вторник, 2 мая 2017 г.

"Шамолингиз борми?" Ёки "брачное агентство"

"Ҳаммаси қўшним Ҳикмат бобонинг "Жон болам кампирим ўлиб ёлғиз қолдим. Келинларим ва қизларим минг ювиб-тараб қарамасин кампиримни ўрнини боса олмайди. Шунга уёқ-буёқларни бир қидириб, суриштириб кўрсанг. Балки, менбоп биронта бева чиқиб қолар. Агар муносиб бир аёлни топиб берсанг сениям қуруқ қўймайман" деб қилган илтимосларидан бошланди. Таниш-билишлардан суриштириб биздан бир неча қишлоқ наридан ёши 50 лардан ошган бир боши очиқ аёлни топдим. Аёлнинг фарзандлари йўқ, ўзи ака-укалариникида яшаб юрган экан. Бориб аёл билан гаплашдим. Ҳикмат бобонинг жудаям қариб қолмаганини, эндигина 70 ёшдан ошганини, рўзғори анча бутлигини гапирдим. Аёл рози бўлди. Аммо..., аммо укаси пишиққина экан. "Ака, мен опамни шундоқ бериб юбора олмайман. Менинг ҳаққим 200 "кўк"ида" деса бўладими? "Ўз опасини сотадиган шунақа пасткаш одамлар хам бор экан-да" дедим-у, уларнинг телефон номерини олиб, бориб "куёв бола" билан гаплашиб жавобимни айтадиган бўлдим. Уларнинг олдидан чиқиб тўғри Ҳикмат отанинг олдиларига бордим. Яхши бир аёлни топганимни ва аёл розилигини, аммо укаси пул сўраётганини айтдим. "Ҳаҳ занғар, сал кўп сўраб юборибди-ю, кўпчилик 100 долларга рози бўларди. Қани бир телефон қил-чи, агар уни 100га сен кўндира олмасанг мен ўзим кўндираман. Агар шундаям кўнмаса аёл яхши бўлса сўраганини бериб олиб келаверамиз" дедилар. Телефонни олиб аёлнинг укасига телефон қилиб Ҳикмат ота айтган "нарх"ларини айтдим. Занғар деганларича бор шекилли кўнмади. Шунда Ҳикмат бобо қўлимдан телефонни тортиб олиб, "Эй ука, нечта ўртоқларим уйланди. Биронтаси 150 хам бергани йўқ. Энг кўп бергани 100 берди. Сен ҳам баҳонгни оширмай олавер 100ни" дедилар. Чолнинг ўзи савдолашади деб ўйламаган шекилли ука кўнди.

Шундан кейин бориб аёлни олиб келиб Ҳикмат бобога никоҳлаб қўйдик. Аёл яхши экан, Ҳикмат бобо мени ҳам қуруқ қўймади. Кейин эса маҳаллада, кўча-кўйда менинг Ҳикмат бобога яхши бир аёлни топиб берганим овоза бўлди ва энди узоқ-яқиндан "отамга, тоғамга, амакимга яхши бир аёл топиб беринг" деб кўпчилик мени қидириб келадиган бўлди.

Шундай қилиб менинг ишларим хам юришиб кетди. Мен ҳам хотин топиб берганим учун "ставка"мни 100 доллар қилиб белгиладим. Яна йўлкира, мошинага бензин пули, тушлик дегандай харажатларни "куёв бола" тараф тўлайди.
Келажакда иш фаолиятимга путур етказмаслиги учун ёши 75 дан ошган чолларларни синаб кўриб, улар синовдан ўтишсагина уларга хотин қидирадиган бўлдим. Ёши саксондан ошганларни эса илтимосини қабул қилмайдиган бўлдим.
Дафтар тутиб ёлғиз аёлларнинг манзилини киритиб қўйдим. Мурожат қилиб келаётган чолларни рўйхат қилдим. Ҳар икки тарафнинг ёши нечада, оилавий ва молиявий аҳволлари қандайлиги ҳақида анкеталар тузиб қўйдим.

Юқорида "чолларни синайдиган бўлдим" дедим. Ана шундай кунларнинг бирида бир танишим келиб қолди. Онаси ўтган йил вафот этган эди. Отасини уйлантириш кераклигини ва бунга ёрдам беришимни сўради. "Неча жойга бордик, аммо отамнинг ёшларини саксонда эканини билиб ҳеч қайси аёл рози бўлмаяпти. Шунга балки  сен топиб бера олармикансан деб олдингга келавердим" деди. Танишимни "иложим йўқ" ёки "қўлимдан келмайди" деб  хафа қилгим келмади.  "Эртага отангни олиб кел. Синовимдан ўтсалар албатта хотин топиб бераман. Ўта олмасалар мендан хафа бўлмасинлар" десам, "Отамни олиб келганман, кўчада мошинада ўтирибдилар" деди.
Танишим отасини олиб хонага кирди. Сўрашиб рўпарамга ўтқаздим. Отага ўзимни ёмон кўрсатмасдан бу ишга қандай қилиб силлиққина рад жавобини берар эканман" деб бошим қотар эди. Охири топдим.  Иккаламизни ўртамизда усти бўш хонтахта турибди. Хонтахтага лак сурилган. Қоғоз қўйса ёпишиб қолгудай бўлиб қолади. Хаёлимга бир шумдик келди. Танишимни хонадан чиқариб юбориб отадан "Ота, шамолингиз яхшими?" деб сўрадим. Гарчи сааолимни тушунмаган бўлсаларда "Ҳа болам зўр" дедилар. "Ота, эшитган чиқарсиз, мен ёши саксон ёш ва ундан тепада бўлганларга хотин топиб бермайман. Бу "авторитет"имга тўғри келмайди. Сизга майли бу қоидамни истисно қиламан, аммо барибир шамолингизни синаб кўраман" дедим. Чол шамолини қандай синашимга ақли етмай "майли болам синайвер" деб қўйди. Миямга келган шумликни ичимдан кулгу тошиб келаётган бўлса-да сиртимга чиқармай, жиддийлик билан бажара бошладим. Олдимдаги дафтардан бир варақни олиб олдимиздаги хонтахтани ўртасига қўйдим. "Қани ота, шамолингизни бир синайликчи. Мана шу варақни уч марта пуфлаб хонтахтани устидан пастга туширишингиз керак. Қани марҳамат" дедим. Чол "шамолимни шундай синар экан-да, осонку бу" деган хаёлда бироз кулимсириб бошини эгиб, ичини тўлдириб нафас олди-да "пуфф" деб қоғоз томон пуфлади. Не ажабки қоғоз учиб кетиш уёқда турсин ўрнидан ҳам жилмади. Чол яна икки марта олдингисидан-да чуқурроқ ютиниб пуфлади, аммо натижа бўлмади. У қизариб, бўйин томирлари бўртиб чиқиб яна икки марта имкон беришимни сўради. Имкон бердим. У икки марта ўрнига тўрт марта пуфлади ҳамки қоғоз ўрнидан жилмади. "Ана кўрдингизми ота, сизни шамолингизни кучи қолмаган. Мени кечирасиз, сизга хотин топиб бера олмайман" деб олдимдан чиқариб юбордим. Чол чиқиб маюс ҳолда мошинага ўтиргандан кейин олдимга танишим бўлган ўғли кирди. Унга ўтказган синовимни кула-кула айтиб бердим. Охирида бу синов бир баҳона эканини, агар отасига олдимга келгандан йўқ деб юборсам мендан қаттиқ хафа бўлишини, шу учун рад жавобини мана шунақа синов билан билдиришни лозим топганимни ва бу учун улардан узр сўрашимни айтдим. Шунда танишим нега саксондан ошганларга йўқ дейишим сабабини сўради. "Иккинчи мартами ёки учинчи мартами турмушга чиқаётган аёл ҳам икки кун бўлсада хотиржам яшашни хоҳлайди. Энди ўзинг ўйла, ёши саксондан ошганлар роса мункиллаб қолишади. Кейин табиат қонуни бу: олтмиш ёшдаги одамдан кўра саксон ёшдаги инсонларринг бу дунёсидан у дунёси яқин бўп қолади. Шундай экан 50-60 ёшли ёлғиз аёллар ҳам ёшроқ чолларга тегишни хоҳлашади. Ҳозир отангга рад жавобини бермай хотин қидирганимда ҳеч қайси аёл унга тегмасди. Мани эса овора бўлганим қоларди. Сабаби шу" деб сўзимни якунладим.
Яқинда ўша танишимни кўчада кўриб қолдим. Ўша мени синовимдан кейин отаси "бўлди, менга аёл излашни йиғиштиринглар" деганмиш. "Нега отажон?" деб сўрашса "Мени бу ёшимда ҳеч қайси аёл тегмайди" дебди. "Лекин шунда ҳам суриштириб юрибмиз" деди".

Р.С. Бу воқеалар қўшним билан содир бўлган ва шу қўшним ҳалиям чолларга хотин топиб бериш билан шуғулланаяпти. Воқеани ҳам ўзидан қандай эшитган бўлсам шундайлигича келтирдим.

четверг, 27 апреля 2017 г.

Улар бизни қайерга бошлашмоқчи?

Яқинда ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги қандайдир бир клубда тату фестивали ўтказилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди ва бу хабар ижтимоий тармоқларда кенг мухокама қилинди. Кўпчилик бу фестивални ўтказилишига қарши бўлди. Аммо бу фестивалнинг ўтказилиши тарафдорлари хам баҳсларда қараб туришмади. Улар асосан европа миллатига мансуб одамлар эдилар. (Ичида ўзбекларимиз ҳам бор эди(!) ).

Бу фестивалга қарши бўлганларнинг аксарияти тату деган нарсанинг бизга умуман ёт нарса эканлигини, шунингдек мамлакатимиз аҳолисининг аксарияти эътиқод қиладиган Ислом динида ҳам бу иш қаттиқ қораланганлигини келтиришса, бу фестивални ўтказилишини хоҳловчилар бу фестиваль ўзи нега ўтказилиши кераклигини ёзмай фақат ва фақат қарши тарафга тош отиш билан овора бўлдилар. "Сенлар ўрта асрларга қайтишни хоҳлаяпсанлар, Ўзбекистонни иккинчи Афғонистонга, иккинчи Эронга айлантиришни хоҳлайсанлар" қабилидаги фикрларга ёпишиб олишди. Улар "Шу фестиваль нега ўтказилиши керак?" деган саволга бундан бошқа асосли бир гап келтира олишмади.  (Ўзи охирги пайтларда бизга тўғри келмайдиган ҳар қандай нарсага қарши бўлувчиларга асосан шу усулда босим уюштирилаяпти).

Умуман олганда бугун тату фестиваль ўтказишни хоҳлашади. Агар шу фестивални ўтказа олишса кейин яна бошқа нарсаларни кўнгиллари тусайди ва ҳоказо. Мақсад нима? Мақсад мана шу юртда яшайдиган инсонлар томонидан минг йиллардан бери ардоқлаб сақлаб келаётган миллий, маънавий, диний қадриятларга болта уришдир. Ҳа, ҳа, айнан бунақа фестиваль ўтказишни хоҳлайдиганларнинг мақсади шу.

Шу ерда бироз тарихни эслаб ўтишни жоиз деб топдим.
Ҳаммамизга маълумки Шарқ (айниқса мусулмон Шарқ) аҳолиси азалдан ўзининг одоб-ахлоқи, ҳаё-ибоси билан дунёга ибрат бўлган. Оилавий муносабатлар кўчага олиб чиқилмаган. Жамоатчилик орасида юксак одоб-ахлоқ нормалари сақланган ва ҳоказо. Аммо ғарблик баъзи ғаламислар ва кейинчалик Совет Иттифоқи деб аталмиш ювуқсиз коммунистлар тузуми Шарқнинг ана шу бирламчи навбатда одоб-ахлоқ нормаларига асосланган урф-одатларига катта болта урдилар ва кўпдан кўп туҳматлар қилдилар. Улар Шарқдаги баъзи ишларни кўпиртириб ёмонлаш баробарида ўзларида ўрта асрларда Франция ёки Россия императорлари саройларида қилинган ошкора ва оммавий ахлоқсизликлар ҳақида лом-лим демайдилар.
Ўзини "Ишчи ва деҳқонларнинг бахт-саодати учун курашувчи" бир тузум ўлароқ кўрсатган коммунистлар эса бу йўлда "эскилик сарқити" деб бизга ҳатто ўз тарихимизни ўқиб ўрганишга рухсат бермаганлар. Мабодо кимдир "ўзбошимчалик" бу ишни қилса Сталин даврининг охиригача унинг жазоси ўлим ёки узоқ йиллик қамоқ бўлган. Сталиндан кейингилар эса ундай "ўзбошимчалар"ни жазолашни маданийроқ турини ўйлаб топишган ва А.Чеховнинг "6-палата"сидаги каби соғлом одамларни руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишган ва ўша ерда ўлдириб ёки ўлдиртириб юборишган. Қисқаси ўша тузум даврида биз учун тарихимизни ўрганишга йўл беришмаган. Ўрганишга йўл беришган тақдирда ҳам уни фақат қора фонларда кўрсатишимиз лозим бўлган.

Тарихни эслар эканман ўтган асрнинг 30- йилларида юртимизда аллақайси бир фотограф (Номини эслай олмаяпман,қидириб ҳам юрмадим. Зеро унинг кимлигини унча аҳамияти йўқ) томонидан туширилган бир сурат ғарбда жудаям машҳур бўлганини эслатмоқчиман. Ғарбликлар ўша пайтда бу суратни кўп мақтайдилар, ўз газета ва журналларида босадилар, фотокўргазмаларда тинимсиз намойиш этадилар. Хўш, у суратда ғарбликларни бунчалик хурсанд қиладиган нима бор эди? Суратда бош яланг бир ўзбек аёли(Адашмасам бу аёл раққоса бўлган ёки театр актрисаси бўлган(интервьюсини ўқигандим шекилли). Буни ҳам унча аҳамияти йўқ. Энг муҳими у ўзбек аёли бўлган) кўкрагини очиб боласини эмизаётган ҳолат бўлган. Хўш, шунга нима бўпти? Буни нимаси ғарбликларни бунча ҳайратга солган эди? "Ўша пайтда ғарблик аёллар ўз болаларини эмизмай қўйгандилар, шунга ҳайратланган бўлсалар керак" деб ўйлаётган бўлсангиз адашасиз. Ғарбликларни ҳайратлантирган ҳолат гарчи ювуқсиз коммунистлар тузуми остида яшаса-да мусулмон Шарқда яшаган ва мусулмон оилада туғилган бир ўзбек аёлининг ўз юртида ҳатто фотографга расмга туширишига имконият берадиган даражада одамлар орасида кўкрагини очиб боласига тутишидир. Чунки ғарб ўша вақтда бутун дунёни мустамлака қилиб ўз қўл остида ҳамон ушлаб турган пайтлар эди. Шу туфайли хам улар Шарқликларни ёки мусулмон аёлларни одоб-ахлоқларини яхши билар ва ҳатто ўз боласини эмизиши керак бўлса бу ишни одамларнинг кўзидан панада қилишини билар эдилар. Уларнинг хайратланишлари ва ўша суратдаги аёлни ҳам, ўша суратни олган сураткашни хам олқишлашларини сабаби суратнинг ўша давр мисолида олганда ўта очиқлигида эди. Уларни наздида ўша аёл ўзининг "ахмоқона" одоб-ахлоқ чегарасидан чиқиб улар томонга "дадил" бир қадамни ташлаган эди. Улар эса бундан нихоятда хурсанд бўлган эдилар. (Ўзбек аёли айнан бола эмизишда ҳануз одобга риоя қилишини ва бегоналар олдида ҳанузгача боласини ошкора кўкрагини кўрсатиб эмизмаслигини шу ерда таъкидлаб кетишни хоҳладим)

Ёки яна бир воқеа: Бундан бир неча йил олдин ўзбекча исм-шарифли бир фотограф опа (тахминимча миллати ўзбек, чунки ижтимоий тармоқларда соф ўзбекча ёзади) "ўзбек қизларига иффат-ҳаё пардаси керакми?" қабилида ўзича ҳужжатли фильм олиб уни Европадаги аллақандай бир фильмлар фестивалига олиб бориб намойиш этди. Фильм ғарбликлар томонидан юксак баҳоланди. Опага бу фильмни олгани учун ҳурмат-эҳтиромлар кўрсатилди. Қисқаси ғарбликлар бир ўзбек аёлининг довюраклик билан шундай масалани кўтариб чиқа олганини олқишлар билан қаршиладилар.

Ўша фильм "Бокиралик юки" деб номланади ва адашмасам сал қолса ўзимизда ҳам намойиш этиларди. Ўша фильмни "Youtube" каналидан томоша қилган ўзбек томошабинлари фильмда илгари сурилаётган ғоянинг қанчалик хатарли эканини тушуниб етдилар ва бу фильм миллатимизнинг маънавиятига, одоб-ахлоқига жиддий зарба бўлиб тушишини таъкидладилар. Ана шундан кейин опанинг ўзи ҳам, унинг бу фильмни олишига маблағ ажратган ғарблик гумашталари ҳам фильм намойиши бизда тақиқланиб, фильм ҳақида кўпчилик салбий фикрлар билдиргани учун роса аййуҳаннос солдилар.

(Ўшанда ижтимоий тармоқларда опа ҳаққига ҳам кўплаб аччиқ гаплар, ҳатто ҳақоратлар ёғилди. Мен жамоатчилик опани нега бунчалик ҳақорат қилганини ўшанда унчалик тушунмадим. Кейин эса опанинг ижтимоий тармоқларда халқимизнинг миллий, маънавий ва диний қадриятларининг таназзулига сабаб бўладиган ишларга ҳайрихоҳ экани, нафақат ҳайрихоҳ балки ундай ахмоқона ишларни доим қўллаб-қувватлашини кўриб ҳаммасини тушунгандай бўлдим).

Ғарбликларнинг яна бир олчоқларча қилган ишларига мисол: Ўтган асрнинг 50-йилларида Европанинг аллақайси шаҳрида гўзаллик танлови ўтказилади. Ана шу гўзаллик танловида илк марта аксарият аҳолиси мусулмон бўлган мамлакатлардан бири бўлмиш Туркиядан бир турк қизи хам қатнашади. Турк қизининг чўмилиш кийимида ўз танасини Европалик ахлоқсиз қизлар ёнида туриб кўз-кўз қилиши ўша даврдаги ғарб одамларини жудаям хурсанд қилади ва улар буни ахлоқсиз Ғарбнинг аҳлоқли Шарқ устидан қозонган ғалабаси ўлароқ катта байрамлар билан нишонлашади.

Ўша суратни ёки опани фильмини ёки турк қизининг чўмилиш кийимида ўз танасини кўз-кўз қилишини юқори баҳолаган ғарбга "нима керак эди?" десангиз яна ўша юқоридаги жавобни бераман. Улар ўзлари ахлоқсизлик ботқоғига ботган ҳолда бизнинг ҳам ўшандай ахволга тушишимизни хоҳлашади. Ҳозир ғарблик қизларнинг турмушга чиққунча бокираликни сақлаши ўта кулгули, ўта ажабтовур ҳолат туюлади. Ҳатто, мабодо битта-яримта қизда турмушга чиққунча бокиралик сақланган бўлса ўша қиздан "эркаклар билан шу пайгача қўшилмабди, касал эмасмикин ишқилиб" деган гумонга хам боришади. Улар  бокиралик турмушга чиққунча энг қадрли нарса сифатида сақланадиган бизнинг жамиятимизни ҳам ўзларига ўхшаб қолишини хоҳлашади. Ана шу сабаблар билан бизнинг наздимизда "чегарадан чиққан" ишларни улар зўр бериб қўллаб қувватлашади.

Шундай экан биз бундан буёғига ҳам ижтимоий тармоқларда бизга ёт бўлган ва миллий, маънавий ва диний қадриятларимизга қарши бўлган ғояларни юртдошларимизнинг онггига сингдиришга уринаётган ғаразли ёт кучлардан огоҳ бўлишимиз керак ва ўрни келганда кўплашиб ундай ғаразли ёт кучларга муносиб жавоб бера олишимиз керак. Чунки биз ўз одоб-ахлоқлари билан дунёга достон бўлган одамларнинг авлодларимиз.

Р.С. Шу туфайли мен ижтимоий тармоқларда фаол бўлган ҳамюртларимизнинг ғаразгўй кимсалар томонидан халқимизнинг миллий, маънавий ва диний қадриятларига қарши уюштириладиган ҳар қандай ишларига қарши туришларини қўллаб қувватлайман. Зеро давр бизнинг ижтимоий тармоқларда ҳам ҳушёр бўлишимизни тақозо этмоқда.

вторник, 25 апреля 2017 г.

Ўлим ибратдир.

Ўлим ибратдир.

Жаноза. Тобут олиб чиқилиб саф бўлиб турган одамларнинг олд тарафига қўйилди. Имом домла мархумнинг яқинларидан "мабодо кимдир хат-ҳужжат билан келса, марҳумнинг олди-бердиларини ўз гарданларингга оласизларми" деб берган саволига "ҳа, оламиз" деган жавоб бўлди. Сўнгра имом домла саф олдига туриб жаноза намозини ўқишни бошлади; "Аллоҳу акбар".
"Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ" деб намоз тугашини билдирувчи салом берилгандан кейин ҳозир бўлган жамоатнинг асосий қисми тобутга хам қарамай ортга, уйга қайтишга шошилди. Тобутни кўтаришга бир тўп яқинлар, қўшнилар, қариндошлар қолдилар. Қолганлар эса ўз ташвишлари билан тарқалиб кетдилар. Тобут елкаларда чайқалганча манзилига ошиқди.

Қабристон. Маййит қабрга қўйилди. Имом домла "Таборак" номи билан машхур бўлган "Мулк" сурасини тиловат қила бошлади. "Табарокаллази биядиҳил мулку ва ҳува аъла кулли шайъин қодир". Марҳумни сўнгги йўлга кузатишга борганларнинг бошлари эгик, Қуръон оятларини қалблари ажиб бир ҳузур туйиб эшитмоқда эдилар. Домла тиловатни тугатиб ўликлар-у, тириклар, ёшлар-у, кексалар, соғлар-у, беморлар ҳаққига дуо қилар экан, дуонинг охирини марҳумнинг ҳаққига бағишлади. Яратгандан унинг гуноҳларини кечиришини ёлвориб сўради. Жамоат эса чин қалбдан "омин" деб турди. Ниҳоят дуо тугаб одамлар ўз ўрниларидан қўзғала бошлашди. Қабр олдида бир-икки киши қолди холос. Қолганлар ўз ташвишлари томон ошиқдилар.

Қабр усти. Ҳамма тарқаб кетган бўлса-да ҳам айрилиқ, ҳам одоб юзасидан марҳумринг яқинлари бироз қабр ёнида ўтириб қолишди. Ўзларича, билганларича марҳумнинг хаққига дуолар қилишди. Ва улар ҳам жанозадан кейин уйга кўнгил сўраб борадиганларни кутиб олиш лозимлигини эслаб қабристон дарвозаси томон ошиқишди. Уларни маърака ва маросимлар билан боғлиқ ташвишлар чулғаганди.

Қабр. Ниҳоят мархумнинг бир ўзи ва бир қабри ёлғиз қолди. Йўқ-йўқ, марҳум бу ерда ёлғиз эмас, марҳумлар ҳам, қабрлар ҳам кўп. Аммо тириклар хам ҳисобга олинса энди у ёлғиз. Кечагина атрофида парвона бўлиб турган яқинлари энди йўқ. Энди унинг ўзи қоп-қоронғу қабрда бир ўзи қолди.
Буни устига ёлғизлик етмагандай қабрни устини бекитиб ташлашган. Қоронғу зулматда ва чиқиб бўлмас жойда(Зеро бунинг унча ахамияти йўқ.Чунки у хоҳласа хам ҳатто у ерда чиқишга урина ҳам олмайди) марҳумни ўзини ёлғиз қолдириб кетишди. Ҳамма, ҳатто энг яқинлар ҳам бундан буёғига мархумнинг жонига оро бўла олишмайди. Энди у ёлғиз.

Эй омонат жон! Эрта бир кун навбатинг келганда ажал отлиғ ўлим шарбатини сен хам албатта татиб кўришингни билиб хам бу беш кунлик дунёда кибрга берилиб кеккаясанми?
Куни келиб сени ҳам ёлғиз ўзингни қоронғу гўрга тиқиб Мункар-Накир ихтиёрига топшириб кетишларири билиб ҳам нафсингга ва шайтонга қул бўласанми?

Эй омонат жон, кўзингни очгил.
Бировнинг ҳаққини ейишдан, кимларнидир ҳаққинини ейишдан ўзингни тийгил. Сен хозир кибраланаётганинг тирик бўлишинг бу вақтинчаликдир. Бир кун сен ҳам Эгангни ҳузурига боришинг, қабрда Мункар-Накир ҳузурида ёлғиз қолишинг бор. Ундан кейин эса Рўзи Қиёматда қайтадан тирилиб бу вақтинчалик ҳаётдаги ҳар бир ишинг учун жавоб беришинг бор. Шундай экан эй омонат жон, кўзингни очгил. Эсингни йиғгил.

#Ўлим_ибрат