пятница, 14 апреля 2017 г.

Ўқитувчи ҳақида оғриқли мулоҳазалар

Ўқитувчи..., бу шарафли касбнинг машаққатини, қийинчиликларини фақатгина ўқитувчи бўлиб ишлаган инсонларгина билишади.
Ана шу шарафли касб эгалари бўлмаганда дунёдаги аҳвол нима бўларди ўйлашга ҳам қўрқади одам. Тўғри, ўқитувчиликдан бошқа шарафли касблар кўп, аммо ўша шарафли касбларнинг ҳаммасини ўқитувчи ўқитади, ўқитувчи ўргатади.
Очиғини айтганда ўқитувчисиз ИНСОНИЯТ ҲЕЧ КИМ бўлмай қолади.

Инсоният тарихида ўқитувчилар мудом қадрланган, эъзозланган.
Ҳар қандай жамиятда ўқитувчилар энг хурматли инсонлар бўлишган.
Эсланг, динимиз тарихида ўқитувчиларга кўрсатилган эҳтиромни; Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр жангида асир тушган мушриклар орасидаги ўқиш ва ёзишни биладиган асирларга "кимки мадиналик ўнта болага ўқиш-ёзишни ўргатса асирликдан озод қилинади" деб эълон қилгандилар. Ўшанда бир нечта саводлик асирлар болаларга ўқиш-ёзишни ўргатиб асирликдан озод бўлиб кетганлари тарихдан маълум ва машҳур.
Яна динимизда устозлар киши ўз отасига қилаётгандай ҳурматга сазовор эканликлари ҳам таъкидланган. Ана шу туфайли ҳам боболаримиз замонларида, ундан олдин ҳам ўқитувчи устозларга ўз ўқувчилари томонидан ҳам, уларнинг ота-оналари томонидан ҳам, жамият томонидан ҳам мудом эҳтиром ва ҳурмат кўрсатилган. Ҳатто Шарқда подшоҳлар ҳам ўз фарзандларига таълим-тарбия бераётган устоз-муаллимлар олдида тавозеъ билан қўл қовуштириб турганлари ҳақида тарих китобларимизда келтирилган. 

Устоз-муаллимларга бўлган юксак эҳтиром кечаги кунгача бизнинг юртимиз рус оккупантлари томонидан босиб олиниб, кейинчалик "СССР" деб аталмиш манфур бир давлат тузилгунча давом этди.
Кейин эса...
Ўзларини "халқчил" кўрсатган манфур коммунистик тузум ижрочилари бир тарафдан аҳолининг умумий саводхонлигини чиқаришни мақсад қилган бўлсалар иккинчи тарафдан эса ўша саводхонлик доимо ўзларининг тузумларига хизмат қилишини хоҳлаганлар ва саводхонликни ўртача даражада бўлишини хоҳлаганлар. Акс ҳолда мактаб ўқувчиларини сентябрдан декабргача пахта майдонларига ҳайдаб қўйиш кимга, нимага керак эди. Мақсад бизга ўхшаган "майда миллатлар"дан олимлар чиқмасин эди. Мабодо кимдир бу йўлда уларнинг "чизган чизиқлари"дан четга чиқиб ўз миллатининг, ўз халқининг онги ошишига сабаб бўладиган миллий тарихини ёки диний қадриятларини ўқитишга, ўргатишга уринар экан ундай миллатпарварларнинг қамаш уёқда турсин бу дунёда яшашига ҳам йўл қўйишмаган.

Бу гапларни нега ёзаяпман, нега эслаяпман? Сабаби Одам Ато даврларидан бери эъзозланиб келинган ўқитувчилар бизнинг минтақаларда(қолаверса Собиқ Иттифоқда ва унинг қўл остида бўлган социалистик лагерга кирувчи давлатларда) мана шу коммунистларнинг режими туфайли жамиятдаги хароб бир одамларга айландилар.

Мана шу ерда муаллифни ўта муболаға қилишда айбламанг.
Бир пайтлар қаршисида подшоҳлар қўл қовуштириб турган ўқитувчиларнинг Собиқ Иттифоқ даврида зиғирчаям обрўлари қолмади.  Аҳвол шу даражага бордики ҳатто катта бир мактабнинг директорини колхознинг оддий бир бригадири келиб болаларнинг олдида болаларни пахта чопиғига ёки яганалашга олиб чиқмагани учун сўкиб ҳақорат қилиб кетадиган даражага борди. Энди пахта терими мавсумини қўяверинг, сентябрда оёғи мактабдан узилган ўқитувчилар буёғи декабрь ойигача, ерда қор қалин ёққунча пахта далаларида ўз ўқувчилари билан юраверган. Далада пахта тугаб кетган бўлса-да, пахта режаси бажарилмаяптими ўқитувчи ва ўқувчиларга уйга, мактабга қайтишга рухсат бўлмаган. Ҳа, бу гаплар муболаға эмас, айни ҳақиқатдир. Хўш, энди англаб етаяпсизми нега ўша мустабид тузум "ўқитувчиларни хор қилди, хароб қилди" деганимни.

Ўша даврларда мамлакатнинг қайерида нима етиштирилса ўқитувчи ва ўқувчилар ўша нарсанинг ишларига жалб қилинаверилган. Россияда картошка теришган, Грузияда чой плантацияларига олиб чиқилган, Украинада лавлаги ковлашган, Ўзбекистонда эса пахта даласида ишлашган. Россия ва Украинадагидан фарқли равишда бизнинг ўқитувчилар эрта баҳордан йилнинг охиригача далада юришган. Сабаби Украинада лавлагининг, Россияда картошканинг ошиқча иши бўлмаган. Шу туфайли уёқларда ўқитувчилар фақат кузда бир марта ҳосилни ковлаб олиш учун чиқишган. Бизда эса пахтанинг чопиқ, яганалаш, териш каби ишлари кўп бўлган. Шу туфайли ҳам бизнинг ўқитувчиларимиз бошқа жойларнинг ўқитувчиларига қараганда дала ишларида кўпроқ бўлишган.

Ниҳоят мустабид тузум қулаб биз Истиқлолга эришдик ва ўша тузумдан қолган кўп нарсаларни йўқлик қаърига улоқтирдик. Аммо минг афсуски мустабид тузум даврида хор бўлган ўқитувчиларни шаънини, обрўсини, ҳурматини кўтаришга уринмадик.
Айрим жойларда ўқитувчиларнинг ханузгача турли ишларга "ҳашар"га олиб чиқилаётгани ёки мактабларга ўша мустабид тузумдан қолган сарқит бир иш металлом ва макалатура режалари берилаётгани ғоят ачинарли ҳолатдир.

Шу ўринда эслашни хоҳладим; Январь ойи, қор ёғиб ҳаммаёқ музлаб ётибди. Ана шундай кунларнинг бирида учинчи синфда ўқийдиган тўққиз ёш(!)ли ўғлим "дада ўқитувчим металлом олиб келишни буюрдилар" деб қолди. Мактабга бориб ўзимча ўқитувчи билан "разбор" қилмоқчи бўлдим. Директор отпускада экан. Муовини эса йиғламсираб "ака бизни ҳам тўғри тушунинг, режа берилган, бажармасак сўкиш эшитамиз" деди. Уни олдидан чиқиб туман ХТБ га бордим. Бошлиқ ва ўринбосар йўқ. Ўзини "кадрлар бўлимининг бошлиғи" деб таништирган ходимга нега келганимни айтсам у "ака бу ишлар бизга ҳокимият томонидан буюрилган, мархамат саволларингиз бўлса ҳокимиятга боринг" деди қўйди. Мен ҳокимиятга бормадим. Очиғи тан оламан ҳокимиятга боришга "дух"им етмади. Чунки бу ишлар тахминимча туман ҳокимиятининг ўзидан чиқмайди, тепадан буюрилади.

Мени энг ҳайрон қолганим темир-терсак қимматлаб кетган ҳозирги кунлигимизда 9 ёшли бола темир-терсакни қайердан топиб олиб боради? Ёки қишнинг совуғида, қор ва музнинг остидан занглаган темир бўлакларини қайердан қидиради? Наҳотки ўқитувчисининг гарданига темир-терсак режасини илаётганлар шуни ўйлашмаса?! Наҳотки ўша ўқитувчининг ўзи ҳам 9 ёшли болага темир-терсак опкелишни буюриб бундан виждони қийналмаса?!

Бу ҳақда ўзини туман ХТБ нинг "кадрлар бўлмининг бошлиғи" деб таништирган ходимга савол берсам, "Металлом ва макалатурани мактаблар навбати билан топширадилар. Сизларнинг мактабларинг январь ойида топшириши керак. Ва мактаб директори бу ҳақда ўқув йилининг бошида, сентябрда хабардор қилинган. Агар тадбирли директор бўлганда кунлар совумасдан металломню ва макалатурани йиғдириб қўйярди ва ҳозир навбати келганда топшираверар эди. Демак мактабингизнинг директори сусткашликка йўл қўйган" деди.

Ўша воқеалардан кейин ўқитувчиларга бўлган ҳурматим камаймади, аммо ўқитувчиларнинг зиммасига тушадиган бунақа юмушларга уларнинг ўзлари ҳам қисман сабабчи деган фикрга келдим.
Чунки, биринчи навбатда таълим муассасалари, уларнинг ҳудудий бўлимлари, вилоят бошқармалари маҳаллий ҳокимиятларга эмас, балки Халқ Таълими Вазирлигига бўйсиниши керак ва уларнинг зиммаларига турли ташкилотлар қандайдир вазифалар юкламаслиги керак.
Ҳозир расман шундай, аммо амалда ҳаммаси бошқача бўлаяпти.
Иккинчидан эса ўша мактаб директори бўладими ёки 9 ёшли болага темир-терсак келтиришни буюраётган ўқитувчи бўладими кимлардир томонидан бериладиган бундай буйруқларни, режаларни бажаришдан бош тортиш керак вассалом.
Айтишга осон деб ўйлашингиз мумкин. Ўқитувчиларга қийин, аммо бунақа режалардан бош торта олмаётганларига ҳам ўзлари айбдор. Оддий ўқитувчи ишидан айрилиб қолишдан қўрқса (ишдан айрилишса очдан ўламан деб ўйлашса керак-да), мактаб директорларининг хом ишлари бор. Яъни аксарият мактабларда иккита-учта турли лавозимларда "ишлаяпти" деб кимларнидир номи кўрсатилиб қўйилади-да буёқда ўша лавозимларга чиқиб келаётган маъош кимлар биландир баҳам кўрилади. Анави фамилияси "ишлаяпти" деб тиркаб қўйилган одамларга эса пулнинг, маъошнинг кераги йўқ. Уларга меҳнат стажи ўтаверса бўлди.
Тўғри, бу масалада қўлимда фактим йўқ. Аммо, ишонинг ҳар қандай мактабда текширув ўтказилса битта-иккита ана шунақа ўғримча штатлар чиқади.

Демак, бундан хулоса чиқадики мактаблардаги баъзи қинғир ишлар туфайли ҳам мактаб директорининг, туман ХТБ раҳбарларининг юқори ташкилотлардан тиллари қисиқ ва шу туфайли ҳам тепадан келадиган ва ўқитувчиликка умуман дахли бўлмаган макалатура ва металлом каби режаларни ғинг демай бажаришга уринадилар. Акс ҳолда ўзингиз ўйланг, мактабда ўқитувчилик қилиши лозим бўлган ўқитувчилар макалатура ва металлом йиғиш билан шуғулланармидилар? Масалан, мен ўқитувчи бўлганимда аризамни ёзиб ишдан кетсам кетардим, аммо ўлсам ҳам шу ишни қилмасдим.

Ўқитувчиларни ўз обрўларини ўзлари тўкаётганларини ёзар эканман энг муҳимини энди ёзаман.
Ўша металлом ва макалатура олиб келмаган 9-10 ёшли болаларни синфдошлари олдида танбеҳ бериб уришишлари, уялтиришлари бу ўтакетган ноинсофликдир, виждонсизликдир. (Мактабларда шундай ҳолатлар ҳам кузатилмоқда) Агар ўша мурғак болалар дарсни ўз вақтида тайёлашмаса ёки дарс пайтида тўполон қилишса уларни уришишса, танбеҳ беришса тўғри дейман. Аммо, мактабга ҳам, таълимга ҳам алоқаси бўлмаган ишлар бўлмиш макалатура ва металлом олиб келишда сусткашликка йўл қўйдинг деб уришиб, танбеҳ бериш бу ўтакетган виждонсизликдир. Мурғак болаларни металлом ёки макалатура деб кўнглини ўкситгандан кўра,  мард бўлиб ишдан бўшаш ҳақида аризани ёзиб, мактаб директорининг ёки туман ХТБ рахбарининг юзига отиб кетган яхши. 

Шу гапларни ёзар эканман менинг ўқитувчи устозларга бўлган муносабатим ўзгармаганини ва ҳамон уларни қаттиқ ҳурмат қилишимни таъкидлаб қўймоқчиман.
Умуман олганда янги сайланган Президентимиз бошчиликларида мамлакатимизда турли соҳаларда катта-катта ислохотлар ўтказилаяпти. Умид қиламиз яқин вақтларда ўқитувчиларни ҳам қандайдир ҳашарларга тортиш, уларга металлом ва макалатура йиғдириш каби ишлар бархам топади. Зеро ўқитувчи ўз ишини бажариши керак. Чунки юрт келажаги ана шу ўқитувчилар тайёрлаётган ўқувсиларнинг қўлида. Бизнинг келажагимиз шуларнинг қўлида.

14.04.2017.

среда, 12 апреля 2017 г.

Арзонлаштирилаётган картошка ёки мен тушунмаган ишлар.

Ёшлигимда кўп нарсани тушунмаганим рост. Аммо, улғайиб ҳам ҳанузгача кўп нарсани тушунмайман. Ана шу тушунмаган нарсаларимдан бири қайерлардадир бозорларда, кимлардир томонидан нимадир маҳсулотларга мажбурий нарх қўйилишидир. Масалан: "Гўштни фалон нархдан тепасида сотмайсан" ёки "картошкани фалон нархда сотасан" дегандай. Очиғи бундай ишлар аҳолининг фаровон ҳаёт кечириши учун қандай фойдали эффект беришини билмайман. Билганим шуки қандайдир бир маҳсулот камлиги ёки тақчиллашгани учун нархи ошади ва ўша маҳсулотни кўпайтириш ўрнига унинг нархини чеклаб ўтириш ҳеч кимга ҳеч қандай фойда бермайди.

Масалан, ўша картошкани олайлик. Нархлар чеклангани учун растага энг сифати пасти тўкиб қўйилади-да, буёқдан "подприлавка" қилиб сифати яхшироғи қиммат нархда сотилаверилади. Сўрашингиз мумкин, "нега бозор маъмурлари, паттачилари шу ҳолатни олдини олишмайди ва арзон нархда сотилиши керак бўлган маҳсулотнинг раста остидан бекитикча қиммат нархда сотилаётганига бефарқ бўлишади?" деб.
Бунинг ҳам ўз сабаблари бор.
Биринчидан: Бозор ходимлари ва паттачилари саноқли бўлишади ва улар ҳар бир сотувчини назорат қила олишмайди.
Иккинчидан: Улар юқоридан берилган "фалон нарсани арзонлаштириб сотишни ташкиллаштиринглар ва назорат қилинглар" деган буйруқни бажариб қўйишибди. Расталарга сифати паст бўлса ҳам арзон картошкани тўкдириб қўйишибди.(Сифатига бозор ходимлари жавобгар эмас. Ҳар ким хоҳлаган нарсасини бозорга келтириб сотиши мумкин. Ветеренария талабларига жавоб берса бўлди)
Учинчидан: Бозор ходимлари  картошканинг таги йўқлигини, шу сабабли деҳқоннинг уйидан бориб олинса ҳам ёки улгуржи деҳқон бозорларидан келтирилса ҳам қиммат нархда олинишини ва ўзи шундоқ ҳам сабзавот сотиб зўрға тирикчилигини ўтказаётган инсонлар қиммат нархда олинган картошкани бозор маъмурияти ёки шаҳар ҳокимлиги минг буйруқ бермасин ҳеч қачон ўз таннархидан арзонига сотмаслигини,  сота олмаслигини яхши билишади. Шу туфайли ҳам "нархни арзонлаштириб соттиринглар" деган буйруқни бажаришни қаттиқ ушлаб олишмайди ва раста остидан сифатли маҳсулотни нархига етказиб сотаётган сотувчиларга кўпинча индаб ўтиришмайди.
Юқоридан "картошкани арзонлаштирилган нархда соттиринглар" деб берилган буйруққа(!)(тавсия эмас, буйруқ) ўзлари билган йўллар билан амал қилишади ва бориб сотувчиларга растага сифати пастроқ бўлса ҳам арзон маҳсулотни тўкиб қўйишни сўрашади.

Йўқ, баъзида тепадан бериладиган буйруқ қаттиқроқ ва қаттийроқ бўлганда бозор ходимлари сотувчиларга ҳатто "подприлавка" ҳолатда сифатли махсулотни қиммат нархда сотишни тақиқлаб қўйишади.  Ана ўшанда бозорларда сифатли маҳсулот батамом узилади. Бундай ҳолатни шахсан ўзим бир неча марта гувоҳи бўлганман. "Яхшироғи йўқми" деб берган саволимга сотувчилар "Яхшироғини олиб келмаяпмиз. Яхшиси бироз қиммат. Паттачилар қимматини соттиргани қўймаяпти" деб жавоб беришган.

Бозордан бошқа жойларда, масалан; Супер-Гипер маркетларда, бошқа савдо дўконларида картошка қиммат нархда сифатлиси сотилаверади. Улар бозор қоидалари бўйича ишлайдилар ва юқорининг "нархларни арзонлаштириш" ҳақидаги буйруқлари уларга дахл қилмайди.

Яна бир маҳсулот гўшт савдосида ҳам юқоридагидай ҳолат кузатилади.
Чорва молларининг асосий озуқаси бўлган ем-хашакни нархи йилдан йил ошиб бораверади. Уни чорвадорларга арзонроқ етказиб бериш чоралари кўрилмайди-ю ҳамма жойда фақат гўштни нархини тушириш, арзонлатиш буйруғи берилаверади.

Бу масаланинг мени хайрон қолдирадиган бир жиҳати эди.
Яна бир хайрон қолдирадиган жиҳати эса бу қандайдир маҳсулотларнинг нархларини сунъий равишда арзонлаштириб бу орқали ўзи шундоқ ҳам шаҳар аҳолисига қараганда аҳволи ночор қолаётган қишлоқ ахолиси бўлмиш деҳқонларни, чорвадорларни аҳволини янада ёмонлашувига йўл очишдир.

Хозирги кунда тв ва ОАВ минг "қишлоқ аҳолисининг ҳаёти фаровон бўлиб бормоқда" деб баланпарвоз гаплар билан қишлоқда яшаётганларнинг турмушини мақтамасин барибир қишлоқдаги шароитлар шаҳардаги шароитдан анча орқада қолиб кетаяпти. Шу ўринда "шаҳар барибир шаҳар, қишлоқ барибир қишлоқ-да" деб оғзимга уришга уринманг. Ман шаҳар ва қишлоқлардаги инфратузилмани эмас, балки улар ўртасидаги яшаш шароитларни назарда тутиб қишлоқ шароитини ночорроқ деяпман. Текис, равон йўллар, кўп қаватли иморатлар, метро, театр ва ҳоказо нарсалар майли шаҳарга ярашади. Аммо свет, газ, тоза ичимлик суви кабилар шаҳарда исроф қилиш даражасида бўлса, қишлоқ жойларида ноёб топилмас нарсаларга айланиб бўлган. Мен ана шуларни назарда тутдим.
Шу туфайли ҳам ҳозирги кунимизда қишлоқ жойларидаги ўзига тўқ кишилар ҳам шаҳар жойларидаги оддий хонадонларда бор бўлган шароитни ўзига қилиб ололмайди. Чироқ топса газ йўқ, газ топса тоза ичимлик суви муаммо....

Картошкани ёки бошқа маҳсулотни нархини суъний туширишга уринаётганлар кундалик турмушда шаҳарликлардан анчагина ортда қолаётган қишлоқ аҳолисининг шароитини янада баттарроқ бўлишига сабаб бўлаяптилар.
Агар қандайдир махсулотни нархини арзонлаштириш керак бўлса охирги чора сифатида картошка сотувчисига ёки қассобга бориб "махсулотингни нархини арзонлаштир" деб буйруқ бергунча ўша қимматлашиб кетаётган маҳсулотнинг нега қимматлаб кетаётганини сабабларини топиб, уларни бартараф этишда чорвадорлар ва дехқонларга амалий ёрдам берилса, мана шу йўл билан маҳсулотнинг таннархини арзонлашувига эришилса мақсадга мувофиқ бўлмайдими?

Икки-уч йилдан бери гўштни нархи 35-45 минг атрофида тебраниб турибди. Аммо ишонинг гўштни нархи бундан тепага ошмагани билан ем-хашак ва омухта емларнинг нархи икки-уч баробар(!) ошиб кетди. Аммо гўштни нархи ошишидан хавотирга тушадиган биронта мард чиқиб ана шу ун ва ёғ комбинатлари чиқариб берадиган омухта ем ва кунжараларнинг нархини нега тўхтовсиз ошиб кетаётгани билан қизиқмайди ва омухта ем ва кунжара нархининг ошиши гўшт нархининг ошишига сабаб бўлаётганини айтиб уларннинг нархини туширишга уринмайди.
Топиб олгани "гўштни нархини тушир" деб қассобларга босим ўтказиш. Қани ўша омухта ем ва кунжара чиқарадиган заводларга бориб уларни ҳам нархни туширишга мажбурлашса, у ердаги коррупцияни тугатишса. Йўқ, буларни топиб олгани "гўштни нархини тушир"

Ёки картошка етиштирувчиларга кимёвий дорилар томониданми ёки минерал ўғитлар томониданми ҳеч қандай амалий ёрдам қилинмайди. Топиб олганлари эса "нега картошканинг нархи ошиб кетаяпти" деган савол бўлади холос. Кимёвий дориларни қиммат нархларга олган, ғалла ва пахта учун бериладиган селитрани ўғринча қайерлардандир минг ҳадикда қиммат нархда топиб келган, ер хаққи, сув хаққини тўлаётган ва камига кунига фалон пулдан бериб одам ёллаб ишлатаётган картошка етиштирувчи дехқон ўз маҳсулотини таннархидан хам арзонга сотиб уйи куйсинми? Ахир бу дехқоннинг хам орзу-истаклари бор. Уйлантирадиган ўғли, узатадиган қизи бор. У ҳам яхши таъмирлиниб жиҳозланган уйда яшашни хохлайди. Шундай экан унга қарата "маҳсулотингни арзонлаштир" дейиш бу ўтакетган ноинсофлик эмасми? Картошкани нархини тушир дейишдан олдин уни шароитини қандайлигини ва уни ҳам бошқалардай одамга ўхшаб яшашга хаққи борлигини  бир ўйлаб кўрайлик.
Шу жумладан чорвадорларни ҳам.

Р.С. Савол беришингиз мумкин "назорат қилса бозордаги нархни назорат қилаяпти, дехқонни уйидаги махсулотнинг нархини эмас" деб. Бозорда нархлар сунъий равишда туширилгандан кейин бу иш занжирдай бўлиб бориб охир-оқибат деҳқоннинг уйидаги маҳсулот нархининг ҳам арзонлашувига сабаб бўлади.

четверг, 23 марта 2017 г.

Бабаяннинг даври ўтмадими?

Очиғи шу ЎФФ деган ташкилотни ҳечам тушунмайман. Айниқса гап миллий терма жамоамиздан гап кетганда. Йўқ, олдинлари энди мустақил бўлган йилларимизда тушунардим. У пайтларда энди мустақил бўлган давлатимизда бошқа соҳалар каби футболимиз ҳам энди оёққа тураётган эди ва улар камчиликларга  "биз энди оёққа тураяпмиз" деган баҳона топиб қутилиб кетишарди.
Энди эса мустақиллигимизга 26 йил бўлаяпти. Кўп соҳаларда муваффақиятларга эришдик. Футболимиз эса ўша мустақилликка энди эришган пайтимизда қандай ҳолатда бўлган бўлса ҳозир ҳам ўшандай бир жойда депсиниб турибди. Мен бу ерда футбол атрофидаги ишларни, стадионларни, футбол инфратузилмасини назарда тутмаяпман, балки ўйин сифатини назарда тутаяпман ёки терма жамоамизга хорижлик бир тузукроқ мураббийни таклиф этишни назарда тутдим.

Терма жамоамизнинг тарихига назар солсангиз иккита мурайббий қўл остида терма жамоамиз бироз мазмунли ва тартибли ўйин кўрсата олган. Булар Р. Инилеев бошчилигадаги терма жамоамизнинг Осиё Кубоги-2007нинг финал босқичидаги ўйинлари ва В.Абрамов бошчилигидаги терма жамоамизнинг Осиё Кубоги-2011нинг финал босқичидаги ўйинларидир. (Тўғри, М.Қосимов бошчилигида ҳам терма жамоамиз бироз тузукроқ ўйин кўрсатиб Жаҳон Чемпионати-2014 нинг финал босқичига бир баҳя қолганди).
Ундан қолган мураббийлар терма жамоамизни доим ботқоққа ботиришган холос.

Мана шу ерда савол туғилади; ЎФФ миллий терма жамоамизга маълум бир шахсларни бош мураббий этиб тайинлашда қайси мезонларга таянади?
Масалан, кўпгина футбол федерациялари ўз миллий терма жамоаларига бош мураббий тайинлашда биринчи навбатда тайинланиши лозим бўлган мураббийнинг қанчалик муваффақият қозинишига, муваффақиятли ишлай олишига эътибор беришади ва бу йўлда ўша номзод мураббийларни обдон ўрганишади ва охирида улардан бирини таклиф этишади. Хўш, бизнинг ЎФФмиз миллий терма жамоамизга бош мураббийни қандай асослар билан тайинлайди?
"Бизда ҳам мураббий тайинлашнинг қандайдир йўл-йўриқлари бор ва ЎФФ ана шундан фойдаланиб мураббий тайинлайди" деб оғзимга уришга уринманг.
Агар бизда ҳам бошқа Федерациялардай иш тутиб терма жамоага бош мураббий тайинланганида терма жамоамизнинг ҳозирги мураббийи Бабаян терма жамоамизга бош мураббий бўлиш уёқда турсин ЎФФнинг биносига қоровуллика ҳам олинмаслиги керак эди.
Чунки бу одам терма жамоамизга бош мураббий бўлмасдан олдин ҳам, терма жамоамизга бош мураббий бўлгандан кейин ҳам футбол соҳасида ҳеч бир ютуққа эришмаган ва ҳеч бир "каромат" кўрсатмаган эди. ЎФФ нега бу одамни қўлига 32 миллион халқ кўзини жовдиратиб, ютуқларини пойлаб турган жамоанинг бошқариш чамбарагини тутқазиб юборди? Ҳанузгача бу иш кўпчиликка тушунарсиз бўлиб қолмоқда.

Ахир шу Бабаян эмасмиди "Пахтакор"да мененжер бўлиб ишлаб юрганида бир неча йиллар давомида пулни ортидан қувиб Пахтакорнинг ОЧЛда иштирок этишини била туриб ҳам ўзининг иқтидорли ўйинчиларини Хитой жамоаларига ижарага бериб юбориб Пахтакорнинг ОЧЛда шарманда бўлишига сабабчи бўлган ва алал оқибат ўша ишлари учун ҳанузгача мухлисларнинг сўкишларини эшитиб юрган.

Ахир шу Бабаян эмасмиди терма жамоамизга бош мураббий бўлгандан буён "Пахтакор"дай ўзи учун ёғли бўлган жойдан кўнгил узолмай терма жамоа қолиб доим "Пахтакор" атрофида ўралашиб юрган. (Охиргисини айтай; миллий чемпионатимизнинг учинчи турида "Пахтакор" ўз майдонида Самарқанднинг "Динамо" жамоасига ютқизиб қўйган ўйинда гол бўлган вазиятда ўйинни томоша қилиб турган Бабаян самарқандликларнинг ўйин охирида киритган голидан кейин сочини юлгудай бўлиб, бошини чангаллаб қолган. Баттар бўлсин)

Шу Бабаян эмасмиди Самарқандда маҳаллий "Динамо" билан бўлган ўйинда, биринчи бўлимдан кейин ҳакамлар хонасига кириб-чиқиб ўз жамоасига улар ёрдамида ҳаром ғалабани олиб берган. (Ўша ўйинда ҳакамлар ўйинга беш дақиқа қўшиб берган ҳолда "Пахтакор" гол урганча саккиз минут чўзган. Ва охир-оқибат "Пахтакор" ҳаром ғалабани қўлга киритиб ўйин сўнгида "Динамо" мухлислари Бабаяннинг енгил машинаси ва "Пахтакор"нинг автобусини тошбўрон қилиб ойналарини синдиришган).

Шу Бабаян эмасмиди Эрон ва Жанубий Кореядан учралган мағлубиятдан кейин ҳам пинагини бузмай юраверган ва на мухлисларнинг, на мутахасисларнинг гапини олмаган ва ўз билганидан қолмаган.

Миллий терма жамоаларнинг мураббийлари мухлислар томонида ё мазмунсиз ўйин ёки мағлубият учун танқид қилиниши бошланса кўпинча федерациялар томонидан мухлисларга қарата "илтимос, ҳаммамиз учун оғир бўлган шундай пайтларда терма жамоамизни ва мураббийимизни қаттиқ танқид қилишдан тийилиб туринг. Қўлни-қўлга бериб бирдамликда термамиз ва унинг мураббийини қўллаб-қувватлайлик" деган илтимослар бўлиб туради. Бу ҳолат бизда ҳам бўлди. Олдинига Сурия ва Қатарни мазмунсиз ўйинимиз билан зўрға ютганимизда футбол журналистлари ва мухлислар терма жамоамизни ва унинг эркатой мураббийи Бабаянни танқид қилиб чиқдилар. Ана шунда ЎФФ ҳам, Бабаянни ўзи ҳам журналистлар ва мухлисларни босиқроқ бўлишга ундаб "бундан кейинги ўйинларда хатолардан тўғри хулоса чиқариб, ўйин сифатини оширишга" ваъда бердилар. Аммо кейинги тўртта ўйиндан биттаси Хитойга қарши бўлиб ўтган ўйинни айтмаса қолган уч ўйинда термамиз мағлубиятга учради.

Бугунги Сурия билан бўлган ўйиндаги мағлубиятдан кейин бизнинг терма жамоамизда амалий жиҳатдан Жаҳон Чемпионатига чиқиш учун ҳеч қандай имконият қолмади. Биз учун ҳаммаси тугади. Жаҳон Чемпионатига бориш бизга яна армон бўлиб қолиш эҳтимоли 99% гача ошди. Қани энди ЎФФ яна нима баҳона топаркин?
Қани, яна қачонгача тоғдан тушган чўпонга терма жамоани ишониб бериб юраверар экан. ("Тоғдан тушган чўпон" деган гапимга менинг оғаларим бўлган чўпонлар хафа бўлишмасин. Бу ерда шунчаки Бабаяннинг жойи терма жамоа бошқарувида эмас, балки дала-даштларда қўй боқиб юришда демоқчиман холос. Ўшанда ҳам унга сурувни ишониб топширишса агар. Тахминимча эса ЎФФ терма жамоани топшириб қўйган одамга бошқалар қўй сурувини ҳам ишониб топширмайди.

Энди нима қилмоқ керак?
Кимдир Корея ва Эрондан учралган мағлубиятлардан кейин "отни кечувда алмаштирмайдилар, шундай экан Бабаянга охиригача имконият беравериш керак" деганди. Ўшанда мен ҳам бу фикрга қўшилган эдим.
Энди эса фикрим ўзгарди. Кечувда бўлса ҳам отни алмаштиравериш керак экан. Чунки бу от билан ҳам барибир кечувдан ўтиб бўлмас экан.
Бабаян термани тузукроқ бошқара олмай бизни охир-оқибат Жаҳон Чемпионатига чиқишдан мосуво этар экан уни ҳозир термадан ҳайдадик нима-ю, охиригача имкон бериб охирида ҳайдадик нима. Шу учун Бабаянни Тошкентга қайтишини ҳам кутмай уни термадан ҳайдаб юборавериш керак. Қолган ўйинларда жа муносиб мураббий топа олмасак футболчилардан бири ўйновчи мураббий ролини бажариб турар. Шундоқ ҳам термамиз муносиб қўлларда эмаску!