Кечагидай эсимда, Тошкентга илк борганимда автобус бекатлари анча хароб эди. Шундан сўнг ҳукумат доирасида қарор чиқарилдими ёки шаҳар ҳокимининг қарори эдими эсимда йўқ, Тошкент шаҳри кўчаларидаги бекатларни тадбиркорларга ноль қийматда бериш ва бекатларни янгитдан қуриб обод қилиб қўйганлари учун уларни мол-мулк, даромад солиқларидан озод қилиш ҳақида қарор чиқди ва бекатлар тадбиркорларга бўлиб берилди. Шундан сўнг Тошкент шаҳридаги аксарият автобус бекатлари ўша пайтларда урф бўлган оқ ғиштдан чиройли қилиб қурилди ва тадбиркорлар бекатларнинг бир қисмини савдо дўкончалари, бир қисмини айвонча шаклида одамлар ўтириб автобус кутишлари учун скамейкалар қуриб қўйишди. Ўшанда, шу йўл билан Тошкент шаҳридаги хароб бўлиб ётган автобус бекатлари анча обод бўлиб, чиройли кўринишга келган эди. Ўшандан кейин Тошкентда қилинган бу иш мамлакатимизнинг бошқа айрим ҳудудларида ҳам тарқоқ ҳолда, қисман жорий қилинди.
Хабарларинг борми ёки йўқми яқинда зарньюс сайтида Самарқанд шаҳридаги бекатларни тадбиркорлар эгаллаб олгани, йўловчилар ёзнинг иссиғида, қишнинг ёғинли кунларида автобус кутиб ўтирадиган пана жойлар қолмагани ва бунга чек қўйиш лозимлиги ҳақида ёзилган мақола чиқди. Ўша мақолани ким ёзган бўлса ҳам анча кўпиртириб ёзган. Сабаби, Самарқанд шаҳридаги бекатларнинг аксариятида савдо дўкони борлиги билан бирга ёнида йўловчилар учун скамейкалар ўрнатилган айвончаси ҳам бор. Қолаверса аксарият бекатлар ўша бекатда дўкон очиб фаолият юритаётган тадбиркорлар томонидан ойнаванд қилиб қурилган. Тўғри, инкор қилмайман, ўша мақолада ёзилгандай бекатнинг асосий қисмини савдо дўкони қилиб эгаллаб олиб, йўловчилар учун кичик жой қолдирган тадбиркорлар ҳам 1-2 та бўлиши мумкин. Аммо, энди ўша 1-2 та ноинсофроқ тадбиркорни деб Самарқанд шаҳридаги бекатларни обод қилиб дўкон очиб ўтирган, ҳалол савдосини қилаётган,барча тадбиркорларни ёмонотлиқ қилиш, уларни дўконини тортиб олиб бузиш ёки бекатга қўшиб юбориш нечоғлик тўғри? Бу масаланинг муҳим бир томони.
Масаланинг иккинчи бир муҳим томони шундаки бекатларнинг бир қисмида савдо дўкони очиб ишлатаётган тадбиркорлар кўп марта кузатганман, бекат атрофларини супуриб, сидириб, тозалаб ўтирадилар. Агар, эртага бекатлардан савдо дўконлари йиғиштирилса ва қаровсиз қолса улар яна ахлатхонага айланади. Яъни бекатни уёқ-буёғи доимий назоратда тозаланиб, супирилиб, сидирилиб турилмаса, қисқа кунларда ҳаммаёқ ивирсираб, скамейкаларга "севги тарихлари" ёзилиб ёки улар синдириб олиниб дабдаласи чиқарилади.
Масаланинг учинчи яна бир муҳим томони шундаки Самарқанд шаҳрида агар юзта бекат бўлса бу дегани юзта одам иш билан банд, юзта одам рўзғорининг қора қозонини шу бекатдаги савдо дўкончаси билан ўтказаяпти дегани. Шунингдек ана шу юзта тадбиркор камида ҳар ой 1 миллиондан турли солиқлар, пенсия фонди, ер-мулк солиғи каби тўловлар тўласалар бу бир ойда 100 млн, бир йилда 1.2 млрд сўм бўлади. Хўш, мундоқ қараганда одамларнинг кўзига арзимаган бўлиб кўринагинан бекатлардаги кичик савдо дўконларидан шаҳар бюджетига йилига 1 миллард сўмдан ошиқ маблағ келиб тушса, кимни "бели оғрийди?"
Энди тасаввур қилайлик, шаҳардаги барча бекатлардаги дўконлар бузиб ташланди. Биринчидан шаҳардаги тегишли ташкилотлар ҳамма дўконни 1-2 йилда ҳам шаҳар бюджети ҳисобидан қайта тиклай олмайди. Иш бошланади. 5-10 қурилади ва қарабсизки бу иш туя гўшти еб турибди-да.
Иккинчидан, юқорида ёздим бекатларда кеча-кундуз назорат бўлмаса қисқа вақтда ўша бекатларни ойнаси синдирилади, скамейкалар яроқсиз ҳолга тушади, атрофи ахлатхонага айланади. "Ким қилади бу ишни?" деб ҳайрон бўлманг, бундай "қўли қичиганлар" етарлича бор. Нима, ёлғон ваҳима кўтариб трамвайни тўхтатиб қўйганларга битта бекатдаги ойна ва скамейка чикора бўптими?
Учинчидан, эътибор берганман аксарият бекатлардаги дўкончилар биттадан ишчи олганлари ҳам бор. Шундай экан агар масалан 100 та бекатдаги дўкон бузилса бу дегани камида икки юзга яқин одам ишсиз бўлади дегани. Хўш, бекатлардаги дўконлар бузилиши ортидан ишидан айрилганлар кейин нима қилади? Ҳокимият ёки Халқ қабулхонасига ёрдам сўраб борадими ёки Россияга ишлагани кетадими?
Тўртинчидан, оқибати ўйланмасдан бу иш қилиниб бекатлардаги дўконлар бузилиши ортидан шаҳар бюджетига ҳам анчагина зарар етади.
Хўш, нима қилмоқ керак?
Шаҳар кўчаларидаги бекатлар мониторинг қилиниши керак ва йўловчилар учун етарлича шароит ўрнатиб қўйган ва ҳалол савдосини қилаётган тадбиркорларга ўша ўзи фаолият юритаётган бекатларни тоза ва озодалигига қараб, ўша жойни супириб, сидириб, тозалаб ўтиргани учун ташаккурнома бериш керак. Мабодо сал инсофдан четга чиқиб, дўконини сал меъёрдан каттароқ қилганларга дўконини меъёрга келтириш ва йўловчиларги қулайлик яратиш талаби билан огоҳлантириб, уларга аҳволни ўнглаш учун маълум бир муддат бериш керак. Ана шунда муаммо ҳал бўлади.