четверг, 10 января 2019 г.

Метан заправка муаммолари

НИМА УЧУН НАРХ-НАВО ОШИБ БОРМОҚДА?
Ёки метан қуйиш шаҳобчаларини қийнаётган муаммолар ҳақида аниқ гаплар

(ЎзА да метан қуйиш шаҳобчаларини қийнаётган муаммолар, уларга газни лимит асосида берилиши ортидан чиқиб келаётган муаммолар, шунингдек янги солиқ концепцияси ортидан чиқиб келган муаммолар ҳақида метан қуйиш шаҳобчаси раҳбари батафсил гапирибди. Қизиқарли бўлгани учун шуни сизларга ҳам илиндим
http://www.uza.uz/oz/society/nima-uchun-narkh-navo-oshib-bormo-da-10-01-2019?m=y&ELEMENT_CODE=nima-uchun-narkh-navo-oshib-bormo-da-10-01-2019&SECTION_CODE=society)

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА ҳамда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси ҳамкорликда 2 кун давомида республика ҳудудларидаги автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида 1 куб газнинг сотилиш нархини ўрганиб жамоатчиликка тақдим этилди. 

Ана шу жараёнда юртимизда 692 газ қуйиш шохобчаси фаолият юритаётганига гувоҳ бўлдик. Маълумотларга кўра, жорий йилда яна 15 шохобча қурилиши учун рухсат берилган. Бироқ, баъзи манбаларда “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти мавжуд шохобчаларда ойлик лимит миқдорини 12 фоиздан 17 фоизгача қисқартирган айтилмоқда. Бу ҳудудлардаги газ қуйиш шохобчаларида нарх-навонинг ўзбошимчалик билан оширишга сабаб бўладими? 

Бу ва бошқа бир қатор саволларга пойтахтимиздаги автомобилларга сиқилган газ (метан) қуйиш шохобчаси раҳбари Малика Муродова ўз мулоҳазаларини билдирди. 

– Битта шохобчага ойига лимит асосида300куб табиий газ берилса, у йигирма ёки йигирма беш кунда сотилади. Қолган кунларда шохобча маҳсулотни икки баробар қимматига харид қилиши керак бўлади. Лимит доирасида бир куб табиий газнинг нархи 800 сўм бўлса, у тугаганда 1600 сўмдан “Ўзтрансгаз”дан харид қиламиз. Бундай нархда ҳеч қандай чеклов йўқ. Истаганча, харид қилишингиз мумкин. Лимит қисқаришига эса газни экспорт қилинаётгани рўкач қилинмоқда. Ваҳоланки, экспортга 150 долларга сотилади. Биз қўшимча олмоқчи бўлсак, қарийб 200 долларга баҳоланмоқда. 

Солиқ қўмитасидан сўрадим. Лимит борлигида ҳар ойда 20 кун 1950, кейин 10 кун 2400 сўмдан сиқилган газ сотсам, кейинги ойнинг бошида яна 1950 сўмдан сотишга ҳақим борми? “Йўқ, битта нархни ушлаш керак”, деган жавобни олдим. 

Лимит тугаса, ҳар ойнинг 20 кунидан кейин ёпилишим ёки ҳар ойда ўн ёки 5 кун зарарга ишлашим керак? Мисол учун, ўтган йилнинг ноябрь ойнинг 27 – санасида лимит тугади. Мен ёпилишим ёки мижозни йўқотмаслик учун нархни ушлашиб туришим керак эди. Шунда нима қилай? деган савол билан прокуратурага маслаҳат солдим. Улар тезда вилоят газга телефонограмма беринг дейишди. Уни қабулхонага юбордим. Эртасига кимда лимит ортиб қолган бўлса, сизга қўшиб берамиз, дея қўнғироқ қилишди. Лекин, декабрь ойида ҳисоб -фактура олганимда ўша уч кунда олинган қўшимча маҳсулот учун 1600 сўмдан ҳисоблаб, пул олиб қолишди. 

– Демак, нархнинг кескин ошишини сиз лимитни камайтирилгани билан изоҳлайсиз ёки яна бошқа сабаблар ҳам борми? 

– Лимит билан ёнма-ён солиқ масаласи ҳам турибди. Биз жорий йилнинг 1 январигача иккита – истеъмол ва ягона солиқ тўлар эдик. Улар умумий ҳаражатларни 21 фоизига тўғри келарди. Энди эса солиқлар сони кўпайди. Ер-мулк, сув, даромад, ҚҚС ва бошқалар. Шу тариқа давлатга тўлайдиган солиғимиз январдан 22 фоизга етди. Унинг устига 360 сўм ҳам қўшилди. Энг қизиғи, солиқ қодексидан 237-моддани олиб ташланиши ҳисобига биз табиий газ учун икки марта акциз солиғи тўлашга мажбур бўляпмиз. 

Газнинг нархига келадиган бўлсак, унинг бир куби ҚҚС билан бизга 800 сўмга тушади. Бунда табиий газнинг нархи 567 сўм, 100 сўм акциз ва 133 сўм ҚҚС. 

— Наҳотки, жуда арзон олар экансиз-ку? Қизиқ,унда нега 1900 – 1950 сўмдан сотишни хоҳламайсиз, нима ютқазасиз? 

— Шу кунларда бу саволни кўпчилик бермоқда. Энди ҳисоблаб, кўринг. Январь ойида “Ўзтрансгаз” менга 300 куб лимит берди. Уни 20 кунда сотаман. 21 кундан газни 1600 сўмга оламан. Шу куни газни нархи бирдан ошади. Чунки, мен 1600 сўмдан газ олиб, устига акциз солиғини қўшсам 1960 сўм бўлади. Қандай қилиб 1950 сўмдан сотаман? 

— Хўп. Шундай ҳам дейлик, лекин 2100–2200 сўмдан сотиш инсофсизликдай назаримда. Ахир, сиз йигирма кун газнинг бир кубини ҚҚСни ҳисобламаганда 667 сўмдан оляпсиз-ку? 

— Оддий мисол. Мато олиб тикувчига борсангиз,либос учун қўшимча безак воситалари ва иш ҳақига тўлайсиз. Шунда олинган мато 200 минг сўм бўлса, тайёр либос ҳолида 300 минг сўм бўлади. Шунга ўхшаб биз ҳам табиий газни 667 сўмдан олсакда, уни тўрт марта тозалаб, шунча қуритамиз. Сўнгра, тўртта босқичда 2 атмосферадан 200 атмосферагача сиқилади. Ана шу жараёнлардан кейин автотранспорт воситаларига ёқилғи сифатида сотилади. Бизда савдо шохобчаси эмас, маҳсулотни тоннада олиб, литрлаб сотадиган. Аксинча, табиий газни қайта ишлайдиган мини заводмиз. 1 куб табиий газни қайта ишлаш учун камида 700–800 сўм ҳаражат киламиз. Унга 667 сўм газнинг нархи, 80 – 96 сўмгача электр энергиясининг нархини қўшинг. 

Харажатимиз ҚҚС ва акцизсиз 1447 сўмдан 1613 сўмгача етади. Унга 20 фоиз ҚҚС қўшсак нарх 1736,4 дан 1935,6 сўмга, акциз солиғи360 сўм қўшилса 1 куб сиқилган газнинг нархи 2096,4 дан 2295,6 сўмгача боради. Айниқса, куз-қиш мавсумида газ босими билан боғлиқ муаммолар қўшимча энергия истеъмолига ва сиқилган газнинг тан нархини ошишига ҳам таъсир қилади. 

Энди иш ҳақига келсак. Бизда 25 нафар ишчи бор. Шохобчада тўртта компрессор ишлайди. Уларни ишлатишга камида иккита мутахассис керак. Иккита одам кассада ўтиради. Чунки, 24 соат давомида битта одамга ўтириш қийин. Улар смена билан ишлайди. Яна иккита ишчи газ қўйиб туради. Шу тариқа уч сменада 18 ишчи ишлайди. Шунингдек, назорат ўлчов асбоблари мутахассиси, электрик, чилангар уста, муҳандис, ҳисобчи керак.Шохобчаларда портлашлар бўлгандан кейин биз эҳтиёт чораси сифатида битта ходимни эшик олдига қўйишга мажбур бўлдик. Улар кираётган машинанинг газ баллони созлиги, ҳужжатларининг тўғрилигини,вақтида кўрикдан ўтганини текширади. 

Яна бир гап. Бизни Ўздавнефтгазинспекция, Саноатконтехназорат, Ёнғин хавфсизлиги, Табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси, Ўзстандарт каби юқори ташкилотлар текширади. Уларнинг йўриқномаларини, талабларини бажариш – бу юқори хавфга эга бўлган объектларнинг вазифаси. Табиий газдан фойдаланиш қоидаларига асосан газ тўлдириш компрессор шохобчалари, ўзимизни газ тармоғини, технологик ускуналарни соз ҳолатда сақлаш ва уни ўз ҳисобимиздан таъмирлаш-тиклаш, техник ҳолати, ички газ тармоқлари ва газдан фойдаланиш ускуналарини техник тафтишдан ўтказиш ва уларга профилактик хизмат кўрсатишимиз керак. Буларга ҳам озмунча харажат кетмайди. Мана шуларнинг ҳаммасини инобатга олинган ҳолда шохобчаларда сиқилган газнинг нархи чиқарилади. 

Шундай экан, юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожлантирилиб, рақобат эркинлиги биринчи ўринга қўйилган пайтда, ДСҚ ҳам Молия вазирлиги газ қуйиш шохобчаларида нархларни оширишга асос йўқ деб ҳисоблаши, Молия вазирлиги алоҳида хабарда нархларни асоссиз оширган газ қуйиш шохобчаларига нисбатан чоралар кўрилишини маълум қилиши – шу тўғримикан?.. 

Сайёра Шоева тайёрлади.

среда, 9 января 2019 г.

Узтрансгаз раҳбарининг аравани қуруқ олиб қочиши

*Суюлтирилган газ билан таъминланаётган ҳудудларда табиий газ қувурлари тикланадими ёки Ўзтрансгаз АЖ бошқарув раисининг гапни қуруқ олиб қочиши ҳақида*

Халқаро пресс-клубда ўтказилган суҳбатда “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Баҳодир Эшмуратов турли саволларга жавоб [берибди](http://www.uza.uz/oz/society/suyultirilgan-gaz-bilan-taminlanayetgan-ududlarda-tabiiy-gaz-09-01-2019?m=y&ELEMENT_CODE=suyultirilgan-gaz-bilan-taminlanayetgan-ududlarda-tabiiy-gaz-09-01-2019&SECTION_CODE=society).

Ўша саволлардан бирида яқинда Қозоғистон орқали водий вилоятларига газ олаётганимизни раис "Биз газни қозоқлардан олмаяпмиз, у ўзимизни газимиз. Шунчаки уни Қозоғистон қувурлари орқали олаяпмиз" дебди.

*"Суюлтирилган газ билан таъминланаётган ҳудудларда табиий газ қувурлари тикланадими?"* - деган саволга жаноб раис қўйидагича жавоб берибди:
*"Биз нима учун истеъмолни суюлтирилган газга ўтказдик? Табиий газни етказиб беришдаги узоқликлар, йўқотишларни ҳисобга олиб шу йўлни тутдик. Баъзи ҳудудларга табиий газни етказиб бериш жуда қийин. Сарф-харажат ошиб кетаяпти"*

Шу ерда Ўзтрансгаз АЖ бошқарув раисининг гапни қуруқ олиб қочаётгани билиниб қолади.
Тушунтираман. Бугунги кунда гази узилиб, газ баллонларда суюлтирилган газ етказиб берилаётган жойларнинг Узтрансгаз АЖ раиси айтгандай марказдан узоқ ва қувурлар орқали газ етказиб бериш қийин бўлган ҳудудлар ҳам бор.
Аммо, марказларда ва марказларга яқин ҳудудлар борки, уларга газ етказиб бериш асло муаммо ҳам, қийин ҳам эмас.

Ана ўшандай ҳудудлардан бири Ургут туманидир.
Бу туман ҳудудининг бошланиш жойи вилоят марказидан 15 км, туман маркази Ургут шаҳри 40 км, туманнинг олис ҳудуди 50-55 км узоқликда жойлашган. Туман ҳудуди вилоят марказидан унча узоқ бўлмасада мана неча йиллардан бери бу туманга тузук-қуруқ газ берилмайди. Ҳозир Ургут эркин Иқтисодий Зонадаги айрим корхоналарга газ берилаяпти деб эшитаман, аммо аҳоли учун умуман газ берилмаяпти. Ҳатто туман маркази Ургут шаҳрида ҳам газ йўқ. Туманга газ берилмаётгани учун бугунги кунда аҳолиси ярим миллион бўлган ва туманда камида 50 мингта турли техникалар рўйхатга олиниб ҳаоакатланаётган бўлса ҳам биронта метан қуйиш шаҳобчаси йўқ. Ҳа, янглиш эшитмаяпсиз: Ургут туманида биронта метан қуйиш шаҳобчаси йўқ.
Кўпинча бошқа жойдан меҳмонлар келса ана шу ҳолатдан "Наҳотки шунча корхона бор катта бир туманда битта ҳам метан қуйиш шаҳобчаси бўлмаса" деб жудаям ҳайратланишади.

Бизнининг қишлоқ 1996 йилда газлаштирилган. Аммо газни бор-йўғи 4-5 йил ёқдим ва 2000-йиллар бошида газимизни узишди. Қишлоғимиз туман маркази Ургут шаҳридан 2-4 км, Вилоят марказидан 42-45 км узоқликда жойлашган. Хўш, жаноб раис лутфан айтсинларчи, биз ҳам "табий газни етказиб бериш қийин бўлган узоқ жойда яшаймизми? Ургут шаҳричи, у ҳам марказдан узоқ жойда жойлашганми? Ўзи жаноб раиснинг ўлчови бўйича "газ етказиб бериш қийин жойлар марказлардан қанча масофада узоқда бўлиши керак?

Саволлар кўп. Аммо бу саволларга жаноб раис жавоб бера олмаса керак.
Мен бу ерда Ургутни мисол қилдим-у мамлакатимизда марказга яқин бошқа жойларда ҳам гази узилган жойлар кўп.

Шу учун жаноб раис гапни қуруқ олиб қочмай "газни кимга бериш-бермасликни мен ҳал қилмайман, мен фақат бажарувчиман" деб қўя қолса ҳам бўлаверарди. Ёки ноқулай аҳволга тушмамлик учун халқаро пресс-клубга бормай қўя қолгани тузук. Нима дедингиз?

суббота, 5 января 2019 г.

Болалик хотиралари

*Болалик хотиралари: Тизза бўйи қорлар, сандал ва ичи қорга тўлган калиш ҳақида*

Бугун 6 ноябрь, 2019 йил. Эрталабдан ҳаво очиқ. Қуёш чарақлаб турибди. Ташқарида ҳаво камида 7-8° иссиқ.
Эсларингда бўлса ўтган йил ҳам тузукроқ қиш бўлмаган эди. Бу йил ҳам ўшандай аҳвол: Ёғингарчилик асосан ёмғир бўлиб тушаяпти. Шу тобда болалигимда ёққан қорларни соғинаяпман.

*1983 йил. Қиш. Ҳаво совуқ. Қор тўхтамасдан ёғади.
Дадам Россияда. Майиз сотишга кетган. Уйимизни томи лойсувоқ. Қор роса ёққан пайтларида уни кураб тозалаб туриш керак. Кеча кечаси билан қор ёғиб чиқди. Эрталаб чойни ичиб нарвондан секин томга чиқаман. Онам ирғитган қор куракни олиб қор курашни бошлайман. Қор тиззабўйи бўлган. Ишим оғир. Қорни ҳовли тарафга эмас, фақат орқага, кўча тарафга кураб туширишим керак. Агар қорни ҳовли тарафга туширсам, супага тушади ва уни яна олиб ташлаб супани тозалаб қўйиш керак. Шу учун қийин бўлса ҳам орқага кураб туширганим яхши.
Томимизни узунлиги 18-20 метр, энди 5 метрча келади.

Ишни томни ҳовли тарафидан том бўйлаб узун йўлакча очиб олишдан бошлайман. Кейин ўша йўлакча бўйлаб куракни арава сургандай суриб бориб, қорни кўча тарафга тушира бошлайман. Бироз ўтиб баданимда тер пайдо бўлганини сезаман. Чарчаб бироз тин олганимда ўша тер туфайли ҳўл бўлган ич кийимларим совуқда баданимга игнадай санчила бошлайди. Мен совқотиб қолмаслик учун яна қор курай бошлайман. Баданим қизиб яна терлай бошлайди.

Калиш кийиб олган оёғимдан совуқ ўтиб, кейин миямга чиқиб кела бошлайди. Парво қилмай қор курашда давом этаман.
Қор курар эканман калишни ичи қорга тўлиб қолади. Уни тез-тез тозалаб оламан. Ишни тезроқ тугатиб иссиқ сандал(танча)га кириб исинишни ўйлаб қорни янада чаққонроқ курай бошлайман.
Ҳар гап қорни суриб бориб пастга туширганимда "гупп" этган овоз чиқади. Уч соат деганда томни қорини кураб бўламан. Унгача совуқда оёғимни товон қисми ҳеч нарсани сезмайдиган даражага келади.

Томни кураб бўлганимдан кейин пастдаги қор уюми уй деворининг ярмига чиқиб келган бўлади. Олдин куракни ташлайман, кейин қор уюмини устига ўзимни отаман.

Уйга киргандан оёғимдаги ҳўл бўлиб қолган пайпоқни ечиб қуритиш учун сандалга, кўрпани остига қистираман. Оёғимга қарайман, қип-қизил чўғдай бўлиб шишиброқ турибди. Чимчилаб кўраман, оғриқ сезмайди. Кейин ичидаги кулни титиб чўғини очаман ва сандални устидаги кўрпани ичига кириб кетаман. Бирпас ўтиб танам, кейин оёғим иссиқни сеза бошлайди. Шундан кейин бошимни чиқариб оламан-у, иссиқ танчада роҳатланиб ётавераман.

Эртаси куни ҳам, индини куни ҳам аҳвол шу. Қор ёғаверади. Мен эса томни қорини кураб тушавераман. Қор ёғишдан чарчамайди, мен эса том курашдан чарчамайман.

Ўшанда бор йўғи 6 яшар бола эдим. Оилада энг катта фарзанд бўлганим учун томни ҳам, супани ҳам қорини кураш мени гарданимда эди. 1985 йилда уйимизни олдига айвон қўшилиб томи чордоқ қилиб ёпилди. Аммо, мен барибир қишда қор курашдан қутилмадим. Чунки, уйни устини чордоқ қилиб ёпганимиз билан моллар ётадиган оғилни усти, нарсалар сақланадиган бостирманинг усти лойсувоқ томлигича қолган эди ва мен яна бир неча йиллар қор кураб юрдим.*

Охирги йилларга келиб қорнинг камёб нарсага айланиб бораётганини кўриб шу тобда ўша кунларни эсладим. Ўшанда тинимсиз қор ёғавериши ортидан даладаги қорнинг баландлиги баъзи пайтларда 60-70 см бўлиб кетар эди. Бир неча кун ёққан қор 10-15 кунлаб ерда турар ва биз маҳалламиздаги тепаликларда остимизга плёнка тўшаб роса сирпанчиқ учар эдик. Бугунги кунда қани энди ўша қорлар? Отлиққа ҳам топилмаяпти.

Болаларимиз учун энди қор ёғиши, байрамдай бўлиб қолди. Уларни охирги марта чана учганларини, сирпанчиқ учиб ўйнаганларини қачон кўрганим эсимда ҳам йўқ.
Бу кетишда охири нима бўлар экан, ўйлашни ўзи даҳшат.

*П.С. Бугун қор ҳам, қорини курайдиган томлар ҳам қолмаган бўлса ҳам ўша замондан ёдгор: калиш ва сандал бор. Ҳанузгача калиш кияман ва қишда сандал очиб оламиз. Ҳозир шу гапларни ҳам иссиқ сандални четида ётиб ёзаяпман.*

пятница, 4 января 2019 г.

Нарх навони арзонлаштириш

*Нархларни сунъий тушириш қанчалик тўғри?*

Ёшлигимда кўп нарсани тушунмаганим рост. Аммо, ҳозир ҳам кўп нарсани тушунмайман. Ана шу тушунмаган нарсаларимдан бири кимлардир томонидан бозорларда қандайдир маҳсулотларга мажбурий нарх қўйилишидир. Масалан: "Гўштни фалон нархдан тепасида сотмайсан",  деб буйруқ берилгандай. Очиғи бундай ишлар аҳолининг фаровон ҳаёт кечириши учун қандай фойдали эффект беришини билмайман. Билганим шу-ки қандайдир бир маҳсулот камлиги ёки тақчиллашгани учун унинг нархи ошади ва ўша маҳсулотни кўпайтириш ўрнига унинг нархини чеклаб ўтириш ҳеч кимга ҳеч қандай фойда бермайди.

"Гўштни арзонлаштир" деб буйруқ берилганда кўпинча сотувчилар гўштни ўта сифатсизини растага қўйиб, буёқда "подприлавка"дан сифатлироғини қимматроқ сотаверишади
Агар тепадан берилган буйруқ қаттийроқ бўлса бозорларда сифатли маҳсулот батамом узилади. Бундай ҳолатни бундан 2-3 йил олдин "нархни арзонлаштир" деб картошкани нархини сунъий туширмоқчи бўлишганида шахсан ўзим бир неча марта гувоҳи бўлганман. "Яхшироғи йўқми" деб берган саволимга сотувчилар "Яхшироғини олиб келмаяпмиз. Яхшиси қиммат. Паттачилар қимматини соттиргани қўймаяпти" деб жавоб беришган.

Бу масаланинг мени хайрон қолдирадиган бир жиҳати эди.
Яна бир хайрон қолдирадиган жиҳати эса бу қандайдир маҳсулотларнинг нархини сунъий равишда арзонлаштириб бу орқали ўзи шундоқ ҳам шаҳар аҳолисига қараганда аҳволи ночор қолаётган қишлоқ аҳолиси бўлмиш деҳқонларни, чорвадорларни аҳволини янада ёмонлашувига йўл очишдир.

Хозирги кунда тв ва ОАВ минг "қишлоқ аҳолисининг ҳаёти фаровон бўлиб бормоқда" деб баланпарвоз гаплар билан қишлоқда яшаётганларнинг турмушини мақтамасин барибир қишлоқдаги шароитлар шаҳардаги шароитдан анча орқада қолиб кетаяпти. Ман шаҳар ва қишлоқлардаги инфратузилмани эмас, балки улар ўртасидаги яшаш шароитларни назарда тутаяпман. Текис ва равон йўллар, кўп қаватли иморатлар, театр ва ҳоказолар майли шаҳарга ярашади. Аммо чироқ, газ, тоза ичимлик суви кабилар шаҳарда исроф қилиш даражасида бўлса, аксар қишлоқ жойларида ноёб нарсаларга айланиб бўлган. Мен ана шуларни назарда тутдим.
Шу туфайли ҳам ҳозирги кунда қишлоқ жойларидаги ўзига тўқ кишилар ҳам ўз хонадонида шаҳар жойларидаги оддий хонадонларда бор бўлган шароитни қилиб ололмайди. Чироқ топса газ йўқ, газ топса тоза ичимлик суви муаммо....

Гўштни ёки бошқа маҳсулотни нархини сунъий туширишга уринаётганлар қишлоқ аҳолисининг шароитини янада баттарроқ бўлишига сабаб бўлаяптилар.
Агар қандайдир махсулотни нархини арзонлаштириш керак бўлса охирги чора сифатида қассобга бориб "махсулотингни нархини тушир" деб буйруқ бергунча гўштнинг нега қимматлаб кетаётганини сабабларини топиб, уларни бартараф этишда чорвадорлар амалий ёрдам бериб, мана шу йўл билан маҳсулотнинг таннархини арзонлашувига эришилса мақсадга мувофиқ бўлмайдими?

2-3 йилдан бери гўштни нархи 35-45 минг атрофида тебраниб турибди. Аммо, гўштни нархи бундан тепага ошмагани билан ем-хашак ва омухта емларнинг нархи 2-3 баробар(!) ошиб кетди. Ана шундай ҳолатда гўштни нархи ошишидан хавотирга тушадиган "мардлардан" биронтаси чиқиб  омухта ем ва кунжараларнинг нархи нега тўхтовсиз ошиб кетаётгани билан қизиқмайди ва омухта ем ва кунжара нархининг ошиши гўшт нархининг ошишига сабаб бўлаётганини айтиб уларннинг нархини туширишга уринмайди.
Уларнинг топиб олгани қассобларга босим ўтказиш. Қани ўша омухта ем ва кунжара чиқарадиган заводларга бориб у ердаги аҳвол билан танишишса, коррупцияни тугатишса. Йўқ, буларни топиб олгани "гўштни нархини тушир"

Хўш, бундай ҳолатда мол боқаётган ўз маҳсулотини таннархидан ҳам арзонга сотиб уйи куйсинми? Ахир унинг ҳам орзу-истаклари, уйлантирадиган ўғли, узатадиган қизи бор. У ҳам яхши шароитда яшашни хоҳлайди. Шундай экан унга қарата "маҳсулотингни арзонлаштир" дейиш бу қанчалик тўғри?
Гўштни "нархини тушир" дейишдан олдин уни етиштурувчиларни шароитини қандайлигини ва улар ҳам бошқалардай одамга ўхшаб яшашга хақлари борлигини  бир ўйлаб кўрайлик.