воскресенье, 20 марта 2016 г.

МУХЛИСЛАРГА ФУТБОЛНИ ҚАЙТАРИНГ! БИЗГА ФУТБОЛИМИЗНИ ҚАЙТАРИНГ!

Футболимиздаги аҳвол ҳақида кўп гапирилаяпти, кўп ёзилаяпти, асосли танқидлар қилинаяпти. Аммо ана шу асосли танқидлар ҳам, ёки футболга ихтисослашган ОАВларида берилаётган танқидий мақолалар ҳам, ёки интернетдаги ижтимоий тармоқларда қилинаётган муҳокамалар ҳам ҳозирча футболимизга алоқадор бўлган кишиларни биронтасига таъсир қилмаяпти. Ва амалда футболимиз ичидаги ва атрофидаги ҳеч бир ишда олға силжиш кузатилмаяпти. Аксинча, мухлислар масаласида ҳам, маркетинг масаласида ҳам, ёки ўйинларни ҳалол ўтказиш бўйича ҳам ишлар фақат ва фақат орқага кетаяпти.
Демак мутасаддилар гап-сўз ва танқидларни эшита олмаяптиларми, унда қўйида футболчиларимизга илтимос билан, ҳа илтимос билан мурожат қилмоқчиман.

Ҳурматли футболчилар, футболимиз ичидаги аҳвол оддий мухлисдан, ёки журналистдан кўра сизларга кўпроқ маълум. Ким нима қилаяпти, ёки ким, ким билан "келишаяпти" ҳаммаси сизларга маълум. Аммо, бу ҳолат қачонгача давом этади? Қачонгача шундай футбол ичидаги ва футбол атрофидаги "ғирром ўйинлар" давом этаверади?

Келинг, ҳар бирингиз биринчи марта футбол мактабига борганингизни эсланг. Қай бирингизни отангиз, қай бирингизни акангиз, яна қай бирингизни онангиз футбол мактабига олиб боришган. Ўшанда улар сизларни "болам, ёки укам ўртамиёна ўйинчи бўлиб юрса бўлди" деб ният қилиб футбол мактабига олиб боришмаган. Балки "Худо ҳоҳласа келажакда дунё танийдиган ўйинчи бўлиб етишсин ва ўз меҳнати ва иқтидори туфайли юртимиз номини дунёга танитсин, байроғимизни баландроқ кўтарсин" деб ният қилиб сизларни футболчи бўлишларингни, футболчи бўлганда ҳам майдонда охирги жони қолгунча курашувчи, виждонан ва ўз жамоаси учун борини бериб ўйновчи ўйинчи бўлиб етишишларингни ҳоҳлаб ҳам футбол мактабига олиб боришган. Энди виждонан айтингларчи, ота-онангизни ўша ишончларини оқлай олдингизми? Ёки орзу ниятларини амалга ошира олдингизми?

Эсланглар, ўшанда ўзларинг ҳам, юртимиздан, Осиёдан ва дунёдан етишиб чиққан энг зўр ўйинчиларга ҳавас қилгансизлар ва келажакда ўшалардай ўйинчи  бўлишни орзу қилиб шу касбни танлагансизлар. Буни ОАВларига берган интервьюларингда бот-бот такрорлайсизлар.  Хўш, ўша орзуингизни амалга ошириш учун нималар қилдингиз? Ўша энг зўр ўйинчилардай бўлиш ҳавасингиз нима бўлди? Наҳотки ҳаммаси орзу ва ҳаваслигича қолиб кетган бўлса ва ўртамиёна ҳолингизда ўйнаб, вақти соати келганда фаолиятингизни тугатиб кетаверсангиз?

Ҳаётда яна бир муҳим жиҳати шу-ки, инсон қайси касбни танлашидан қаттий назар бу яшаётган умримиз бизга бир марта берилади. Биздан лозим бўладигани, мана шу бир марталик умримизда қайси касбни танласак ҳам, ҳалол ризқ талабида бўлиш ва ҳаром ишларга аралашмаслик ва ҳаром луқма емаслик. Хўш, энди ўтириб бир ўйлаб кўрайликчи бизга маъошлар қайердан, қандай йўл билан тўланаяпти? Футболчи сифатида ейдиган нонимиз қайердан келаяпти? Ёки футболчиликдан олаётган пулларимизни ҳалоллаб ейяпмизми?

Ҳаммамизга маълумки мамлакатимиздаги футбол жамоаларининг ҳаммасини давлатга тегишли компаниялар ва ҳокимиятларнинг тавсияси билан ҳар хил хусусий корхона ва компаниялар молиялаштиради.  Қисқагина айтганда футболимиз, ҳар тарафлама айлантириб кўрсангиз ҳам оддий халқни пешана териси эвазига, ёки шу оддий халқни мулки ҳисобига молиялаштирилади. Давлат корхоналари шу заминда яшаётган халқнинг мулкидир. Чунки, давлат бу халқнинг ўзидир. Кейингиси, ҳокимиятларнинг тавсияси билан футболга маблағ ажратаётган хусусий корхоналар ҳам бевосита шу халқнинг мулкидир. Шундай экан ўйнаётган жамоаларингни раҳбарияти сизларга бераётган маъошларни ўз чўнтакларидан тўлашмаяпти, балки юқорида айтганимдай оддий халқни ҳисобидан маъош тўлашаяпти. Шундай экан сизлар мана шу, сизларни маблағ билан таъминлаётган халқни ҳурмати учун ҳам майдонга тушганда ҳалол кураш олиб боришларинг керак. Аммо сизлар аксарият ҳолларда нима қилаяпсизлар? Сизлар аксарият ҳолларда футболимиз ичига кириб олган ғаразли кимсаларнинг ноғорасига ўйнаб, уларнинг талаби билан баъзида ўйинни "ўйнамай", ғалаба учун курашмай, шундоққина бериб юбораяпсизлар. Аммо эсларингдан чиқмасинки мана шу сизларга маблағ ажратаётган халқ ҳаммасини кўриб билиб,турибди ва  сизларни халқни ҳаққини мана шундай "келишувчанлик" йўли билан еб юришларингга асло рози эмас. Ҳа рози эмас. Демак, сизлар ўша маблағларни ҳалоллаб ейиш учун биринчи навбатда ўйинларингни, ҳатти-ҳаракатларингни ҳалоллашларинг керак. Акс ҳолда кўпни ҳаққини еб қолган бўласизлар.  Шундай экан, раҳбариятдан ҳар гал маъош олар экансиз, ўша маблағни кимларни пешана териси эвазига келаётгани ҳақида ҳам бир тафаккур қилиб ўйлаб кўринг. Чунки сиз олаётган маъошларда миллионлаб инсонларнинг пешана териси ва заҳматли меҳнатининг ҳиссаси бор.

Футболимиздаги яна бир муҳим масала бу мухлислар масаласи. Охирги йилларда футболимизга қизиқиш кундан-кун юқолиб бораётганини, стадионларга кундан-кун мухлислар камроқ тушаётганини кўпинча бўм-бўш стадионларда ўйнаб ўзларинг ҳам сезиб, кўриб, билиб турибсизлар. Буни сабаби биздан ҳам кўра кўпроқ ўзларингга маълум. Ҳоҳласанглар яна бир бор эслатаман. Келишилган ўйинларни борлиги, ўйин пайтида ўйинчиларда шиддатни, жон жаҳди билан ўйнашни, майдонда курашувчанликни йўқлигини мухлислар ҳам кўриб билиб турибдилар. Бундай ҳолатда стадионга ким ҳам футбол томоша қилиш учун тушсин?
Футбол ким учун ўйналади? Албатта мухлислар учун. Шундай экан, ўйинларингга қарангларчи сизлар мухлислар учун ўйнаяпсизларми? Наҳотки мухлислар учун шундай футбол учун ўйналса?

Кўпчиликдан "футболимиз менга қизиқ эмас, мен Еврофутболни томоша қилишни ёқтираман"- деган гап-сўзларни тез-тез эшитиб қоламиз. Аммо сизлар, футболчилар майдонга тушганда шиддат билан виждонан ўйнасанглар, ишонинг шу миллий чемпионатимиз ўйинлари ҳам дунёнинг энг кучли ва қизиқарли лигаси бўлмиш Англия Преьмер Лигаси(АПЛ)нинг ўйинларидан ҳам қизиқарли бўлади.

Шу ерда ўйинни қизиқарлилиги нима билан боғлиқ эканлиги билан боғлиқ бир воқеани эслатиб кетишни ҳоҳладим. 2015 йилнинг ёзида Тошкент шаҳрининг Шайҳонтоҳур туманидаги маҳаллалардан биридаги сунъий чимли катта бир стадионда шаҳар маҳаллалари ўртасидаги норасмий шаҳар биринчилиги бўлиб ўтди. Ўшанда ўша биринчиликни бир нечта ўйинларини бориб кўрдим. Очиғи таъсуротларим жудаям зўр бўлди. Чунки майдонда профессионал ўйинчилар биттаям йўқ эди. Ҳаммаси маҳалласида футбол ўйнаб юрган турли касбдаги йигитлар эди. Аммо майдонда улар ўз маҳалласини шаъни учун шунақанги жон жаҳдлари билан ўйнашдики ҳамма қойил қолди ва мазза қилиб футбол томоша қилдик. Очиғи бундай шиддатни сизларни жамоаларинг миллий чемпионатимиздаги ўйинлар уёқда турсин ОЧЛда иштирок этганда ҳам сизлар кўрсата олмайсизлар. Чунки, хафа бўлманглару сизларда юқорида айтганимдай майдонга тушганларингда курашувчанлик ва шиддат умуман йўқ.

Ҳаммамизга маълумки Англия Прьемер Лигаси (АПЛ) дунёдаги энг томошабоп лига саналади. Буни сабаби инглиз жамоаларида ва уларда тўп сураётган ўйинчиларда курашувчанлик жудаям юқори кўрсаткичдадир. Шу учун ҳам уларда ҳар бир турда бир қизиқарли ҳолат содир бўлиб туради. Бир қарасангиз турнир жадвалида энг охирги ўринда кетаётган жамоа биринчи ўринда кетаётган жамоани ютиб,қўяди. Ёки ўйинлардаги шиддат ва жанговор руҳ кучлилиги сабабли 0:3 ҳисобида ютқазаётган жамоа ирода кўрсатиб ўйинни охирроқларида 4-5талаб гол уриб ўйинни ўз фойдасига ҳал қилган ҳолатлар ҳам кўп учрайди. Чунки уларда биздагидай келишилган ўйинлар йўқ. Ва улар футболни мухлислар учун жонларини бергудай бўлиб, шиддат билан ўйнашади. Биздагидай "мавсум охирига бориб қўйи лигага тушиб кетмасак бўлди" деган қабилида зўрма-зўраки футбол ўйнашмайди.

Шундай экан, биз футбол ихлосмандлари сизларни келишилган ўйинлардан, ҳаром пуллардан ниҳоятда ҳазар қилишларингни ва майдонга ўйинга тушганда жон-жаҳдларинг билан ўйнашларингни, шиддат кўрсатишларингни жудаям ҳоҳлаймиз ва буни сизлардан илтимос қиламиз. Агар мабодо аллақандай виждони йўқ одам сизларга "ўйинни рақибга топшириш" ҳақида гапирса, ёки таклиф қилса, сиз ҳеч иккиланмай уни фош қилиб ташлайверинг. Мабодо бу учун улар сизни жамоаларидан ҳайдашса, сиз барибир оч қолмайсиз. Балки Яратган ризқингизни бошқа жойдан бераверади.
Шундай экан ҳурматли футболчилар, сиз бизга биз ҳоҳлаган ва ҳоҳлаётган футболимизни қайтариб беринг. Биз,майдонда келишилган ўйинларни эмас, балки шиддатга йўғрилган ҳақиқий жанговор курашни ҳоҳлаймиз. Биз мухлислар сизларни шу пайтгача кўрсатган ва ҳозир кўрсатаётган ўйинларингдан тўйиб бўлганмиз. Бизга ҳалол футболни, ҳа ҳалол футболимизни қайтариб беринг.
Акс ҳолда футболимиз ҳам, ундаги аҳвол ҳам кун-дан кун янада баттарлашиб бораверади.

Ҳурматли футболчилар, бу ёзганларим ва илтимосим сизларгача етиб бормас. Аммо нима бўлганда ҳам ақлингизни ишлатиб, ҳаммасини яхшилаб ўйлаб кўриб, тошу тарозига солиб кўрсангиз, аҳвол яхши томонга ўзгаришига ва мухлисларга яна футболни қайтаришингизга ишонаман. Чунки сизларни ҳалолликни қаттиқ ушлашларинг, "келишишлар"ни батамом йиғиштиришларинг ва майдонда борларингни бериб шиддат билан ўйнашларинг эртага халқаро майдонларда ҳам, клубларимиз билан ҳам, миллий терма жамоаларимиз билан ҳам яхшироқ натижа кўрсатишларингга сабаб бўлади. Ва ҳалолликларинг, ўйинларда шиддат билан борларингни бериб ўйнашларинг футболимиз учун, келажак авлодни сизларни йўлларингдан бориши ва давлатимизни халқаро майдондаги обрўси учун жудаям муҳимдир. 
Шундай экан, бизга футболимизни қайтаринг. Ҳалол футболимизни, шиддатли кураш кетадиган футболимизни қайтаринг. Мазза қилиб томоша қиладиган футболимизни қайтаринг. Бу сизларни қўлингиздан келади. Биз сизларни ўзгаришингизга ишонамиз!

четверг, 3 марта 2016 г.

ФУТБОЛ ВА.... БОЗОР.

Футбол.... Футбол ҳақида гап кетганда дарров, ҳаммани хаёли Европа томонларга кетиб қолади. Ўзимизни футболимиз эса..қизиқ эмас, вассалом. Ҳозир мен сизларни, футболимизда курашувчанлик қолмагани, ёки аллақандай келишилган ўйинлар билан бошингизни қотирмоқчи эмасман. Балки, умуман бошқа мавзу бўлган футбол ва маркетинг ҳақида бироз фикр билдирмоқчиман.

Очиғи, бу ҳақда кўп ва хўп ёзилган. Жамоаларнинг раҳбарларига, ёки мураббийларига, бу ҳақда кўплаб саволлар берилган. Жавоблар ҳам, турли хил бўлган ва улар вазиятдан ҳар хил ваъдалар, ёки умумий гап билан чиқиб кетаверганлар.
Футболимизни қандай ривожлантириш ҳақида ўйлаб, гоҳида жамоаларимиз минтақавий ҳокимликлар томонидан жудаям эркалатиб юборилган деб ўйлаб қоламан. Ўзи, ўйинини тайини бўлмаган, ҳеч бир мақсадни кўзламай ўйнаётган жамоаларга турли вилоятларда, ҳокимликлар томонидан, ёки уларни кўрсатмаси билан давлат корхоналари нега бунча маблағларни сарфлашади? Қачон клубларимиз, ҳаммасини бўлмаса-да, бир қисм маблағларини, ўзлари ишлаб топишга ҳаракат қилишади?
Умуман олганда, жамоаларимиз боқимандаликдан қачон қутилишади?

Назаримда футболимизни унчалик ривожланмаётганига, ёки халқаро мусобақаларда муваффақият қозона олмасликларига, ёки биздан Европада ҳам бемалол ўйнаб кета оладиган ўйинчиларни етишиб чиқа олмаётганига шу омил ҳам сабаб бўлаяпти. Чунки, ўйнаса-ўйнамаса, натижа кўрсатса-кўрсатмаса маъоши тайин бўлгандан кейин, нега ўйнасин?
Билишимча, жамоаларимизни ҳар бирида маркетинг бўлими бор. Аммо, улар нима вазифаларни бажараяптилару, яна қайсиларини бажаришга чора топа олмаяптилар, ким билади?

Умуман, бу ҳақда қачон мухлисларга ҳисобот берилади? Ёки, бу шунчалик ҳам сирми?
Қачонгача клубларимиз маҳаллий ҳокимларга ёрдам сўраб югуришади. Қачонгача ҳокимиятлар ўз юмушлари ошиб-тошиб ётганда футбол жамоаларини ҳам "бошоғриғи" билан ҳам шуғулланадилар?
Эсимда, бир пайтлар бу ҳақда, жамоаларимизни раҳбарларига шу саволлар берилганда, "ҳозир имкониятимиз камроқ, Худо ҳоҳласа кейинги йиллардан амалий ишларни бошлаб юборамиз" деб, умумий жавоб бериб қочишарди. Ўшанда, ҳали энди мустақил бўлган давлатимиз иқтисодий томондан энди оёққа тураётган даврлари эди. Шу учун ҳам, клуб раҳбарларини умумий гапларида берган ваъдаларини кейинги мавсумларда ҳеч ким ўйламасди. Ёки ўша раҳбарларга эслатмасди ҳам. Энди-чи, энди мана мустақиллигимизга 25 йил бўлаяпти. Иқтисодий ривожланишимиз анча барқарорлашди. Буни натижасида юртимизда ўз сўзига ва ўз ўрнига эга бўлган қанчалаб компаниялар оёққа турди. Хўш, мана шундай ҳолатда, майли, жамоаларимизни  бирданига хусусийлаштирмасак ҳам, ҳеч бўлмаганда жамоаларимиз маркетинг билан жиддийроқ шуғуллансинлар. Ахир қачонгача, ҳокимиятлар томонидан, ёки ҳокимиятлар талаби билан турли давлат корхоналари томонидан молиялаштириладиган  жамоаларимиз, мавсумни иккинчи ярмида маблағ топа олмай, етим қўзидай бўлиб юришади? Қачонгача?

Турли чет элларда бўлганлар билишади, ёки ўзимиз ҳам фильмларда кўрганмиз, чет элларда турли фирма компанияларнинг маркетинг бўлимларини оддий ходимлари  тинимсиз равишда ўзларига реклама берадиган ҳамкор қидириб, кўчама-кўча, компанияма-компания эринмай юришади.  Хўш, нега бизнинг боқиманда жамоаларимизнинг, маркетинг бўлимларининг "боқиманда" ходимлари ўз жамоаларининг маблағ ишлаб топиши учун ана ўшалардай ҳаракат қилишмайди, елиб-югуришмайди? Чунки 25 йилдан бери давлатимиз  уларни боқаевериб, текин "нонни" беравериб, уларни боқимандаликка ёмон ўргатиб қўйган. Мана, неча йиллардан бери кўраяпмиз, мабодо бирон бир вилоятнинг бир жамоасига ўша вилоят ҳокимиятидан эътибор камроқ берилсин, албатта ўша вилоят жамоаси маблағ топа олмай, бунинг оқибатида қўйи лигага тушиб кетади. Аммо, асло ўша жамоанинг раҳбарияти, ёки маркетинг бўлимининг ходимлари, "қани, ўзимиз ҳам бир ҳаракат қилиб кўрайликчи, балки бироз маблағни ўзимиз ҳам ишлаб топармиз" дейишмайди ва бу йўлда ҳаракат ҳам қилишмайди. Бизда, ҳалигача жамоаларимизга қайси компаниялар ҳомийлик қилиши жамоаларнинг офисларида, ёки маркетинг бўлимларида эмас, балки вилоятлар ҳокимлик идораларида ҳал бўлмоқда.

Юқорида ҳам айтдим, энди биз иқтисодда анча ютуқларга эришдик, анчагина корхоналар ва компаниялар оёққа туриб олишди. Шундай экан, энди уларга доимий реклама керак. Шу ерда, "корхоналаримиз ва компанияларимиз оёққа туриб олган бўлса, уларга реклама нима керак" деб ўйлаётгандирсиз. Дунёга оти кетган компанияларга қаранг, бир тарафдан қараганда уларни маҳсулотига реклама керак эмас, аммо улар замон билан ҳамнафас бўлиш учун, рақобатчиларидан орқада қолмаслик учун, доимий равишда миллиардлаб долларларни реклама учун сарфлашади. Бизда ҳам шундай. Кўплаб корхона ва компанияларимиз доимий равишда телеканалларда ва ОАВларида ва интернет сайтларда ўзларини реклама қилдирмоқдалар. Шундай экан, бизнинг футбол жамоаларимизнинг маркетинг бўлимларини ходимлари ҳам, қишда иссиқ, ёзда салқин хоналарда ўтирмасдан, ҳар бир компания ва корхоналарга бориб ўз хизматларини таклиф этишлари керак. Энг муҳими, қайсидир бир компания уларни хизматига эҳтиёж сезмас, аммо уриб сўкмайди-ю. Жа борса, мулойимлик билан эшикни кўрсатиб қўяр.

Энди, футбол жамоаларимизни реклама бериш имкониятларига қараймиз.
1). Жамоанинг формасидаги бўш жойлар. Бу учун авваламбор, жамоалар ҳар йили ҳар хил либосларда майдонга тушмай, ўзлари учун "ташриф қоғози" даражасига чиқа оладиган доимий бир хил рангли формаларга эга бўлишлари керак.
Қани айтингчи, сиз қайси жамоамизнинг формасини рангларини айтиб бера оласиз?
Ҳеч ким айтиб бера олмайди. Биргина "Пахтакор"ни йўл-йўл оқ-сариқ формасини айтмаса, қолган жамоаларимизнинг аксариятида умумий ранглар бўлмиш оқ, ёки кўк формадан фойдаланишади.
Демак, бу масалада олдин, жамоаларимиз дизайнерлар билан ишлаб, ўзлари учун сафардаги ўйинлар учун алоҳида, ўз майдонидаги ўйинлар учун алоҳида, машғулот учун алоҳида формалар тайёрлатиши керак, ва бу формалар чиройли кўринишда ва доимий бўлиши керак. Ана шундан кейин, жамоаларнинг уй формаларига алоҳида компаниянинг, сафар формаларига алоҳида компаниянинг, машғулот формаларига алоҳида компаниянинг логотиплари жойлаштирилади.
2). Стадионнни ичида, майдон четидаги баннерларга,(Агар баннерлар электрон баннерлар бўлса, янада яхши бўлади. Чунки бунда кўпроқ компанияларни реклама қилса бўлади.) яна, майдондаги катта экрандан ҳар хил рекламалар бериш мумкин. Яна стадион атрофидаги, стадионга қарашли ҳудудларда электрон табло ўрнатиб, ўйин пайтларидан бошқа пайтларда ҳам ҳар хил компания ва корхоналарни реклама қилиш мумкин.
3). Жамоаларнинг автобусларида ҳам, турли корхона ва компанияларнинг логотипларини жойлаштириш.
4). Жамоа ўзининг турли хил форма ва атрибуткаларини сотиш орқали маблағ ишлаб топиши.
Жамоа чиройли бир формага эга бўлгандан кейин, албатта формалар ва жамоа атрибуткалари билан савдо қилишни ҳам йўлга қўйиш керак.
Бунда, агар жамоани савдога чиқармоқчи бўлган форма ва атрибуткаларини ўзи ишлаб чиқариш имконига эга бўлмаса, юртимизда очилган корхоналарга буюртма бериб тайёрлатиб, ана ундан кейин, у маҳсулотларни савдога чиқарса ҳам бўлади.

Шу ерда яна бир муҳим масала юзага келаяпти. Яъни жамоанинг маркетинг бўлимини ходими, бир корхонанинг, ёки компаниянинг олдига ўз хизматини таклиф қилиб борганида, агар ўша компания билан жамоа формасига компания номини логотип қилиб ёзиш ҳақида шартнома тузса, уларни компаниясининг номи ёзилган футболкани нафақат майдонда тўп сўраётган жамоа аъзолари, балки бозорларга чиқарилаётган ҳар бир футболкаларга ёзилишини ва бу орқали жамоа, ўша компанияни ҳар тарафлама реклама қилиб бера олиши мумкинлиги ҳам таъкидланади. Ва бундай келишувлардан икки тараф ҳам манфатдор бўлади.
Жамоа ўз формаларини уч хил қилиб, (уй, сафар ва машғулот формаси) тайёрлатса, мана шу учта формага уч кил компанияни номини логотип қилиб ёздирса ҳам бўлади. Мабодо қайсидир компания ҳар учала формага ҳам ўз логотипини жойлаштиришни ҳоҳласа, уни бу ҳоҳиши ҳам инобатга олинади. Ва бозорга ҳам футболкалар уч хил кўринишда чиқарилади.

Энди, энг асосий масала, реклама берувчиларни қандай қилиб топиш, ёки қандай қилиб жалб қилиш йўллари ҳақида.
Бунда ҳар бир жамоа, ишни ўзи жойлашган шаҳардан бошлайди. Бу учун, ўша шаҳардаги, ёки ўша вилоятдаги энг йирик, компания ва корхоналарнинг камида юзтачаси рўйхат қилинади. Ва уларнинг манзили олиниб, (уларни манзилини топиш муаммо эмас) кейин, ўша манзилларни ҳар бирига кириб, ўша корхона ва компанияларни раҳбарияти, ёки маркетинг бўлимидагилар билан учрашиб, уларга ўз хизматларини таклиф этишади. Бунда нархлар, бошланғич босқичда арзон нархларда, албатта уларни қониқтирадиган суммаларда айтилади. (Чунки, бирданига катта суммалар айтилса, улар ўйлаб ҳам ўтирмасдан рад этишлари мумкин.) Кейин, юқорида келтирганим, рекламани турли жойларда бериш рўйхат билан нархланади (яъни логотипни уй либосига жойлаштириш бошқа нархда, сафар либосига жойлаштириш бошқа нархда ва машғулот либосига жойлаштириш бошқа нархда)  ва каталог тарзида расмли қилиб тайёрланиб (масалан, у каталогда, формаларда мисол тариқасида бир ёзув ёзилган бўлади ва борган компания, ёки корхона раҳбариятига, ёки маркетинг бўлимидагиларга "мана, логотипларинг формаларимизда мана шу кўринишда бўлади, ёки экранларимизда мана бундай тарзда кўрсатилади" деб, уларга кўрсатилади) ўша намуна кўрсатилади. Кейин улар, реклама беришни ҳоҳлашса, рўйхатдан ўзларини ҳоҳишларига қараб  танлайверадилар. Мабодо, реклама беришни ҳоҳламайдиганлари эса юқорида айтганимдай, уриб-сўкмайди-ку, балки хушмуомалалик билан эшикни кўрсатади. Энг муҳими, бошланғичда рўйхатдаги юзтача корхона ва компаниялардан ўнтаси реклама беришни ҳоҳласа, мана шуни ўзи ҳам катта гап. Албатта, бу иш осон бўлмайди. Лекин, мана шундай йўл билан ишлаш тизимига ўтилса, келажакда албатта натижа бўлади. Чунки биринчи мавсумда реклама берувчилар оз бўлиши, ёки уларга арзонроқ нархда хизмат кўрсатилиши мумкин. Аммо иш тўғри олиб борилса, кейинги йиллардан реклама берувчилар ҳам, қизиқиш туфайли кўпайиши ва
нархлар ҳам, энди бироз кўтарилиши ва буни натижасида жамоалар кўпроқ фойда олиши мумкин. 
Энг аҳамиятлиси, бу ишлар, икки тарафни ўзаро розилиги ва ўртада шартнома имзоланиб, ҳар икки тараф ўз ҳисоботларида буни кўрсатиб, ихтиёрий равишда бўлиши керак. Асло, ҳокимиятларнинг аралашуви, ёки қандайдир босими билан эмас.
Агар жамоаларимизда иш, шу тахлитда олиб борилса, икки-уч йилда, энди корхона ва компанияларнинг ўзлари, ўзларини реклама қилдириш учун, жамоаларни эшигини таққиллатиб кела бошлайдилар.
Албатта, бу ўринда ишлар, жамоаларнинг маркетинг бўлимларини ходимларини, ўз ишига усталиги ва ўзаро мулоқотда тадбиркорлик руҳияти билан иш олиб бора олиши ҳам муҳим.

Тасаввур қилаяпман, юқоридаги фикрларни ўқиб, кўпчиликни юзида "Бу нарсалар жамоаларимизда қисман бўлса-да бор-ку" деб, изтеҳзоли кулгу пайдо бўлаяпти. Тўғри бор, аммо ҳаммаси хўжамкўрсин учун бор. Юқоридаги фикрларда тавсия қилинаётган ишлар, клубларимизда маълум фоизларда бор: стадиондаги баннерларда реклама берилаяпти, ҳомийлар билан шартнома тузилаяпти, футболка... чиқарилаяпти(ми?) Аммо, у ҳеч кимни қониқтираётгани йўқ. Энг муҳими, жаиоаларимиздаги маркетинг ривожланаётгани йўқ ва улар ҳатто, бир мавсум давомида сарфлаётган маблағларини 10% ни ҳам ўзлари, маркетинг орқали топаётганлари йўқ. Шундай экан, бу мавзу ўз долзарблигини юқотмайди.
Умуман олганда, кечагина хориждан бировни маҳсулотини олиб келиб сотиб юрган ишбилармонлар, бугунги кунда ўзлари завод ва фабрикалар қуриб, ўз маҳсулотларини хорижга чиқараяптилар. Хўш, футбол жамоаларимизда имконият ва шароит ўша қийналиб оёққа турган ишбилармонлардан минг карра яхши-ку! Демак, ҳамма гап жамоаларнинг раҳбариятида ва уларни боқиманда қилиб олиб ўтирган маҳаллий ҳокимиятларда ва УФФда экан. Шундай экан, улар бу масалани яхшлилаб бир ўйлаб кўрсалар бўларди. Акс ҳолда, бизнинг футболимиз шу йўсинда кетаверса, 2030 йилда ҳам халқаро майдонда бирон бир муваффақиятга эриша олмайди. Чунки, бизнинг рақобатчиларимиз доимий изланишда ва фаол ривожланишда кетаяптилар. Биз эса, 25 йилдан буён боқимандамиз!
Албатта бу фикрлар мутахассис томонидан эмас, балки оддий бир мухлис тарафидан берилаётганини инобатга олишларингни сўрардим. Маслаҳатлар ўринли бўлмаслиги ҳам мумкин. Аммо, барибир жим, томошабин бўлиб, ҳокимият томонидан, ёки ҳокимият бириктирган корхонадан қачон ҳисобимизга маблағ тушаркин деб ҳам қараб туриб бўлмайди. Чунки, тан олайлик, бу йўл билан футболимиз ривожланмаслигини, Жаҳон Чемпионатига чиқиш, ёки ОЧЛ нинг финалида зафар қучиш каби ютуқлар биз учун армон бўлиб қолаверишини ҳаммамиз ҳам билиб турибмиз.
Кейин, юқоридаги ишлар тезроқ  бошланишини ҳоҳласак, бу йўлда, ЎФФ узоқ йиллик дастур ишлаб чиқиши ва бу дастурга мувофиқ, жамоаларимизни таъминотларини ҳокимиятлар, ёки уларни босими остидаги давлат корхоналаридан ҳар йили, босқичма-босқич камайтириб бориш йўли билан, футболимизда реклама бозорини шаклантиришни тезлаштирса бўлади. Акс ҳолда ҳеч нарса ўзгармайди ва клубларимиз боқиманда бўлиб қолаверадилар.
Бу тизимга тезроқ ўтишни яна бир муҳим жиҳати шундаки, ана ўшанда, жамоа лигада яхши ўйнаса, томошабинлар кўпроқ тушиши, футболкалар яхшироқ сотилиши, логотип учун ўз брендини беришни ҳоҳлайдиган компанияларнинг кўпроқ бўлиши ва шу кабиларни деб ҳам, ҳар бир жамоада "келишувчанлик"дан кўра, "курашувчанлик" ҳисси кўпроқ бўлади ва ана шунда лигаларимизда келишилган ўйинлар камайиб, томошабоп лигага айланамиз.
Умуман, бу фикрлар оддий бир мухлисни фикрлари бўлса ҳам, бу фикрларни ЎФФ ва унинг минтақавий бўлимлари, жамоаларнинг раҳбариятлари бир ўқиб чиқсалар фойдадан холи бўлмасди.