пятница, 22 апреля 2016 г.

ДЎСТИМГА МАКТУБ!

Дўстимга мактуб.

Ассалому алайкум. Омонмисиз дўстим.  Соғлик-саломатликларингиз яхшими, ота-онангиз ҳам тинч, соғ-саломат юришибдими? Мендан сўрасангиз, мен яхшиман. Тинч, соғ-саломат юрибман. Биламан мендан ранжигансиз, хафа бўлгансиз. Бу ҳол мени ҳам ранжитмоқда, хафа қилмоқда. Чунки, сезиб турибман ўртада дўстлигимизга бироз дарс кетди. Бу мен учун кутилмаган ҳол бўлди.
Сизни мендан ранжиганингизни, хафа бўлганингизни тушунаяпман. Ўшанда ёрдам сўраганингизда ёрдам бера олмадим. Наҳотки ўшанда мени баҳона қилаяпти деб ўйлаган бўлсангиз!? Наҳотки биз шунақа ота ўз боласига, бола ўз онасига ва шу аснода дўст ҳам ўз дўстига мутлақо ишонмайдиган замонга етиб келган бўлсак!?
Мени ранжишимни, хафа бўлишимни бир сабаби сизни мендан бироз узоқлашганингиз бўлса, иккинчи тарафдан эса одамларда бир-бирига нисбатан ўзаро ишончни батамом юқолиб бораётгани ва ҳатто рост гапни гапирсангиз ҳам ҳеч кимни, ҳатто ўз ота-онангизни ҳам, ёки ўз дўстингизни ҳам ишонтира олмаётган замонларнинг келганидир.

Ўшанда эсимда, сиз мендан маблағ тарафлама ёрдам сўраганингизда "қанча керак" деб сўрамадим. Ҳолатимни ҳисоби шундай эди-ки мен ўшанда ёрдам қила олмас эдим. Чунки ўшанда ўзимнинг сарф-харажатларимга ҳисобимдаги охирги пулларимни ишлатиб юрган пайтларим эди. Ўшанда "қанча керак" деб сўрасаму, аммо қўлимда йўқ маблағни сўрасангиз нима аҳволга тушаман ва "йўқ" десам қанчалигини билиб йўқ дегандай бўлиб қоламан, хўп десам қўлимдагилар етмай яна кимдандир қарз сўрашимга тўғри келади деб ўйлаб ҳам "қанча керак" деб сўрамаганман. Ана шу учун ҳам ёрдам сўраганингизда мижғовланиб ўтирмай имконим йўқлигини айтдим қўйдим. Аммо сиз буни хасисликка, бахилликка йўйдингиз. Акс ҳолда ўша воқеадан кейин мендан бунчалик узоқлашиб кетмасдингиз.

Ранжиганим, хафа бўлганим билан мен сизни тўғри тушунаяпман. Чунки ҳозир одамларда хасислик ва бахиллик энг кучайган даврдир. Бир-бирига қариндошчилик ришталари билан боғланмаган қўшни, ёки маҳалладош нима бўпти, бугунги кунда ҳатто ота алоҳида бўлиб чиқиб кетган ўз боласига, алоҳида бўлиб чиқиб кетган бола ўз ота-онасига, ўз ака-укаларига, опа-сингилларига бахиллик ва хасислик қилиб ёрдам беришни истамаяпти. Аҳволни кўриб, "бахиллик ва хасисликни бундан баттари бўлмаса керак" деб ҳам ўйлайман. Акс ҳолда ҳеч бир замонда ота боласига, бола ўзини туққан онасига ҳам бахиллик, хасислик қилганми? Йўқ қилмаган. Қилиши мумкин ҳам эмас. Аммо ҳозир қилишаяпти. Ўз онасига, ёки отасига, ота эса ўз боласига ёрдам беришни ҳоҳламаган, ҳоҳласа ҳам эвазига бирон нарса таъма қилиб бераётганини, ёки бир-бирларига бераётган маблағни кўпайтириб беришини шарт қўйиб бераётганларини ҳам кўрдим. Кўзим билан кўрмаганману, аммо яҳудийларда бола отасига, отаси эса боласига фоизга пул беришини эшитардим. Аммо бу ҳолат бизга ҳам келди. Ҳа келди. Уларку ўз оти билан яҳудий, иш пул, маблағ, бойликка бориб тақалганда ота на боласини, бола на ота-онасини танийди ва бир-бирига қарз берса ҳам фоизга беради. Биз мусулмонмизку ахир. Наҳотки мусулмонликни даъво қилиб яҳудийлардан баттар аҳволга тушиш учун олға кетаётган бўлсак!?
Наҳотки биздаям ҳозир битта-иккита бўлган бўлган ҳолда эртага ҳамма оталар ўз боласига, ҳамма болалар ўз ота-онасига қарз берса, ёки ўша қарзниям фоиз тўлаш шарти билан берса!? Бундан ортиқ бадбахтлик бўлмаса керак. Аммо аччиқ ҳақиқат шу-ки, биз ана ўшандай муҳитга қараб кетаяпмиз.

Тўғри, беш қўл баробар эмас. Ҳалиям халқимизни аксарияти ўз ота-онасини бошида кўтаради ва улар учун жонини беришга ҳам тайёр. Чунки биз шунга буюрилганмиз. Аммо иккинчи тарафдан кечагина бизда одамлар эшитса ажабланиб "аа, бола ўз ота-онасига, ёки ота ўз боласига фоизга ҳам пул берар эканми" деб ажабланадиган ҳолат аста-секинлик билан урф бўлмоқда. Кечагина одамлар ўз боласига ёрдам бермаган ота ҳақида, ёки ота-онасига ёрдам бермаган фарзанд ҳақида эшитса нафратланган ҳолда, бугун бу ҳолатни оддий ва шундай бўлиши керакдай қабул қилиб "ҳа энди ҳамманиям ўз ташвиши ўзига етиб ортаяпти, бошқаларга қайердан ёрдам қилсин" деб отани болага, болани ўз ота-онасига бўлган муносабатини "бошқаларга" деган даражага олиб чиқиб қўйяпти ва бу ҳолатни хотиржам қабул қилаяпти. Ахир қачондан бери ота-она ўз боласига, ёки бола ўз ота-онасига "бошқалар" бўлиб қолди?

Умуман олганда ота-оналардан кўра фарзандлар кўпроқ ота-оналарига нисбатан бегоналашиб, меҳрсиз бўлиб бормоқдалар. Аллоҳ синов учун ризқини кенг қилган, аммо мол-дунёси кўпайиб феъли анча тор бўлган ва буни оқибатида ота-онасига қарамай қўйган, улар ёрдам сўраганда хасислик, бахиллик қиладиган, қилаётган, қилмоқчи бўлган фарзандларга эслатма тарзида шуни айтаманки "ота ёши нечага боришидан қатъи назар вафот этгунча  ўғил фарзандларига ва уларнинг мол-мулки ва маблағларига хўжайиндир. Ўғил ишласин, Аллоҳ синов учун уни ризқини кенг қилиб қўлига кўп-кўп мол-дунё тушсин. Барибир ўша мол-дунё отасини ҳам мол-дунёси ҳисобланаверади ва отаси ҳоҳласа ўша мол-дунёдан ҳоҳлаганича ишлатаверади".
(Узр дўстим бироз чалғиб кетдим).

Сиз ҳам мени ўшанда бахил ва хасис инсонлар сафига қўшдингиз ва мендан узоқлашиб кетдингиз. Аммо, мен сизга ва сиз ҳам ҳозир бўлган мажлисларда гап очилганда бир неча бор, "ҳозир ишимиз батамом тўхтаган, бекорчидай бўлиб юрибмиз" деб айтгандим. Аммо сиз ўшанда эътиборсизлик қилиб гапимни тушунмагансиз, ёки ўшандаям мени "ёлғондан баҳона қилаяпти" деб ўйлагансиз.

Балки сизни мени миниб юрган машинам, ёки сиз ижарада яшаб юрган ҳолингизда мени квартирам борлиги алдаб қўйган. Аммо миниб юрган машинамни лизингга олганимни, охирги пулларини сиз қарз сўрашингиздан бироз олдин тўлаганимни, тўлаганда ҳам анча қийналиб тўлаганимни сизга асло айтмаганман. Асло билдирмаганман.
Квартирани эса бир пайтлар Аллоҳ ишимга барака берганда "ҳеч бўлмаса шунга илиниб қолай" деб, охирги тангаларимгача йиғиб олганимни сизга асло айтмаганман.
Инсон ўзи иккинчи бир инсонни ҳолатига тушсагина уни аҳволини тез тушунади, тез англаб етади. Акс ҳолда четдан қараганда ҳаммаси ҳақиқий аҳволдан бошқача кўринаверади. Бир пайтлар мен ҳам бошқалар ҳақида сиздай ўйлаганман. Аммо, кейинчалик ҳаётни пасту-баландларини кўравериб бошқалар ҳақидаги фикрларим батамом хато эканлигини тушуниб етганман. Ишонаман сиз ҳам буни бир кун тушуниб етасиз.

Мени ранжитган ва хафа қилган ҳолатлардан бири сизни мени тушунмаганингиз, ҳолатимни ҳисобга олмаганингиз бўлса, яна бири эса арзимаган маблағни деб дўстимни юқотиб қўйганим бўлди. Аммо, ишонаман ҳаммасини тушуниб етиб, бир кун олдимга яна қадрдон дўстим бўлиб қайтиб келасиз.
Ҳа бунга ишонаман. Сиз балки мени дўстларингиз сафидан ўчирган бўлишингиз мумкин. Аммо мен ўчирмадим. Ўчирмайман ҳам. Чунки сиздан асло хафа эмасман. Мен одамларни шу даражага солган муҳитдан хафаман. Ҳақни танимай, ўз боласига хасислик қилаётган оталардан, ёки фарзандлик бурчини унутиб қўйиб онасига фоизга пул бераётган фарзандлардан хафаман. Аҳволни шу даражага келиб қолишига, ўртадан ишончни кўтарилишига сабаб бўлган одамлардан хафаман.
Ҳа шундай.

Азиз ва қадрдон дўстим, балки бу мактубим сизга етиб бормас. Аммо барибир бу мактубни ёзишим керак эди. Ҳолатимни сизга озгина бўлса тушунтиришим керак эди. Мана шундай қилдим ҳам. Енди бироз енгил тортаяпман.
Қайерда, қай ҳолатда бўлсангиз ҳам сизни ҳаққингизга доим дуодаман. Сиз ҳам майли мени ҳаётда йўқламанг, аммо дуоларингизда мени ҳам йўқланг. Мен ана шундан умидворман.
Сизга соғлик саломатлик ва мустаҳкам иймон тилаб дўстингиз....

(Сизга мактуб туфайли ота-она ва болар ўртасидаги маблағ ва пул муносабатлари-ю, муаммоларини ҳам бироз ёздим. Гапни кўпайтириб юборганим учун сиздан узр сўрайман. Аслида бу мавзу алоҳида мавзу эди. Аммо долзарблиги боис ёзишга мажбур бўлдим).

среда, 20 апреля 2016 г.

ЗОМБИЛИК!


Биринчи кун....

Ҳаво ёмғир, тинимсиз, тўхтамасдан қуйяпти. Шу тобда маҳалла гузарини айланиб келишни ҳоҳладим. Бундай ҳавода соябон роса асқотади-да. Гузарга тушсам тўрт-бешта менга ўхшаган ёмғир туфайли бекор қолганлар давра қилиб гаплашиб туришибди. Ёшлари турли ёшдаги кишилар. Йигирма ёшли боладан, буёғи қирқ ёшгача бўлган маҳалладошларим. Олдиларига бориб салом бердим. Саломни эшитиб иккитаси бошини кўтариб алик олди, яна икки-учтаси алик олдими, ё "ҳм" деб қўйдими, очиғи англай олмадим. Қарасам ҳаммасини қўлида баркашдай-баркашдай телефон. Давра қилиб телефон титкилаб нимадир қилишаяпти.

-Менга ёрдам беринглар, мени "ратуша"мни уришаяпти, -деди биттаси.

-Менга ҳам ҳужум қилишаяпти, мен ёрдам бера олмайман,- деди иккинчиси.

-Баттар бўлларинг, мен эса биттасини қалъасини вайрон қилаяпман, - деди учинчиси.

Шу тахлит улар ёмғирпана жойда туриб олиб, тинимсиз телефонни титкилаб, бир-бирига мен тушунмайдиган жаргонни аралаштириб, ора-сирада сўкиниб ҳам қўйишар эди.
Тахминимча улар телефонда қандайдир ўйин ўйнашаётган эди. Уларга қарата бир неча бор "Нима бу, қандай ўйин ўйнаяпсизлар", деб берган саволим жавобсиз қолди. Уларни ҳеч бири саволимга эътибор ҳам бермади, ёки эшитишмади. Менга яқинроғи саволимдан кейин "ээ" деб қўл силтади холос. Манимча уни менга "халақит берма" дегани бўлса керак.

Иккинчи кун....

Маҳаллада тўй бўлди. Тўйдан бир кун олдин сабзитўғрарга бордик. Сабзини тўғраб бўлганимиздан кейин тўғралган сабзи йиғиштириб олинди ва дастурхон тузалиб жой қилинди. Бўшаган жойларга яна кимлардир кириб ўтирди. Бир пайт қарасам ўша хонада ўтирганларни аксарияти кечаги жаргонда, гаплашиб яна ўша ўйинни ўйнашаяпти. Йўқ , булар кеча маҳалла гузарида кўрган одамларим эмас, Булар бошқа маҳалладошларим эди. Бу ерда ҳам кечагидай, ўша "ратушани вайрон қилишгани" ҳақидаги гап, ўша ора-сирада сўкиниб қўйиш, ўша атрофдагилардан узилиш бор эди. Фақат булар сал асабийлашиб ўйнашаяпти. Гап сўзларидан англадимки ўтирган хонамизда телефон алоқаси унчалик яхши эмас ва булар шунга асабийлашишаяпти. Демак, бу ўйин интернет орқали, пул сарфлаб ўйналади.
Шу орада ошни сузишди, ва бизгаям ош тортишди. Аммо ўйинга берилган маҳалладошларим ошни келганига ҳам, кимнидир "қани бошладик, олинглар, "Бисмиллоҳ" деганига ҳам парво қилмай ўйин билан банд бўлдилар. Шу орада катталардан бири эшикдан қарадию аҳволни кўриб тутақиб кетиб "Йиғиштир энди телефонингни, бўлди-да энди, ошни е, телефонни кейин ўйнайсан" деб ўдағайлаб қолди. Булар энди телефонини йиғиштириб қўйиб ош ейишади десам қаёқда, битта-иккитаси телефонини йиғиштириб ош ейишга ўтди. Қолганлари пинагини ҳам бузмай "ратуша"сини ҳимоя қилиш билан банд бўлди. Ош ейишга тутинганлари ҳам оғзида ош чайнаш баробарида ёнидаги ош емай ўйинни ўйнашда давом этаётганни қўлидаги телефонни экранига тикилиб, унга  "ҳимояланиш"ни ўргатарди.
Хонада ўтирган ёши каттароқлар бир-икки марта "Бўлди-да, йиғиштир энди телефонбозлигингни, ошни е" деб жаврагани ҳавога учди. Улар барибир телефондан бош кўтаришмади.

Бу орада ош ейилиб бўлди, дастурхондаги баъзи лаганлар бўш, баъзилари эса оши совуб шундоқ турибди. Бизга ош тортган йигит  эшикдан қараб-қараб қуйяпти. Аммо лаганларни олишини ҳам, олмаслигини ҳам билмаяпти. Олай деса анави ўйинчилар ҳали қўл ҳам уришмаган, олмай деса хонани тўрида ўтирган ёши каттароқлар "лаганни ол турамиз" дегандай томоқ қиришаяпти. Охири бошқаларни сабри чидамади ва дастурхонга фотиҳа ўқиб ўйинчиларга бошларини сарак-сарак қилиб индамай чиқиб кетишди. Ўртадаги бўш ва тўла лаганлар дастурхонда қолди.

Учинчи кун....

Маҳаллада жаноза бўлиб қолди. Анчадан бери оғир бетоб ётган ўртаёш бир аёл вафот этди. Жанозани соат ўн иккига дейишибди. Одам ниҳоятда кўп келди. Марҳумани қабрга қўйиб келишга ҳам кўпчилик борди. Қабристондан қайтиб келганимиздан кейин яна фотиҳа қилиш учун жаноза бўлган хонадонга қайтдик. Фотиҳани қилиб бўлиб келди-кетдига бирпас қарайлик деб ўша ерда хонадон эгасини ёнида бўлдик. Қарасам ўйинчиларнинг баъзилари ўша ерда ҳам четроққа ўтиб ўша ўйинни ўйнашаяпти, ўйнай олмамаётгари эса ўйин муҳокамаси билан банд. Буёқда Қуръон ўқилаяпти, дуолар қилинаяпти бу билан уларни зиғирчаям иши бўлмаяпти. Аҳволни кўриб очиғи юрагим орқамга тортиб кетди.
Таъзия бўлган хонадонга жанозани эртаси ҳам кўнгил сўраб дуои фотиҳа қилиш учун бордик. Қарасам эртаси куни ҳам аҳвол шу. Ўйин жиннилари чекка-чеккада қўлларида телефон ўша ўйинни ўйнаш билан банд.

Ана шундан кейин одамларни манқурт ва зомби қиладиган бу ўйин билан қизиқдим. Оти "Клаш"ми, "Краш"ми экан. Интернет орқали пул сарфлаб ўйналаркан. Группа тузиб, бир-бирига ёрдам бериб ўйнаса ҳам бўларкан. Ўйин "ўз қалъа"сини ва қалаъдаги "ратуша"сини ҳужум қиладиган ёвдан ҳимоя қилиш ва ўз навбатида кимнидир қалъасини бориб "яксон" қилиб келиб очко олишдан иборат экан. Қанча кўп очко олинса, қалъа шунча мустаҳкам бўлиб бораверар экан. Агар телефондаги ҳисобига пул ташлаб алланеча долларга қалъани янада мустаҳкам қилса бўларкан. Буларни менга айтиб бераётган бола "мана фалонча яқинда эллик долларга қалъасини мустаҳкамлаб, нечанчидир даражага чиқариб олди" деди.
Уни гапларини эшитиб ҳайрон қолдим. Одамлар ўз вақтини беҳудага кетказиб ахмоқ бўлиши баробарида, ўша кетказган вақти учун ҳали чўнтагидан пул тўлаб икки карра ахмоқ бўлаяптими?

Бу ўйин ҳақида маълумот олгандан кейин ўзимча ёшларга гапириб дакки беришдан олдин ҳаддим сиғадиган каттароқ ёшлиларига насиҳат қилмоқчи бўлдим.
Намоз ўқийдиганларидан бирини шу ўйинни устида учратиб унга: "Бу ўйин ҳам вақтингни олаяпти, ҳам пул тўлаб ўйнаяпсан, ундан кўра илм ўргансанг, китоб ўқисанг, болаларинг билан машғулот ўтказсанг, уларни тарбияси билан шуғуллансанг бўлмайдими, эртага Қиёматда исроф қилган вақтингни ҳам, пулингни ҳам жавоби борку" десам, "Ака ғийбатлашиб, ёки ҳар хил бўлган-бўлмаган гапларни гаплашиб ўтиргандан шу ўйин яхши-ку" деди. Унга қараб "Афсус, мен сени бироз тушунчанг бор деб ўйлаб, сенга насиҳат қилгандим, сени жавобингни қара. Ёшлар насиҳатни олмайди деб насиҳатни сендан бошлаган эдим. Сен ғийбатни баҳона қилгунча китоб ўқи, илм ўрган дедим, сени жавобингни қара, афсус" дедиму уни олдидан туриб кетдим. Ёшларнику ёш насиҳатни олмайди деймиз. Аммо ёши ўттиздан ошиб ҳам насиҳатни олмаса, бу дунёни ўткинчилигини тушунмаса, унда миллат учун бундан ҳам ортиқ кулфат борми?

У ўйин қандай ўйинки одамларимизни бунчалик жинни қилиш даражасига борди? Булар қандай одамларки арзимаган битта ўйин учун ҳамма нарсасидан воз кечиб юбораяпти? Ҳатто бу ўйинни ота-болалар бирга очиб, бир-бирлари билан ўйнаб юрганлари бор экан. Демак ҳозир мактабларнинг юқори синфларида, лицей ва коллеж ўқувчилари орасида ҳам бу ўйин оммалашиб бўлган. Демак кўпчилик талабалар дарс ўрнига "ратуша"ларини ҳимоя қилиш билан "банд"лар.
Бу кетишда эртага келажак авлодни аҳволи нима бўлади, ўйлашгям қўрқаман.

Муаммоларимиз кўп, уни кўрсатамиз, аммо ўша муаммоларни ечимига навбат келганда, очиғи ўша муаммоларни ечимини билмаймиз. Телефонда интернет орқали ўйналадиган бундай ўйинларни ҳам на таъқиқлаб бўлади ва на юқотиб. Аммо ота-оналар оилада назоратни қаттиқроқ ушласалар, ҳеч бўлмаса аҳвол баттар бўлмасидан ҳозирги ҳолатда сақлаб қолса бўлармиди. Болаларга буни батамом таъқиқлаб бўлмас, аммо ҳеч бўлмаганда маълум бир вақтда рухсат бериб, бошқа пайт ҳар хил фан, ёки спорт тўгаракларга жалб қилиш керакми балки.

Болалар ва ўсмирларку майли улар ёш экан, ҳозир вақтини ва пулини илм ва касб ҳунар ўрганиш ўрнига беҳуда бир ўйинга сарфлаб ўтказиб юбораётганини билмаётгандир. Аммо катталарга нима бўлган, қирқ ёшга кириб ҳам ўсмир ёшдаги ўғлини ҳаётини назорат қилгунча у билан телефонда ўйин ўйнаса. Ёшларку майли ақли йўқ экан, аммо катталарга нима бўлаяпти? Шунчалик ҳам ахмоқлик, шунчалик ҳам жиннилик бўладими, ўйинни деб овқатдан воз кечса, ўйинни деб оиладан воз кечса, ўйинни деб элу-юртдан воз кечса. У ҳолни кўриб ўсаётган ёш болалар эртага қандай аҳволда бўлади. Шуни ўйлаяпмизми? Шуни тушуниб етаяпмизми? Шу ҳақда бир ўйлаб кўрайлик.
(Вазиятни ошиқча кўрсатиб юборган бўлсам узр сўрайман. Аммо юқоридаги учта ҳолатни ҳам ўз кўзларим билан кўрганман ва у гаплар тўқима, ёки эшитма гаплар эмас.
Саломат бўлинглар!)

Тўртинчи кун,....кеч бўлади.

Ундан кейинги кун эса, .... йўқлик!

воскресенье, 17 апреля 2016 г.

ОТА ВА "ТУҒМАС ХОТИН" ёки отага осий бўлган фарзандлар ҳақида замонавий "чўпчак".

Ота!

Эътибор бераяпсизми охирги пайтларда бизда кўп нарса ўзгариб кетди. Одоб-ахлоқ дейсизми, меҳр-оқибат дейсизми, қўни-қўшни ва қариндош-уруғларга бўлган муомала ва муносабат дейсизми, ҳамма-ҳаммаси ўзгарди. Минг афсуслар бўлсинки бу ўзгаришлар яхши тарафга эмас, балки салбий тарафга ўзгарди. Ана шу ўзгаришлар ҳатто бизни энг яқин инсонларимиз бўлган ака-ука, опа-сингил ва ота-оналаримизга нисбатан ҳам бўлди. Бу эса ниҳоятда ачинарли ҳолатдир.

Ҳозир ўша ўзгаришлар нега содир бўлди, сабаби нима деб сизни бошингизни оғритмоқчи эмасман. Чунки сабабини мен тушунтирмасам ҳам кўпчилигингиз оиладаги тарбияни бўшашиб, сусайиб кетганлиги туфайли эканини тушуниб турибсиз.
Мен қўйида эътиборингизни қаратмоқчи бўлганим бу оталарга бўлган муносабат ҳақидадир.

Азалдан бизда ҳар бир оилада,хонадонда ота энг ҳурматга сазовор инсон бўлиб келган. Фарзандлар томонидан отага гап қайтариш, отани ҳурматини жойига қўймаслик, отани норизо қилиш, ота билан уришиш, унга оқ бўлиш каби ишлар одамлар томонидан қаттиқ қораланган ва ундай фарзандларни жамият қабул қила олмаган ва ундайлар халқни орасида бош кўтариб юра олмаган.
Яна иймон-эътиқодли бўлган халқимиз диний илмлардан яхшигина хабардор бўлган ва Қуръонда такрор-такрор келган "Ота-онангизга доимо яхшиликда бўлинг" деган, ёки "Ота-онангиздан бирлари хизмат буюрганда асло "уфф" деманг оятларини, ёки ота-оналар ҳақида айтилган ҳадисларни яхши билган ва уларга амал қилиб яшаган. Юқорида ёзганим, отага терс муносабатда бўлишни оғир гуноҳ эканини билишган. Ва ана шу гуноҳдан доим сақланишга ҳаракат қилишган. Оталарни ҳурматларини доим сақлашган. Ёш болалигимизда катталардан тарбия ўлароқ эшитганимиз "Ота ўйда ўтирган бўлса, томига чиқилмайди" деган гапни ўзиёқ ўша даврларда оталарнинг ҳурмати нечоғлик улуғ бўлганини билдиради.

Ҳа, яқин-яқинларгача оталарга бўлган муносабат мана шундай эди. Аммо, энди аҳвол ўзгарди. Энди оилада тарбия сусайиб кетавериши натижасида, юқорида ёзганим қариндош-уруғ, қўни-қўшниларга нисбатан муносабат салбий тарафга ўзгариб бораётгани асносида, фарзандларнинг ота-онага нисбатан ҳам муомала ва муносабати кундан-кун ёмон тарафга ўзгариб бормоқда. Бу ёмон муносабат айниқса оталарга нисбатан тезроқ ва кўпроқ ўзгармоқда. Чунки қиз бўлсин, ўғил бўлсин кўпинча оилада онани бағрида бўлади. Ота эса аксарият ҳолларда тирикчилик важидан кўчада бўлади. Ана шундай ҳолатда баъзи фарзандлар оналарини яхши кўрган ҳолда ўз оталарини ёмон кўриб, ёки арзимаган нарсада оталарини айблаб оталарини беҳурмат қилмоқдалар. Бу эса ёмон ҳодисадир.

Қўйида ёзмоқчи бўлган воқеам оила фарзандлар томонидан оталарнинг ҳурмат қилинмай қўйилиши ҳақида эмас, балки  унга дахлдор муаммолар ва фарзандларнинг ўз
оталарига қанчалик зулм қилаётганлари, ёки оталарига осий бўлиб гуноҳга ботаётганлари ҳақидадир.

Бир синфдош ўртоғимни онаси оғир касалликдан кейин вафот этди. Отаси 60 ёшида ёлғиз қолди. Бироздан сўнг маҳалладаги ёши каттароқ кишилар синфдош ўртоғимга отасини уйлаб қўйиш лозимлигини, чунки бу ёшда ва бундан кейин эркак киши ёлғиз ўзи ўзини эплай олмаслиги, унга албатта аёл парвариши кераклиги ва буни қизлар ва келинлар ҳеч қачон эплай олмасликларини тушунтиришди. Орадан бироз ўтиб синфдош ўртоғим отасини ҳалиям уйлантирмаганини эшитдим. Сабаби билан қизиққанимда синфдош ўртоғим отасига ёши катталиги, ёки туғма бепуштлиги туфайли бошқа туға олмайдиган аёл қидириб топа олмаётгани туфайли бу иш ортга сурилаётгани маълум бўлди. Орадан яна бироз вақт ўтди ва музофотимиздан роса қидирганларига қарамасдан синфдош ўртоғимни отасига "туғмас хотин" топилмади. Сабаби кўпчилик фарзандлар бева қолган ўз оталарига ана шундай "туғмас хотин" қидиришлари туфайли, бундай хотинлар йўқ, ҳаммаси "эгалик" бўлиб кетган. Аммо бир, иккита боласи билан турли сабабларга кўра ёлғиз қолган, ўрта ёш ва синфдош ўртоғимни отасидай ёши 60, ёки ундан катта ёшдаги одам бўлса ҳам тегишга рози бўлган аёллар кўп. Чунки баъзисини турар жойи бор, баъзисиники йўқ. Ва уй-жойи йўқлари ота уйига қайтиб бориб ака-укаларининг, янга ёки келинларининг қош-қовоғидан тўйиб яшаётган боши очиқ аёллар эҳҳе қанча.  Аммо бева қолган оталарнинг фарзандларига фақат ва фақат туғмайдиган, аниқроғи туға олмайдиган аёл керак. Туғадигани эса керак эмас.

Туға олмайдиган бева аёлни роса қидириб топа олмаган синфдош ўртоғим отасини ўрта ёш туға оладиган, аммо фарзанди йўқ бир аёлга уйлантирди. Орадан йил ўтиб у аёл фарзандли бўлди. Фарзандли бўлганда ҳам ўғил фарзанд кўрди. Энди ўртоғимни ҳам, уни турмушга чиқиб кетган опа-сингилларини ҳам пайтавасига қурт тушди. Ўзи ўртоғим якка ўғил эди. Уй-жой ҳаммаси отасини томонидан тикланган ва унда бу масалада ошиқча ташвиш йўқ. Лекин, мана энди синфдош ўртоғим укалик бўлди ва унинг "ҳақиқий ташвиш"и энди бошланди. Чунки энди келажакда укаси билан уйни бўлишиши керак бўлади. Аёл ёш, отасини эса "бели бақувват" экан, агар ўгай онаси яна битта ўғил туғиб берса, кейин уй-жойни бўлишишдан умид қилмаса ҳам бўлади. Шундоқ ташлаб чиқиб кетиши керак. Мана шуларни ўйлаб ўртоғимни "пайтавасига қурт тушгани" аниқ.  Ўртада нима бўлди, нима гап-сўзлар ўтди билмайман-у, аммо бироз вақт ўтиб синфдош ўртоғим ўша ўгай онасини қўлидаги норасида гўдак боласи билан ҳайдаб юборди.  Ўшангаям мана икки йил бўлаяпти. Ота эса ҳануз ёлғиз. Фарзандлар эса яна "туғмас хотин" қидириб юришибди. Албатта ўгай онани фарзанди билан қувиб юборилишида синфдош ўртоғимни опа-сингилларини ва хотинини ҳам "роли" катта бўлди.

Мен бу воқеани нега келтираяпман? Сабаби мен юқорида синфдош ўртоғим ва унинг отаси, ёки ўгай онаси билан боғлиқ битта воқеани ёздим. Аммо бу воқеа юртимизни турли бурчакларида хотинидан эрта айрилган оталарни айримларини айтмаганда, аксарияти билан содир бўлаяпти ва уларни бошига тушаяпти. Бундай ишлар кеча бошланмади. Эсимни таниганимдан бери, 90-йиллардан бошлаб аҳвол шундай.
Бу воқеа маҳалламда мен танийдиган одамлар билан содир бўлган бўлса, ишим юзасидан юртимизни кўплаб жойларида юраман ва бошқа жойларда ҳам аҳвол шундай. Ҳа айнан шундай. Кейин маҳалламда ҳам бу воқеа эҳҳе нечта ёлғиз қолган оталарни бошига тушди.
Она вафотидан кейин ота сўққабош бўлиб қолади. Ана ундан кейин фарзандлар ўз оталарини уйлантириб қўйиш учун туға олмайдиган аёлни қидиришади. Ундай аёл ҳа деганда топилавермайди. Кейин эса ўша фарзандлар ё сўққабош оталарини умуман уйлантирмайдилар, ёки уйлантирсалар ҳам аёл туғиб фарзандли бўлгандан кейин юқоридагидай ҳолатга тушади ва охири "оталарига меҳрибон фарзандлар" томонидан қувиб юборилади. Ўша "меҳрибон фарзандлар" оталари у аёлни талоғини берадими, ёки йўқми ишлари ҳам бўлмайди. Қувиб юбореверишади, вассалом.
Ҳатто эшитиб қоламан, отасига "туғмас хотин" қидиришда чаққон бўлган "меҳрибон қизлар", ундай туға олмайдиган аёлни топа олмаганларидан кейин, оталарини туғишга имкони бор бўлган аёлга уйлантиришга мажбур бўлганларида, уйлантириш пайтида ҳатто ўша аёлга "оталари билан қўшилганда ҳомиладор бўлмаслик чораларини кўриш" шартини қўяётганлари бор экан. Буни эшитиб "астағфируллоҳ, шу даражага келиб қолдикми?" деб юборган пайтларим ҳам бўлди.

Буларнинг ҳаммаси отанинг мол-давлати ёки мулки учун қилинаётган ишлардир.
Бунда ўғил фарзандлар мол-дунё, ёки мулк учун юқоридагидай қабиҳ ишларни қилиб, оталарига азоб берсалар, қизлар эса "онамизни ўрнига ҳеч ким келмайди" деб шу тарафдан оталарига азоб бермоқдалар.

Агар диний тарафлама, ёки инсоф ва виждон тарафидан олсангиз ота ва бола ўртасида талаш бўлаётган уй-жой ва бошқа мулклар аслида отанинг мулкидир.
Шундай экан, отанинг мулкини ўзлаштириш йўлида фарзандларнинг бундай қабиҳ ишларни қилиб, отага туғмас хотин қидиришлари, ёки ота қайта уйланиб фарзандли бўлгач ўз укаларини, ёки сингилларини онасига қўшиб ҳайдаб юборишлари бу жирканч ишдир. Чунки банда бандани ризқини бермайди. Ҳар бир қимирлаган тирик жон борки, ҳаммасини ризқини Раззоқ Зот бўлмиш Аллоҳ беради. Шундай экан, фарзандларни ўз оталарига бундай муомала қилишлари бу отага осий бўлиш билан баробардир.

Отанинг фарзандлар устидаги ролидан гап кетар экан, шу ерда Росулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васалламни оталар ҳақида айтган машҳур бир ҳадисларини келтираман:
"Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадис: "Бир киши "Эй Росулуллоҳ, менинг мол-мулким ва отам бор. Отам молимга зарар бермоқчи (пулларимни ишлатиб юбормоқчи)", деб шикоят қилди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сен ҳам, молинг ҳам отангникисизлар", дедилар. Ибн Можжа (2291), Ибн Ҳиббон (2/142) ривоят қилган. Саҳиҳ ҳадис. Имом Аҳмад эса (6902) худди шу маънодаги ҳадисни Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган. "

Мана шу ҳадисдан тушунамизки, ота то вафотига қадар фарзандларини устидан хўжайиндир ва у фарзандлари устидан ҳоҳлаган ишини қилиш ҳуқуқига эгадир. Ҳоҳласа ўғилларини мол-мулкидан фойдаланади, ҳоҳламаса фойдаланмайди. Аммо энг муҳими ҳоҳиш-истак фарзандда эмас, балки отададир. У ҳоҳласа ҳоҳлаганини қилади. Аммо фарзандлар отани устида ҳоҳласа ҳам ҳоҳлаганини қилишга ҳаққи йўқ.
Бу ерда фарзандлар дейилганда асосан ўғил фарзандларни назарда тутаяпман. Чунки қиз фарзандлар турмушга чиққанидан кейин "чиққан қиз чиғириқдан ташқари" ҳисобланади ва уни тепасидан хўжайинлик отани эмас, эрни ҳаққи бўлади.
Аммо не ажабки ҳозирги кунда юқоридагидай ҳолатларда "чиғириқдан ташқаридаги" бировни хасми бўлган қизлар ўз оталарини ҳаётига аралашиб, уни ҳоҳиш истаги билан ҳисоблашмай, ҳатто оналари вафот этгандан кейин ёлғиз қолган оталарига хўжайинлик қилмоқдалар. Уни ҳаётини изга солиш, уни ёлғиз юришига йўл қўймай уйлантириб қўйиш ўрнига, "онамизни ўрнига ҳеч ким келмайди, бунга рухсат бермаймиз" деб кунора оталари билан жанжал қилмоқдалар. Аслида уларнинг аксариятини "онасининг ўрнига келадиган аёл" эмас, балки оталаридан қоладиган мерос кўпроқ қизиқтирмоқда. Мана шу туфайли ҳам меъросга "шерик"ларни кўпайтирмаслик мақсадида улар оталарини яна такрор уйланишига қарши чиқмоқдалар. Оталарини уйланишига зўрға рози бўлганлари эса ўзлари бош бўлиб "туғмас хотин" қидирмоқдалар. Мабодо туғмас хотинни қидириб топа олмасалар, туғадиганларини баъзиларини қўрқитиб, баъзиларига қасам ичтириб  ҳомиладор бўлмасликларига мажбурламоқдалар. Мабодо ўша аёл ичган қасамини бузса, ёки буларни қўрқитганларини писанд қилмай оила қурганидан кейин оталаридан ҳомиладор бўлса, оталари талоғини бермаган аёлни баъзида ҳомиладор ҳолатда, баъзида эса туққанидан кейин ҳатто оталари минг Худони зорини қилиб, ялиниб ёлвормасин қувиб юбормоқдалар. Ёки ўша "ўгай она"ларини фарзанди билан қувиб юборишда оталарига кучлари етмаса ўз оталари билан борди-келдини узиб юзкўрмас бўлиб кетмоқдалар.

Бўлаётган бу ишларни кўриб "Отанг уйда ўтирган бўлса томига чиқма" деган гаплар ва у ҳикматли гапларнинг амали ўша бувамни замонларида қолиб кетганлигига амин бўламан.

Отасига мана шундай ёмон муносабатда бўлганларнинг ва бўлаётганларнинг аксариятини, ҳоҳ қиз бўлсин, ҳоҳ ўғил, ҳаётда бири икки бўлмаяпти, боши муаммолардан чиқмаяпти. Отани рози қилмаганни аҳволи шу. Аммо бу ишларни кўриб турган ёшларга бу ибрат бўлмаяпти ва мабодо юқоридагидай ҳолат бошларига тушиб, оналари вафот этса, улар ҳам оталарига юқорида келтирганим, синфдош ўртоғим ва уни опа-сингилларига ўхшаб муомала қилишаяпти.

Албатта юқоридаги ҳолатга тушмай, ўз отасини ниҳоятда ҳурмат қилиб, улар ёлғиз қолгандан кейин уларни уйлантириб, уйлантиришда ҳам "туғмас хотин" қидирмай, балки оталарини парваришига маъсул бўладиган солиҳа бир аёлни топиб уйлантириб, оталарини дуоларини олиб юрган фарзандлар ҳам бор. Аммо тан олайлик бунақалар ниҳоятда озчиликдирлар.

Ҳоҳлардим ҳамма ўз отасини нима воқеа, ёки ҳодиса содир бўлишидан қаттий назар ҳурмат қилса, уни ҳақларига риоя қилса, бошига кўтаргудай бўлса.
Эшитганим, ўқиганим ота фақат куфрга ва гуноҳга бошласа итоат қилинмайди. Ундан бошқа ҳар қандай ҳолатда отага итоат қилинади. Кейин отанининг дуосини олишда катта гап бор. Зеро халқимизда "Ота рози, Худо рози" деган ибора бекорга пайдо бўлмаган.
Отанинг ҳаққини ўзимиз ҳам англаб етайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик. Акс ҳолда юқоридаги ишлар баттар урчиб кетаверади.  Бу эса ёмон ҳолат.

Саломат бўлинглар.