среда, 22 марта 2017 г.

Ўқитувчилар, миллатга энг керакли одамлар.

Мен ақлимни таниганимдан кейин озгина бўлса-да Собиқ Иттифоқ даврини ҳам кўриб қолган инсонлардан бириман. Ким ўша даврни мақтаса мақтайверсин, аммо мен учун ўша тузум хам, ўша давлат ҳам манфур бир тузум, манфур бир давлат бўлиб қолаверади. Худо тақдир қилса ўшс тузумнинг, ўша давлатнинг жирканч сиёсатини ҳали набираларимга эртакдай қилиб хикоя қилиб беришим бор.

Эсимда, энди мустақил бўлганимизда катта минбарларда давлатимиз раҳбарлари хам, ОАВ ҳам тинмай ўша манфур тузумни ёмонладилар. Қўшилиб мен ҳам ёмонладим. Ўшанда биз ҳақ эдик. Тузум анчайин жирканч бўлган.
Айниқса бизга миллий озчилик миллатларини ўзини, ўзлигини англашларига қаттиқ қаршилик кўрсатган. Ва шу йўлда маъориф соҳасини доим ўлда-жўлда ушлаган. Яъни режа бўйича аҳолини саводхонлиги 100%га етказилган, аммо майда миллатларнинг илм билан қаттиқроқ шуғулланишлари учун шароит яратиб берилмаган.
Ҳозир бу гапларимни ўқиб қайсидир бир "ақлли"нинг калласига "ўшанда бизда илм учун ҳамма шароитлар бўлган" деган фикр ҳам келаётгандир. Тўғри, балки шундай бўлгандир, аммо мен бу ерда асосан мактаб таълимини, мактаблардаги шароитларни назарда тутиб ёзаяпман.

Энди аниқроқ гапларга ўтсам. СССР ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб то тарқалиб йўқлик қаърига йўқ бўлиб кетгунча "АҚШни қувиб ўтамиз" деган ахмоқона шиорни дастак қилиб ушлаб олиб, шу йўлда космосни ўзлаштириш баҳонасида ҳисобсиз маблағни беҳудага сарфлаб юбораверган. Аммо, бошқа миллий республикаларни билмадим-у бизнинг Ўзбекистонимизда айнан мактаб таълимини ривожлантириш, мактабдаги шароитларни яхшилаш учун ҳеч иш қилмаган.
Энди, ҳозирги кунда битта ракетани учириш учун миллиард доллар атрофидаги маблағ сарфланаётганини очиқ ёзишаяпти. Баъзилар мақтаётган ўша манфур тузум эса бир йил 365 кун бўлса хар йили 365 та ракетани турли мақсадлар учун коинотга учираверган. Аммо ёш авлод учун, болалар учун замонавий мактабларни қуриб бермаган.
Исботи; туманимиздаги мен билган ва кўрган мактабларимнинг аксарияти ўтган асрнинг 60-80 йилларида хашар йўли билан пахсадан тикланган мактаблар эди. Туманимизда икки қаватли қилиб, замонавий лойиҳа асосида қурилган мактаблар ҳам бор эди. Аммо улар бармоқ билан санарли эди. Нафақат туманимизда, балки бутун республикамиздаги аксарият мактаблар шу йўл билан тикланган эди. Ҳа, кунора миллардлаб рублни сарфлаб "Америкадан ўтамиз" деб космосга ракета учира оладиган давлат болаларга замонавий мактабларни қуриб беришда негадир "маблағ топа олмас" эди.

Ана ўша пахсадан ҳашар йўли билан тикланган мактаблар мустақиллигимиздан кейин 2005-2009 йилларда батамом бузиб ташланиб замонавий қилиб пишиқ ғиштдан тикланди.
Хўш, Совет Иттифоқи деб номланган ва баъзилар ханузгача "зўр даврлар эди" деб оғзидан бол томиб мақтайдиган давлатда замонавий қилиб мактаб қуриш учун пул йўқ эдими ёки пишиқ ғишт топилмас эдими? Ҳаммаси бор эди. Шунчаки Кремлда ўтирган жаноблар ўзбекнинг ёки тожикнинг ёки қирғизнинг боласига ундай замонавий мактабларни раво кўришмасди холос.

Ёки яна бир долзарб масала бу ўтган асрнинг 50-60 йилларидан бошлаб ана шу "Улуғ давлат"да "пахта компанияси"га зўр берилиб ўқитувчи ва ўқувчиларни ўқиш бошланган сентябр ойидан буёғи қарийб янги йилгача пахта далаларига хайдаб қўйиш эди.
Бунда ҳам мақсад бизга ўхшаган миллатларнинг саводи чиқсин, аммо ҳаминқадар бўлиб юраверсин ниятида эди. Яъни саводхонлик 100% борми, бор. Болалар мактабга чиқаяптими, чиқаяпти. Бўлди, шуни ўзи етарли. Саводхонлик ундан оширилса бу миллатлар ўзини танийди, ўзлигини танийди. Ундан кейин эса мустақиллик хоҳлаб қолиши мумкин. Шу учун ҳам бу миллатлар саводини уч баҳога яраша чиқарсин-у дехқоннинг боласи далага чиқсин, чўпоннинг боласи эса сурувга. Ҳа шўроларнинг сиёсати шу эди.

Юқорида ҳам айтдим мустақилликнинг илк йилларида мана шу юқорида мен ёзган ҳолат роса кўп танқид қилинди, аммо...
Аммо ўқитувчига, ўқувчига муносабат ўзгармади.
Тўғри, замонавий мактаблар қурилди. Аммо минг афсуслар бўлсинки ҳанузгача ўқитувчиларга ўзига боғлиқ бўлмаган кўплаб юмушлар буюрилаяпти.
Ҳали металлом режасини топширишади, ҳали макалатура йиғиш дегандай. Кузда эса навбати билан пахтага бориш керак. Эсимда 3-4 йил олдин ўқитувчилар ҳатто намунали уй-жой қурилишига хашарга ҳам бордилар.
Умуман олганда биз ўша Советлар Иттифоқи деб аталмиш тузумнинг ҳамма нарсасидан воз кечдик. Фақатгина мана шу оғриқли муаммо бўлмиш ўқитувчиларга муносабатдан бошқа.
Ҳамон шўрлик ўқитувчилар ўзларига тегишли бўлмаган хизматларда юришибди.

2016 йилнинг сентябр ойидан вақтинчалик Президент лавозимига тайинланганларидан бошлаб, кейинчалик халқ томонидан Президент этиб сайланганларидан кейин Президентимиз Шавкат Миромонович  Мирзиёев ҳамма соҳаларда катта-катта ислоҳотларни бошлаб юбордилар. Энди ана шу ислоҳотларнинг бир шамоли Халқ Таълими Вазирлиги ва унинг вилоят, туман бўлимларига хам етиб келиши керак ва ўқитувчилар ўзларига тегишли бўлмаган турли "хизматлар"дан батамом озод қилинишлари керак. Бунда албатта маҳаллий хокимликларнинг роли ҳам бор. Чунки айрим хизматлар ўқитувчилар гарданига улар томонидан ҳам юкланмоқда.

Бундан буёғига ўқитувчи ўз вазифасини бажариши лозим.
Умид қиламиз яқин вақтларда хукуматимиз ва Президентимиз ьу оғриқли муаммога ҳам эътибор қаратадилар ва ўқитувчиларнинг гарданига илинаётган турли "хизматлар" уларнинг гарданидан олиб ташланади.
Зеро бу миллатга ўқитувчилар хаммадан кўра кўпроқ керакдирлар.

среда, 15 марта 2017 г.

Янги купюра ва нарх-наво

Қизиқ халқмиз; соддамиз, (узр-у, ҳатто бироз гўлмиз) ким нима деса ишониб кетаверамиз. Орамизда шунақа "ақлли"лар борки уларнинг гапини эшитиб куларингизни ҳам, йиғларингизни ҳам билмайсиз. Уларнинг ўша эшитганда на кулиб ва на йиғлаб бўлмайдиган гапини тагини суриштирсангиз уйдаги хотинлардан эшитган бўп чиқадилар. Хотинларнинг аксариятининг эса фантазия ва фантастикага усталиги эса ҳаммамизга аён.

Энди асосий гапларга ўтсам. Охирги пайтларда "қора бозор"да доллар курсининг сўмга нисбатан кескин ошишини кимлардир яқинда янги чиққан 10000 сумлик купюрани чиққанига боғлади. Аслидаям шундайми?
Ёки кўпинча "фалон сўм қийматидаги янги купюра чиқармиш" деб овоза бўлгандан "ҳеҳ, бекор чиқаришаяпти-да шу пулни, энди нарх-наволар ошиб кетади" деган гаплар урчиб қолади. Нарх-наволарнинг ошиб кетишига янги қийматда чиқаётган купюра сабаб бўладими?

Йўқ, асло йўқ.
Чунки нарх-наволарнинг ошишига янги купюра эмас, балки долларнинг сўмдаги қиймати ошиб боравериши сабаб бўлади. Долларнинг сўмдаги қиймати ошиб кетаверишига эса мамлакатимизга кириб келаётган доллардан чиқиб кетаётган долларнинг кўплиги сабаб бўлади. Тўғри, баъзи давлатлар ўз экспорт салоҳиятини ошириш учун долларнинг ўз миллий валюталарига бўлган қийматини ўзлари онгли равишда ҳам оширишади. Бу иқтисод тилида "девальвация" дейилади.

(Янгиликларни кузатиб борсангиз охирги йилларда Хитой шу усулни кўпроқ қўлламоқда.)
Аммо биздаги ҳолат девальвация эмас. Чунки девальвация қилинганда курс бирданига кескин оширилмай аста-секинлик билан оширилади. Биздаги ҳолат доллар тақчиллиги юзасидан келиб чиқаяпти.

Узоққа бормайлик, автосаноатимизни олайлик. Бундан уч-тўрт йил олдин ишлаб чиқарилган машиналаримизнинг 60-70% экспортга чиқарилар эди. Ва бу экспортдан мамлакатимизга анчагина валюта кириб келарди. Ҳозир эса Россиядаги, Қозоғистондаги, Украинадаги иқтисодий инқирозлар бизнинг автоэкспорт салоҳиятимизни пасайтириб ташлади. Ва бу иш мамлакатимизга кириб келадиган валюта тушумини анча камайишига сабаб бўлди.

Биздаги валюта тақчиллигига оид яна бир омил эса бу Россиядаги иқтисодий инқироз туфайли биздан Россияга ишга борадиган меҳнат муҳожирларининг сони камайди.  Россиядан пул олиб кела олишига ишончи бўлмаган кўплаб юртдошларимиз энди уёққа ишга бормаяптилар. Борганлари ҳам уйга тузук-қуруқ пул жўната олмаяптилар. Буни натижасида эса олдинлари мана шу меҳнат муҳожирлари сабабли мамлакатимизга кириб келган миллиардлаб долларларнинг келиши камайди ва бу ҳам биздаги доллар тақчиллигига ўз ҳиссасини қўшди.

Яна бир сабаб эса бизнинг ҳўл ва қуруқ меваларимизга, сабзавотларимизга асосий харидорлар Россия, Қозоғистон ва Украина эди. 2014 йилда Россия ва Украина ўртасида келиб чиққан можаролар алал-оқибат Украина иқтисодини батамом фалажлаб ташлади. Россия иқтисоди эса турғунлашди, Қозоғистоннинг иқтисоди эса Россияга чамбарчас боғлиқлиги сабаб у ҳам пасая бошлади ва буларнинг ҳаммаси йиғилиб бизнинг бу давлатларга қилаётган экспортимизга таъсир кўрсатди. Улар энди олдингидан анча кам маҳсулот ола бошладилар. Буни натижасида эса бизга кириб келаётган валютанинг салмоғи яна камайди.

Мана шу учта омил сабабли бизда ҳам долларнинг нархи ҳамон ошишда давом этмоқда.
Доллар ошиши ортидан эса ўзи ёки хомашёси чет эллардан олиб келинадиган истеъмол товарларининг нархи ошиб бормоқда. Биз гўллар ва содда лақмалар эса хотинларнинг гапига ишониб бу ишларнинг ҳаммасига бечора янги чиққан ва чиқаётган купюраларни сабаб қилиб кўрсатиб, уни муомалага чиқараётган банкирларнинг гўрига ғишт қалаб юрибмиз.

Ёки яна бир шунга ўхшаш гап; ҳукуматимиз томонидан ойлик маъошлар маълум бир фоизларга оширилса ҳам кимлардандир яна ўша  "ойликлар ошди, энди нархлар ошишни бошлайди" деган гапни эшитамиз.
Бу гап ҳам тўғрими?
Асло йўқ. Нархларни ошишига долларнинг ошиши, долларнинг ошишига эса мамлакатимизга кирадиган доллардан чиқадигани кўп бўлиши сабаб бўлишини юқорида келтирдим. Агар валюта тақчиллиги кузатилмаса ва ўша тақчиллик оқибатида нархлар ошмаса ойлик-маъошлар оширилганда нархлар ошмайди.

Масалан; 2010 йилдан 2014 йилнинг охиригача беш йил мамлакатимиз учун зўр ривожланиш йиллари бўлди. Валюта тушуми ҳам зўр бўлди. Экспорт ҳам бир маромда ошиб бораверди. Долларни курси ҳам кичик ўзгаришларни айтмаса кескин ўзгаришлар кузатилмади. Қора бозорда бир АҚШ долларининг нархи мана шу беш йил давомида 2500-2700 атрофида бўлиб турди. Ва энг қизиғи мана шу беш йилда ҳар йили бир-икки марталаб ойлик-маъошлар оширилди. Аммо валюта курси барқарор турганлиги туфайли нарх-наволар жиддий ошгани йўқ.

Эсимда 2010 йилда 4500-5500 сўм турган писта мойи 2014 йилнинг охирида ҳам шу нархда эди. Ёки бошқа истеъмол товарлари ҳам шундай нархи ошмасдан турди. Агар ҳар ойлик- маъошлар оширилганда нархлар ошаверганда эди ўша ўтган беш йилда нархлар бунчалик барқарор турмасди, ошиб кетаверарди. Доллар ошмагани учун ундай ҳол рўй бермади ва кўпгина нарсаларнинг нархи беш йил давомида ҳам ўзгармади. Тўғри, нархларда: кичик ўзгаришлар бўлган бўлиши мумкин, аммо у  ўзгаришлар аҳамият берадиган даражада бўлмаган.

2015 йилнинг бошидан валюта тақчиллашиб доллар курсининг ошиб кетавериши туфайли эса истеъмол бозоридаги нархлар осмонга чиқиб кетди ва уни ҳеч нарса тўхтата олмай қолди. Юқорида мисол қилганим бир литрлик писта мойи 4500-5500 сўмдан 8500-10000 га чиқиб кетди.
Шундай экан "ойлик ошса нарх ошади" деган гапда ҳам ҳеч қандай асос йўқ. Агар долларнинг курси барқарор турса ойлик-маъошлар оширилса ҳам истеъмол товарларнинг нарҳлари ошмайди. Аксинча, валюта тақчиллиги юзага келиб доллар курси ошаверса ойлик-маъошларни оширмаса ҳам нархлар кўтарилаверади.

Шундай экан ҳар бир эшитган гапимизга эмас, кўрганимизга ишонайлик.

Р.С. Мамлакатимиздаги хамма нарса; нарх-наволарнинг ошиш-тушиши борми, аҳолининг турмуш даражаси борми ёки фирма ва компанияларнинг ривожланиб  аҳолини янада кўпроқ иш ўрни  билан таъминлаши борми ҳамма-ҳаммаси бу экспортга ва ана шу экспорт ортидан мамлакатимизга кириб келадиган валютага боғлиқ.
Шу учун ҳам Президентимиз бошчилигидаги ҳукуматимиз кўпроқ эътиборни импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни кўпроқ ўзимизда ишлаб чиқаришни ва экспортга кўпроқ маҳсулотларни чиқаришни қўллаб-қувватлаш дастурларига катта эътибор беришаяпти. Долларнинг бундай кескин ошиши ҳам вақтинчалик ҳолат. Умид қиламиз яқин йилларда ҳаммаси ўз ўрнига тушади.

суббота, 4 марта 2017 г.

Болалик қўшиқлари. Варрак.

Бугун варрак учираётган бир болани кўриб болалигим эсимга тушиб кетди. Мен болалигимда, у пайтда ҳали мактаб ўқимасдим, осмонда варракни ўзи учади деб ўйлардим. Ипсиз ва бировнинг бошқарувисиз. Нега бунақа ўйлаганимни ҳалигача тушунмайман. Акс ҳолда болаларнинг варракларини ғалтаклар ёрдамида учиришганини неча марталаб кўрганман. Ишонсангиз, ҳатто бир марта уйимиз тепасида учаёган варракни пастга, олдимга тушишини бир неча соат кутганман. Охири зерикиб кўчага ўйнагани чиқиб кетганман.

Ҳозиргиларни билмайман-у, бизнинг болалик давримизда ҳар фаслнинг ўз ўйинлари бўларди. Қишда қорбўрон, баҳорда варрак учириш, ёзда ғўра бўла бошлаши билан ёнғоқ ўйнаш, кузда эса ланка тепардик. Ҳеч қайси бола кузда варрак учириб, баҳорда ланка тепмасди.

Ҳозирги болаларга мазза. Хоҳласа Хитойдан келтирилган тайёр варрак бор. Хоҳласа ҳар қандай плёнка материалга ингичка ёғочни Х қилиб боғлаб варрак қилиб учириб кетаверади. Бизнинг болалигимизда эса варракдор бўлиш қийин масала эди. Ёш болалар минг уринишмасин варрак ясай олишмас эди. Мабодо ясасалар ҳам унча ўхшата олишмас, ясаган варраклари осмонга чиққандан кейин туғри учмасдан "шох ташлаб" безор қилиб юборарди. Шу сабабли ҳам варракни кўпинча ёши каттароқ одам қилиб берарди.

Варрак ясаш ўшанда катта бир бош оғриқ эди. Олдин маҳалладаги магазинчини олдига бориб харидорларни нарсасини ўраб берадиган қоғозидан олиш учун илтимос қилиш керак. У ёш болаларга қоғоз бермайди. Ишга амакимизни ,ёки дадамизни қўшамиз. Улар сўрашса магазинчи йўқ демай беради. Ана ундан қамиш қидирардик. Бир амаллаб қамиш топганимиздан кейин елим ўрнида ишлатиш учун бир пиёла суюқроқ хамир ясаб, ана ундан кейин "ҳамма нарса тайёр, варрак ясаб беринг" деб дадамизга ёки амакимизга харшаха қилишга ўтардик. Тўғри, юқорида айтганимдай унгача варрак ясашга ўзимиз ҳам уриниб кўрган ва варрак ясашни ўхшата олмаган бўлардик. Катталарнинг эса бизга варрак ясаб беришга баъзида вақтлари бўларди, баъзида эса йўқ.

Бир амаллаб варракни ясатиб олганимиздан кейин унга дум ва уни учириш учун ғалтак топиш муаммоси пайдо бўларди. Думни-ку уйдан эски латта-путталарни йиртиб, бир-бирига боғлаб эплардик, аммо ғалтак муаммо бўларди. Онамиз уйдаги тикиш-бичиш ишларида ишлатадиган ғалтакни бермасди. Магазинда ўша пайтда беш тийин турадиган ва номи "ўнинчи ғалтак" деб аталадиган ғалтакни олишга эса ҳар доим ҳам пул топа олмас эдик. Онамизни бизга ғалтак бермасликларини сабаби бизнинг варрак учиришимиз кўп эди. Ғалтак ишлатишимиз кўп эди. Шу туфайли ҳам ўзи ишлатишга олиб келган ғалтагини бизга ҳадеб беравермас эди. Яна ғалтак учун пул топа олмаганимизда уйдаги ғалтакни секин онамизга билдирмай ўғирлаб чиқардик. Ҳар гал варрак ясар эканмиз онамиз ғалтакни бекитиб қўярди ёки "ғалтакка тегманглар" деб қаттиқ огоҳлантирар эди. Биз эса барибир, ё ўғирлардик ёки сотиб олишга пул топардик.

Катталар ясаб берган варрак бизни азиз нарсамизга айланарди. Болалар тортқилаб йиртиб қўяди деб уни анча-мунчага кўчага кўтариб чиқавермасдик. Тўполончироқ ёши катта болалар "кел бирга учирайлик" деб варрагимизни қўлимиздан олиб қўйиши ҳам мумкин эди-да.
Эсимда ана шундай машаққат билан ясалган биринчи варрагимни учириш учун маҳалламиздаги тепаликка олиб чиқдим. Ёнимда бирга учиришни хоҳлайдиган "меҳрибон" акалар пайдо бўлишди. "Учираману, осмонга чиққандан қўлингга бераман" деб биттаси варрагимни қўлимдан олиб учира бошлади. Шамол яхши эсиб турибди. Варрагим осмону фалакка кўтарилиб кетди. Ҳалиги бола варрагимни ипини қўлимга тутқазди. Ғалтакни охиригача қўйиб юбордим. Варрагим осмонда нуқтадай кўриниб қолди. Шу онда хаёлимга ўша икки соат тагида ўтириб пойлаганим ва олдимга тушмаган "ипсиз" учадиган варрак эсимга тушди. Мен ҳеч нарсани ўйламасдан варрагимни варрагимни ўшандай бировни бошқарувисиз учишини хоҳлаб ипини қўйиб юбордим. Олдимдаги "меҳрибон" ака "нима қилдинг ахмоқ?" деди-ю варрагимни тушган жойидан олиш учун тепаликдан пастга ўқдай отилиб кетди. Варракни ипи узиладими ёки қўлдан чиқиб кетадими бориб тушган жойидан биринчи бўлиб ким бориб олса варрак ўшаники ҳисобланарди. Эгаси бошқа даъво қила олмас эди. Бу болалар ўртасида ёзилмаган қоидага айланарди. Варрагимни қўйиб юборганимдан "меҳрибон" аканинг варрагимни тушадиган жойини мўлжаллаб  ўқдай югириб кетишининг сабаби шу эди.

Қўйиб юборган варрагим мен хоҳлаганимдай осмонда учмади. Чайқала-чайқала қайергадир тушди. Шунда биринчи марта варракнинг бошқарувсиз ўзи уча олмаслигини билдим. Унгача эса варракни осмонга чиқариб қўйиб юборишади ва у эркин ҳолда қанот қоқиб ўзи учади деб ўйлаган эканман. Хато қилганимни, адашганимни билдим. Машаққатлар билан ясатган варрагим қўлимдан кетганини ҳам тушундим ва тепаликдан тушиб кетдим. Ортимдан болалар мазах қилиб кулиб қолишди.

Ундан кейин ҳам кўп варрак учирдим. Ўзим ясашни ўргандим. Маҳалламиздаги ўша тепалик ҳозир ҳам бор. Энди болалар у тепаликка чиқишмайди. Варракларини шундоқ ҳовлиларидан туриб учираверишади. Энди ундай варраклар ҳам йўқ. Болаларнинг онги ўсиб варрак ясашда уста бўлиб кетишди. Пули бори Хитой варрак олиб учиради. Пули йўғи эса бир парча плёнка топса бўлди, қандайлигини аҳамияти йўқ , дарров ундан варрак ясайди қўяди. Энди қамишни ҳам кераги йўқ, нима топса ишлатаверади. Елим ўрнида ишлатиладиган хамирни ҳам кераги йўқ, плёнкага қамиш ўрнида ишлатадиган исталган нарсасини икки-уч жойдан ип билан боғлаб қўяди бўлди. Ҳозирги варракларга ҳатто думни ҳам кераги йўқ. Думсиз учиришаяпти.

Ҳозир маҳалладаги болаларни "замонавий" варракларини кўриб ўша машаққат билан варрак ясаган даврларни, ўша варрак учирадиган тепаликни эслайман, қўмсайман.

Даврлар ўзгарди.
Оқибатлар ўзгарди.
Манфатлар ўзгарди.
Одамлар ўзгарди.
Болалар ўзгарди.
Варраклар ўзгарди.
Тепаликлар ўзгарди.
Менинг кўнглим эса ўзгармади. Болаликдаги ўша кўнглим мен билан бирга.
Ҳамон ўша-ўша ҳолида...