понедельник, 28 марта 2016 г.

МАТОНАТ ВА ОРИЯТ СОҲИБАСИ, ёки "кўзи ожиз" полвон ҳақида!

Қайерда ўз оёғи билан юрган, кўзи билан кўраётган, ёшдир, қаридир ёки аёлдир, эркакдир тиланиб юрган инсонларга кўзим тушса кўзи ожиз бўлган қўшни аёл эсимга тушади. 

Бу оилада бор йўғи тўрт киши бор эди. Ота-она ва икки ўғил. Онани кўзи ожиз, ота эса соғ эди-ю, аммо маъсулиятни ҳис қилмайдиган, ичкиликни ҳаддан ортиқ яхши кўрадиган, қачон қараса маст ҳолда юрувчи бир киши эди. Иккита ўғилнинг каттасини ҳам онасиникидай кўзи ожиз, иккинчи ўғил эса батамом соғлом эди. Улар бизга қўшни эдилар, иккинчи ўғил мени синфдошим эди.
Уларни ўша даврдаги ҳаётларини эслар эканман, уларнинг ҳолати китобларда ўқиганим, энг мискин, энг камбағалларнинг ҳолатига батамом ўхшайди деган фикрга борардим. Чунки, уйлари бор йўғи иккита хонадан иборат, томи лойсувоқ ва  уйдаги жиҳозлар ҳам ғарибона эди.
Шундай ҳолатда, оила бошлиғи бўлган ота ўз маъсулиятини ҳис қилмай, ҳар доим ичиб кўчаларда думалаб юрар,  оилани таъминоти кўзи ожиз онани зиммасида эди.
Хаёлингизга нима келаяпти? "Кўзи ожиз бўлса, у қандай қилиб оила таъминотини қиларди" деб ажабланаяпсизми? Аёл ишларди. Ҳа, ажабланманг, аёл туман марказидаги кўзи ожизлар жамиятига қарашли тўқув цехида ишларди.
Катта ўғлини эса вилоят марказидаги кўзи ожиз болалар ўқийдиган мактабга олиб бориб жойлаштирган ҳам шу аёл эди. Шу аснода ота  аллақайерларга бутунлай улоқиб кетиб қолди. Энди аёл ишга борганида синфдошим бўлган иккинчи ўғли уйда ёлғиз қоларди. Шунда у ота-онамдан ўғли билан бирга дарс тайёрлашб, бирга ўйнаб ўтиририш учун менга рухсат беришларини сўрарди ва мен кўп вақтимни уларникида ўтказардим.

Аёлнинг матонатини қаранг-ки, у ишга бориш учун эрталаб вақтли туриб ўғлини чойини қилиб бериб, ўзи баъзида чой ичишга улгуриб, баъзида улгура олмай, кейин кўчага чиқиб, қишнинг совуғида ҳам, ёзнинг жазирамасида ҳам ярим соат, бир соатлаб автобус кутиб, мана шу тарзда ишга бориб, куни билан кўзи ожиз ҳолда пайпаслаб бўлса-да ўзига берилган ишни бажариб, уйга қайтарди. У уйга қайтиб ҳам тинмасди. Кечки овқатни пишириш, уй тозалаш дегандай тиним билмасди. Аммо сабр ва матонат билан ўз ҳаётини яшарди.
Аёл ўғлини тўполон қилганида ёки буюриб кетган бир юмушини бажармаган бўлса уришарди, ҳатто қарғарди. Аммо, ҳеч қачон ўз ҳолидан, ҳолатидан нолиб гапирганини эслай олмайман.

Йиллар ўтди. Аёлнинг катта ўғли ўқишини битириб, ўша ўзи ўқиган махсус мактабнинг цехида бир неча йил ишлаб, иш ўрганиб қайтиб келди. Кейин укасини ёнига олиб, уйида кичкинагина станок қуриб ишлай бошлади. Она ҳам узоқ йиллик меҳнатдан сўнг нафақага чиқиб уйда ўтирадиган бўлди. Шу орада катта ўғилни ўзи билан бирга ўқиган кўзи ожиз эмас-у, туғма хирароқ бўлган бир қизга уйлантиришди. Кейин иккинчи ўғилни ҳам уйлантиришди. Бу орада эри ҳам ароқни ташлаган ҳолда топилиб келди Аёл кексайганда набиралари билан овора бўлиб, оила ўзидан тинчиб, тинч-тотув яшаб кетди.

Очиғи, бу аёлнинг матонати, сабр-бардоши ҳар қандай инсонга дарс бўлади ва ёзса катта бир китоб бўлади. Чунки бу аёл ўшанда қишни қиш демай, ёзни ёз демай ишга бориб, ишхонасида ҳам пайпасланиб, ҳориб-чарчаб ишлаб, камига уй-рўзғор юмушларини қилиб юрмасдан ўзи учун осонини, яъни тиланчиликни танласа бўларди. Ўғилларини ҳам шу ишга тортса бўларди. Аммо бу аёлда орият бор эди!
Матонат бор эди!
Сабр-тоқат бор эди!

Юқорида ҳикоямни соппа-соғ ҳолатда тиланчиликни ўзига касб қилиб олган баъзи инсонлар ҳақида ёзиб бошладим.
Очиғи соппа-соғ деяпман-у, аммо кўча-кўйда тиланиб юрадиган инсонларнинг қайси бири соғ, қайси бири дардман эканлигини билмайсиз. Чунки ўз оёғи билан юриб бизга "соппа-соғлом" кўринаётган бир инсонни  дарди ичида бўлиши ҳам мумкин.  Шу учун ҳам мен у инсонларни ҳолатини билмай гапирмайман. Ёки уларга ёмон кўз билан қарамайман. Аммо, барибир уларни кўриб ўша кўзи ожиз қўшниларим эсимга тушади. "Олувчи қўлдан берувчи қўл устунроқдир", шундай экан бу инсонлар ҳам тиланиб юрмай қўшнимга ўхшаб бир юмушни пайида бўлсалар, ўзларини меҳнатлари туфайли Яратган кутилмаган тарафлардан ризқларини юбориб мушкулларини осон қилармиди", деб ўйлайман холос.

Юқорида уларга ёмон кўз билан қарамайман дедим. Аммо бир марта шунақа тиланиб юрган йигитлардан бирини ишини кўриб ундан қаттиқ нафратланганман.

"Ҳазрати Имом" масжиди янги очилган пайтлар эди. Жума намозларидан бирини ўша ерда ўқишни ният қилиб бордим. Янги масжидни томошаси учун узоқ-яқинлардан одам ниҳоятда кўп келган. Борсам хонақоҳ тўлиб бўлган, масжид айвонига жойлашдим. Масжидни катта дарвозаси очиқ , ташқари ҳам кўриниб турибди, кўчагача одам сиғмай ҳаммёқ тўлиб кетди. Намозни ўқиб бўлгандан кейин ҳамма қўзғалиб, одамлар катта дарвозани тўлдириб ташқарига чиқишни бошлади. Мен ҳам шу оломонни ичидаман. Шу пайт дарвоза олдидан мунгли бир овоз одамларга "отаси уларни ташлаб анча йил олдин Россияга кетиб қолганини, яқинда онаси ҳам қазо қилиб бешта вояга етмаган норасида гўдак укалари ўзини қарамоғида қолганини" айтиб, одамлардан ёрдам сўраб, зорланиб тиланарди. Мен оломон орасида дарвозага етганимда у йигитни кўрдим, кўзида кўзи ожизлар тақадиган қора кўзойнак бор эди. Узи 25 ёшларда эди. У бироз букчайиб, эгилиб,турар, нолалари ҳар қандай одамга таъсир қилгулик даражада мунгли эди. Олдига бориб қолганимда мен ҳам чўнтагимдан қанчадир пул чиқариб уни ушлаб турган пакетига ташладим. Ташладим десам нотўғри бўлар, қўйдим. Чунки пакет каттагина бўлгани билан оғзигача тўлган эди.
Ўшанда уни кўзидаги ногиронлар кўзойнагини кўриб, ўша қўшниларим эсимга тушди ва бу йигитга астойдил раҳмим келди.

Кейинги жумада иш жойимизга яқин "Бодомзор" масжидига бордим. Намозни ўқиб чиқар эканман қулоғимга масжид дарвозаси тарафдан ўша бир ҳафта олдин "Ҳазрати Имом"да эшитганим мунгли овоз эшитилди. Рости кўнглимда энди бироз шубҳа уйғонди. Чунки бу йигит ҳақиқатдан тиланчиликни касб қилмай, мажбур бўлиб тиланганда бир ҳафта олдин "Ҳазрати Имом"да кўзларим билан бу кўрдим бу йигитга ниҳоятда катта пул тушди. Ўша пул бу йигитни ўзи ва "боқувчисиз қолган укаларига" анча пайт етар эди.
Мен ўшанда масжиддан ўртароқда чиқдим, мендан кейин ҳам эҳҳе қанча одам чиқди ва бу йигитга мен кўрган ҳолатдаги пулдан кўпроқ пул тушган бўлиши керак. Наҳотки, ўшанча пул ҳам бу йигитга укаларини боқиши учун етарли бўлмаса?!
Ҳайрон қолиб масжид дарвозагига яқинлашар эканман, йигитни қўлида кеча ҳафта кўрганим катта целлофан пакет лиқ тўла ҳолда турарди, аммо бу сафар кўзида кўзи ожизлар тақадиган кўзойнаги йўқ эди. Демак бу йигитни кўзи ожиз эмас. Дарвозадан чиқиб, уни ёнидан ўтиб кетар эканман, баъзиларни уни кўриб бошларини силкитиб "эссиз" деб ўтиб кетаётганларини ҳам кўрдим. Адашмасам улар бу йигитни яхши танишади. Уни бошқа масжидларда ҳам кўришган. Уни роль ўйнаётганини, ўйнаганда ҳам қойиллатиб ўйнаётганини яхши билишарди. Аммо барибир, аксарият одам уни мунгли нолаларга йўғрилган "тарихини" эшитиб, унга пул беришга шошиларди. Уни кўзойнаксиз ҳолда кўриб менга ҳаммаси тушунарли бўлди ва бу сафар йигитга пул бермай ўтиб кетдим.

Орадан икки-уч кун ўтиб, бир киши билан учрашадиган бўлиб қолдим. Телефон қилсам бир манзилни берди. Айтган манзилига бориб яна телефон қилсам, "эшикдан тўғри ичкарига кираверинг, мен ичкаридаман" деди. Ичкарига кирдим. Қарасам биллиардхона экан. Ичкарига киришим билан учрашмоқчи бўлган кишим мени кўриб олдимга келди ва биз гаплашиб олиш учун четроққа бориб ўтирдик. Биз ўз ишимиз бўйича гаплашар эканмиз қулоғимга таниш овоз эшитилди. Бу ўша масжидда "Отаси уларни ташлаб Россияга кетиб қолган, онаси эса яқинда вафот этиб, бешта укаси билан етим қолган" йигитни овози эди. Атрофга аланглаб ўзини қидира бошладим. Қарасам биздан бироз нарида бир тўда йигитлар орасида ҳеч кимга гапириш навбатини бермай, шовқин-сурон қилиб биллиард ўйнаётган экан. Уни ҳолатини кўриб, ўзи ожиза аёл бўлса ҳам, буни устига кўзи ожиз ҳолда болаларини боқиш учун тиланишдан ор қилиб, матонат билан меҳнат қилган қўшни аёл эсимга тушди. Шу тобда бу йигит мени кўзимга инсон суратидаги жирканч бир махлуқдай кўрина бошлади. Ўша ерда уни овозини эшитмаслик ва жирканч башарасини кўрмаслик учун гаплашиб турган одамимдан ташқарига, тоза ҳавога чиқишни сўрадим. У қабул қилди ва биз ташқарига чиқдик.
Кейин гапимиз тугади ва мен у ердан кетдим.
Эсимда ўшанда, уйга бориб унга индамай чиқиб кетганим қўрқоқлик бўлганини ҳам ўйладим. Ўшанда унга гапирганимда, ўртада жанжал чиқиши ва кейин у мени шериклари билан калтаклаши мумкинлигидан қўрққанимни тан оламан. Аммо, ўшанда мени унга гапиришдан тўхтатиб қолган яна бир сабаб бор эди. Бунақалар ҳозир тиқилиб ётганини, гапирган, насиҳат қилган билан уларни ҳаммасини ҳам қайтариб бўлмаслигини, ҳатто унга гапирганимда ҳам у барибир нафсини текин пулга ёмон ўргатиб қўйгани туфайли у ўша ишини яна бошқа бир масжидларда давом эттириб кетавериши мумкинлигини ҳам ўйлаб гапирмаганман. Кейин уни Яратган шу феъли туфайли бу дунёни ўзидаёқ хор қилиб, одамларни қўлига қаратиб қўйганини ҳам ўйлаганман.
Ўйлаганларим тўғрими нотўғрими билмадим. Аммо, биринчи сабаб унга танбеҳ беришга ботина олмаганим қўрқоқлик  туфайли эди.

Ана ўшандан бери, аёлдир-эркакдир, ёшдир-қаридир ўз оёғи билан юрган, кўзи билан кўраётган тиланчиларни кўрсам матонат, орият тимсоли бўлган ўша қўшни аёл эсимга тушаверади.

Мен бу ерда ўзим таниган, билган оила ҳақида, ногирон ҳолида ҳаётнинг қийинчиликларига, Яратганнинг синовларига сабр билан бардош бериб яшаган ожиза бир аёл ҳақида ёздим. Аммо бундай ҳолатдаги аёллар ва эркаклар мамлакатимизнинг турли жойларида, мана шу мен билган аёлдай, матонат ва сабр билан Яратганнинг синовларига дош бериб яшаяптилар. Аммо не ажабки, ўзи соғлом ҳолда бўла туриб, иймонини, виждонини ориятини сотган айрим полвонсифат йигитлар ва эркаклар ўз нафси учун, ўзини мана шундай ногиронга солиб, роль ўйнаб тиланчилик қилиб юрибдилар.
Бу ҳаёт қандай яшаб ўтишимиздан қаттий назар бизга бир марта берилади. Шундай экан, хатоларимизни тўғирлашга ва тавба қилишга бизда фурсат бор экан, ана шу фурсатни ғанимат билайлик. Акс ҳолда кеч бўлади. Зеро қабрда ҳам, Қиёматда Маҳшаргоҳда ҳам бизда тавба қилишга, хатоларни тўғирлашга имкон берилмайди. Шундан хулоса чиқарайлик.

среда, 23 марта 2016 г.

МАКТАБ ВА ТАЪЛИМ СИФАТИ. (Айбдор ким?)

"Айбни биринчи ўзидан қидирган инсон, энг адолатли инсон". Бу гапни яна кимлардир худди шундай, ёки бироз бошқачароқ қилиб қайерлардадир ёзган бўлишиям мумкин. Шу учун бу ҳикматдай бўлиб кетган гапга муаллифлик даъво қилмайман. Аммо, бу ҳикматни ушбу ёзмоқчи бўлган блогимга бироз алоқаси бор.

Эътибор берсангиз бизда, мустақилликдан кейин бир анъана қаттиқ кучайди. Яъни, ўзимиз бажаришимиз керак бўлган вазифаларни, ҳа вазифаларимизни бажаришга ҳатто уринмаймизу, аммо бошқалар бажариши керак бўлган ишни ўша бошқалардан талаб қилишга уста бўлиб кетдик. Биз бориб талабимизни қуяётган одамларни баъзиси "ўзингчи, ўзинг вазифаларингни бажараяпсанми, мендан талаб қиласан" деса, иккинчиси шу гапни айта олмай, худди биздан тили қисиқдай олдимизда бошини эгиб тураяпти холос. Аслида ўша олдимизда бошини эгиб турган инсонларни биздан қарзи ҳам йўқ , ёки олдимизда тилиям қисиқмас. Шунчаки жамиятдаги табақалашув туфайли биз осмонга кетдик. У эса оддий бир инсон бўлиб қолаверди.

Келинг энди асосий гапга ўтайлик. Асосий гапимиз эса мактаб ва таълим сифати, ёки ўқитувчиларнинг шаъни, қадр-қиммати ҳақида.

Мактаб ва таълим.

Ҳозир ота-оналарни қайси биридан сўрасангиз мактабда таълим сифати пастлашиб кетганини, ўқитувчилар ўз касбига маъсулият билан қарамаётганини, болаларни яхши ўқитмаётганини, буни натижасида боласи саводсиз бўлиб қолаётганини ёзғириб шикоят қилади. Аммо ҳамма айб мактабларда, ёки ўқитувчилардамикин? Ўша ёзғириб шикоят қилаётган, ёки кўча-кўйда гап очилганда доим мактаб ва ўқитувчиларни тинимсиз танқид қилаётган ота-оналарни айби йўқмикин? Улар оппоқмикин? Қўйида шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Юқоридаги саволларга жавоб беришда, албатта гап биринчи Собиқ Иттифоқ давридаги мактаблар ва уларда берилган таълим билан бошланади. Чунки ёши катталар билишади у пайтларда мактабларда шароит ҳозиргидай бўлмасада, таълим тизими зўр ишларди. Буни сабаблари кўп эди. Аммо энг асосий сабаби иккита, учта эди.

Биринчи сабаби у даврда уйда, ота-оналар томонидан болаларга тарбия бериш жудаям муҳим эди. Ўша даврда ҳар қандай ота-она биринчи навбатда ҳозирги ота-оналардай боласини эрка қилиб, уни оғзидан чиқадиган нарсасини муҳайё қилиш ҳақида эмас, балки  ўз фарзандини яхши тарбия олиши, яхши таълим олиши, одоб-ахлоқли бўлиши ҳақида кўпроқ қайғурар эди. Ва шу йўлда ҳаракат қилар эди. Агар болани уришиш керак бўлса қаттиқ уришар, эркалатиш керак бўлса меъёрида эркалатар эди. Мана шу ҳолатга яна бир бор эътибор беринг, уришиш керак бўлганда қаттиқ уришар, эркалатиш керак бўлганда меъёрида эркалатар эди. Эркалатиш меъёри уришиш меъёрида ҳеч қачон ошиб кетмасди. Ҳозир эса, тескариси. Ҳозирги бола тарбиялаётган ота-оналар уришишни тил учида қилаяптилар, эркалатишни эса ҳаддан ошириб юбораяптилар.
Демак, биринчи сабаби уйда, оилада болаларни тарбияси муҳим эди ва бу йўлда керак бўлса бироз қаттиққўллик ҳам қилинарди.

Иккинчи сабаби бу мактабларда тартиб қаттиқ эди. Эслайман ўша даврларда ўқитувчиларда ҳайбат бор эди. Мактаб ҳовлисида рўпарамиздан чиқиб қолган ўқитувчи ҳоҳ бизга дарс берсин, ҳоҳ бермасин, ёки ҳоҳ қаҳри қаттиқ , ҳоҳ кўнгли юмшоқ бўлсин биз барибир улардан ҳайбатланардик ва қўрқиб турардик. Буни сабаби гоҳида билиб-билмай тўполон қилганимизда, гапга кирмаганимизда, дарс тайёрламаганимизда, ёки дарсда орқа партада ўтириб тўполон қилганимизда ўқитувчиларни аксарияти ҳоҳ енгилроқ, ҳоҳ оғирроқ бўлсада бизни жазолар эди. Аммо, биз барибир ўқитувчимизни ёмон кўриб қолмасдик. Чунки уйда ота-онамиз тўполон қилганимизда уришиб, айтган ишларини бажарганимизда эса мақтаганларидек, мактабда ўқитувчиларимиз ҳам тўполон қилсак жазолашарди, аммо бироз ўтиб уй вазифасини аълога бажариб келганимизни кўриб, ёки дарсда яхши жавоб берганимиз учун бутун синф олдида мақташарди. Ва бу, бироз олдин тўполон қилганимизда уришганларнини ўрнини босиб кетарди ва биз мақтов эшитганимизда ўша бироз олдин жазоланганимизни унутиб юборардик.

Ўшанда жазолар турлича бўларди. Оғзаки уришишдан бошлаб, енгилидан оғирига қараб, бурчакда турғазиб қўйиш, бурчакда қўлида папкасини кўтартириб турғазиб қўйиш, ёки тепароқ синфдалигимизда бурчакда стул кўтартириб қўйиш, ундан ҳам юқори синфларда эса ҳатто хивчин билан бир иккита тушириш бўларди. Албатта бу жазолар кўпроқ ўғил болаларга қўлланиларди. Чунки қиз болалар тўполон қилишмасди ҳисоб. Ёки оғзаки уришганни ўзидаёқ йиғлаб юборишарди.
Кейин, яна бир нарса урфда эди-ки, жазоланган бола, ўзини ўқитувчиси жазолаганини зинҳор уйга бориб ота-онасига айтмас эди. Синфдаги болалар наздида бу ожизлик, сотқинлик деб ҳисобланарди. Мабодо қайсидир бола бориб ота-онасига айтса-ю, уни тарафини олиб ота-онасидан кимдир мактабга келса, кейин ўша болани синфдошлари калака қилиб юришарди.
Шу учун, онда-сонда бир шунақа ҳолат содир бўлмаса, бошқа пайт болалар уйга бориб ўзларини жазоланганларини айтмасдилар. Кейин аксарият ҳолларда ўз боласини ўқитувчиси томонидан жазоланганини эшитган ота-она ҳам мактабга югуриб келавермасди. Боласидан нега жазоланганини сўрарди ва воқеани тафсилотини эшитиб боласига "болам ўқитувчинг сени ёмон бўл деб жазоламаган, тўполон қилиб дарсга халақит қилганингдан кейин жазолайди-да" , деб насиҳат қилишарди. Ўз болаларини "дарсда бошқа тўполон қилма", деб уришишарди. Шу учун ҳам, ҳамма сабаблар йиғилиб, ўқитувчини жазолагани синфдан ташқарига чиқмасди.
Демак учинчи сабаб мана шу, ота-оналарнинг боласини тарафини олиб ҳадеб мактабга югуравермаслиги эди.

Ўшанда у кимни боласи бўлмасин бир хил жазоланар эди. Тўғри, айрим ҳолларда юқорироқ мансабда ишлайдиган одамни боласини айрим ўқитувчилар қаттиқ жазолашга ботина олмасдилар. Аммо аксарият ҳолларда "на принцип" ҳамма болалар тўполон қилса жазосини оларди.

Ана ундан кейин биз мустақил бўлдик. Дунё кўрдик. Орадан йиллар ўтиб пастак-пастак иморатларда жойлашган мактаблар батамом бузилиб, ҳамма жойда замонавий мактаблар қурилди. Шароитлар яхшиланди.
Аммо, энди ҳамма ўзгарди. Ўқитувчилар ҳам, ўқувчилар ҳам, ота-оналар ҳам, ҳамма-ҳаммаси ўзгарди.
Бу ўзгаришлар биринчи навбатда ота-оналарда содир бўлди. Ундан кейин ўқувчиларда ва охирида уларни таъсири остида ўқитувчиларда ва мактабдаги таълим сифатида ўзгаришлар бўлди.

Ота-оналарни ўзгарганларига келсак, ўзлари бир пайтлар мактабда ўқитувчиларни, уйда эса ота-онани қаттиққўллик билан олиб борган тарбияси остида улғайганларига қарамасдан, энди улар ўзлари ота-она бўлганларида,  ўз болаларига  ўзлари  ҳам  қаттиққўллик қилмаяптилар ва ўқитувчиларни  ҳам  қаттиққўллик  қилишига  қўймаяптилар. Буни натижасида ўқувчилар ҳам ўзгараяптилар ва кундан-кун эркин бўлиб, ҳеч кимни гапига кирмай, мактабда ҳам яхши ўқимай, саводи ва одоб-ахлоқи  ўртача бўлган миллат шаклланишига сабаб бўлаяптилар.
Ўқитувчиларни ўзгаришига келсак, улар энди бир пайтлардагидай болаларни жазолаш уёқда турсин, ҳатто уриша ҳам олмаяптилар. Чунки, бирон бир ўқувчиларини қаттиқроқ уришсалар у бориб дарров мактабга ота-онасини етаклаб келаяпти ва улар ўша болаларини уришган ўқитувчини ҳақорат қилиб, болаларини бошқа уришмайдиган қилиб кетмоқдалар. Буни натижасида болада ўқитувчисини назар писанд қилмаслик одати пайдо бўлаяпти.

Ота-оналарни ўзгарганларига бир мисол келтираман. Бир пайтлар ёш бола пайтимизда амакиларимиз, тоғаларимиз, агар айтган ишларини қилмасак, ёки гап қайтарсак, ёки тўполон қилсак бир огоҳлантиришар эди, икки огоҳлантиришар эди. Ўшандаям билганимиздан қолмасак ҳатто ота-онамизни олдида бўлса-да бизни уришишар эди, ёки улардан тарсаки еган вақтларимиз ҳам бўлган. Ёки хивчин билан уришган ҳам. Ўшанда ота-онамиз олдимизда бўлишса-да тарафимизни олишмас эди. Аксинча бизни қулоқсизлигимизни кўриб "гапингизга кирмаяптими, уринг" деб туришарди.
Энди-чи, энди ундай ҳолат умуман йўқ. Ота-оналар ўзлари болаларини қаттиқ эркалатишаётгани туфайли, энди бошқаларга, у амакиси бўладими, ёки ўқитувчиси бўладими асло уришишларига, ёки уришларига йўл қўйишмаяпти.
Масалан: Мен яқинда укамни 4-5 синфда ўқийдиган ўғлини, ота ҳовлимизда йиғилганимизда тўполон қилавергани учун бор йўғи "тўполон қилма" деб уришганим учун, укам менга қовоғини солди. Хотини эса аразлаб,  болаларини эргаштириб уйига жўнади. Мана ҳозирги аҳвол. Шу учун ҳам тв. каналларимизда ёшларнинг одоб-ахлоқи бузилиб кетаётгани ҳақида бонг уриб гапираётган бошловчи "бир болага еттита қўшни ота-она, шу учун қўшниларни ҳам кўчадаги тўполончи болани уришишга, унга танбеҳ беришга ҳаққи бор" деса, бу сийқаси чиққан гапни эшитиб энсаларим қотиб кетади. Чунки, биринчидан ўз амакисига боласини уришишига йўл қўймаётган ота-она, боласини кўчада тўполон қилганида қўшни уришсин, бориб ўша қўшнини "энасини Учқўрғондан кўрсатиб" келар. Иккинчидан эса ўша болага еттита қўшнини берадиган тарбияси, танбеҳи, уришиши шартмас, авваламбор ўзини ота-онаси етарли тарбияни берсин. Ана ўшанда еттита қўшнини тарбиясига, танбеҳига ҳожат ҳам қолмайди.

Энди мактабларда таълим сифатини пастлигини сабабларига қарасак, юқорида ёзганим учта омил бунга сабаб бўлаяпти.
1) Ота-оналарнинг уйда-оилада ўз болаларига тартибли тарбияни сусайтириб юборганлари.
2) Болаларини уришгани учун ўқитувчиларни олдига ҳадеб болаларини тарафини олиб бораверганлари.
3) Ота-оналар ҳадеб болаларини тарафини олиб жанжал қилиб келаверганлари туфайли, мактабда ўқитувчилар эркин ишлай олмай, ҳаммасига қўл силтаб, "вақт ўтсин"га ишлаб юрганлари туфайли.

Демак, ҳамма томондан таҳлил қилинса ҳам мактаблардаги таълим сифатини пастлаб кетишига биринчи навбатда ота-оналарнинг ўзлари айбдор. Чунки улар ўз оилаларида болаларини тарбиясини ўз ҳолига ташлаб қўйганлари етмагандай, болаларини орқасидан мактабларга жанжал қилиб бориб, ўқитувчиларни ишларига ҳам аралашиб, ҳаммасига ўзлари сабабчи бўлаяптилар.

Ўзингиз ўйланг, бир дарсда доим тўполон қилиб ўтирадиган болага ўқитувчи танбеҳ берди, уришди бўлмади. Охири енгилгина қилиб бир тарсаки туширди. Бола шу заҳотиёқ уйга жўнади. Бориб ота-онасига ўқитувчиси урганини айтди. Ота-она эса сабабини ҳам суриштириб ўтирмасдан боласини олиб мактабга жўнади. Келиб ўқитувчини бир синф болани олдида ҳақорат қилиб, ер билан битта қилди. Камига судга бериб қаматишини айтиб дағдаға ҳам қилди. Ундан кейин директорга учрашиб, ўша ўқитувчи боласини урганини ва ундай ўқитувчиларга мактабда жой бўлмаслигини айтиб, уни ишдан бўшатиш ҳақидаги талабини ҳам қўйди. Хўш, бунақа воқеадан кейин, бир синф тўла ўқувчиси олдида шармандаа бўлган, обрўси тўкилган ўқитувчи кейин қайердан ҳам сифатли таълим берсин? Қайердан ҳам ўз ўқувчиларини келажагини ўйлаб қайғурсин?
Айтишингиз мумкин, у ўқитувчини болага тарсаки туширишга ҳаққи йўқ эди деб. Тўғри, аммо болани ота-онасини ҳам, у билан алоҳида гаплашмай, бир синф тўла болаларни олдида обрўсини тўкиб, шарманда қилишга ҳаққи бор эдими?

Гап бир тарсаки ҳақида кетар экан, эслайман, мен ўзим синфда энг аълочи ҳолимда, ўн бир йил синфком бўлиб, эҳҳе ўқитувчиларимиздан неча марта тарсаки, неча марталаб хивчинларда калтак еганмиз. Аммо бирон марта ота-онамизга бу ҳақда бориб айтмаганмиз. Чунки биз айбимизни яхши билардик. Ўша калтак ейишларимизни айримлари ота-онамизни қулоғига синфдошларимиз орқали етарди. Ўшанда улар бу ҳолни сабабини сўрашарди ва тўполон қилганимизни, ўқитувчимизни дарс беришига халақит берганимизни билиб ўзимизни уришишарди. Чунки улар ота-она сифатида характеримизни ҳам, тўполончи эканимизни ҳам, ўқитувчиларни оғир, заҳматли ишларини қийинлигиниям билишарди. Шу учун ҳам ҳеч кимни ота-онаси боласини тарафини олиб мактабга бормасди.
Шу учун ҳалигача мен ўша менга тарсаки туширган ўқитувчиларимни ҳурмат билан эслайман. Уларни ўша тарсакилари учун миннатдор бўламан.

Бу ўқитувчи-ку энди ишдан совиди, ота-оналарни раҳмати шунақа бўладиган бўлса, бошқа ўз ўқувчилари учун жон куйдирмагани бўлсин, аммо бу ҳолатни кўриб турган бошқа ўқитувчиларда ҳам, кейин шу болаларни яхшироқ илм олиши учун жон куйдириш рағбати қайердан бўлсин? Минг жон кўйдириб илм берганлари билан биров раҳмат айтмаса, аксинча келиб мана шунақа ҳақорат қилиб кетишса, хўш унда кимга керак бунақа фидокорликни? Демак бундан буёғига "вақт ўтди" қабилида ишлайверишади. Мабодо ўқувчиларни ўзлаштириши суст бўлса, ўйинқароқлик қилиб дарсларни тайёрламаса, дарс пайтида тўполон қилиб, дарсга қулоқ солмаса ҳам энди уришиб ўтиришмайди. Энди уларни ўзлаштириши билан ишлари бўлмайди.
Ҳа, мана шу тахлитда ота-оналар уйда болаларини тарбиясини сусайтириб юборганлари етмагандай, мактаб ишига ҳам аралашиб таълим сифатини сусайишига сабаб бўлдилар.

Мен бу ерда бир тарсакини оқасидан мактабга югуриб келган ота-она ҳақида ёздим. Аслида эса ҳозир ота-оналарнинг аксарияти ҳатто, ўқитувчи болаларини уришганини, танбеҳ берганини эшитиб ҳам болаларини тарафини олиб мактабга югуриб келаяптилар. Бечора ўқитувчилар охирги пайтларда тўполончи ўқувчиларга ҳатто чора кўришга қўрқиб ҳам қолдилар. Ҳа аҳвол шу даражага етди.

Шу ерда ғалати бир ҳолат юзага келаяпти. Ота-оналар бир тарафдан мактабда таълим сифати йўқ деб нолимоқдалар, иккинчи тарафдан эса мактаб ишларига аралашиб ўша таълим сифатини пастлашига ўзлари сабаб бўлаяптилар. Яъни ҳаммасига ўзлари айбдор ҳолда, яна бошқаларни айбдор қилиб, айбдор қидираяптилар.

Яна бир гап. Ҳозир ота-оналар мактабни ишига аралашмасалар ҳам таълим сифати кучайиб қолмайди. Сабаби, ота-она уйда болаларига тарбияни тартибли равишда кучайтирмас экан ва оилада тарбия суст бўлиб қолаверар экан, болалар мактабда ўқитувчиларини гапини барибир олмайдилар. Демак, таълим сифатини яхшилаш учун авваламбор оилада болалар тарбиясига ота-оналар томонидан  эътибор кучли бўлиши керак . Ана ундан кейин мактабларда тартибни кучайтирса бўлади. Акс ҳолда бу йўлдаги қандайдир ҳаракатлар бесамар бўлиб қолаверади. Демак, яна гап айланиб келиб, уйда, оилада ота-онани ўз боласига бераётган тарбиясига бориб тақалаверади.

Ушбу ёзувларни ҳар ким бошқалардан вазифасини бажаришни талаб қилгунча, ўзига тегишли вазифани бажарса яхши бўлиши ҳақидаги гап билан бошлагандим.
Яна шу гап билан якунлайман. Ҳа, ота-оналар ўқитувчини вазифасини бажараяптими, ёки йўқми муҳокама қилгунча олдин ўзларини вазифаларини англаб етсалар ва ўша англаб етган вазифаларини бажарсалар яхши бўларди. Бу учун Фарҳоддай тоғни тешиш шарт эмас. Бор йўғи, оилада болалар тарбиясига кўпроқ вақт ажратиш, кўпроқ эътибор бериш, ўзлари ҳам болаларига ўрнак бўлиш, кейин мактабга тез-тез бориб болаларини дарсларида қатнашиб туриш ва ҳоказо ишларни бажаришлари керак холос.
Чунки, бола оилада яхши тарбия олмас экан, ундан мактабда ҳам, кўча-кўйда ҳам яхши натижа кутиш бу ахмоқликдир. Агар оилада тарбияга кўпроқ эътибор берилса ва тарбия яхши бўлса, у болани мактабдаги ўзини тутиши, ёки ўзлаштириши ҳам, ёки кўча-кўйда юриш-туриши ҳам, ҳаммаси жойида бўлади.
Шу учун ота-оналар, авваламбор ўзларини вазифаларни биринчи қойиллатиб бажаришлари, ундан кейин эса бошқалардан талаб қилишлари лозим.

Эслатма: Мени ўзим ўқитувчи эмасман. Ёки яқин қариндошларимдан ҳам ўқитувчилар йўқ. Мен фақат бу касбни шарафли касб деб биламан. Кейин оиламизда 2-3та боламизни тарбиясини эплай олмай юрган шу даврларимизда улар йил, ўн икки ой ҳар куни юзлаб болалар билан муносабат олиб боришлари қанчалик қийин ва заҳматли эканини биламан. Шу учун ҳам уларни ишларини ниҳоятда оғирлигини биламан.
Инша Аллоҳ келгусида уларни турли ҳашарларга, "пахта компаниясига" олиб чиқилишларини танқид қилиб ҳам нималардир ёзиш ниятим бор.