воскресенье, 20 ноября 2016 г.

"Маҳаллийчи" маҳаллий мураббийлар.

Мустақил бўлиб жаҳон харитасида Ўзбекистон деган шарафли номни пайдо бўлганига ҳам 25 йил бўлди. Шу 25 йил мобайнида иқтисодиёт дейсизми, ё қишлоқ хўжалиги дейсизми, ё спорт, маданият таълим тизими дейсизми ривожланиб бу соҳаларда сезиларли ютуқларни қўлга киритдик. Шулар жумласидан спорт соҳасида ҳам кўплаб оламшумул ютуқлар қўлга киритилди. Биз Собиқ Иттифоқ даврида спорт соҳасида "иккинчи даражали" эдик ва миллатдошларимиз минг зўр иқтидор эгаси бўлишмасин Московдан ҳатлаб хорижга катта-катта мусобақаларга чиқа олишмас эди. Мана энди юртимиз мустақил бўлиб спортчиларимиз жаҳон ареналарида ўзларини кўрсатиб юртимиз байроғини баландларга кўтармоқдалар. Яна юртимизнинг турли гўшаларида қурилаётган турли спорт иншоотлари у даврларда қайда эди? Биз мустақиллик йилларида спортнинг турли соҳаларида катта ютуқларга эришдик. Аммо спорт турларини қироли бўлмиш футболда биргина 1994 йилдаги Осиё Ўйинларидаги ғалабани айтмаганда бошқа арзирли бирон бир ютуққа эришмадик. Бўлмаса юртимизни турли шаҳарларида қанчалаб янги стадионлар қурилди, қанчалаб болалар футбол мактаблари очилди. Футбол билан шуғулланиш учун ёшларга қанчалаб шароитлар яратилди. Аммо натижа бўлмаяпти. Масалан мустақиллик йилларида 5 та Жаҳон Чемпионати учун саралашларда қатнашдик. Аммо ҳозирча ҳамма уринишларимиз муваффақиятсизлик билан тугаяпти.  Ҳозир эса 6-ЖЧ учун саралашда қатнашаяпмиз. Аммо натижалар жудаям кишини қувонтирадиган даражада эмас. 5 ўйиндан 9 очко жамғарган ҳолда гуруҳимиздаги икки асосий рақобатчиларимиз бўлмиш Эрон ва Ж.Кореяга уч очкони осонгина тортиқ қилдик.
Мен ҳозир қўйида ўтказган ўйинларимизнинг таҳлили ёки ўйинларимиз статистикасини бермоқчи эмасман. Диққатингизни бошқа бир масалага қаратмоқчиман.
Шу ўтган йилларда бизда кам сонли хорижлик мураббийларни айтмаса (де Силва, Гёде, Боб Хоутон) асосан ўзимизни маҳаллий мутахасислар термамизда бош мураббий бўлиб ишлашди. Ва ҳар сафар ўзимизнинг мураббийларимиздан кимдир терма жамоамизга бош мураббий бўлар экан албатта ўзи термага келишдан олдин ишлаган жамоасидан терма жамоамизда тўп суришга лойиқми ё йўқми ўйлаб ўтирмасдан кўплаб ўйинчиларни ҳоҳ расмий ўйинлар, ҳоҳ ўртоқлик учрашувлари бўлсин чақираверишган. Баъзида бу ҳақда журналистлар ўша термамизнинг "маҳаллийчи" бош мураббийларига эътироз билдириб савол берганларида улар "Қўл остимдаги ўйинчиларнинг имкониятларини яхши биламан, улар термада ўйнашга муносиб" деб ҳаммалари доим бир хил жавоб беришган. (Термамизнинг ҳозирги бош мураббий С.Бабаян ҳам ўзининг собиқ жамоаси Пахтакор ўйинчиларини доимий равишда термага чақиравериб журналистларнинг саволларига юқоридагидай, термамизнинг "маҳаллийчи" бош мураббийлари учун шаблондай бўлиб қолган жавобини бермоқда)

Бу мавзуда ёзар эканман очиғи раҳматли Маҳмуд Раҳимовдан олдин термамизда ишлаган мураббийлар бу масалада қандай йўл тутишганини эслай олмайман. Аммо М.Раҳимовдан буёғига ишлаган мураббийларни ишини ёзадиган бўлсам ҳам қарийб бир китоб бўлгулик воқеалар бор.

1999 йил, М.Раҳимов Самарқанднинг "Динамо" жамоасида бош мураббий бўлиб ишлаган ҳолда терма жамоамизнинг ҳам бош мураббийи эди. Ўшанда эслайман ўртоқлик ўйинларида ҳам, расмий ўйинларда ҳам у терма жамоада динамочиларнинг бир нечта ўйинчиларини ўйнатган эди. Ўшанда терма жамоани ўзагини динамочилар ташкил этишарди десам ҳам ёлғон гапирмаган бўламан. Қизиғи у ўйнатган ўйинчиларни аксариятини Маҳмуд акани фожеали вафотидан кейин терма жамоамизга бош мураббийи бўлган Саркисян терма жамоага умуман чақирмаган. Аммо "қўл остимдаги ўйинчиларнинг имкониятларини яхши биламан" деган Раҳимов ҳақиқатдан ўзининг қўл остидаги ўйинчиларини имкониятларини яхши билган экан. Чунки ўша 1999 йилда у 2000 йилда Ливанда бўлиб ўтадиган Осиё Кубогининг саралаш ўйинларида ўша даврларда жудаям кучли ўйин кўрсатган БАА терма жамоасини енгиб (саралаш ўйинлари шу давлатда бўлиб ўтганди) Осиё Кубогига йўлланма олганди. Мана шу ишлари туфайли бу мураббий вафотидан кейин ОФК томонидан бир овоздан Осиёнинг 1999 йилдаги "энг зўр мураббийи" бўлганди. Унга бу совринни вафоти учун эмас, балки иқтидори ва машаққатли меҳнати учун беришганди.
М.Раҳимовнинг вафотидан сўнг терма жамоамиз бошқарувига яна бир "маҳаллийчи" маҳаллий мутахасис Саркисян тайинланди ва у қисқа муддатда Раҳимовдан қолган терма жамоани бошқатдан тузди ва бу термага ўша даврда ўзи бошқараётган Фарғонанинг "Нефтчи" жамоасидан бир гала футболчиларни жалб қилди. Журналистларни "Раҳимов давридаги терма жамоа яхши ўйин кўрсатаётган эди, нега уни тарқатиб жамоани бошқатдан туздингиз?" деган саволларига у ҳам ҳаммамизга маълум ва машҳур бўлган шаблон жавобни берди. "Мен ўз қўл остимдаги ўйинчиларни имкониятларини яхши биламан ва бу ўйинчилар бўлғуси ўйинларда албатта ўзларини яхши кўрсатишади". Саркиянни ўзбек футболини ривожига қўшган ҳиссасини камситмаган ҳолда айтаманки у ёлғончи экан ва терма жамоага таклиф этган ўйинчиларини имкониятларини яхши билмас экан. Акс ҳолда 2000 йилда Ливанда бўлиб ўтган Осиё Кубогидан терма жамоамиз батамом шарманда бўлиб қайтмас эди.

Ундан кейин терма жамоамизда маълум вақт Гёде ишлади ва у қандай ишлади, ўзини қўл остидаги ўйинчиларни термага кўпроқ чақирдими ё йўқми билмайман. Ҳарҳолда уни термадаги ишини гарчи термамиз билан катта ютуқларни қўлга кирита олмаган бўлса-да футболчилар ҳам, мутахасислар ҳанузгача мақташади. Демак у термамизда чин кўнгилдан ишлаган.

Гёдедан кейин термамизда янгидан-янги Инилеев, Абрамов, Қосимов каби "маҳаллийчи" маҳаллий мураббийлар ишлаб кетдилар. Ва уларнинг ҳар бир ўз анъаналарига содиқ қолган ҳолда терма жамоамизга ўзлари ишлаган жамоалардан кўпроқ ўйинчиларни жалб қилганлар. Масалан Абрамовни ўз "суюкли" "Тракторчи" ўйинчилари бўлса, Қосимовни ҳам ўз "Бунёдкорчи"лари бор эди. Мана энди бугунги кунда терма жамоамизнинг ҳозирги бош мураббийи бўлмиш Бабаян ҳам ўзидан олдинги "маҳаллийчи" маҳаллий мураббийларимизнинг изларидан бориб, ҳатто улардан ҳам ўтказиб иш олиб бормоқда ва ўтган йил ҳам, бу йил ҳам миллий чемпионатимизда унчалик яхши ўйин кўрсата олмаётган бўлса-да у ўзининг собиқ жамоаси "Пахтакор"нинг анчагина футболчиларини доимий равишда термага чақириб келмоқда. Унга бу ҳақда эътироз билдириб савол берган журналистларга у ҳам ўзидан олдингилар айтиб кетган шаблон гапларни айтиб ўз қўл остида ўйнаган ўйинчиларининг имкониятларини у ҳаммадан яхши билишини таъкидлаб келмоқда. Ва шу туфайли ҳам термада унча яхши ўйин кўрсата олмаётган Сергеев, Лобанов каби ўйинчиларни терма жамоамизга доимий жалб қилмоқда. (Кечаги Ж.Корея билан бўлган ўйинда Лобановнинг ёғ босган қорнини ҳатто корейслар роса масхара қилишди. Аммо фойдаси йўқ. Биз у ўйинни ютқазиб бўлганмиз) Бабаян бошчилигидаги терма жамоамиз ҳозирча 5 ўйиндан 9 очко олди холос. Унда ҳам Сурия ва Қатар терма жамоалари устидан зўрға ғалаба қозонди. Биргина Хитой терма жамоасига қарши бироз тузукроқ ўйин кўрсатилди холос. Асосий рақобатчиларимиз бўлмиш Эрон ва Ж.Кореяга уч очкодан тортиқ қилинди. Ана шу иккита мағлубиятдан кейин мухлисларимизни аксариятида термамизни 2018- йилда Россияда бўлиб ўтадиган ЖЧ га чиқиш умиди сўнди. Чунки, биринчидан юқоридаги икки жамоа ўзига кераклик пайтда ўзига кераклик натижани қўлга кирита олади. Иккинчидан Бабаянни "маҳаллийчи"лиги олдинги мураббийлар даврида маҳаллийчилик бизга қандай зарар келтирган бўлса шундай зарар келтиришини ҳамма билиб ўтирибди.
Шундай экан Бабаян ҳеч бўлмаганда бундан буёғидаги ўйинларда битта, иккита бўлса-да ўз "севимлилари" бўлиб қолган ўйинчилар ўрнига бошқаларга ҳам имкон бериши керак. Акс ҳолда Россиядаги мундиалда қатнашиш бизга армон бўлиб қолиши мумкин.

Сўнгги сўз; Маҳаллий мутахасисларимизнинг ана шундай "маҳаллийчилик" қилиб охирида шармандали натижа кўрсатаверганлари учун ҳам аксарият футбол мухлислари, журналистлар ва мутахасислар доим, термамизга маҳаллийчиликни билмайдиган ва маҳаллийчилик қилиб ўз ўйинчиларини ўтказмоқчи бўлган маҳаллийчиларни буйруқларига ва маслаҳатларига кўнмайдиган хорижлик мураббийни тайинланишини орзу қиладилар. Аммо бу орзу неча йиллардан бери орзулигича қолиб кетмоқда. Умид қиламиз футболимиз мутасаддилари бу масалани ҳам яхшилаб ўйлаб кўрадилар.

среда, 9 ноября 2016 г.

АҚШ; сайлов ва унинг ортидаги хавотирлар.

Ниҳоят дунёнинг энг қудратли давлати бўлмиш АҚШда президентлик сайлови тугади ва кутилмаганда Трамп АҚШнинг янги президенти бўлиб сайланди. "Кутилмаганда" сўзини ишлатишимни сабаби дунё афкор оммаси бу сайловда Клинтон хонимнинг ғалаба қозонишига шубҳа билдирмаётган эди. Чунки Трамп ўз номзодини президентликка қўяр экан бунинг ортидан АҚШнинг  ички ва ташқи сиёсати масалаларида турли-туман ажабтовур баёнотларни бера бошлади. Бу эса уни ақли жойидамас деган гап-сўзларни келтириб чиқарди. Умуман олганда бугун Трампни президентлик курсисини ютиб олиши ортидан дунёдаги кўплаб кишилар ўз истеҳзоларини билдирдилар. Уларнинг аксариятини фикрига кўра ҳокимият Трампни қўлига ўтар экан у энди дунёни остун-устун қилиб юборади. Аммо шундаймикин?
АҚШ президентларини фаолиятига қисқагина бўлсада назар ташлар экансиз улар доим бир-бирига рақобатдош икки партиядан сайланишса ҳам ташқи ва ички сиёсатда уларнинг ҳаммаси фақат бир мақсад йўлида доим АҚШ манфатлари учун хизмат қилишганини кўрасиз.
Ҳа тарихда АҚШда нечта президент ўтган бўлса уларнинг ҳаммаси фақат бир мақсад йўлида, ҳар қандай ҳолатда ҳам АҚШ манфатларига хизмат қилиш учун хизмат қилишган. Шу туфайли ҳам АҚШнинг ўзидаги Трампнинг президент бўлишига қарши бўлаётганлар ҳам ёки уни АҚШнинг янги президенти бўлиб сайланганини эшитиб бундан афсусланаётганлар адашаётган бўлишлари мумкин. У келаётган тўрт йилда дунё сиёсий саҳнасида кескин ўзгаришларга сабаб бўладиган сиёсат юритмаслиги ҳам мумкин. Ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин. Нима бўлганда ҳам ҳаммасини вақт кўрсатади.

Шу 1988-92 йилларда АҚШ Президенти бўлиб ишлаган катта Жорж Буш ва 1992-2000 йилларда АҚШ Президенти бўлиб ишлаган Билл Клинтонларни эслайман. Улар бир-биридан ниҳоятда фарқ қилардилар. Катта Буш ўзининг қаттиққўл сиёсатини юрғизган бўлса, Клинтон давлатни анча босиқлик билан бошқарди. Улардан кейин 2000-2008 йилларда Президент бўлиб ишлаган кичик Буш ҳам ўз отаси каби қаттиққўл сиёсат олиб бориб дунёнинг кўплаб жойларида уруш оловларини ёқилишига ва нотинчликлар келиб чиқишига сабабчи бўлди. Аммо уларнинг учаласи ҳам ўз вазифаларини қандай бажарганларидан қаттий назар ҳар доим АҚШни манфатлари учун хизмат қилишган. Бири бу ишни тинч йўл билан бўлса, иккинчиси уруш оловларини ёқиб бажарган.

Энди яна Трампга қайтадиган бўлсак у сайловолди чиқишларида мусулмонларни АҚШга умуман киритмаслик, Мексика чегарасига девор тортиш каби кўпчиликка ёқмаган баёнотларни берди. Аммо у бу ишларни амалга ошира олмайди. Чунки Мексика билан ўртадаги чегара том маънода АҚШни Лотин Америкаси билан бўлган чегарасидир ва бу чегара орқали АҚШ жанубидаги испанзабон аҳоли орасидаги қариндошларини кўриш учун ёки АҚШдан яхши иш топиш мақсадида ҳар куни юз минглаб,балки ундан ҳам ошиқроқ одамлар чегарани ҳоҳ қонуний, ҳоҳ ноқонуний кесиб ўтадилар. Агар Трамп ушбу чегарага девор тортишни бошласа АҚШ жанубидаги ўзининг испанзабон фуқороларининг қаттиқ қаршилигига дуч келади. Яна бир масала эса агар Трамп ўша деворни қуришни бошласи АҚШ жанубидаги испанзабон штатлар ўз мустақиллиги учун курашни ҳам бошлаб юбориши мумкин. Шусиз ҳам АҚШ жанубидаги Техас, Калифорния каби  испанзабон штатларнинг бир нечтасида АҚШдан ажралиб мустақил давлат бўлиш ҳаракатларини бошланганига анча йиллар бўлди. Агар Трамп Мексика билан АҚШ ўртасида девор қуриш ғоясидан воз кечмаса бу ҳаракатлар янада кучайи аниқ. Шундай экан Трамп ўзини сайловолди ваъдаларини бир қисмидан воз кечишга мажбур.

Энди Трампни АҚШга мусулмонларни хоҳ доимий, хоҳ вақтинчалик кўчиб киришларини таъқиқлаши ҳақидаги баънотига келсак Трамп бу ишни ҳам қила олмайди. Чунки АҚШга доимий ёки вақтинчалик кўчиб ўтаётган мусулмонлар асосан Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги араб давлатларидан кўчиб кирмоқда. АҚШ эса бу минтақалардаги давлвтлар билан яқин иттифоқчи саналади ва уларнинг аксариятида АҚШнинг бир нечталаб ҳарбий базалари жойлашган. Яна бу минтақадаги давлатларни иқтисоди АҚШ иқтисоди билан чамбарчас боғланган ва улардаги Жаҳон миқёсида аҳамиятли ўринда турадиган энергетика манбалари бўлмиш нефть ва табий газнинг катта-катта конларини АҚШ компаниялари билан бирга қазиб олиб фойдаланишади ва буни натижасида ҳар йили АҚШ иқтисодига минтақа давлатлари ҳисобидан миллиардлаб, балки ундан ҳам кўпроқ фойда кириб боради. Агар Трамп минтақа давлатларидан борадиган иммигрантларни АҚШга киришга қўймай уларнинг йўлини тўсадиган бўлса бунга жавобан улар ҳам нефть-газ соҳасида АҚШ компанияларини билан ишлашни тўхтатишлари мумкин ва бу АҚШ иқтисодига жиддий зарар етказиши мумкин. Умуман айтганда Трампни кўплаб сайловолди баёнотларини "аҳолини симпатиясини қозониш учун қилинган баёнотлар" деб атаса ҳам  бўлади. Зеро бундай амалга ошириб бўлмайдиган ёки АҚШ учун амалга ошириш қийин бўлган ишлар ҳақида сайловолди баёнотлар беришдан АҚШни охирги йиллардаги Президентларини ҳаммаси фойдаланган ва Трамп ҳам бундан мустасно эмас. Шу ўринда Обамани "Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш, Афғонистон ва Ироқдан қўшинларни зудлик билан олиб чиқиш, дунёда тинчликни қарор топтириш" каби ва ҳоказо сайловолди баёноту ваъдаларини эсланг. Гуантанамо ҳалиям фаолият юритмоқда. Афғонистон ва Ироқдаги қўшинлар батамом олиб чиқилмади. Дунёда тинчлик ўрнатилиш ўрнига турли минтақаларда АҚШ иштирокида янгидан-янги уруш оловлари ёқилди. Шундай экан АҚШ Президентлари ҳам сайланиб олгунча ҳар хил баёнотларни бераверадилар. Сайланиб Президент бўлиб олгандан кейин эса билганларини қилаверадилар. Бу учун уларни ҳеч ким "Нега ваъдангни бажармадинг" деб маҳкамага тортмайди. Жа нари борса ОАВ да танқид қилишади холос. Шундай экан ҳамма  хавотирланган Трамп энди қандай иш тутаркин? Кутамиз, кўрамиз ва буни вақт кўрсатади.

среда, 14 сентября 2016 г.

Чемпион қандай бўлиши керак?

Бугун ижтимоий тармоқлар роса "қайнади". Олдинига фейсбук ижтимоий тармоғидаги аллақандай бир қизни ўз саҳифасида яқиндагина Риода олимпия чемпиони бўлиб келган Фазлиддин Ғойипназаровни пинжида ўтириб тушган сурати кимлардир томонидан ижтимоий тармоқларга чиқариб юборилди ва бу турли савиядаги ва турли фикрдаги инсонлар томонидан роса муҳокама қилинди. Бу муҳокамалар тугамасдан машҳур боксчимизни бу ишига блогерларимиз ҳам дарҳол муносабат билдирдилар. Олдинига Санжар Саидни блогпости, орқасидан Кама Ноир билан Шермуҳаммадларни ҳам бу мавзудаги блогпостлари уларнинг шахсий блогларида эълон қилинди. Санжар боксчини танқид қилиб тўғри ва намунали бўлиб юришга чақирган бўлса Кама Ноир ва Шермуҳаммадлар боксчимизни бу ишидан фожеа ясамаслигимизни, ким билан юриш, ким билан суратга тушиш уни шахсий иши эканлигини таъкидлаганлар.

Ижтимоий тармоқларда ҳам одамлар иккига ажралди. Кимдир боксчини танқид қилса, кимдир уни "бу шахсий иши" деб фикр билдирди. Аммо назаримда уни танқид қилаётганлар кўпчиликни ташкил этаяпти. Масалан бир фойдаланувчи "Аввало, отарчи(хонандалар назарда тутилаяпти) ва спортчилардан юлдуз ясамаслик керак. Ясагандан сўнг уларни сизнинг йўриғингизда юришини кутмаслик керак" деб фикр билдирибди. "Отарчи"ларни доим ғалва ва жанжалга тўла ҳаётлари мен учун ҳеч қачон ўрнак бўлмаган. Чунки кўплари енгил-елпи ҳаёт кечиришади. Аммо спортчи деганлари бу бошқа масала.

Миллатни соғломлиги учун бизга ҳар доим катта ареналарда ютуқларга эришган ва қитъа ёки жаҳон миқёсида машҳур бўлиб танилган спортчилар доим керак бўлган. Чунки ёш авлодни аллақандай бир хонандага ўхшашга ҳаракат қилганидан кўра ҳоҳ футболист бўлсин, ҳоҳ боксчи бўлсин яхши бир спортчига ўхшашга ҳаракат қилгани яхши. Энди спорт деганда биринчи навбатда соғлом ҳаёт тарзи, матонат, заҳматли меҳнат хаёлимга келади. Спортчилар арзирли ютуқларга машаққат чекиб эришар эканлар албатта катта-ю-кичик халқни назарига тушадилар. Болалар ва ўсмирлар учун кумир даражасига чиқадилар. Шундай экан мана шундай ҳолатда спортчиларнинг "бу менинг шахсий ҳаётим, хоҳлаганимни қиламан" деб оммага кўрсатиб ё билдириб кўнгиллари тусаган ишни қилишга асло ҳақлари йўқ. Чунки улар миллионлаб ёш авлодга ҳар томонлама ўрнак бўлишлари керак. Шу ўринда бу фикрга эътирозингиз бўлиши табиий. Аммо сиз ноҳақсиз. Мен спорт турларидан футболга қизиқаман. Ва футбол ўйинларини кўришдан ташқари футболга дахлдор сайтларга кираман, ҳафталик газеталарни ўқийман. Ва мана шу газеталарда, сайтларда футболчиларнинг футболдан ташқарида бўлган шахсий ҳаётларини ҳам, уларнинг мураббийлари билан бўлган муносабатларини ҳам кўп ёритишади. Ўша сайт ва газеталардан ўқиб билишимча Европадаги кўплаб мураббийлар ўз қўл остиларидаги ўйинчиларни футболдан ташқари ҳаётларини ҳам назорат қилишади. Чунки у мураббийларнинг фикрича футболчи спорт соҳаси бўлмиш футболчиликни танладими демак энди ҳатто шахсий ҳаётида ҳам у ҳаммага ўрнак бўладиган соғлом ҳаёт тарзи билан яшаши керак. Бу йўлда у спиртли ичимликлар ичмаслиги, тамаки чекмаслиги(наркотиклар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас), тунги барларга бормаслиги, енгилтабиат қизлар билан ўралашмаслиги керак. Кимки шу қоидаларга риоя қилмаса унга қарши интизомий жазолар қўлланилади, таркибдан чиқарилади, ёшлар таркибига ўтказилади. Агар ўйинчи шундаям ўзини йиғиб олмаса у трансферга қўйилиб сотиб юборилади. Албатта ҳамма мураббийлар ҳам футболчидан намунавий ҳаёт тарзини талаб қилаверишмайди, аммо ишонинг аксарият мураббийлар шундай йўл тутадилар. Ёки ўша намунавий ҳаёт тарзига ҳамма футболчилар ҳам кўнавермайдилар, аммо аксарияти амал қилади ёки амал қилишга ҳаракат қилади.
Шу ўринда Гвардиола "Барселона" жамоасида бош мураббий бўлиб ишлаганда қўл остидаги футболчиларни носоғлом ҳаётга ўтиб кетмасин деб уларни ҳар бирини ортидан шахсий изқувар қўйиб, кеча-ю-кундуз кузатганини эслаш кифоя.
Ёки эсланг "Манчестер Юнайтед" жамоасининг собиқ мураббийи Алекс Фергюссонни дунёга машур футболчи Девид Бекхемни пешанасини бутси отиб ёрганини. Ўшанда Сер Алекс Бекхемни ўша ўйинда ўйнай олмай буни натижасида жамоа ютқазгани учун эмас, балки футболчи ўзини назоратидан чиқиб тобора кўпроқ хотинини йўриғига юриб футболдан узоқлашиб, аллақандай мода билан боғлиқ ишларга кўпроқ ўралашиб кетаётгани учун урганди.   Қаранг, жамиятда йигит ва қизлари ўзаро муносабатда анча эркин бўлган Европада шундай. Демак бизда ҳам албатта, шубҳасиз ана шундай бўлиши керак ва спортчилар омма кўз ўнгида тартибли ва ўзларини тутиб юришлари керак. Агар спортчи дунё миқёсида танилган шахс бўлса икки карра эҳтиёткорроқ ва икки карра намунавийроқ ҳаёт кечириши керак. Бир кун келиб катта спортдан кетиб ўз каръерасини тугатса ана ўшанда хоҳлаганидай яшаса бўлар. Ўшандаям билмади уни "эркин" ҳаётини халқ ва мухлислари қандай қабул қиларкин. Биз азалдан ўз одобимиз билан, юриш-туришимиз билан бошқаларга ўрнак бўлганмиз шуни унутмайлик ва шунга ҳаракат қилайлик. Мен бу билан Фазлиддин соғлом ҳаёт тарзи билан яшамайди дейшдан йироқман. Аммо у кўча-кўйда, жамоат орасида юрганида ҳам эҳтиёт бўлиб юриши керак. Акс ҳолда мана шундай ноқулай ҳолга тушиб халқнинг ва мухлисларининг назаридан қолади.

Ижтимоий тармоқларда баҳсу мунозаралар авжига чиққанда Фазлиддин у қизни яхши танимаслиги ва у қиз шунчаки бирга расм тушишни хоҳлагани учун у билан расмга тушганини айтиб интервъю берибди. Гаплари тўғри бўлгандаям у қизга расмдагидай ҳолатда ўтириб расм тушишга у рухсат бермаслиги керак эди. Бўлар иш бўп бўлган. Ўйлаймизки нафақат Фазлиддин, балки юртимиздаги бошқа спортчилар ҳам бугунги гап-сўзлардан ва мухлисларини аксариятини бугунги воқеага салбий муносабатда бўлаётганларидан хулоса чиқарадилар ва доим ёш авлодга намуна бўладиган ҳаёт тарзини кечирадилар деб умид қиламиз. Саломат бўлинглар!