китобда ёзган экан, шу китоб орқали Ваҳоб Рўзиматовни қандай инсонлигини билдим. Ёки бир пайтлар фожеали тарзда вафот этган шоир Асқар Қосимни ҳам шу китоб орқали танидим ва унинг:
Бошгинамга ағанаган, катта
тоғлар алвидо!
Мен кетарман ҳасратланиб,
руҳи соғлар алвидо!
Бу дунёнинг шўришига
нав-ниҳоллар тебранинг,
Эслироқ боғбони йўқ,
қолди боғлар алвидо!
деган сатрларини ҳам илк марта шу китобда ўқидим.
"Шайтанат"даги Анварни протипини ёзувчи шу шоир дўстидан олган.

Собиқ Иттифоқ даврини қўмсайдиган, оғзидан бол томиб мақтайдиган инсонлар ҳалиям орамизда бор. Аммо....
Ўша мустабид тузумдан ҳамма ўз ўрнида жабр чеккан. Аммо ўша даврда энг кўп калтак миллатнинг зиёлилари бўлмиш шоир ва ёзувчиларнинг гарданида синган. Ўша пайтларда хоҳ назмий асар бўлсин, хоҳ насрий асар бўлсин миллийлик ҳақида умуман ёзиб бўлмаган. Дарров миллатчи деб муҳокама олиб чиқишган.
Ёзувчи бу китобда ўша даврдаги барча қийинчиликларни эринмай батафсил ёритиб берган. Қисқача айтганда бу китоб эндиликда мустақил бўлган жонажон Ватанимизнинг ўша даврда мустабид тузум остида яшаган даврларида адабий муҳит қандай бўлганлиги ҳақида маълумот берадиган ва тарихдан сабоқ берадиган ажойиб китоб бўлган.
Албатта кимгадир ёққан китоб кимгадир ёқмас. Аммо бу китоб китобсеварларнинг ҳаммаларига ёқади деб ўйлайман. Бу китоб  фақат олиб ўқиб ундан катта бир дарс олса бўладиган китоб бўлган.