суббота, 7 ноября 2015 г.

Футбол фақат "марказ" учун керакми?

Ўзбек футболи деса охирги йилларда олий лигамиздаги учта гуруҳни тушунадиган бўлиб қолдик.
1-Гуруҳ "юқори элита" яъни чемпионлик, ёки кубокни олиш учун, ёки ОЧЛга йўлланма берувчи ўринлар учун курашадиганлар жамоаси.
2-ўринда эса доимий ўртамиёналар.
3-ўринда эса ҳар йили олий лигадан тушиб кетмаслик учун ўйнайдиган аутсайдерлар.
Ўзбек футболида бу анъана анча йиллар давомида кузатилиб келинаяпти. Мавсум бошидан, ким чемпионлик учун курашади, ким ўртамиёна бўлади, ким лигадан тушиб кетмаслик учун курашади, ҳаммаси аниқ. Бу ҳолатни турли сабаблари бор. Шу сабалардан бири маблағга бориб тақалади. Яъни пули кўп жамоалар юқори ўрин учун курашадилар, ўртамиёналарда пул ҳам "ўртамиёна", лигадан тушиб кетмаслик учун курашаётганларда эса, ҳар йили маблағ муаммоси бор.

Чемпионлик учун курашаётган жамоаларнинг аксарияти анча  йиллардан бери фақат пойтахт жамоаларидир. Минтақалардан эса, биргина "Насаф" жамоаси бор. У ҳам бўлса Қашқадарё вилоятининг энергия манбаларига бой бўлган ҳудуди ва газни қайта ишлаш заводлари жамоага ҳомийлик қилишлари туфайлидир.
Минтақалардаги йирик ишлаб чиқариш корхонаси йўқ бўлган вилоятлар жамоалари асосан лигадан тушиб кетмаслик учун курашадилар. Ёки уларнинг айримларидан олий лигада бир неча йилдан бери биронта жамоа йўқ.

Вилоятларда футбол ўйинига кўпроқ одам тушади, аммо жамоалари маблағ йўқлиги туфайли ё аутсайдер, ёки баъзиларида олий лигада жамоа йўқ. Пойтахт жамоаларида бақувват ҳомийлар бор, аммо стадионларида томошабин йўқ.

Хўш унда марказларда жамоа ташкил қилиш ва стадионлар қуришдан кимга ва нима наф бор?
Ўша ҳувиллаб ётган стадионда мухлисларсиз ўйнаётган ва бақувват ҳомийга эга бўлган жамоалар нега унда Марказда ташкил қилинади? Уларни минтақаларда, айниқса олий лигада жамоаси йўқ вилоятларда ташкил қилса бўлмайдими?

Келинг энди бир тарихни ҳам эслаб вазиятни бир таҳлил қилайлик. Чунки бу муаммо нафақат пойтахт билан юз бераяпти, балки бу муаммо вилоятларда ҳам бор. Қанақасига дейсизми? Шунақасигаки, вилоятлардаги туман марказларининг кўпларида стадионлар хароб аҳволда ва ташкил қилинган жамоа вилоят биринчилигида амаллаб, номигагина ўйнаб юрганда баъзи вилоят марказларида ҳам олий лига, ҳам биринчи лига жамоалари фаолият олиб боради. Аммо уларнинг иккаласи ҳам аутсайдер.

Келинг таҳлилни пойтахтдан бошлайлик.
24 йиллик чемпионатимизда узоқ йиллар пойтахт Тошкент шаҳридан учта жамоа қатнашган. Булар Трактор, МҲСК ва Пахтакор жамоаларидир. (Орада Чилонзор жамоасини олий лигада бир йил меҳмон бўлганини айтмаганда) Кейинчалик эса Тошкент вилоятидан қатнашадиган Дўстлик жамоаси тарқатилиб, ўрнига Академия жамоаси ташкил қилиниб, жамоа Тошкентда фаолият олиб борадиган бўлди. Икки йиллик фаолиятдан кейин бу жамоа батамом тарқатиб юборилди. Кейин эса Бунёдкор" лойиҳаси бошланди. Жамоага бақувват ҳомийлар ҳомийлик қилишни бошладилар. Жамоа учун Жар стадиони жаҳон андозаларига мос равишда таъмирланди. Чимлари алмаштирилди. Эски МҲСК стадиони ўрнидан янги стадион қурилиши бошланди. Энди шу ерда савол туғилади. Мана шу Бунёдкор лойиҳаси қайсидир бир вилоятда ташкил қилинса бўлармиди? Албатта бўларди. Аммо Бунёдкорни тепасида бошида хусусий компаниялар туришди учун уларга "жамоани фалон жойда ташкил қил"-деган босим ўтказиб бўлмасди. Шу учун бу жамоани эгалари ўзлари ҳоҳлаган жойда туздилар ва ўзлари ҳоҳлаган жойларида стадион қурдилар. Аммо Локомотив ҳақида бундай деб бўлмайди. Ўзбекистон Темир Йўллари (ЎзТЙ) томонидан ўртамиёна бўлса ҳам, бир жамоани бутунлай тугатиб, камига уни стадионини бузиб ташлаб, ўрнига ҳеч ким тушмайдиган яна бир янги стадион қуриш учун эҳҳе қанчалаб маблағ ишлатилди.  ЎТЙ ОАЖ бу давлатга қарашли компания ҳисобланади ва фаолияти Ўзбекистонни ҳамма жойини қамраб олади. Шундай экан ЎТЙ ОАЖ Тракторни йўқ қилиб, уни стадионини бузиб ташлаб, уни ўрнида янги стадион қурганча, шу жамоани Термизда, ёки Гулистонда ташкил қилса ва суперзамонавий янги бир стадионни шу шаҳарлардан бирида қурса бўлмасмиди?
Кейин юқоридаги шаҳарлардан бирида кичикроқ бўлса ҳам 4, ёки 5 юлдузли бир меҳмонхона қуриб қўйса, янада яхши бўларди.
Шу баҳона яна биттта шаҳримиз яхши бир меҳмонхона ва стадионга эга бўларди. Кейин ўша шаҳарларда футбол ишқибозлари рақобатбардошли яхши бир жамоага эга бўлардилар. Яна бу нарса ОФКнинг олдида, турли мусобақаларни  ўтказишни сўраганимизда қўл келарди. Чунки 24 йилдан бери ОФКнинг, ёки ФИФАнинг Ўзбекистонга жиддийроқ мусобақаларни бермаётганини сабаби вилоят марказлари бўлган аксарият шаҳарларимизда, аэропорт, йўллар, стадионлар ва меҳмонхоналарнинг талаб даражасида эмаслиги сабаб бўлмоқда. Агар Локомотив лойиҳаси юқоридаги икки вилоятдан бирида ташкил этилганда, УФФ бир ўқ билан камида тўртта қуённи урарди. Ҳам ўша вилоятларга катта футбол қайтарди, яна ажойиб бир стадион қуриларди. Камига эса ўша вилоят жамоаси Ўзбекистондаги энг барқарор ва бой компаниялардан бири бўлмиш ЎзТЙ ОАЖ дек барқарор бир ҳомийга эга бўларди. Яна ўйинларига фан клуб Темир Йўл институти ва лицейида ўқийдиган тала Аммо энди бу лойиҳа амалга ошиб бўлди. Ғишт қолипдан кўчиб бўлди.

Энди буни баъзи вилоятлар миқёсида кўриб чиқсак.
Охирги йилларда Самарқанднинг Динамо жамоаси олий лигада, яна бир жамоаси "Регистон" биринчи лигада ўйнаяпти. Ҳатто ўтган мавсумда Самарқанд шаҳридан биринчи лигада ҳатто иккита жамоа қатнашганди. "Регистон" ва "Шердор" жамоалари. Вилоятдаги туманлардан эса биринчи лигада биттаям жамоа йўқ.  Хўш, худди шу ерда, энди савол туғилади. Динамо жамоаси олий лигада муносиб қатнаша олмаслигига ва ҳар йили аутсайдерлар орасида юриб, олий лигадан тушиб кетмаслик мақсадида ўйнаб юришига асосан маблағ етишмовчилиги сабаб бўлаяпти ва бундай шароитда вилоят марказида анчагина маблағ харажат қилиниб биринчи лига учун жамоа ташкил қилиш, уни ўйнатиш кимга керак?
Ўша жамоани туманлардан бирида ташкил қилиш қийин ишми? Бу ерда туманларда футбол жамоаси йўқ экан деган тушунчага борманг. Ҳамма туманларда жамоалар бор ва улар вилоят биринчилигида қатнашишади. Аммо ҳаммаси хўжакўрсинга ташкил қилинган. Етарлича эътибор йўқ.
Туманларда футбол учун маблағ етишмайди дейсизми? Балки шундайдир. Аммо вилоят бош жамоаси учун ҳатто узоқ туманлардаги ўзини муаммоларини ўзи еча олмаётган фермерларгача, маълум бир миқдорда пул тўлатирилаётганини қандай тушуниш керак?
Ёки бошқа ташкилотлардан ҳам маълум миқдорда пуллар ундирилаяпти.
Ҳа шундай, тумандаги вилоят биринчилигидаги жамоалар учун маблағ топилмаётган ҳолатда, вилоят бош жамоаси учун маблағ топилмоқда. Туманлардаги стадионларнинг аксарияти аянчли аҳволда қолмоқда. Масалан мамлакатимиздаги аҳоли сони бўйича биринчи ўринда турадиган Ургут туманинг маркази Ургут шаҳрида стадион йўқ!? Йўқ , стадион бор, аммо у стадиондан ҳам кўра мол-қўй боқиладиган яйловга ўхшайди. Атрофи одамларнинг уйи билан ўраб олинган, кўчаси тор ва ҳоказо аҳволда анча йиллардан бери қаровсиз ётибди. Ургут туманида "Чинор" номли жамоа ҳам бор, аммо шу
жамоани бирон ерда ўйини ҳақида эълон, ёки ўйинини қайерда ўтказиши ҳақида хабар йўқ.   Албатта туманда стадиондан ҳам зарур, ҳал қилиниши долзарб бўлган муаммолар кўпдир. Аммо тумандаги ҳар хил корхоналардан, фермерлардан футбол учун йиғиб олинаётган маблағ борича, етгунича туман футболини ривожлантириш, стадионнни бошқа жойдан янгитдан қуриш, ёки "Чинор" жамоасини молиявий қўллаб-қувватласа мақсадга мувофиқ бўлмайдими?
Бу саволни қўяётганимни асосий сабаби агар Ургутда кичикроқ бўлса ҳам замонавий бир стадион қурилса ва туман жамоаси биринчи лигада ҳатто ўртамиёна қатнашса ҳам Тошкентдаги ҳашаматдор стадионларга тушадиган мухлислардан кўпроқ мухлис мухлислар киришади. Агар футбол мухлислар учун ўйналади десак, демак минтақалар футболини ривожлантириш вақтэ аллақачон бўлган.
Албатта бу масалада гапираман деса гап кўп. Аммо бизда қачонгача футболни фақат марказларда ташкил этиш, марказларда стадион қуриш, марказларда футбол инфрастуктурасини ривожлантириш давом этади. Минтақаларга навбат қачон келади.

воскресенье, 25 октября 2015 г.

ДОЛЛАР ВА ИЖАРА

ЯНА БИРОЗ ДОЛЛАР ВА ИЖАРА ҲАҚИДА!

(Фақат "жонга тегди-да, буям"-деманг. Буниси фойдали.)

Охирги кунларда мамлакатимизда "қора бозор"да (энг аниқ ва реал бозорни ўзиям аслида шу) доллар курсини кескин ошиши кузатилди.
Аслида бу ошиш ўтган йилнинг кузидан бери давом этиб келаяпти ва буни натижасида ўтган йилнинг кузида 1 АҚШ долларининг нархи 2700-2800 сўм бўлган бўлса, жорий йилнинг 20- октябрига келиб 1АҚШ долларининг нархи 5000 сўмга чиққанди.
Аммо 21-22 октябрь кунлари, бирданига доллар курси кескин ошаверди ва нархлар 1АҚШ долларининг нархи 6000-6200 сўмга чиқиб кетди. 24 октябрь ва ушбу ёзувлар ёзилаётган 25 октябрга келиб нархлар бироз пастлади ва 5500-5600 сўмга тушди. Аммо бу нархлар шу ҳолида қоладими, ёки тушадими бу ҳаммага қоронғу бўлаяпти. Тахмин эса кўтарилишга бўлаяпти.

Ҳаммамизга маълумки мамлакатимизда жуда кўп соҳаларда савдо, ижара ва ҳоказолар долларда юритилади. Буни сабаби одамларимизда сўмга бўлган ишончнинг йўқлигидир. (Чунки сўмда ижара беришса, ёки сотишса, сўм долларга нисбатан қадрсизланаяпти ва буни оқибатида кеча сўмда сотиб олган нарсангизни бугун доллар ошгани туфайли нархини кўтариб қўйишаяпти ва қайта сотиб ололмаслигингиз мумкин.)
Шу туфайли юртимизда ижара (аренда) олдиндан долларда ҳисоблаб келинган.
Квартира ижараси дейсизми, хусусий дўконлар ижараси дейсизми, ёки машиналар ижараси дейсизми, ҳамма-ҳаммаси долларда берилади. Мана шундай курслар ошиб кетганда ижарачилар ижара ҳаққини тўлашда жудаям катта муаммоларга дуч келмоқдалар. Чунки ўтган йил  200 доллар учун 550-600 минг сўм сарфлаган ижарачилар, бугунги кунда ана шу 200 доллар учун 1.150.000-1.200.000 сўм сарфламоқдалар. Аммо у ижарачиларнинг реал даромадлари баравар ошган эмас. Курслар ошиб кетмасидан олдин маъошини ярмини квартира ижараси учун тўлаётган оила, бугун маъошини ҳаммасини тўлаб ҳам барибир етказа олмаяпти. Ёки машинани пулини бўлиб тўлаш шарти билан олган таксист, ўтган йил ўн беш кун ишлаган пули билан бир ойлик ижарасини тўлаган бўлса, бу йил бир ой ишлагани ҳам бир ойлик ижара ҳаққига етмаяпти. Ёки хусусий шахслардан дўкон, ошхона ва ҳоказо бошқа нарсаларни ижара олган ижарачиларда ҳам аҳвол шундай.
Хўш аҳвол шундай давом этаверса, доллар ошаверса, буни оқибатида ижарачилар ижара ҳаққини амаллаб тўласа, ёки тўлай олмай, ўз хизматларини, маҳсулотларини нархини ошириб, бораверса ва бу нархлар ошиши асосий истеъмолчи бўлган оддий халқни елкасига тушиб бораверса, охири нима бўлади?
Бу ҳолатда вазиятни бироз юмшатишни имкони борми?
Албатта бор!

Мана шу ўринда севикли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўгитлари бўлмиш қарз бериш, уни кечиктириш, тўлай олмайдиганлардан ўша қарзни кечиб юборилиши жудаям савобли иш эканлиги ҳақидаги ҳадисларни амалига ўтсак вазият ҳаммамиз учун хайрли бўларди инша Аллоҳ.

Ижара тўлаши керак бўлган одам бу қарздор ҳисобланади дегани. Ижарага берган одам эса қарз берган одам ҳукмидадир.
Шундай экан юртдошларимиздан кимлар ижарага бериш билан шуғуллансалар, бунақа шароитда майли ижара ҳаққини сўмга ўтказмасалар ҳам, авваламбор ижара ҳаққини туширсинлар. Кейин агар ижарачи ижара пулини тўлашни кечиктираётган бўлса, ундан вақтида тўлашни талаб қилмай, бироз муҳлат берсинлар.
Ёки ижарачининг аҳволини кўриб турибдилар, ижара пулини тўлайман деб, ҳарқанча елиб-югуриб ишламасин барибир унга ижара ҳаққини тўлашга имкони бўлмаяпти, ёки иложини қилолмаяпти, мана шунақа ҳолатларда ижара ҳаққининг бир қисмини кечиб юборсинлар. Мана шу энг адолатли, энг савобли иш бўлади. Чунки ҳаммамиз кўриб турибмиз, ниманидир ижарага олган одам, ўша ижарага олган нарсасини ҳавасга олмаган, балки мажбурликдан, сотиб олишга маблағи етмаслигидан ижарага олган. Уларниям аксариятида оила, бола-чақа бор, ёки бошқа харажатлар бор. Бунақа курслар ошиб кетганда долларга ҳисобланган ижара ҳаққини тўлаш ва бошқа харажатларга етарли маблағ топиш уларга жуда қийин бўлаяпти.

Яна бир "ижарасини тўлай олмаса топшириб юборсин"- деган мулоҳаза ҳам бўлиши мумкин. Аммо ижарачи тўлай олмай ижарага олган нарсасини топшириб юборса, бу билан муаммо ҳал бўлмайди. Кейин савдо дўкони, ошхона каби нарсаларни ижарасини тўлай олмаса эгасига топшириб юбориши мумкин, аммо ўз уйи бўлмай ижарага уй олиб яшаб юрганлар нима қилишсин. Ижарага яшаб юрган уйини топшириб юборишса бола чақалари билан кўчада қолишадику! Демак муаммонинг ечими "топшириб юбориш" билан ҳал бўлмайди.

Шу ерда "ризқни ташвишини қилмасин, уни Аллоҳ етказади" деган фикр ҳам берилиши мумкин. Буям тўғри.  Аммо динимизнинг кўрсатмаси барибир кўпроқ хайр-саховат қилишга, етим-мискинларга ҳам маблағ томонидан ёрдам бериш ва таъом беришга, муҳтож бўлганларга қарз беришга, кейин қарз олган одам имкони бўлмай тўлашни кечиктирса ўша қарзни тўлаш муддатига яна муддат қўшиб беришга, агар қарз олган одам имкони бўлмай, тўлай олмаса ўша қарздан кечишга тарғиб қилади. Биз шуларга тарғиб қилинганмиз, буюрилганмиз. Зеро бу ишлар юксак инсонпарварлик ишлардир.

Шундай экан ҳоҳлардик ижарага нарса бераётган юртдошларимиз мана шундай ҳолатларда ўз биродарлари ва миллатдошлари бўлган ижарачиларга раҳм-шавқат ва хайр-саховат кўрсатсалар.
Ижара нархларни туширсалар, ижара ҳаққи тўлаш муддатини узайтирсалар, тўлай олмайдиганлардан ижара ҳаққини маълум бир ойларга Аллоҳ йўлида кечсалар. Мана шуларни уларни кўнгилларига солишни Аллоҳдан дуо қилиб сўраб қоламиз.

Бизларга шу ўгит-ҳадисларни ўргатган Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга салому саловотларимиз бўлсин. Бизни Ўзининг Ҳақ йўлига бошлаб, Ўзини танитган ва Ўз Китобида бизларни инсонпарварликка, меҳр-оқибатга ва ҳаммага яхшилик қилишга буюрган Аллоҳ азза ва жаллага ҳисобсиз ҳамдлар бўлсин.

"БИРЛАШМАГАН" МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИ.

БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИ!
(Ҳақиқатдан шундайми? Миллатлар ҳақиқатдан "бирлашганларми"?)

Сўз боши

Аслида қуйида ёзмоқчи бўлган фикрларим кеча, бугун пайдо бўлган эмас, балки камида 25 йиллик кузатувлар, жаҳонда рўй бераётган ишлар ҳақида анчадан бери йиғилиб келаётган фикрларимдир. Аммо бу фикрларни бир жойга жамлашимга шу пайтгача нимадир халақит бераётганди ёки ўзим ҳафсала қилмай юргандим.

Аммо кеча янгиликлардан 24-октябрь, бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотини (БМТ) тузилган ва туғилган санаси эканлигини тасодифан эшитиб қолдим ва энди ўша фикрларни бир жойга жамлаш вақти келганлигини англадим.

Иккинчи Жаҳон Уруши тугагандан кейин бу уруш ғолиблари бир стол атрофига ўтириб, дунёда фашизмга ўхшаган ғояларни тарқалиши бошқа такрорламаслиги учун дунёни назорат қилиб туриш лозимлиги ва бу учун дунё миқёсидаги бир ташкилот бўлиши кераклиги ҳақида маслаҳатлашдилар. Ва охири ҳар бир тараф ўз манфатларидан келиб чиқиб, ўз шартларини қўйган ҳолда шундай халқаро ташкилот тузиш ҳақида келишдилар ва уни номини БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИ  деб номладилар.

Юқорида ҳам айтдим Иккинчи Жаҳон Урушининг ғолиблари ўз манфатларидан келиб чиқиб, ўз фойдаларини ўйлаб бу ташкилот қонун-қоидаларини ишлаб чиқдилар.
Бу қонун-қоидаларнинг энг муҳимларидан бири шундай эдики, бу ташкилотни доимий аъзолари беш нафар бўлади. Булар АҚШ, СССР (ҳозир Россия), Англия, Франция ва Хитой давлатларидир. Аслида доимий аъзолар тўрт нафар бўлиб қолиши ҳам мумкин эди. Аммо СССР томони келажакда муҳим қарорлар қабул қилинишида яккаланиб қолишдан хавотирланиб Хитойни ҳам доимий аъзоликка олиш талабини қўйди ва томонлар бунга рози бўлишди. Ва тариқа 1945 йил, 24-октябрь БМТ тузилган кун деб қабул қилинди.

Ўзлари йирик ва ривожланган иқтисодга эга бўлсаларда мағлуб давлатлар, Япония ва Германия, уларга тарафкашлик қилган Италия ва Испания гарчи урушдан кейин ўз позицияларини ўзгартирган ва кўпгина масалаларда АҚШга иттифоқдош бўлсаларда бу ташкилотга доимий аъзо қилинмадилар ва оддий аъзо сифатида ҳам кейинчалик қабул қилиндилар. Уларнинг "айби" урушда мағлуб бўлганлари эди.

Албатта бу ерда бу ташкилотни бошида аъзолари нечта бўлган ёки бошқа қонун қоидалари нима бўлган келтириб ўтирмайман. Чунки асосий урғу юқоридаги беш давлатни нега орадан 70 йил ўтиб ҳам, жаҳондаги аксар давлатлар катта тараққиётни босиб ўтиб, ўша даврда қолоқ бир мамлакат ҳисобланган кўпгина мамлакатлар ривожланиб, жаҳонда ўз сўзини айтаётган маҳалда ҳам, БМТни ислоҳ қилишни ҳоҳламаётгани ва доимий аъзолар ҳануз уларни ўзлари бўлиб қолаётганига берилади.

Тарихга назар ташласак шу ташкилот тузилгандан бери дунёда нима воқеа-ҳодисалар рўй берган бўлса доим юқоридаги бешовлонни манфаати биринчи ўринда бўлган. Ҳа шундай, жаҳонда тинчликни сақлаш эмас, Ер юзида экологияни мусаффо сақлаш эмас, тинч-тотув яшаш эмас, балки ўша бешовлонни ҳоҳишига қараб иш тутилган. Улар хоҳласалар ўз фойдалари ва манфатларидан келиб чиқиб дунёни турли ерларида уруш чиқарганлар, хоҳласалар ўша урушни тинчитганлар, хоҳлаган ишларини қилганлар.

Бу ташкилот жарангдор қилиб "Бирлашган Миллатлар Ташкилоти" деб аталган бўлсада ўтган шу 70 йил давомида на миллатларни ва на давлатларни манфатлари учун хизмат қилмаган. Аксинча ўзини шубҳали қарорлари-ю резолюциялари билан ҳаммани ҳайратига ва хавотирига сабаб бўлган холос.

Эсланг, ўтган асрдаги Веътнам воқеалари дейсизми ёки Афғонистондаги урушлар дейсизми, ёки Африка ва Осиёдаги кўплаб давлат ва миллатларни мустамлакачиликдан қутилиш йўлида олиб борилган миллий озодлик ҳаракатлари дейсизми ҳамма-ҳаммаси шу бешовлонни манфатларидан келиб чиққан қарорлари туфайли ё у ёқлик ёки бу ёқлик қилинган. Биронта воқеа-ҳодиса йўқ-ки улар ўз манфатларини тиқиштирмаган бўлишса.

Ёки ўтган асрнинг 50-йилларида бу ташкилот томонидан резолюция қабул қилиниб Яқин Шарқда тенг ҳуқуқли иккита давлат тузилди. Улардан бири яҳудийлар давлати Исроиль бўлса, иккинчиси араблар давлати Фаластин эди. Аммо резолюция қабул қилинган заҳоти бу бешовлон Исроилга давлатни тиклашда катта ёрдам кўрсатдилар. Камига эса уни тиш тирноғигача қуроллантириб Фаластинни батамом, Сурия, Иордания, Ливан ва Мисрни  ерларидан бир қисмини босиб олишига шароит яратиб бердилар. Ўшандаёқ бу ташкилот Ер юзининг тинчлигини сақлаш йўлида эмас, балки тинчлигини бузиш учун тузилганини кўпчилик илғор фикрли кишилар тушуниб етган эдилар. Ўша воқеалардан кейин мана қарийб 70 йил ўтаяпти-ки Фаластин давлати мустақил бўла олмаяпти, Қуддусни Исроилдан ажратиб ололмаяпти, ёки Исроиль Сурияга Жўлон тепаликларини ёки Ливанга жанубий Ливандан босиб олган ерларини қайтармаяпти. Ёки анча йиллардан бери Жанубий-Шарқий Осиёдаги баъзи буддовийлар ҳукмрон бўлган давлатларда озчилик бўлган мусулмонлар ўз эътиқодлари учун жоҳил буддовий оломон томонидан ўлдирилмоқда, уйларидан қувиб чиқарилмоқда, геноцид қилинмоқда. Аммо бу ташкилот бунгаям панжа орасидан қарамоқда. 
Бу ташкилотни нима учун тузилгани шундан ҳам маълум.

(Шу ўринда бир маълумот. Ўтган 2014 йилда БМТнинг фан, таълим ва маданият бўлими бўлмиш ЮНЕСКО бош ташкилотдан фарқли равишда Фаластинни аъзоликка қабул қилди. Бундан дарғазаб бўлган АҚШ ва Исроиль ҳукуматлари ЮНЕСКОга молиявий ёрдам кўрсатишни тўхтатишлари ҳақида дағдаға қилдилар. Аммо ЮНЕСКО ҳам бўш келмади ва агар бу икки давлат молиявий ёрдамни тўхтатсалар иккалалари ҳам ўз аъзолигидан (яъни ЮНЕСКО аъзолигидан) ўчиришини маълум қилди.)

Бу ўтган ХХ- асрдаги ҳолат эди. Ўшанда кўплаб мамлакатлар мустамлакадан энди озод бўлган, қолоқ бир ўлкалар эди. Ва уларнинг аксарияти бу бешовлонни "дунёда тинчликни сақлаш йўлида" олиб бораётган ишларини муҳокама қила олмас, ўзлари билан ўзлари овора эдилар.
Аммо ХХ-асрнинг охири ва ХХI-асрга ўтиб энди дунёдаги аҳвол ўзгарди. Бир пайтлар қолоқ давлатлар ҳисобланган давлатлар энди иқтисодий ривожланган давлатлар қаторига кирдилар. Бир пайтлар дунёни аксари қолоқ бўлган ҳолда, энди уларнинг аксари ривожланиб кетдилар. Қолоқ давлатлар саноқлигина қолди. Энди ўша ривожланган давлатларнинг баъзилари БМТ олиб бораётган ишлардан умуман қониқмай, бу ташкилотни ислоҳ қилиш ва доимий аъзолар сонини ошириш ҳақида  гапира бошладилар. Аммо ҳозирча бу натижа бермаяпти. Бешовлонни дунёни бошқариш жиловига бошқаларни шерик қилиш ниятлари йўқ.

Айниқса ХХI-асрга ўтиб бу бешовлон дунёни батамом нотинчга айлантирдилар. Уларни ўз манфатларини ўртага қўйиб олиб бораётган ишлари аслида ўзи заррача обрўси бўлмаган бу ташкилотни баттар обрўсини туширди. 2001 йилда АҚШ ҳеч бир сабабсиз Афғонистонга бостириб кирди. 2004 йилда Ироққа бостириб кирди ва Ироқ ҳозирги кунда батамом вайронага айланиб бўлди. "Араб баҳори" деб аталмиш тўполонлар ҳам шу бешовлон раҳнамолигида бошланиб, буни оқибатида Миср нотинч бўлиб қолди, Ливия ва Сурияда уруш ўчоқлари ёқилди.
Умуман олган бу бешовлон охирги йигирма йилликда ниҳоятда ҳаддиларидан ошдилар ва дунё давлатлари устидан ҳоҳлаган ишларини қилаяптилар. Энди кўпгина минтақаларда одамлар бирон ҳодиса рўй берса шу ташкилот ва уни доимий аъзолари бўлмиш шу бешовлондан бирининг бориб аралашишидан қўрқиб ҳам қолишди.
Бир пайтлар тузилаётганда "энди дунёни тинч ушлаймиз, фашизмни тарқалишига ва Ер юзида уруш бўлишига йўл қўймаймиз" деб жаҳон афкор оммасига катта-катта ваъдалар берган бу бешовлонни ўзлари маъжозий маънода дунёда доим нотинчлик келтириб чиқараётган қўштирноқ ичидаги фашистларга айландилар. 

Номи "Бирлашган Миллатлар Ташкилоти" деган жарангдор номга эга бўлса-да бу ташкилотда ҳеч қандай "миллатлар бирлашмаган". Аксинча ўша бешовлон қўлида бошқа миллатлар топталмоқда холос. Тўғри ҳар йили йигирмага яқин давлатларга бир йиллик мажлислар учун вақтинчалик аъзолик ҳуқуқи берилади. Ва ўша давлатларнинг вакиллари бир йил давомида ўтказиладиган мажлисларда қатнашадилар, аммо ишонинг уларни у ерда бир йил ишлашлари ҳеч нарсани англатмайди ва ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Чунки асосий масалалар юқорида тилга олинган бешовлон томонидан ҳал қилинади.

Яна бир муҳим масала шуки бу бешовлонни дунёда тинимсиз урушлар ва тўполонлар чиқаришларини асосий сабабларидан бири бу бу бешовлонни ғоялари доим ҳам бир бирига тўғри келавермаслигидир.
Чунки бу бешовлон бу ташкилот тузилган пайтдаёқ бир-бирига қарши бўлган икки қутбга бўлинган эдилар. Яъни СССР ва Хитой "социализм" йўлида бўлсалар, Англия, Франция ва АҚШ  юқоридаги икковлон наздида "капитализм"да эдилар ва бу икки гуруҳнинг гаплари доим ҳам бир жойдан чиқавермаган. Мана шундай ҳолатда бир масала ҳақида қарор, ёки резолюция қабул қилиниши керак бўлса бу қарор ёки резолюциядан мафатдор томон уни зўр бериб қўллаб қувватлаган. Иккинчи томон эса у қарор ёки резолюциядан манфатдор бўлмаганлиги туфайли у қарор ёки резолюцияга таъқиқ ("вето" дейилади) қўяверган. Қарор ёки резолюция шу тариқа қабул қилинмаган ва энди бу масалага улар бекитикча, зимдан аралашаверишган. Ва шу туфайли дунёда тўполонлар, низолар келиб чиқаверган, ёки кўпайиб бораверган.

Ўқувчиларда "муаллиф роса муболаға қилиб юборибдику"- деган фикр ҳам бўлиши мумкин. Агар шундай ўйлаётганлар бўлса унда тузилгандан бери бу ташкилотни жаҳон аҳамиятига, ёки минтақалар аҳамиятига эга бўлган нимадир бир хайрли иш қилганини, ёки бирон жойда уруш чиқиши эҳтимоли бор жойда урушнинг олди олинганини, ёки бирон бир ишни адолат билан ҳал қилинганини айтиб беринг. Чунки ман эслай олмаяпман. (Ўзи ундай ишлар, бу ташкилот тарихида, аслида ўзи бўлмаган.)

Хулоса ўрнида.

Энди дунё ўзгарди. Ва дунё давлатларини қарийб ҳаммаси тараққиёт йўлида ривожланиб бормоқда. Шундай экан энди уларнинг ҳар бирининг БМТда ўз овози бўлиши керак.
Энди уларни устидан юқоридаги бешовлонни ҳукм чиқазишга ҳақлари йўқ.
Энди бу ташкилот ислоҳ қилиниши керак. Агар юқоридаги бешовлон бу ташкилотни ислоҳ қилишни  ҳоҳламасалар ҳамма давлатлар йиғилиб, маслаҳатлашиб бу ташкилот аъзолигидан чиқиб кетиб, бошқа адолатлироқ ташкилот тузишлари керак ва бу ташкилотда ирқи, дини ва миллатидан қаттий назар тенг ҳуқуқлик таъминланиши керак. Ана шунда Ер юзини турли бурчакларида тўполонлар, урушлар, нотинчликлар камаярмиди.

(Яна бир маълумот. БМТ дунёдаги халқаро даражада тузилган биринчи ташкилот эмас. Бунгача 1919 йилда тузилган "Миллатлар Лигаси" деган ташкилот бўлган ва у ҳам Биринчи Жаҳон Уруши ғолиблари томонидан тузилган. Ва асосан Европа давлатлари томонидан бошқарилган. 1945 йилда тарқатиб юборилган ва ўрнига БМТ тузилган. Бу ташкилот ҳам БМТ га ўхшаб уни тузган давлатларнинг фойда ва манфатларига хизмат қилган холос).