понедельник, 16 апреля 2018 г.

Икки қўлдан чиқаётган қарс.

Кўчада машинангизда кетаяпсиз. Тезликни ошириб қоидани буздингиз. ЙПХ ходими сизни тўхтатди ва қоида бузганингиз ҳақида баённома расмийлаштирмоқчи бўлди. Сиз эса бундай қилмасликни илтимос қила бошладингиз ва гап орасида ЙПХ ходимига "уни рози қилиб кетиш"дан гапирдингиз.
У кўнди ва сизга ўзингиз содир этган қоидабузарликни ёзмай жаримаси камроқлиги учун "хавфсизлик камарини тақмаган" деб ёзиб берди. Сиз унинг ишидан жудаям хурсанд бўлдингиз . Унга қайта-қайта раҳматлар айтдингиз. Охирида эса у сиздан анча ёш бўлишига қарамай "ака, яхши кунларда учрашайлик" деб хуш кайфият ила у билан хайрлашдингиз. Ўша ЙПХ ходимининг яхши одам эканлигини, сизга яхшилик қилганини олдинига машинангизга бориб ўтирганданоқ шерикларингизга мақтаб қўйдингиз. Кейин эса қайерда ЙПХ ходимлари ҳақида гап очилганда сиз "Сирдарёда..., Жиззахда..., Самарқандда..., йўлда фалон жойда яхши бир ЙПХ ходими туришини ва у сизга яхшилик қилганини мақтаниб юрдингиз.

Энди эса тескариси.

Сиз йўлда кетаяпсиз. Тезликни ошириб қоидани буздингиз. ЙПХ ходими сизни тўхтатди ва қоида бузганингиз ҳақида баённома расмийлаштирмоқчи бўлди. Сиз эса "илтимос ака, рози қилиб кетаман" деб ялинишни бошладингиз. У эса сизни "рози қилиб кетишингизга" кўнмай "ака, пулингиз кўп бўлса банкка бориб тўлайсиз" деди ва сиз ҳарчанд ялинманг, илтимос қилманг у сиздан пул олмаслигини айтиб баённомани расмийлаштирди. Сиз ана шу пайтда уни ҳатто сиздан ёши катта бўлсада сенсираб "одам эмас экансан" деб ошкора ҳақорат қилиб кетасиз. Камига эса бориб уни машинангизда ўтирган шерикларингизга ёмонлайсиз. Ундан кейин эса қайерда ЙПХ ходимларидан гап очилса "Сирдарёда...., Жизззахда...., Самарқандда..., йўлда фалон жойда бир ифлос ЙПХ" ходими бор. Қўлига тушсанг тезда ёзиб юборади. Пул ҳам олмайди, илтимосингга ҳам кўнмайди" деб ўша ЙПХ ходимини ёмонлаб юрасиз.

Бунақа мисоллар жудаям кўп.
Жамиятимиздан порахўрлик ва коррупциянинг батамом йўқолишини хоҳлаймиз. Аммо боламизни пора бериб бўлса-да ўқишга киришини хоҳлаймиз. Дўкондан олган нимадир нарсамизни уйга олиб келиб очсак аллақачон айниб бўлган экан. Дод-вой соламиз. Уни ишлаб чиқарганлар борми ёки олиб келиб сотганлар борми гўрига ғишт қалаймиз. Аммо бироз ўтиб ўзимиз етиштирган сабзавотни қопга жойлаш вақтида остига чириганини, майдасини тиқиб, тепасига катта-катталарини териб рўкач қиламиз. Ёки бир идорага бордик, тахлаб борган ҳужжатларимизда озгина камчилик бор. Идора ходими "ака, шу ҳужжатни ҳам тўғирлаб келинг" деб сизни эшигидан қайтараяпти. Биз эса дарров унга "рози қилиб кетиш" ҳақидаги гапимизни бошқалар сезмайдиган қилиб шипшитамиз. Қарабсизки "сиздан угина, биздан бугина" тарзида ишимиз битаяпти.

Одамларни кузатаман, жамиятдаги жараёнлар мен учун қизиқ. Эътибор бериб қарасам қайерда бўлмасин, хоҳ у ЙПХ ходими бўлсин, хоҳ бошқа бир идорада ишласин  уч-тўрт сўм пулимизни олиб ишимизни сал ноқонунийроқ тарафи бўлса ҳам битириб берадиган одамлар биз учун яхши одамлар. Аксинча, қайерда бўлмасин бизни ҳатти-ҳаракатимизга қонунан чора кўрадиган, биз таклиф этаётган "рози қилиш операцияси"га кўнмайдиган инсонлар бизни назаримизда ёмон одамлар.
Ана шу ерда мен одамларимизнинг аслида нима хоҳлашларини тушунмаслигим аёнлашади.
"Жамиятдан порахўрликни йўқотиш керак, мутасаддиларнинг аксарияти порахўр бўлиб кетган" деб дод-вой соламиз-у аммо ишимизни тезроқ ёки енгилроқ битириш учун кимларгадир порани ўзимиз таклиф этамиз.
Қонун ҳамма жойда устувор бўлишини, уни ҳеч ким оёқости қилиб тепкиламаслигини хоҳлаймиз аммо уни биринчи бўлиб ўзимиз бузамиз, ўзимиз тепкилаймиз.
Қонунларга итоат уйимиздан, ўзимиздан бошланиши, ана ундан кейин бошқалардан уни талаб қилишимиз керак эмасми?!

Баъзида шу гапларни гапириб кимлар биландир баҳслашиб ҳам қоламан.  "Ака, энди ЙПХ ходимига уч-тўрт сўм бериб кетган билан катта бир идоранинг раҳбари олаётган поранинг фарқи бор-да" дейишади мен билан баҳслашаётганлар. "Ука, сен ишингни енгил битиргани учун ЙПХ ходимига ўзингни наздингда "озгина" пул узатаяпсан. Олса хурсандсан "мушкулимни осон қилди" деб. Олмаса сўкасан. Ана ўша катта бир идора раҳбарининг олдига бораётганлар ҳам сендай; ишларини камчилигига қарамай битириб бериши учун унга пора таклиф қилишади. Пулларини олиб ишларини битирса ундан яхши одам йўқ. Мабодо "иложи йўқ, ҳужжатларингизда камчилик бор" деб қайтарса ундан ёмон, ундан порахўр одам дунёда йўқ ва эшигидан чиқибоқ уни ёмонлаб сўкишади. Умуман олганда "узат-узат" ана шу сени ЙПХ ходимига узатаётган арзимас пулингдан пулингдан бошланади. Бугун ЙПХ ходимига узатасан, эртага яна биттасига, индини эса яна бир идора раҳбарига. Ана шундай аҳволда умрингни охиригача "узат-узат" билан ўтиб кетаверасан. Жамиятда порахўрликни йўқолишини хоҳлайсанми, унда биринчи навбатда қонунни бузма. Иккинчи навбатда эса ўзингнинг  қонунбузарлинингни кимларгадир пора бериб ёпиб кетишга уринма. Акс ҳолда ҳаммаси бекор гаплар бўлиб қоғозда қолиб кетаверади. Сен эса ўзингдан олдингилардай "жамиятимиз порахўрликка тўлган, уни йўқотишимиз керак" деб қичқириб ўтиб кетаверасан", деб
шунча гапларни ўзим билан баҳслашаётган маҳалладошимга гапираман. Аммо у  ҳеч нарсани тушунмайди. Тушунишни ҳам хоҳламайди. Унинг наздида бир тарафдан порахўр ёмон одам, аммо ўзи биронтага ўз ишини битириш учун пора берса буни умуман "ёмон иш қилаяпман" деб ўйламайди.
Жамиятдаги пора олди-бердиси ва порхўрликка бўлган мана шундай "икки хил стандарт"да қараш ҳам бизда порахўрликни камайиш ўрнига баттар авж олиб кетаётганига сабаб бўлмаяптимикан? Сизлар бунга нима дейсизлар?

"Мантиқсиз мантиқ"лар.

Бир одатим бор, ҳар бир ишдан, ҳар бир гапдан мантиқ қидираман. Аммо, лекин, бироқ....,  кўпинча ўша мантиқни  топа олмайман. Айниқса, аксарият одамлар бошқалардан талаб қиладиган, хоҳлайдиган нарсаларини навбат ўзларига келганда ўзлари ҳам четлаб ўтишга уринишади, ана шуни тушунмайман.

Келинг, бир бошдан бошлай. Яқинда Тошкент шаҳар ИИБ, ЙҲХБ қоидани бузувчи ҳайдовчиларни бошқа ҳайдовчилар жўнатган видео ва фотоларга қараб жазога торта бошлади. Кўчада бошқа бир ҳайдовчининг қоидабузарлигини тасвирга олиб ЙПХ ходимларига жўнатаётган ҳайдовчиларнинг ўша ишлари ижтимоий тармоқларда ҳам, кўча-куйда ҳам муҳокама бўлар экан, айримлардан ташқари аксарият одамлар уларни сотқинликда айбладилар. Ҳатто сўкиб ҳақорат қилганлар ҳам бўлди.

Ана шу ерда мен тушунмаган "мантиқсиз мантиқ" содир бўлаяпти. Қандай дейсизми? Тушинтираман; охирги йиллардаги ўзгаришлардан кейин одамларимизнинг онги анча ошди ва энди улар юртимиздаги ҳар бир мансабдор шахсни қонунларга бўйсуниб ишлашини, ҳеч қандай ноқонуний иш қилмаслигини хоҳлаяптилар. Ҳатто буни талаб ҳам қилаяптилар. Ҳатто мансабдор шахсларни устидан порталга ёзаяптилар. Мен ҳам бу масалада уларга қўшиламан, ҳар бир ишда қонун устувор бўлишини хоҳлайман. Лекин ана шу ерда мен бир нарсани тушунмаяпман; нега одамлар мутасаддилардан қонун доирасида ишлашни талаб қиладилар-у ўзлари эса ўзлари учун жорий қилиб қўйилган йўл ҳаракати қоидаларига бўйсунишни хоҳламайдилар?
Нега мутасаддиларнинг қонунни бузишларига қарши бўладилар-у ўзлари амал қилишлари керак бўлган қоидаларини имконияти бўлиши биланоқ бузадилар? 
Нима, Конституция ёки турли бошқа қонун ва қоидаларни бузиб бўлмайди-ю йўл ҳаракати қоидаларини осонгина бузиб кетаверса бўладими? Йўлларда ҳар ким хоҳлаганини қилиб кетаверса унда ўша йўл ҳаракати қоидалари нега ва ким учун чиқарилган?

Ёки яна бир мисол, қачон ЙПХ ходимларидан гап очилса аксарият одамларимиз улар ҳақида салбий фикрни билдирадилар. "ЙПХ ходимлари порахўр, ЙПХ ходимлари муомалани билмайди, ЙПХ ходимлари қонунни бузади, ЙПХ ходимлари фалон, ЙПХ ходимлари писмодон" деган гапларни исталган ҳайдовчидан эшитишингиз мумкин. Лекин йўл ҳаракати қоидаларини бузиб ЙПХ ходимларининг қўлига тушганимизда аксарият ҳолларда биринчи  бўлиб қонунни бузиб ўзимиз уларга пул таклиф қилиб, қоидабузарлигимизга кўз юмиб қўйиб юборса уни "рози қилиб кетишимиз" ҳақида шаъма қиламиз, енгилроқ жазо қўллашни  ялиниб сўраймиз. Мен ана шу ерда яна бир "мантиқсиз мантиқ"га тушунмайман ва аксарият одамларимизнинг ЙПХ ходимларини ёмонлаб юриб, лекин  ўзлари қоидани онгли равишда бузиб, яна камига ЙПХ ходимига пора таклиф қилиб яна ўзларини оппоқ кўрсатишларини тушунмайман.
"Фалонча ГАИ (изоҳ; одамларимиз ҳанузгача ЙПХ ходимларини шундай аташади) роса ифлосда, умуман у билан келишиб бўлмайди, қўлига тушдингми жарима ёзиб юборади. Бирон марта "чой пули" олиб ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб берганини билмайман.   Фалонча ГАИ эса зўр одам. Неча марта қўлига тушган бўлсам оладиганини олган ва мени жазоламай қўйиб юборган". Қаранг мантиқни. Пора олмай қонунан чора кўрган ЙПХ ходими ёмон. Пора олиб жазоламай қўйиб юборгани эса "зўр". Мана шу мен  тушунмаган "мантиқсиз мантиқ". Одамлар жамиятдан коррупция ва порахўрлик батамом йўқолишини хоҳлайди. Қайсидир идорада арзимаган ишга пора сўраганларини дод солиб дунёга жар солади.  Аммо баъзи ҳолатларда ўз ишини тезроқ битириш учун ёки қаттиқроқ жазодан қутилиб қолиш учун порани биринчи ўзи тиқиштиради.

Ўғирликни каттаси ҳам, кичиги ҳам ўғирликдир. Уни кичигини қилган одам каттасига ҳам қўл уради. Шундай экан бир иш учун тоғдай пул сўраган порахўр билан йўл ҳаракати қоидаларини бузиб  қўлга тушганида ЙПХ ходимига пул тиқиштирган одамнинг фарқи борми? Менимча йўқ. Униси олаяпти, буниси бераяпти. Қонунларимизда  порани берган ҳам, олган ҳам бир хил жазоланади.

Умуман олганда айтмоқчи бўлган гапим шу-ки; биз қонунлар устувор бўлган жамият қуришни хоҳлар эканмиз авваламбор биз учун энг кичик ва арзимас туюладиган қонун қоидаларга ҳам риоя қилиб яшашимиз керак. Ана шунда жамият ҳам қоидаларга бўйсунадиган бўлади. Ўзимиз қонун-қоидаларни бузиб бошқалардан эса ўша қонун-қоидаларга бўйсиниб яшашни талаб қилишимиз бу ўта "мантиқсиз мантиқ" бўлади. Бундай мантиқни эса мени тушунишим барибир қийин.

пятница, 13 апреля 2018 г.

Тожикистон президенти ҳақида нималарни биламиз?

Қардош ва қўшни Тожикистон билан ўзаро алоқаларимиз узоқ йиллар мобайнида қониқарсиз бўлди. Ҳар икки мамлакат аҳолиси ўртасида ўзаро борди-келди батамом тўхтаб қолди. Аҳвол шу даражага бордики нотўғри сиёсат туфайли биз тожикистонликларни, тожикистонликлар бизларни душман ўрнида кўра бошладилар. Аммо шундай бўлсада биз ҳам, тожикистонликлар ҳам ўртадаги алоқалардан тўсиқлар олиб ташланишини ва ҳар икки мамлакат аҳолиси бир-бирлариникига олдингидай бемалол, эмин-эркин бориб келса бўладиган замонлар келишини ҳис қилиб яшадик. Ниҳоят бугун ўша биз орзу қилган замонлар келди. Энди ҳар икки қардош ва қўшни юрт одамлари бир-бирлариникига ҳеч қандай тўсиқсиз бемолол бориб кела оладилар. Аммо узоқ йиллар мобайнида ўртада алоқалар бўлмагани туфайли тожикистонликлар мамлакатимиз ҳақида, биз Тожикистон ҳақида, бу икки юртда бўлган ўзгаришлар ҳақида кўп нарсалардан бехабар қолдилар. Ҳозир қўйида Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ҳақидаги маълумотларни ўқувчиларимизга беришни лозим топдим.

Эмомали Раҳмон (Эмомали Шарипович Раҳмонов), 1952 йилда, Кўлоб вилоятининг Данғара туманида, Данғара шаҳарчасида таваллуд топган.
1977-82 йилларда Тожикистон Давлат Университетининг иқтисод факультетида ўқиган. Шундан сўнг Данғара шаҳарчасида турли вазифаларда ишлайди.
1988 йилда Данғара туманидаги Ленинг номли совхозга директор этиб тайинланади ва 1992 йилнинг ноябр ойигача шу вазифада ишлайди.
1992 йилда Тожикистон Олий Кенгаши, 12- чақириқ сессиясига депутат этиб сайланади.
1992 йилда Тожикистонда бўлиб ўтган фуқаролар уруши даврида у маълум муддат Кўлоб вилоятини бошқаради.
1992 йилнинг ноябрь ойида Хўжандда ўтказилган Тожикистон Олий Кенгашининг шошилинч сессиясида у Тожикистон Олий Кенгашининг раиси этиб сайланади.
1994 йилда Тожикистонда президентлик сайловлари ўтказилиши бклгиланади, аммо амалдаги конституцияга мувофиқ Э.Раҳмон бу сайловда қатнаша олмас эди. Чунки ўшанда конституцияга мувофиқ президентликка номзодларнинг ёши 35 ёшдан кичик бўлмаслиги белгилаб қўйилган эди. Э.Раҳмон эса 1994 йилда 32 ёшда эди. Шу туфайли мамлакат конституйиясини ўзгартириш бўйича референдум ўтказилди ва янги конституцияга кўра энди номзодларнинг ёши 30 ёшдан тепада бўлиши белгилаб қўйилди.
Конституция ўзгартирилгандан сўнг Э. Раҳмон президентлик сайловида ўз номзодини қўйди ва сайловда хўжандлик рақиби Аблумалик Абдуллажоновни 58.7%-41.3% ларда енгиб мамлакатнинг янги президенти этиб сайланди.

среда, 4 апреля 2018 г.

Тожикистонликларни Ўзбекистонда ажаблантирган ҳолатлар.

Шу пайтгача бир нечта тожикистонлик меҳмонлар билан суҳбатлашдим ва улардан Ўзбекистонда уларни нима ҳайрон қолдирди, шуни сўрадим.

1) Озиқ-овқат ва сабзавотлар нархининг анча арзонлиги.
Ўзбекистон буғдойидан тайёрланган уннинг бир қопи бозорларимизда 80 минг атрофида сотилаяпти. Тожикистонликларнинг айтишларича уларда энг арзон ун Россия ва Қозоғистонда тайёрланган иккинчи нав буғдой уни 100-110 минг сўм атрофида. Биринчи нав ун эса 130-140 минг сўм атрофида.
Шунингдек, тухум нархининг арзонлиги. Улар бозорларимизда тухумнинг донасини 400-500 сўмдан кўришган ва тухум уларда биздан икки баравар қиммат. Яна бизда пиёз, сабзи ва яна бошқа бир қатор сабзавотларнинг нархлари Тожикистондаги нархларга қараганда анча арзон экан.

2) Бензин нархининг арзонлиги.
Тожикистонликларнинг айтишларича уларда А80 маркали прзон бензин йўқ. Уларда А91 ва А93 бор. Уларнинг нархи эса бизнинг сўмда 6500-7000 сўм атрофида.  Шу учун ҳам мамлакатимизга ўз машинасида ўтган тожикистонликлар машиналарининг бакини тўлдириб бензин олишмоқда.

3) Тожикистонликларни ҳайратга солган яна бир нарса бу йўлларимизнинг кенглиги ва минглаб километр йўлларда йўлнинг ўртасига бетон тўсиқ ўрнатиб чиққанимиз. Уларнинг айтишларича Тожикистонда ўртаси тўсиқ билан ажратилган йўл ҳеч қайерда йўқ. Шунингдек тўртта палосали йўл ҳам йўқ хисоби. "Аксарият йўлларимиз икки палосали, аммо яхши асфальт қилиб қўйилган. Сизларда эса ўртада тўсиқ бор, йўллар ҳам кенг, аммо баъзи жойларда йўллар анча таъмирталаб экан" - дейишди улар.

3) Вилоят марказлари бўлмиш шаҳарларимиздаги кенг кўламли ободонлаштириш ва қурилиш ишлари. Меҳмонларнинг айтишларига қараганда улар бу масалада биздан камида йигирма йил орқадамиз.

вторник, 3 апреля 2018 г.

Қарздан қўрқмайдиган одамлар ёхуд нега дўкондор бўлмаганим ҳақида ҳикоя.

Эсимни танибманки савдо соҳаси мен учун қизиқарли соҳа. Доим маҳалламизда кичкина бўлса ҳам ўз дўконим бўлишини ва ана ўша дўконни кундалик эҳтиёж моллари билан тўлдириб, кейин инсоф билан савдо қилиб  ўз маҳалладошларим оғирини енгил қилишни ўйлайман. Аммо..., аммо ўша дўконни очишга кўп ҳам ҳаракат қилавермайман. Ҳатто бундан кейин ҳам катта эҳтимол билан дўкон очишга ҳаракат қилмасам керак. Ҳатто умуман очмасам ҳам керак.
Нега дейсизми?

Эсимда, маҳалламиздаги илк дўкон ўтган асрда, 90 - йилларининг бошида, мустақиллик шарофати билан очилган эди.  Орадан бироз ўтиб маҳалламизда ўшандай дўконлар сони 3-4 нафарга етиб қолди. Шу ўтган йиллар мобайнида ўша дўконларнинг ҳар бирида камида 4-5 нафардан, баъзиларида балки ундан ҳам кўпроқ дўкондор ишлашга улгурди. Энг аввал ўша дўконларни қурган одамларнинг ўзлари ишлатишди. Орадан 1-2 йил ўтар-ўтмас улар дўкондорликни йиғиштириб дўконларини бошқаларга ижарага беришга ўтишди.
Мендай дўкондорликни орзу қилиб юрган маҳалладошларимнинг баъзилари дарров ўша дўконларга ари ширага ёпишгандай ёпишишди ва уларнинг орзулари рўёбга чиқди. Энди улар дўкондор. Аммо уларнинг дўкондорликлари ҳам узоққа чўзилмади. Баъзи бирлари биринчи йилданоқ, баъзилари иккинчи йилда, узоқроқ борганлари эса учинчи йилда дўкондорликни йиғиштириб дўконларни эгаларига қайтариб беришди. Дўконлар бўш қолиб кетмади. Орзу умидлари чилпарчин бўлган бир дўкондор дўконни топширар экан тирикчилик ташвишидаги яна бир даъвогар дўконни бир кун бўлса-да танаффус қилишига қўймай, нарсаларини ҳисоб-китоб билан қабул қилиб олиб савдоларни бошлаб юбораверарди.  Дўкондор бўлмоқ ҳам, уни қайтариб бермоқ ҳам осон экан. Топширадиган одам  дўкондаги маҳсулотларни янги дўкондор билан бирга хатлаб чиқади ва ҳаммасини унга нархлаб топширади. Янги дўкондор эса ўша заҳоти савдони бошлаб юбораверади. Аммо у ҳам кўпга бормайди ва йил ўтар-ўтмас дўконни эгасига қайтариш пайига тушади ёки бошқа бировга топширади. Дўкон яна янги дўкондорни қўлига ўтади. Жараён шу тариқа бугунги кунгача давом этиб келаяпти.
Охирги шундай воқеа кеча бўлиб ўтди. Бири топширди, иккинчиси қабул қилди. Ҳатто, охирги пайтларда бу жараёнга дўконнинг эгаси аралашмай ҳам қўйди. Ойлик ижара пули аниқ ва у пулини вақтида олиб турса бўлди. Қолгани билан иши йўқ, топширувчи ва олувчи ўзлари келишиб олаверадилар.

Мен ҳозир маҳалламдаги дўконларда бўлган қўнимсизликни ёзаяпман-у, тахминимча бошқа жойларда ҳам аксарият дўконларда аҳвол шундай. Агар адашаётган бўлсам бундан фақат хурсанд бўламан.

Маҳалламиздаги дўконларда нега тинимсиз қўнимсизлик рўй бераётганини ва у дўконларни нега ҳеч ким узоқ йиллар эплаб ишлата олмай қисқа муддатларда топшириб юбораётганини, дўконларни қурган эгалари ишлата олмай бошқаларга ижарага бериш ҳақида ўйлай бошлаганларида ва ўша илк қўнимсизликлар бошланган пайтларда билганман.

Дўкон маҳаллада жойлашган. Бу ерда ҳамма бир-бирини яхши танийди. Буни устига маҳаллада кўпчилик бир-бирига яқин ва узоқ қариндош ҳисобланади. Бундай ҳолатда дўкондорни олдига бир маҳалладоши нарсаларни қарзга сўраб келса у йўқ дея олмайди.
Ўша пайтларда, дўконлар илк очилганида ҳали одамларда инсоф, виждон каби сифат дейсизми, туйғу дейсизми ҳозиргидан кўпроқ сақланган замонлар эди. Ўшанда одамлар дўконлардан фақат мажбур бўлсаларгина ниманидир бор йўғи 2-3 кунга насияга, халқ тили билан айтганда қарзга олишар эди. Ўшанда кимдир дўкондан қарзга олган нарсасини пулини айтган кунида олиб келиб берса, яна кимдир эса кейинроқ дўкончи уйига ўша қарзни сўраб борганида  берарди. Кимдир эса дўкончи сўраб борса ҳам бермасди ёки бера олмас эди. Шу тариқа дўкондорлар қарз дафтари тутишга мажбур бўлдилар. Йиллар ўтган сари олдинига фақат имкони йўқлар қарз олсалар, бора-бора имкони борлар ҳам дўконлардан қарзга нарса оладиган бўлдилар.  Олдинига улар қарзга олган нарсаларини пулини ноиложликдан бироз кечиктириб тўлаган бўлсалар, бора-бора ҳатто дўкончи қистаб сўраса ҳам тўламайдиган бўлдилар. Буни устига бир дўкондан қарз бўлсалар "энди қарзимни қайтармагунимча бу бошқа қарзга нарса бермайди" деб ўша дўконга кирмай ёнидаги иккинчи дўкондан қарзга нарса олиб кетадиган бўлдилар. Шу тариқа айрим кишиларнинг "муборак" исм-шарифлари маҳалламиздаги ҳамма дўконлардаги қарз дафтарларига бирин-кетин ёзилди. Бора-бора қарзга нарса олганда тортиниш, уялиш, хижолат бўлиш хислатлари ҳам йўқолди. Одамлар томонидан дўкондорларга қарата "Оласан-да ўлмасам, шу пулингни" дейиш одат бўлди.

Шу орада дўкондорлардан бири "зора маҳалла аҳли бегона одамдан қарзга нарса сўрамаса" деб ижарага олиб ишлатаётган дўконига бошқа бир жойдан маҳалла аҳли умуман танимайдиган бир болани сотувчи қилиб олиб келди. Аммо, маҳалла аҳли ҳам анойи эмас, ўша сотувчи бола билан бир ойга етмасдан ошна, оғайни бўлиб кетишди. Тўрт ёки беш ой ишлаган ўша сотувчи бола икки ойлик маъошини олмай, камига яна дўкондордан қарз бўлган ҳолда ишдан бўшаб кетди. Айтишларича дўкондор уни ишдан бўшатиш пайтида "мен сенга "ҳеч кимга қарзга ҳеч нарса берма" деган эдим-ку!" деб роса бақирибди. Аммо, ўша бечора сотувчи болада ҳам айб йўқ. Маҳалла аҳли ундан нарса олар эканлар ўша нарсани қарзга олишларини сотувчи болага умуман айтмайдилар, билдирмайдилар. Сотувчи бола сўраган нарсаларини ўраб қўлларига бергандан кейин "ёзиб қўй, оласан" деб чиқиб кетаверганлар. Шундай ҳолатларда у бечора ҳам нима қилсин? Умуман чорасиз қолаверган.

Эсимда, дўкон қуриб унда илк бор ўзи савдо қилган маҳалладошимиз икки йилга етмай дўконни ижарачига топшираётганда икки-учта қарз дафтарни халойиққа кўрсатиб "мени бор-йўғим шу дафтарларда" деб баралла гапирган ва эртаси кунидан ўша қарз дафтарларини кўтариб уйма-уй юриб қарздорлардан пулларини ундирмоқчи бўлган эди. Аммо унинг бу иши катта муваффақиятсизлик билан тугади. Айримларнинг берган уч-тўрт сўмини айтмаганда у қарздорлардан дафтарларида ёзилган сумманинг ўндан бирини ҳам йиға олмади. Шундан сўнг орасини бироз совутиб яна пул йиғишга чиқди. Аммо яна натижа бўлмади. Шундан кейин ўша ўзи бир пайтлар "мени бор-йўғим шу қарз дафтарларда" деган халойиққа қараб энди "Мен энди ҳеч кимникига пулларимни сўраб бормайман. Олиб келиб берганларнинг Худо хайрини берсин. Олиб келиб бермаганлардан эса рози эмасман" деди ва дафтарларни ўша халойиқни олдида намойишкорона ёқиб юборди. Шундан кейин маҳалла аҳли ўшандай "қарз дафтарларни ёқиш маросими"га эҳҳе неча марталаб гувоҳ бўлди. Йўқ, қарз дафтарларини ёқмасдан эсдаликка сақлаб қўйганлар ҳам бор. Ана ўшалардан бирини кўчада, у ҳам илк дўкондорлардан эди, яқинда қарз дафтарларидан бирини варақлаб нималарнидир ҳисоблаб ўтирган ҳолда кўрдим. "Ука, биласанми? Ҳозир пулимиз янги чиққан йиллларда одамларга берган қарзларимни ҳисоблаб кўрдим. Ҳаммасини йиғсам ҳозир битта тузукроқ пайпоқ ҳам бермас экан. Мана қара, ўша пайтда бир қоп унни 50 сўм сотган эканман. Жин урсин, ўзинг айт, энди ўша 50 сўмни қарз бўлган одамдан қандай сўрайман? Ўзи қарз дафтарларини вақтида ёқиб юборганлар тўғри иш қилишган экан. Кўришмайди ҳам, куйишмайди ҳам. Лекин мен бу дафтарларни бекорга сақлаб қўйганим йўқ. Аксарият нарсаларнинг нечанчи йилда,  неча пулга сотилгани, кейинги йилларда ўша нарсаларнинг нархи қанчага ошгани ҳаммасини ёддан биламан.  Бунга эса қўлимдаги ушбу  дафтар муҳим ҳужжат ва факт бўлиб хизмат қилади. Хоҳлаган нарсангни хоҳлаган йилингда неча пул бўлганини сўра, мен айтиб бера оламан. Пулимиз янги чиққанда гўшт беш сўм, доллар етти сўм, бир қоп ун 40-50 сўм эди. Айт, яна нимани нархини айтиб берай?"
Уни олдида кўп ўтира олмадим. Туриб қочдим. Бечора қарз дафтардаги пулларнини ҳисоблайверганидан "том"и кирди-чиқди бўлиб қолибди.

"Халойиқ нима бўлди?" дейсизми? Халойиққа жин ҳам ургани йўқ. Ўша илк дўконлар очилганида дўконлардан ноиложликдан қарзга нарса олганлар бугунги кунда уй-жойини созлаб олган, тагида янги машина, аммо барибир дўконларнинг ҳар бирида юритиладиган қарз дафтарларида уларнинг номлари бор. Халойиқнинг аксариятида аҳвол шу. "Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас" деганларидек, чўнтагида пули бўлса ҳам ҳанузгача дўкондан насияга нарса олишади. Энди тушуниб етгандирсиз, мени нега маҳалламда дўкон очмаслигимни сабабини. Чунки эсим ҳали ўзимга керак.