понедельник, 15 октября 2018 г.

Йўл муаммоси.

Чет эл киноларини кўриб биласизми нимага ҳавас қиламан? Йўлларига. Ҳа, текис ва равон йўлларига,  "қани эди бизда ҳам шундай йўллар бўлса эди" деб ҳавас қиламан. Ҳаммамизга маълум биз автосаноатда бошиданоқ ён-атрофимиздаги давлатлардан фарқли равишда бошқа йўлдан кетдик. Ўз автосаноатимизни ташкил этиб чет элдан кириб келадиган эски машиналарни мамлакатимизга кириб келишини чеклаб қўйдик. Бу яхши иш бўлдими ёки ёмонми билмайман, аммо кўчаларимизда эски шалағи чиқиб кетган автоуловлар камайиб асосан ўзимизда ишлаб чиқарилган янги машиналарнинг юргани бу ҳақиқат.  Аммо, мамлакатимизнинг аксар шаҳар ва қишлоқларида ана шу янги машиналарга мос йўлларнинг йўқлиги одамни бироз ҳафсаласани пир қилади. Тўғри-да, фалон пулга янги машинани олсанг-у уни олиб бориб қишлоғингнинг тош ёки лой йўлларида ёзда чанг, қишда эса лойга ботиб ҳайдасанг алам қилмайдими?  Ана шундай ҳолатларда  қиммат машина минадиганларга раҳмим келади.
Қишлоқлардаги ички йўлларни ёзмай қуя қолай, аммо  республика аҳамиятига эга бўлган кўпгина йўлларнинг ҳам аҳволи хароб бўлиб қолгани бугун ҳеч кимга сир эмас.  
Қўйидаги мурожат ҳам ана шундай йўллари хароб аҳволда қолаётган инсонлар томонидан қилинган.

"Республика аҳамиятига эга бўлган "Ургут-Булунғур йўлининг қишлоғимиз ўртасидан ўтган "Торинжак" ва "Испанза" участкаларидаги 4-5 км.лик қисмининг асфальти бузилиб тош йўл бўлиб қолганига ҳам 15 йилдан  ошди. Аммо уни таъмирлаш шу пайтгача ҳеч кимни эсига келмасди. 2017 йилда мамлакатимиз бўйлаб ҳар бир вилоятда, ҳар бир туманда қанча йўл асфальт қилиниши белгилаб берилганда қишлоқ аҳли ҳам ёки шу йўлдан фойдаланадиганлар ҳам "ниҳоят йўлимизни таъмирлаб беришади" деб хурсанд бўлгани ҳам рост. Аммо улар беҳудага хурсанд бўлишган экан. 2017 йилда туман йўлсозлари ушбу йўлни батамом тоши чиқиб кетган жойларини бир қисмини, бир жойда 50 метр, яна  бир жойда 100 метр дегандай  асфальт қилишди. Қолган қисми қолиб кетди.   Асфальти бироз тузук сақланган аммо чуқур ўралари бор жойлар таъмирланмасдан қолиб кетди. Бу йил ҳам қишлоқ аҳлининг бир неча бор қилган оғзаки мурожатидан сўнг ўтган йилгидай йўлнинг асфальти батамом бузилиб кетган яна бир қисми асфальт қилинди. Яна бироз қисми ҳанузгача навбатини кутаяпти. Ўтган йилдан қолиб кетган камида 15  йиллик чуқур ўралари ҳанузгача турибди.
Йўлнинг республика аҳамиятга эгалиги ва туман аҳолисининг катта қисми туман марказига чиқиш учун шу йўлдан фойдаланиши бу йўлни таъмирлашни кечиктириб бўлмаслигини, қолаверса  ушбу йўлнинг бор йўғи 4-5 км таъмирталаб эканлиги бу йўлни осонгина таъмирлаб қўйиш мумкинлигини англатади. Аммо негадир йўлсозлар буларни инобатга олмаяптилар.

Охири йўлсозларнинг маъсулиятсизлигидан безган қишлоқ одамларининг тавсияси билан шу йилнинг 13 сентябрь куни шу йўлнинг таъмирланиши юзасидан Президент порталига қўнғироқ қилиб мурожат қилишга мажбур бўлдим. Шундан сўнг орадан бироз ўтиб туман йўл бошқармаси ходимлари мендан идораларига келиб кетишни сўрашди. Шу ерда эслатиб ўтишни жоиз деб билдим, аслида ташкилот ходимлари муаммони жойига  келиб ўрганишлари ва бартараф этишлари керак эмасмиди? Йўқ, Ургут тумани йўлсозлари шунчалик кучайиб кетишибди-ки улар муаммоли йўл ҳақида Президент порталига мурожат қилган мени олдимга ўзлари келмай, мендан идораларига келиб кетишни сўрашаяпти. Мен уларга керак бўлса ўзларинг келинглар деб жавоб бердим.
24 сентябрь куни улар маҳалламизга келиб маҳалла котибига "келдик, муаммони ўргандик, 5 октябрдан иш бошлаймиз ва йўлни таъмирлаб берамиз" деб ёзилган қоғозларига қўл қўйдириб кетишибди. Менга эса учрашганлари ҳам йўқ.
Мана бугун 15 октябрь, йўлсозларнинг иш бошлаймиз деган кунидан ҳам ўн кун ўтди. Аммо ҳанузгача ишни бошлашгани йўқ.
Воқеалар тафсилотидан келиб чиқсак йўлсозлар бу йил шу йўлни таъмирламоқчи эмаслар деб тахмин қилаяпмиз. Умуман олганда йўлсозларнинг бундай маъсулиятсиз фаолият олиб боришларини ким назорат қилади?
Катта бир туманнинг учдан бир аҳолиси фойдаланадиган республика аҳамиятига эга бўлган йўл жаҳон андозасида бўлмаса-да мундайроқ бўлса ҳам қачон таъмирланади? Гап бу ерда 20-30 км эмас, балки бор йўғи 4-5 км йўлдан кетаяпти. Наҳотки арзимаган шу йўли таъмирлаб қўйиш шунча қийин бўлса?
Қолаверса Тожикистон республикаси билан алоқаларимиз яхшиланиб, Ургут туманида жойлашган "Жартепа" чегара ўтиш масканининг очилиши ушбу йўлнинг аҳамиятини янада оширди. Сабаби Тожикистон Республикасидан туманимизга кириб келадиган меҳмонлар асосан шу йўлдан юрадилар. Шу пайтгача ушбу йўлдан туманимизга меҳмонга келаётган тожикистонликлардан "йўлларингни шу қисми ўта хароб экан, наҳотки шуни таъмирлаб қўйиш шунчалик қийин бўлса" деган гапларни бир неча бор эшитдик. Аммо туман йўлсозлари бу йўлнинг аҳамиятини инобатга олмаяптилар ва йўлнинг таъмирланишини ортга сураяптилар.
Ҳурматли xabar.uz  илтимос, шу масалада ёрдам берсанглар. Ҳурмат билан Ҳиммат Ахмедов. Самарқанд вилояти, Ургут тумани, Испанза қишлоғи, Жайратепа МФЙ."

Ушбу мурожатни ўрганар эканмиз мурожатда қаламга олинган йўлнинг аҳволи ҳақиқатдан ҳам хароб эканлигини гувоҳи бўлдик. Ургут йўлсозлари ўтган 2017 йилда ҳам, жорий 2018 йилда ҳам ушбу йўлнинг бир қисмини таъмирлашган. Аммо барибир йўлнинг аҳволи анча ёмон.
Буни суратлардан ҳам билиб олсанглар бўлади.
Биз ушбу йўлни таъмирланиши масалаласида Ургут йўлсозларидан ҳам, қолаверса Самарқанд вилояти ва Республика йўл таъмирлаш бошқармаларидан жавоб кутиб қоламиз.

Яна бир нарсани таъкидлаб кетишни хоҳлар эдим. Биз юқоридаги мурожат тилга олинган кўчани аҳволини ўрганар эканмиз шу йўл ўтган қишлоқ аҳолисининг ҳам йўлга муносабати ўта ёмонлигини кўрдик. Аксарият жойларда тротуар йўл ёқасида яшайдиган одамлар томонидан эгаллаб олинган экан. Яна бир нечта жойда йўлнинг бузилиб тоши чиқиб кетиши билан қизиқсак аҳоли ўша ерни асфалтини ўйиб йўлнинг бу тарафидан нариги тарафига қувур ўтказган ва кейинчалик шу жойларнинг асфалти батамом ўйилиб кетган ва бу ишлар ҳақида одамларга ҳеч ким тушинтириш ишларини олиб бормаган экан. Мутасаддилардан ушбу йўл масаласида жавоб кутиш билан биргаликда ушбу ҳудудда яшаётган аҳолига йўллар четидаги тротуарлар ва йўлни бузиб қувур ўтказиш ишларини масаласида тушунтириш ишлари олиб боришади деб умид қиламиз.

воскресенье, 14 октября 2018 г.

Қачон халқ бўласан, сен эй оломон?

Анча йиллардан бери фикр-у хаёлим бизда қандай қилиб коррупцияни,  "бер-бер"ни,  "ол-ол"ни тугатса бўлар экан деган фикр билан банд. Аммо ўйлаб ўйимга ета олмайман. Калламга тузукроқ бир фикр ҳам келмайди.
Балки бу масалада ҳам биз илғор 
чет давлатларининг  тажрибаларини ўрганиб  кейин ўзимизга асқотадиганларини ҳаётимизга тадбиқ қилишимиз,  қонунчилигимизга қўшишимиз керакдир.
Билмадим,  билмадим.
Мен фақат бир нарсани биламан; биз коррупционерни ҳам, порахўрни ҳам, пора олувчини ҳам ўзимиз тарбиялаяпмиз. Қандай қилиб дейсизми?  Жавобим тайин; оддийгина. Ахир ўша пора билан қўлга тушаётганлар ҳам,  коррупцияда айбланаётганлар ҳам биримизни ўғлимиз, биримизни набирамиз,  биримизнинг жиянимиз ва ҳоказо ва ҳоказо.
Бундан ҳам ёмони шу-ки феълимизда кўнгилчанлик, раҳмдиллик каби инсоний фазилатлар борлиги билан бирга ишимизни бироз вақт ёки маблағ талаб қилса ҳам қонуний ҳал қилса бўладиган томонлари бўла туриб вақтдан ютиш учун ёки камроқ пул  сарфлаш учун қонунни бузиш ва секин "чой пули" узатиб ишимизни тезроқ битириб кетишга уриниш каби салбий иллатлари ҳам бор.

Яқинда маҳалламизга келиб нафақа пулларини тарқатиб юрадиган Халқ банки сайёр кассаси ходимларининг нафақахўрларнинг нафақаларини тарқатаётганда одамига қараб 5-10 минг сўмдан олиб қолаётганини фактини аниқладим. Шундан сўнг бу муаммони иложи борича банк бошқаруви раисига  ёзишим ёки банкнинг ишонч телефонига қўнғироқ қилиб билдиришим керак деб ўйладим. Чунки бу муаммо тахминимча бутун мамлакатимизга тегишли муаммодир. Бошқа жойларда ҳам айрим ноинсоф ходимлар нафақа пулларидан "чой пули" олиб қолаётган бўлиши мумкин. Зора банк бошқарувининг раиси мени мурожатим ортидан жойларда сайёр касса ходимларининг фаолиятларини қаттиқроқ назоратга олса. Шундан  сўнг банкнинг ишонч телефон рақамларини қидириб Халқ банкининг xb.uz сайтини топиб олдим. Сайтга кирсам энг тепада биринчи "Банк раисига мурожат" бўлими турибди. Ўша ерга кириб бўлган воқеани ёзиб юбордим. Мурожатни ёзиб юбордим-у тан оламан жавоб келишига негадир ишонмадим. Аммо тезкор жавоб берилишига ишонмай хато қилган эканман.  Мен мурожатимни 8 октябрь куни ёзган бўлсам, 9 октябрь куни "мурожатингиз кўриб чиқишга ўтди" деган хабар келди.  10 октябрь куни эса маҳалламизга сайёр кассада назоратчи бухгалтер бўлиб  ишлайдиган маҳалладошим  "ака, нима қилиб қўйдингиз?" деб уйимга чақириб келди. Демак мурожатим тезда кўриб чиқилган.
Шундан сўнг банк ходимлари уйимга келишга эринишибди шекилли, қолаверса ўша назоратчи маҳалладошим қаттиқ туриб илтимос қилиб ўтирди, банк ходимлари мени олдимга эмас,  мен уларнинг олдига банкка бордим.  Борсам банк бошқаруви раисига ёзган мурожатим туфайли банкда нотинчроқ вазият. Қисқаси ўша ерда кўнгилчанлигимга бориб "Мен банк ходимларининг ишдан ҳайдалишлари тарафдори эмасман. Улар ўз хатоларини тушуниб етишлари ва ўша хатоларни бошқа қайтармасалар бўлди" деб ёзиб бериб келдим. Аммо, мурожатим тўғридан-тўғри банк бошқаруви раисига бўлгани ва ўша ходимларнинг ишлари бу жиддий хатолиги инобатга олиниб ўша сайёр кассанинг кассирига интизомий жазо чораси кўрилибди, назоратчи бухгалтери бўлган маҳалладошим эса ишдан олинибди.
Бу гапларни ўқиб "ниҳоят ҳақиқат қарор топибди" деб ўйлаётган бўлсангиз адашасиз. Ҳақиқат, фақат сиз ва мен учун қарор топди. Маҳалладошларим фикрича эса..., мен ғаламис, ичиқора, аблаҳ одам эканман.
Ўша сайёр касса назоратчи бухгалтери бўлган маҳалладошим ишдан олингандан икки кун ўтиб сайёр касса маҳалламизга яна нафақа тарқатиш учун келди. Одамлар қарашса бошқа кассир, бошқа назоратчи. Улар олдинги назоратчи ва кассирни суриштиришади. Янги келган назоратчи ва кассир ўзларидан олдин келиб юрган назоратчи ва кассирни устидан маҳалламиздан кимдир ёзганини ва шу сабабли улар ишдан олиб ташланганлигини айтишади. Бу хабар маҳалламизга яшин тезлигида тарқалди ва банк ходимларининг устидан мен ёзганим ҳаммага ошкор бўлди. Шундан кейин маҳалладошларимдан эшитган таъналаримни чеки йўқ. Ортимдан эса ошкора ҳақорат қилиб сўкишаяпти. "Сенга шу керак эдими? Нафақа пулидан кам берган бўлса қайердаги бегоналар еб кетгунча ўзимизники егани яхши эмасмиди?" каби гапларни нафақа олувчилардан ҳам, нафақага алоқаси йўқлардан ҳам эшитдим. Охир-оқибат менда "наҳотки нотўғри иш қилган бўлсам?" деган гумон пайдо бўла бошлади.
Ҳатто кўча-куйда юролмай  қолдим.  Ёшроқлар кўрса "нима бўлди?" деб сўрайди, кексароқ, нафақа оладиганлар эса "шу ишни бекор қилибсан-да, барака топкур нафақа пулимизни уйимизга олиб келиб бераётган эди" деб менга ола қарашади.
Қисқаси мен, маҳалладошларимни  аксарияти  учун яхши ва намунали бўлган бир одам энди шу ишимдан кейин ёмон ва аблаҳ бир одамга айландим қолдим.

Менга энг ёмон таъсир қилгани турли хил нафақа олаётган маҳалладошларимнинг аксарияти ўз нафақа пулидан кассир ёки назоратчи  ноқонуний  тарзда олиб қолаётганини билган, аммо буни табий ҳол деб қабул қилишган. Ҳатто, маҳалладошларимни менга билдиришларича салмоқли суммада нафақа олувчи  бир чол "мен ўша кассир билан назоратчини ўз нафақа пулимдан 5000 сўм олиб қолишини билар эдим ва яна нафақамни уйимга олиб келиб бергани учун яна 5000 сўм "чой пули" берар эдим" дебди.
Мана сизга одамларнинг ноқонуний ишга муносабати.
Орадан уч кун ўтиб ишдан ҳайдалган маҳалладошимизни тарафини олиб ҳатто Халқ банки туман бўлими раҳбарининг олдига ҳам боришибди ва ёлғон гапириб "бу бола бизга нафақамизни тўғри берар эди, илтимос, уни ишига қайта тикланг" деб илтимос қилишибди.
Замонни қаранг, ўғрини ўғрилигини билишади, порахўрни порахўрлигини билишади, аммо уларни ўғрилик қилишини ҳам, порахўрлик қилишини ҳам табий қабул қилишади. Камига эса ишдан урилган ундайларни ортидан тарафини олиб "қайта ишга олинг, у порахўр ҳам, ўғри ҳам эмас" деб ёлғон гувоҳлик ҳам беришади.  Биз учун бундан ортиқ кулфат, бундан ортиқ фалокат бўлмаса керак.

Кўпинча қайсидир бир масъул шахсни пора билан ушлангани элга ошкор бўлса кейин ўша иш халқ орасида муҳокама бўла бошлайди. Ана шунда ёши кексароқ кишилар ўша пора билан қўлга тушган масъул шахсга қўшиб  ҳамма масъул шахсларни минг порахўрдан олиб минг порахўрга солишади. Ана шундай ҳолатларда биронта мард топилмайди-ки ўша кишиларга қарата "Ҳой, барака топкурлар! Ўша пора олиб қўлга тушаётган масъул шахсни бизга Ойдан ёки Марсдан олиб келиб тепамизга бошлиқ қилиб қўйишмаган. Ўша одам  сизларнинг бирингизни фарзандингиз, бирингизни жиянингиз, бирингизни набирангиз. Уларни сизларни ўзларинг ўшандай қилиб тарбиялаяпсизлар. Оилада ҳаром ейиш гуноҳлигини тушунтирмагансиз. Мактабда қандай ўқиётгани билан қизиқмагансиз. Институтга пора бериб ўқишга қўйгансиз. Ишга ҳам пора бериб жойлагансиз. Бугунги кунда эса халқни қақшатиб пора олиб топиб келаётган нонини "барака топ болам, бирингга минг берсин" деб дуо қилиб еб ўтирибсиз. Аммо, асло "болам, бизни бу ёғимиздан у ёғимиз яқин, умр бўйи ҳалол ишладик, ҳаромдан ҳазар қилдик, ҳаром луқма емадик, энди сен бизга қандай нон олиб келиб едираяпсан?" деб сўраётганларинг йўқ. Шундай экан, порахўрни ўзларинг тарбиялаб яна ўзларинг уларни танқид қилиб сўкасизларми?" деб гапирса. Аммо ҳамма жим. Мабодо кимдир шу гапларни гапирса у маҳалла аҳлига душман бўлади қолади. "Ҳақиқат ҳеч кимга ёқмайди" дейилгани шу бўлса керакда.

Очиғи коррупция ва порахўрликдан гап очилганда ва жамиятимизни ундай ишлардан қандай тозалаш ҳақида гап кетганда олдин турли хил ноқонуний ишларни, "ол-ол" ва "бер-бер"ларни "одатий ҳол" тарзида қабул қилаётган халқни ўзини тарбиялаш керак деб ўйлайман. Халқнинг порахўр ва коррупцияга бундай муносабатини кўриб коррупция ва порахўрликни қандай йўқотишни билмайман. Шунингдек халқни қандай тарбиялашни ҳам билмайман.
Мени фикримча биринчи навбатда халқни ўзи порахўрларни тарбиялашдан воз кечиши, шунингдек кимлардир томонидан қонун бузилиб, ҳатто тийин ҳаққи ейилганда ҳам жим қараб турмаслиги керак. Аммо ҳозирча бизда ҳаммаси тескари. Порахўрдан гап очилса ҳамма масъулларни порахўрликда айблаб қаторлаштириб  сўкишади. Буёқдан эса ўша порахўр масъулларни ўзлари тарбиялашади.

Умумий хулоса шу-ки биз янги даврга қадам қўйиб Ватанимизни гуллаб-яшнашини хоҳлар эканмиз бу йўлда коррупция ва порахўрликка қарши курашиш билан бирга ана шу коррупция ва порахўрликни одатий ва табий ҳол деб қабул қилаётган халқни ўзини ҳам тарбиялашни ва уларнинг онгида коррупция ва порахўрликка бўлган ижобий муносабатни ўзгартиришимиз керак. Акс ҳолда шунча меҳнатимиз чиппакка чиқиши ва натижа бермаслиги мумкин.

суббота, 6 октября 2018 г.

Адашиб ташланган пул.

Эрталаб телефонимга смс хабар келди. Қарасам "ҳисобингиз 30 минг сўмга тўлдирилди" деган ёзув. Ҳайрон бўлдим. Мени ҳисобимга унақа 30 минг сўм ташлайдиган сахий дўстларим йўқ. Демак, кимдир адашиб ташлаб юборган. Кимлигини эса билмайман. "Ишқилиб ким бўлса ҳам боғлансин-да", деб кутаяпман, кутаяпман, қани энди кимдир "адашиб сизни ҳисобингизга пул ташлабман" деб боғланса.
Ўша куни тушдан кейин Тошкентдан қайтар эканман бегона бир номердан қўнғироқ бўлди;
- Ака, адашиб сизни телефон рақамингизга пул ташлабмиз.
- Ҳа тўғри. Ҳозир йўлдаман. Биринчи пайнет чиқиши билан пулингизни қайтариб ташлайман.
- Ака, пайнет қилишингиз шарт эмас. Ҳозир смс жўнатдим. Пайнетдан код боради. Шу кодни рақамини менга айтсангиз бўлди. Пулни сизни ҳисобингиздан қайтариб оламан.
Гаплашиб турганимиз асносида смс хабар келиб қолди. Қарасам коди бор. Ўша кодни телефон қилган болага айтдим. У раҳмат айтиб  алоқани узди.
Мени эса елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди.

Эсимда, бундан икки-уч йил аввал салмоқли суммани пайнетдан телефон рақамимга ўтказаман деб битта рақамда адашиб бошқа рақамга ташлаб юборибмиз. Айб мендан ўтган. Пайнетчи болага рақамимни ўзим нотўғри айтганман. Ўшанда пайнетчи бола мени пулимни адашиб ташлаб юборган рақамни айтди. Мен у билан боғланиб пулимни қайтаришини сўраш учун қўнғироқ қилаяпман. Қўнғироғимга ёши 50-60 лар атрофида деб чамаладим аёл киши жавоб берди.
- Ало, ассалому алайкум.
- Ваалайкум ассалом.
- Хола яхшимисиз?
- Раҳмат.
- Хола, хозир пайнетчи бола мени пулимни сизга адашиб ташлаб юборибди. Шуни қайтариб ўзимга ташлаб юборсангиз?
- Мени унча пулим йўқ.
- Хола, хозир бўлмаса майли бўлиб-бўлиб кейинроқ ташлаб юборинг.
- Мени кейин ҳам пулим бўлмайди. Ким сенга адашиб мени хисобимга пул ташла деди?
- Хола, рақамингизга тушган ўша пул бировни ҳаққи, қайтаришингиз керак-ку!
- Бор, бошимни оғритма. Мен сени ҳам танимайман, пулингни ҳам билмайман. Адашмагин эди.
Шу пайт холанинг ёнларида эркак кишининг овози эшитилди; "Тинчликми? Бер-чи телефонни буёққа.
Шу пайт амаки, бояги холани эри бўлса керак баланд овозда гап бошлади;
- Ҳа болам, тинчликми?
Амакига бўлиб ўтган ишни, холага айтган илтимосимни қайтардим.
- Болам, адашган бўлсанг сен адашгансан. Қўлингдан келса пулингни қайтариб ол. Бўлмаса бизни бошимизни оғритма, - амаки шундай деб телефонни ўчирдилар.
Ўшанда ўша холадан хам, амакидан ҳам қаттиқ хафа бўлдим. Агар шу ишни ёш одам қилса хафа бўлмасдим.  Ёшни шайтони кучли бўлади. Аммо ёши бир жойга борган одамларни бировни ҳаққидан қўрқмасликларини кўриб ҳайрон қолган эдим.
Айтишингиз мумкин, уларни ростдан пулни қайтаришга шароитлари бўлмагандир деб. Мен ундай деб ўйламайман. Агар уларни шароитлари ёмон бўлса ва пулни қайтара олмасалар улар узр сўраб қўярдилар.  Улар эса узр сўраш уёқда турсин, ҳатто осмондан келдилар.

Ўшандан буён телефон рақамимга бир неча марта кимлардир адашиб пул ташлади. Ўшандай ҳолатларда мен интизорлик билан адашиб пул ташлаганларнинг менга қўнғироқ қилишларини кутаман  Яратганга ҳисобсиз ҳамдлар бўлсин, ҳаммасини эгаларига қайтардим. Бундан кейин ҳам қайтараман. Зеро бировнинг ҳаққини ўзлаштириб гуноҳга ботишни ҳеч ҳам хоҳламайман.