среда, 11 января 2017 г.

Санжар Саид ёки ХТВнинг "иситма"си

Бугун эрталаб 3-синфда ўқийдиган ўғлим ўқитувчиси марка учун 3 минг сўм опкелишни тайинлаганини айтиб қолди. Унга эртага берарсан дедим-у директор билан "разбор" қилиб олиш учун мактабга жўнадим. Мактабга келсам директор опа йўқ. Ўрнига вақтинча директорлик вазифасини бажарувчи ўқитувчи мени қабул қилди. Унга "марка муаммоси" бўйича келганимни айтдим ва бу иш учун ундан изоҳ сўрадим. Қўйида у билан бўлган суҳбатимизни қандай бўлган бўлса ўша ҳолатда савол-жавоб тарзида келтираман;

-Бугун эрталаб ўғлим марка учун пул сўради. Шу ҳақда изоҳ берсангиз.

- Ака бизни ҳам тўғри тушунинг. Мактабимиз учун 500 тача марка беришган. Ҳар бири 3000 сўмдан. Биз ўқитувчилар ҳатто 6000 сўмдан бердик.

- Маркани ана шундай мажбурий сотишдан тушган пул кимнинг ҳисобига бориб тушади?

- Бизга "Болалар спортнини қўллаб-қувватлаш жамғармасига бориб тушади" дейишган. Яна билмадим.

- Бу иш яъни маркаларни мактаб ўқувчисига сотиш сизларга Туман Халқ Таълими Бўлимидан тавсия қилинганми ёки буйруқ тарзида берилганми?

- Бизга буйруқ тарзида берилган ва бу иш бир неча йиллардан бери бор.

- Хўп, сизларга буйруқ тарзида берилган экан, сиз мактаб директорлари сизларга буйруқ бераётган ўша  эскича тартибда ишлайдиган корчалон раҳбарга "Ўртоқ раҳбар, биз энди эскича тартибда ишлай олмаймиз. Энди юртимизда ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович бошчиликларида янгича ишлаш тартиби ва турли соҳаларда катта ислоҳотлар бошланди. Охирги 3-4 ойда шу ислоҳотлар туфайли одамлар онги батамом янгиланди. Энди мактабда, ўқувчиларга ҳеч кимга керак бўлмайдиган маркани уч минг сўмдан сотиб бера олмаймиз. Шу пайтгача нима бўлган бўлса бўлди. Энди бундан буёғига ота-оналар бизнинг бундай ишларимизга кўз юмишмайди. Дарров порталга ёзишади ёки прокуратурага шикоят қилишади. Шундай экан биз ортиқ бундай ноқонуний ишларни қила олмаймиз" десанглар бўлмайдими?

- Бу айтишга осон. Бундай дея олмаймиз. Энг ёмони кимдир тегишли органларга шикоят қилиб мана шу ишимиз устидан эртага бир иш очилса калтак келиб биз мактаб директорларининг бошимизда синади. Чунки бизни мана шу ишга мажбурлаган ТХТБ, ВХТБ каби бизнинг юқори ташкилотлар бизга бундай буйруқ берганларини тан олмайдилар ва "биз буйруқ бермаганмиз, фақат хоҳловчиларга тавсия қилинглар" деганмиз деб ўзларини оқлаб тураверишади.

- Яқинда бир таниқли журналист-блогернинг Жиззах вилоятида мактабларда металлом ўқувчиларга мажбурий йиғдирилаётгани ҳақидаги мақоласи бутун мамлакатимизга шов-шув бўлиб кетди. Бу мақола чиққандан кейин Халқ Таълими Вазирлиги (ХТВ) бу ишни инкор қилиб мактабларда "металлом солиғи" йўқ деб чиқди, бундан хабарингиз борми?

- Албатта хабарим бор. Эслатдингиз, куни кеча мени ҳам туман ХТБ га чақириб уч кун ичида металлом режасини бажаришимизни қаттий талаб қилиб қўйдилар. Аммо, бу совуқ ва қорли ҳавода қайси болага металлом олиб кел деб айта оламан.

-Демак ХТВ оммани чалғитиш учун мактабларда "металлом солиғи" йўқ деяпти-ю, аммо бу нарса кун тартибида турибди, шундайми?

- Худди шундай. Бизга ҳам бошқа мактаблар қатори маълум бир ўлчамда металлом топшириш вазифаси қўйилган.

- Бу вазифаларни бажармасангиз ёки бажара олмасангиз нима бўлади?

-Бу вазифани бажармасам ишдан кетиш ҳақида ариза ёзишим керак. Агар уринсам, ҳаракат қилсаму бажара олмасам огоҳлантириш билан ҳайфсан оламан

- Яна ўша марка сотишга қайтсак. Пулни болалардан нақд олинаяпти, шундайми?

- Ҳа шундай.

-Тушунарли.

Ўқитувчи билан савол-жавобимиз суҳбатдан ҳам кўра терговга ўхшаб кетди. Аммо ишонинг, мен уни тергов қилмадим. Бунга ҳаққим ҳам йўқ. Мен унга савол бердим. У менга жавоб берди.
Уни жавобларини эшитиб шунга амин бўлдимки Халқ Таълими Вазирлигига ҳам, унинг Вилоят Бошқармаларига ҳам, Туман бўлимларига ҳам ҳурматли юртбошимиз Шавкат Миромоновичнинг шунча жон куйдириб гапираётган гаплари бир тийин экан. Акс ҳолда мактаб ўқувчиларига 3000(!) сўмга ҳам марка сотиладими? Ёки шу қишнинг совуқ кунларида металлом йиғиб топшириш мажбурияти қўйиладими?

Агар Халқ Таълими Вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари болалар спортини ривожлантириш жамғармасига пул ўтказишни хоҳлар экан майли бу учун нархи 5-6 минг сўмлик болалар учун чиқарилган китобларни устига яна 1-2минг сўм қўйиб мактабларга бериб болаларга тарқатиб соттирса ҳам тўғри тушунардим. Аммо керак бўлмайдиган маркани болаларга  мажбурий тарзда пуллаш бу ўтакетган пасткашликдир.
Ўша ўқитувчи билан суҳбатлашар эканман уни суҳбатимиз охирида қилган илтимосига на йиғлашимни биламан, на кулишимни. "Ака хоҳласангиз ўша 3 минг сўмни берманг. Хоҳласангиз шу марка иши туфайли мени сўкинг, ҳақорат қилинг, аммо туман ХТБ га шикоят қилиб ёки бу иш учун уларни айблаб борманг. Улар сизга бу иш мажбурий эмаслигини айтишади. Аммо, кейин ҳамма калтак мени бошимда синади. "Сен аҳоли ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишларини яхши олиб бормаганинг учун ота-оналар мана шунақа шикоят қилиб келишаяпти" деб ҳатто мени ишдан бўшатиб юборишлари ҳам мумкин. Шу учун сиздан илтимос, қанча гапингиз бўлса гапиринг, сўкинг, ҳақорат қилинг чидайман. Аммо туман ХТБ га шикоят қилиб борманг". Мана уни мендан қилган илтимоси. Аммо бундай ноқонуниний ишларга ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ёки таълим тизимидаги энг қўйи бўғин бўлмиш мактаб директорлари қачонгача чидайдилар? Бугун мен индамай кетганим билан яна бошқа ота-оналар барибир бу масада шикоят қилаверадилар. Ўз юртбошисига ишонган, унга суянган халқни ХТВ қачонгача шикоят қилишдан қайтариб тура олади?
Қачонгача ХТВ мутасаддилари  "бундай буйруқ ҳеч кимга берилмаган" деб ўзларини оқлайдилар, касалликни яширадилар? Касални яширса иситмаси ошкор қилиб бораверадику.

Охирги пайтларда ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромоновични турли жойларда гапираётган нутқларини биттасини ҳам қолдирмай кўриб, эшитиб бораяпман. Бу инсоннинг турли ташкилотлардаги камчиликларни гапириб, энди бундай ҳолатда эскича тизимда ишлаб бўлмаслигини, ва хоҳ у ҳокимлар бўлишсин, хоҳ у вазирликлар бўлишсин уларга ўзгаришлари ва ўз ишларини, ташкилотларини ислоҳ қилишлари учун маълум бир муддатлар берилишини, агар шу берилган муддатда улар ўзгаришни хоҳламасалар, ислоҳотларга киришмасалар уларга қаттиқ чоралар кўрилиши ҳақида мутасадди раҳбарларни огоҳлантириб гапираётганларини тўлқинланиб кузатаяпман. Нафақат мен, балки 32 миллион нуфузга эга халқимиз кўраяпти, эшитаяпти, кузатаяпти. Аммо юртбошимизнинг шунчалик жон куйдириб гапиришлари ХТВ нинг мутасадди ходимлари ва унинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари бошлиқларининг парвосига ҳам келмаётгани жудаям афсусланарли ҳолдир.
Мен шу юртнинг бир жонкуяр ва Ватанпарвар фуқороси сифатида Шавкат Миромоновичнинг ХТВ ва унинг ҳудудидий бошқарма ва бўлимлари раҳбарларининг ҳам хурмача ишлари учун уларнинг танобларини тортиб қўйишларига ишонаман. Зеро энди эскича фикрлаб, эскича яшаб бўлмайди. Энди ХТВ ҳам ўзини ислоҳ қилиши ва юқорида тилга олинган "йиғ-йиғ"лардан қутилиши керак. Мактаб ўқувчиси қандайдир суммага марка эмас, китоб сотиб олиши керак!

Р.С. Мен Санжар Саиддек машҳур журналист ва блогер эмасман. Футболга ихтисослашган сайтларда ёки бир иккита газеталарда чиққан мақолаларимни айтмаса мени ҳеч ким танимайди.   Шу туфайли ҳам бу мақоламга мамлакатимизнинг машҳур ОАВ ва интернет нашрлари эътибор қаратишмас. Аммо ишонинг мен машҳур бўлишни эмас, балки бундай ҳал бўлмай ётган муаммоларни ҳал бўлишини хоҳлайман холос.
Саломат бўлинглар!

суббота, 7 января 2017 г.

Занжир ёки хатолар занжири.

Зўр замонларда яшаяпмиз-а? Одамзот ўзи  учун эҳҳе қанча қулайликларни кашф этмади дейсиз. Осмонга учди, сувда сузди, қисқаси ҳар бир кашф этилаётган нарса инсон учун қулайлик бўлаяпти вассалом.
Айниқса интернет пайдо бўлгани маълумот тарқатишда кўп қулайликларни келтириб чиқарди. Дунёнинг бир чеккасида бир янгилик бўлиши биланоқ, у янгилик ана шу интернет орқали сонияларда дунё бўйлаб тарқаб кетади. Ўша содир бўлган янгиликни кимлардир ўзлари юритаётган янгиликлар сайти орқали тарқатишса, яна кимлардир ижтимоий тармоқлар орқали тарқатишади.
Бир манба биргина долзарб хабарни тарқатса бўлди. Бошқалар уни шундоққина таржима қилиб бераверишади. Аксарият ҳолларда ўша хабардаги маълумотларни рост, ё ёлғонлиги ёки ўша хабарда берилаётган маълумотлар тўғри ёки нотўғрилиги текшириб ҳам ўтирилмайди. Сайтда ёки ижтимоий тармоқлар орқали манбасини кўрсатиб бериб юборилаверилади.  Бу эса ишга нотўғри ёндашишдан бошқа нарса эмас. Чунки биринчи манба қандайдир сабаб туфайли хато маълумот берган бўлса, ўша хабардаги маълумотларни тўғри ёки нотўғрилигини текширмасдан бериб юборган сайтлар ҳам ноқулай аҳволга тушиб қолишлари мумкин. Айниқса янгилик сайтлари саноқли бўлган бизнинг мамлакатимизда.

Энди асосий гапга ўтаман. Куни кеча мамлакатимиздаги аксарият янгилик сайтлари Алмати-Термиз М-39 халқаро йўлининг Жанубий Қозоғистон Вилоятининг Мақтарал райони бўйлаб ўтган йўли  ўзбекистонликлар учун февраль ойидан яна очилиши ҳақида хабар бердилар. Манба қилиб эса Қозоғистоннинг бир сайти кўрсатилди. Энг қизиғи аксарият сайтларда берилган бу хабарнинг ўзбекча тексти айнан нуқта ва вергулигача бир хил. Демак кимдир биринчи бўлиб қозоқ сайтидан ўзбекчага таржима қилиб қўйган ва бошқалар ундан кўчириб қўяверганлар. Айрим сайтлар қозоқлардан кўчириб таржима қилиб қўйган бўлсалар,  айримлари эса бу хабарга умуман хато бўлган маълумотларни қўшганлар.  Ҳозир гап кимни кимдан кўчиргани ҳақида эмас, балки ўша хатолар ҳақида бўлади. Мен бу хабарни биринчи қайси сайтдан ўқидим эсимда йўқ. Аммо хабарда Алмати-Термиз йўлининг узунлиги 808(!)км деб берилган. Биринчи манба бўлмиш қозоқ сайтида бу маълумот йўқ!
(Демак қайсидир сайтдаги қайси бир билимдон ходим буни ўзи қўшган. Аммо қайердан олган бу маълумотни. Умуман айтганда ўша ходим география фанидан хабари бормикин? )
Юқоридаги маълумотни ўқиб ҳайрон қолдим. Чунки билганим Тошкентдан Термизгача 600 км дан ошиқроқ масофа бор. Тошкентдан Алматигача эса бундан ҳам зиёдроқ йўл юрилади. Савол туғилаяпти. Тошкентдан Термизгача 600 км дан ошиқроқ бўлса, унда Тошкент-Алмати йўли 200 км атрофидами? Мен бу шаҳарлар орасидаги масофани тахминан биламан. Ҳисоб аниқ бўлсин деб бу шаҳарлар орасидаги масофани қарадим. Тошкент-Термиз йўли 670 км экан. Тошкент билан Алматининг ораси эса 847 км экан. Бу ўлчовлар айнан М-39 йўли бўйлаб ўлчанган. Умумий ҳисоблаганда Алмати ва Термиз орасидаги масофа 1517 км экан. Бизнинг янгилик сайтларимиз бу масофани бир-биридан кўчириб қўйган хабарларида 808 км деб келтиришган.
Ёки биринчи манба ҳисобланган қозоқ сайти М-39 трассаси жойлашган ҳудудларни келтирар экан уларни "Жамбил, Алмати, ЮКО (Южно-Казахстанский Область), Ташкент, Джиззак, Самарканд" тарзида келтирган. Бизникилар ҳам ҳудудларни шундай тарзда келтиришган. Аммо қозоқ сайти адашганми, ё уларнинг ҳам илми етмай "ошиб" кетганми биринчи Алматини  ёзмай, Жамбилни ёзишган. Аслида М-39 трассаси Алматидан бошланади ва тартиб бўйича биринчи Алмати ёзилиши керак. Чунки Термиз йўналишида Жамбилдан Алматига борилмайди. Аксинча Алматидан кейин Жамбил келади. Мана шу хатони ҳам бизнинг сайтлар биринчи манбада қандай хато қилинган бўлса, ўшандай хато келтиришаяпти. Кейин бу йўлнинг Мақтаралдаги қисми ҳам1998 йилда эмас, балки 2006 йилда ёпилган эди. Биринчи манба бўлмиш қозоқ сайти "йўл 2006 йилда ёпилганди" деб маълумот бераяпти. Аммо негадир баъзи сайтларимиз "йўл 1998йилда ёпилган эди" деб маълумот бериб юборишаяпти. Умуман тушунарсиз ҳолат.

Аслида ҳозир мен юқорида ёзган нарсалар аҳамиятсиздир. Ёки сайтларимизни хатолари жиддий эмасдир гап бунда эмас. Ҳамма гап уларнинг қандайдир бир маълумотни, хоҳ мамлакатимизга тегишли бўлсин, хоҳ чет давлатларга тааллуқли бўлсин текширмасдан ўз сайтларига чиқариб юборишларидадир. Юқорида ҳам айтдим, уларни ўз ишларига бундай ёндошувлари бу катта хатодир. Сайтларни ишига асло бундай ёндашиб бўлмайди. Хоҳ энди фаолиятини бошлаган сайт бўлсин, хоҳ мамлакатимизда ўз аудиториясига эга бўп бўлган сайт бўлсин ҳар бир хабарни текшириб, уларда берилаётган маълумотларнинг тўғрилигини текшириб ана ундан кейин сайтларида беришлари лозим. Акс ҳолда мана шундай кулгули ҳолатга тушиб ҳаммани чалғитиб юраверадилар.

Р.С. Бу блогпостим эълон қилиниб оммага ошкор бўлгунча сайтлар ўз хатоларини тузатиб қўйишлари ҳам мумкин.
Аслида бу ҳақда кеча хабар топган эдим ва сайтларни танқид қилиб нимадир ёзиш хаёлимда ҳам йўқ эди. Аммо бугун ҳам куни билан хабарни нотўғри маълумотлар билан берган сайтлар ижтимоий тармоқларда тинимсиз ўзларини нотўғри маълумотли хабарларини "реклама" қилдилар. Уларнинг ўз хатолари устида ишламай хатолар билан ёзилган хабарларини линкини такрор-такрор бериб сайтларини реклама қилганларига ортиқ чидаб тура олмадим ва юқоридаги гапларни ёздим. Маъзур тутгайсизлар.

среда, 4 января 2017 г.

Қўнимсизлик

Яқинда "Олмалиқ" жамоасида мураббий алмашди. Жамоага анча йиллардан бери мураббийлик қилиб келаётган Шквирин бўшатилиб, ўрнига Кумиков бош мураббий этиб тайинланди. Очиғи, бу жамоада йил давомида нима муаммолар бўлди бехабарман. Жамоа бу йил қониқарли ўйин кўрсата олмади. Жамоа ҳақида орқаваротдан турли гап-сўзлар чиқди. У гап-сўзларга қараганда жамоа раҳбарлари Шквиринни кетказиш учун бу йил жамоага етарли маблағ ажратишмади ва маъошлар вақтида берилмади. Шу туфайли ўйинчилар бу йил унчалик ҳам иштиёқ билан ўйнашмади. Аммо бу гапларни қанчалик ҳақиқат эканлигини ҳеч ким айтолмайди. Кўча-куйда, мухлислар орасида тарқалаётган турли миш-мишларнинг ҳаммаси ҳам ҳақиқат бўлиб чиқавермайди. Нима бўлганда ҳам жамоа учун анчадан бери хизмат қилиб келаётган мураббий қониқарсиз натижа учун бўшатилди. Ўрнига янги бош мураббий келди.

Кумиков "Олмалиқ"га бош мураббий этиб тайинланар экан жамоани янгитдан ташкил этилиши ҳаммага олдиндан аён эди. Бу ерда кўчани миш-мишларига ўрин қолмайди. Янги мураббий янгидан-янги ўйинчиларни ўзининг янги жамоаси бўлмиш "Олмалиқ"га таклиф қилиши бу исбот талаб қилинмайдиган аксиома эди. Амалда ҳам шундай бўлди.

Футболимиз тарихини биладиганлар билишади, бу ҳолат бизда анъана деймизми, одат деймизми, урф деймизми шу даражагача чиқиб бўлган. Яъни, жамоага янги мураббий келар экан у аксарият ҳолатларда жамоанинг таркибини 70-80% га янгилаб жамоани бошқатдан тузади. Шу жумладан Кумиков ҳам ҳозир "Олмалиқ"га кўплаб ўйинчиларни мавсумолди кўрикка чақирди ва жамоани таркибини янгилаш ҳаракатида бўлаяпти. Мана шу ерда мураббийнинг ишини ҳам, жамоа раҳбарларининг ишини ҳам мен тушунмайдиган жиҳатлари кўзга ташланади.

Янги келган мураббийнинг ишини тушунмаслигим бу уни нега жамоа таркибини бирданига 70-80% га янгилашга ҳаракат қилишидир. Очиғи, бундай ишлар жаҳон футболида фақат бизда бўлса керак.(МДҲнинг аксар давлатларида ҳам бор) Чунки Европа томонларда жамоа муваффақиятсиз натижа кўрсатса мураббийни шартномасини охирига етказишига йўл қўймай ишдан бўшатишади. Аммо, уни ўрнига келадиган янги мураббий ҳеч қачон жамоани 70-80% га янгилашга уринмайди. Аксинча ўша олдинги мураббийдан қолган жамоага яна бир нечта ўйинчиларни таклиф этади бўлди. Унда ҳам жамоа раҳбарлари маблағ ажратишса. Қолганига мураббий ўзини қанчалик кучли тактикаларга эгалигини кўрсатиши ва ўзидан олдинги омадсиз ҳамкасбидан қолган жамоа билан муваффақиятли ўйин кўрсатса ҳам бўлишини исботлаши керак. Тўғрида, мураббийни кучи ҳам шундаку. У бошқа мураббийлардан ўз тактикалари билан, жамоани бошқариши билан, жамоа муваффақиятли ўйинлари билан фарқланиши керак.
Масалан, ўтган йил "Челси" жамоаси Моуриньо бошчилигида АПЛда яхши натижа кўрсата олмади. Жамоа раҳбарияти Мауриньони ишдан бўшатиб, уни ўрнига италиялик Контени бош мураббий этиб тайинлади. Хўш, Конте "Челси"га бориб бутун жамоани янгилаб ташладими? Асло йўқ. У фақатгина жамоага ўз тактикаларини олиб кирди ва ўйинчиларни эмас, балки уларнинг ўйинларини ўзгартирди.

Тўғри, истисно тариқасида жамоаларнинг яқин муддатларда янгиланган ҳолатлари ҳам бўлган. Масалан; Абрамович "Челси"ни сотиб олганда шундай ҳолат бўлганди. Лекин, ўшанда ҳам жамоадаги ўртача ёки ўртачадан ҳам паст ўйнайдиган футболчилар сотиб юборилиб, уларнинг ўрнига жаҳон даражасидаги юлдузлар сотиб олинганди. Яна бу иш бирданига қилинмай икки мавсум давомида қилинган, ҳатто жамоа бош мураббийи бўлган Раньери ҳам "Челси" Абрамович қўлига ўтгандан тезда ишдан бўшатилмай унга етарлича имкониятлар берилган эди.
Қолган ҳолатларда эса жамоалар жамоа ўйинини бузмаслик ёки шаклланган таркибни тарқалиб кетмаслиги учун ўйинчиларни бирданига жамоадан ҳайдаб юбормай бу ишни бир-икки мавсум давомида аста-секинлик билан амалга оширишади ва яхши ўйнай олмаётган ўйинчилар билан бирин-кетин хайрлашиб уларни ўрнига яхшироқ, зўрроқ ўйинчиларни таклиф этишади. Бизда эса жамоага янги мураббий келгандан аксарият ўйинчиларнинг жавоблари бериб юборилади ва уларнинг ўрнига янги футболчилар таклиф қилиниб бутун бошли таркиб янгидан йиғилади. Шу туфайли ҳам жамоага янги таклиф этилганлар бир-бирини тушуниб ўйнаб, ўз ўйинини топгунча мавсумни ярми ортда қолади.  Энг қизиғи жамоадан кетказилган футболчилар ўрнига улардан зўрлари олиб келинмайди. Яна ўша кетган ўйинчилар савиясидаги ўйинчилар олиб келинади.

Бундай ҳолатларда аксарият ўйинчилар билан атиги бир йиллик шартномалар имзоланиши ҳам жамоа раҳбариятига ўз жамоаларини таркибини бутунлай янгилаб олишларига қўл келади. Мавсум охирида "шартноманг тугади ва сенга хайр деймиз" дейилади бўлди.  Аммо, гоҳида эшитиб қоламиз жамоа билан келгуси йил учун шартномаси бор ўйинчилар ҳам янги келган мураббийнинг "талаблари"га жавоб бермагани учун ҳам жамоа таркибидан тушиб қолади. Буни номи эса "ошкора ҳайдалиш" дейилади.

Футболимиз тарихида мавсум бошида бутунлай янгиланган жамоаларнинг муваффақиятли ўйнаб кетган ҳолатлари ҳам бўлган. Масалан; 1999 йилги мавсумда Тошкент вилоятининг "Дўстлик" жамоаси ўзининг бош мураббийи бўлмиш М.Раҳимов билан биргаликда бутунлай Самарқандга кўчиб ўтиб "Самарқанд-Динамо" жамоаси учун майдонга тушган ва муваффақиятли ўйнаб кетган эди. "Самарқанд-Динамо" жамоасига ўтган футболчилар ўрнига Тошкентнинг МҲСК жамоасидан "Дўстлик" жамоасига ёппасига кўчиб ўтган футболчилар ҳам муваффақиятли ўйнашганди. Ўшанда улар ҳам "Дўстлик" жамоасига МҲСКдан ўз мураббийлари Р.Мирсодиқов бошчилигида кўчиб ўтишганди. Ёки 2001 йилда Тошкентнинг "Пахтакор" жамоасининг аксарият ўйинчиларига ҳам жавоб берилиб уларнинг ўрнига "терма жамоа базасини тузиш" баҳонасида бутун Ўзбекистондаги энг иқтидорли ўйинчилар йиғиб келинган ва улар ҳам энг зўрлар бўлишгани учун жамоада янгидан йиғилганларига қарамай муваффақиятли ўйнаб бир неча марта мамлакат чемпиони бўлишган эди. "Самарқанд-Динамо" ва "Дўстлик" жамоаларига кўчиб ўтган ўйинчиларнинг муваффақиятли ўйнаб кетишларига ўшанда ҳар икки жамоага ҳам шаклланган жамоаларнинг ўз мураббийлари қўл остида бутунлай кўчиб ўтишлари сабаб бўлган бўлса, "Пахтакор" жамоасини муваффақиятли ўйнаб кетганини сабаби жамоага мамлакатнинг энг зўрлари йиғилганлиги туфайли эди.

Мен Шквиринни Кумиковдан, Кумиковни Шквириндан устун қўймайман. Иккаласини даражаси бир хил. Аммо "Олмалиқ" жамоаси раҳбарларининг наздларида Кумиков Шквириндан кучли эканлиги учун ҳам Игор акани бўшатиб ўрнига Кумиковни тайинлашди. Аммо Кумиков кучли бўлса таркибни бутунлай янгиламасдан ўша Шквириндан қолган таркибга икки-уч нафар янги ўйинчиларни қўшиб, кейин ўша таркиб билан муваффақият қозонсин эди. Ана ўшанда уни Шквириндан кучлигини биз ҳам билардик.
Янгиланган ва нисбатан кучлироқ ўйинчилар билан тўлдирилган таркиб билан эса ҳар қандай мураббий чемпион бўлмаса ҳам ўртача ва ўртачадан бироз юқори натижани кўрсата олади.

Энди жамоа раҳбарларинг ишини тушунмаганимни ҳам изоҳласам. Мана Шквирин бўшатилиб ўрнига Кумиков келгандан жамоа раҳбарлари унга кўпдан-кўп имкониятлар тақдим этишди. Шу туфайли Кумиков жамоага ўзи хоҳлаган ўйинчиларни таклиф эта бошлади. Бу учун жамоа раҳбарлари албатта анчагина салмоқли маблағ ажратишади. Худди шу ерда савол туғилаяпти. Хўш, жамоа раҳбарлари янги мураббий учун кўп имкониятлар яратишар экан, унга ҳатто жамоа таркибини бутунлай янгиласа бўладиган маблағ ажратишар экан ўша маблағларни улар Шквиринга ҳам ажратишса у ҳам ҳатто чемпионлик учун курашса бўладиган жамоани шакллантира олардику!? Тўғри, ҳар мавсум жамоа раҳбарияти бир-иккита ўйинчи сотиб олиш учун Шквиринга ҳам маблағ ажратган. Аммо Кумиковга ажратилаётган маблағ даражасида эмас. Демак ўша кўча миш-мишлари ҳам бежизга чиқмаган. Демак жамоа раҳбарияти билан Шквирин ўртасида қандайдир гап ўтган. Аммо бу ҳозирча мавҳумий тахминдир. Вақти келиб ҳаммаси очиқланар. Унгача эса воқеалар ривожини кутамиз.
Энг қизиғи, ўзи хоҳлагандай таркиб тузаётган Кумиков ҳам ҳали янги мавсумда "Олмалиқ" билан қанчалик муваффақият қозонади бу ҳам ҳали ноаниқ.
Янги мавсумда буни ҳам кузатамиз.

Юқорида мен "Олмалиқ" жамоаси мисолида жамоаларимиздаги ҳолатни бироз кўрсатишга ҳаракат қилдим. Ҳа, миллий чемпионатимиз бошланган 1992 йилдан бери аксарият жамоаларимизда аҳвол шу. Қайсидир мураббийга маблағ берилмайди ёки камроқ маблағ берилади ва ундан яхши натижа талаб қилинади. Агар у яхши натижа кўрсата олмаса у ишдан бўшатилади ва ўрнига келадиган мураббийга эса катта имкониятлар ва маблағларни ошиқчаси билан берилади. Агар у Кумиковга ўхшаб чет элдан бўлса унга бериладиган имконият ва маблағнинг салмоғи янада ортади. Буни ортидан эса футболимизда қандайдир тушуниб бўлмас қўнимсизликлар юз бераверади

Бизда қўнимсизлик аҳволи ҳатто шу даражадаки баъзи жамоаларда бир мавсумда икки марта мураббий алмашгани учун икки марта таркиб бутунлай янгиланганини ҳам кўрганмиз. Мавсум бошида янги мураббий келиб ўтган йил ўйнаган таркиб ўрнига янги таркиб йиққан. Кейин у мураббий ўзи йиққан янги таркиб билан ҳам ҳеч нарсани эплай олмасдан биринчи давра охирида бўшатиб юборилиб, жамоа яна бир бошқа мураббийга топширилган. Ўз навбатида жамоани иккинчи давра бошланиши олдидан қабул қилиб олган мураббий биринчи даврада ўзидан олдинги мураббий қўл остида тўп сурган ўйинчиларни аксариятига жавоб бериб, қисқа даврда янги футболчиларни жамоага таклиф қилган. Юқорида ёзганимдай бунақа қўнимсиз ишлар фақат бизда бўлади. Шу туфайли ҳам статистика билан қизиқиб кўрсангиз бизда бир жамоада узоқ йиллардан бери тўп сураётган ва "гвардиячи" деб номланувчи футболчилар бармоқ билан санарли ҳолатда эканини кўрасиз. Бир жамоада узоқ ишлаган мураббийни эса Саркисян ва юқорида эсланган Шиквириндан бошқа энди кундузи чироқ ёқиб ҳам топа олмайсиз.

Мана шу ерда бундай қўнимсизликларга чек қўйиш учун ЎФФ ва ПФЛнинг қандайдир ролими, ё қандайдир қарорими ёки футболимиз равнақи йўлида қандайдир режаларими бўлиши керак. Минг афсуски ҳозирча улар футболимиздаги оммавий қўнимсизликларни томоша қилиб ўтириб, фақат томошабин ролини бажариб беришмоқда холос.

Ҳозиргина ушбу мақолани ёзиш давомида футбол сайтларидан бирида "Олмалиқ" жамоаси ўзининг 14(!) нафар футболчиси билан хайрлашгани ва улар билан янги мавсум учун шартнома тузилмаслиги ҳақидаги хабар чиқди. http://maydon.uz/?p=17193
Ўша 14 нафар футболчилар орасида Зойир Пиримов, Достон Абдураҳмонов, Муйдин Мамазулунов "Олмалиқ" каби ўртамиёна даражасида бўлган ҳар қандай жамоа ўз таркибига қўшиб олишни хоҳлайдиган ўйинчилар ҳам бор. Албатта улар жамоасиз қолиб кетишмайди. Аммо нима бўлганда ҳам футболимиздаги бундай ишлар миллий чемпионатимизнинг, футболимизнинг ривожига хизмат қилмайди холос.

Р.С.
Бу мақолани ёзар эканман мени "Олмалиқ" раҳбариятини ҳам ёки Кумиковни ҳам танқид қилиш ниятим йўқ. Яна Шквиринни ҳам мухлиси эмасман. Яна бир тарафи "Олмалиқ" жамоасининг раҳбарияти Шквиринга ва жамоанинг асосий ўзагини ташкил қиладиган бир қатор ўйинчиларга йиллар давомида имконият берди. Уларнинг бу ишлари фақат олқишга сазовор. Тахминимча "Олмалиқ" раҳбариятининг бу йил чемпионлик учун курашадиган жамоани тузиш нияти борга ўхшайди. Уларга бу йўлда омад тилайман. Бу ерда "Олмалиқ"ни мисол келтирганимни сабаби анчадан бери ёзмоқчи бўлган мақоламга айнан ҳозирги ҳолатлари билан улар тасодифан мос тушиб қолдилар холос.
Аслида эса бундай ҳолат, яъни қўнимсизлик ва жамоани батамом янгилаш олдинги йилларда қайсидир жамоаларнинг бошига тушган, бу йил мавсум ўртасига, ё охирига бориб яна қайсидир жамоаларнинг бошига тушиши мумкин.