Куни кеча Адлия вазирлигининг телеграмдаги
"Ҳуқуқий ахборот" каналида "Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинганлиги ҳақида" хабар берилди.
https://t.me/huquqiyaxborot/3211
Қарорга мувофиқ 2019 йил, 1 июлдан бошлаб:
транспорт воситасидаги видеорегистраторлар қайд этган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс этган видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган техника (фото ва видеорадар) қайд этган видеоёзувларга тенглаштирилади;
Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни юборган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг беш фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади;
Шунингдек, қарор билан Жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Бу қарорни мен тўлиқ қўллаб қувватлайман. Чунки ҳаммамиз гувоҳи бўлаяпмиз кўчаларимизда машина бошқариб юрган ҳайдовчиларнинг айримлари умуман йўл ҳаракати қоидаларини тан олмайди. Аксарияти эса имконияти бўлгандан-оқ йўл ҳаракати қоидаларини бузишга уринади. Буни ортидан эса айбсиз инсонлар вафот этишаяпти, ногирон бўлиб қолишаяпти.
Шундай экан ҳайдовчиларнинг қоида бузишларини камайтириш учун турли воситалар билан йўлларда назоратни кучайтириш мақсадга мувофиқдир. Аммо....
Аммо, кўчада машина бошқариш жараёнида қоидаларни бузаётган ҳайдовчиларни турли йўллар билан жазолаш, жарима солишдан олдин уларга йўлларда ҳаракатланишни қулайлаштириш лозим деб ўйлайман. Масалан, йўлларни сифатли асфальт қилиш, тор йўлларни кенгайтириш, йўл белгиларини керакли жойларда мақсадли ўрнатиш дегандай.
Йўлларда ҳаракатланаётган ҳайдовчиларни кузатар эканман жиддий қоидабузарликлардан бири бўлган қарама-қарши йўналишда қоидани бузиб ҳаракатланиш асосан ўта тор, бор йўғи икки палосали тиқилинч йўлларимизда содир бўлаяпти. Демак, ўша йўлни тўрт палосали йўл қилиб кенгайтириш керак.
Яна бир муҳим ва ҳайдовчилар томонидан кўп бузиладиган қоида бу светофорни қизил чироғидан ўтиб кетиш. Светофорни қизил чироғида қоидани бузиб ўтиб кетаётган ҳайдовчилар аксарият ҳолларда чорраҳаларда эмас, балки асосан пиёдалар учун қўйилган светофорларда кўпроқ қоидани бузиб қизил чироқда ўтадилар. Бундай жойларда қоида бузилишларини олдини олишнинг энг яхши чораси ўша светофорлар олдида пиёдалар томонидан светофорни бошқариш ускунасини ўрнатишдир. Ана шунда пиёда светофорни қизил чироғини ёқади ва ўтиб кетаверади. Бошқа пайтларда эса ўша светофорда доимий яшил ёниб тураверади ва ҳайдовчилар ўша жойда бемалол ҳаракатланаверадилар. Агар шу иш амалга оширилса ҳайдовчиларнинг ҳам, пиёдаларнинг ҳам вақти тежалади ва ҳар икки томонга қулай бўлади.
Шунингдек ҳайдовчилар томонидан кўп бузиладиган йўл ҳаракати қоидаларидан яна бири бу тўхтаб туриш қоидаларининг бузилишидир. Бу қоиданинг бузилишига ҳамма вақт ҳам ҳайдовчилар айбдор деб бўлмайди. Агар эътибор берсак мамлакатимиздаги турли шаҳарлардаги турли кўчаларда "тўхташ мумкин эмас" йўл белгиси ҳаддан кўп ўрнатилган.
Аҳвол шу даражада-ки масалан, сизни бир танишингиз ишхонангизга ташлаб ўтмоқчи, аммо ишхонангиз жойлашган кўчага "тўхташ мумкин эмас" йўл белгисини ҳар қадамда илиб ташлашгани учун танишингиз сизни ишхонангиздан бир бекат нарида тушириши керак ва сиз ишхонангизга анча йўл босиб келишингиз ёки танишингиз қоидани бузиб ишхонангиз олдида тўхташи керак.
Ёки эътибор берсангиз турли шаҳарларимизда бозорлар ёки савдо марказлари ёки кўнгилочар боғлар атрофида кўчаларда "тўхташ мумкин эмас" йўл белгилари кўплаб илиб ташланган. Бечора ҳайдовчилар ўшандай жойга борганда ўз машинасини қўйишга жой топа олмай қоидани бузишга мажбур бўлади. Чунки ўша жойларнинг аксариятида машиналарни қўйиш учун автотураргоҳ йўқ. Аммо "тўхташ мумкин эмас" йўл белгиси бор. Хўш, шундай ҳолатларда мутасаддилар олдин ўша бозорлар ёки савдо марказлари ёки кўнгилочар боғлар олдида автотураргоҳлар ташкил этишса ва ундан кейин "тўхташ мумкин эмас" йўл белгисини ўрнатишса мақсадга мувофиқ бўлмайдими? Йўқ, бизда ҳаммаси тескари ва бўтқа кўринишида. Машина қўйишга жой йўқ. Кўча четида қолдирмоқчи бўлсангиз йўл белгиси бор. Ана шундай ҳолатда ҳайдовчилар ё қоидани бузишади ёки машиналарини бир бекат нарига қўйиб манзилларига пиёда келишга мажбур бўлишади. Бу нимани англатади? Бу ишни тўғри ташкил этилмаганини билдиради.
Ана шундан келиб чиқсак шу йўл белгисини ҳам ҳаммаёққа илиб ташламай фақат лозим бўлган жойларда илиш керак.
Агар эсларингда бўлса ўтган йил охирида ва бу йил бошида Тошкент шаҳар ЙҲХБ аксарият кўчалардаги "тўхташ мумкин эмас" йўл белгиларини олиб ташлади. Бир қисмини эса бирровга тўхташ имкониятини берувчи бошқа белгига алмаштириб чиқди. Бу ишни бошқа шаҳарларимизда ҳам амалга ошириш керак ва лозим бўлмаган жойлардан ўша йўл белгиси олиб ташланиши ёки бирровга тўхташга рухсат берадиган йўл белгиси ўрнатилиши керак.
Ҳайдовчиларнинг йўлларда тезликни ошириб қоида бузишларига эса лозим бўлган ва бўлмаган жойларда тезликни пасайтирувчи белгиларнинг қўйиб ташланганидир.
Масалан, М39 Тошкент-Термиз трассасида Тошкентдан Самарқандга боришда Булунғур шаҳрига киргандан негадир лозим бўлмаган жойда соатига 70 км тезликда ҳаракатланса бўладиган жойда ҳаракатланишни соатига 50 км тезликда юрадиган қилиб йўл белгиси қўйишган ва бу йўл белгисидан сал ўтиб фотокамера ҳам ўрнатиб қўйишибди. Бу йўл халқаро йўл ҳисобланади ва бу йўлдан кўпгина транзит хорижий транспортлар ҳам юради. Шунингдек бу йўл мамлакатимизнинг бош йўли ҳисобланади ва ҳамма вилоятларнинг аҳолиси бир бири билан боғланишда шу йўлдан фойдаланади. Шуларни инобатга олиб бу йўлда ҳаракатланиш тезлигини соатига 70 км дан соатига 50 км тезликкача чеклаш кимга ва нима учун керак? Буни устига ўша атрофда тезликни чеклашга сабаб бўладиган таълим муассаси ёки боғча йўқ. Шунингдек кўчада тирбандлик келтириб чиқариши мумкин бўлган бозор ёки савдо мажмуаси ҳам йўқ. Шундан келиб чиқсак ўша ерда тезликни чеклайдиган йўл белгиси нега қўйилган тушунмайман.
Ёки яна бир мисол; Самарқанд-Айний халқаро йўли бўйлаб Тойлоқ шаҳридан Самарқанд шаҳрига келар экансиз Тойлоқ шаҳарчасидан чиқиш жойида йўлда рўпарадан келадиган машиналар қайрилиб оладиган жой бор. Ўша ердан бор йўғи 10-15(!) метр нарида эса "қувиб ўтиш мумкин эмас" деган йўл белгисини ўрнатиб қўйишибди. Тойлоқ шаҳри тарафдан Самарқанд шаҳри тарафга ҳаракатланиб бораётган ҳайдовчи ўша жойда рўпарадан келиб қайрилиб олган ва ҳали тезлашиб олишга улгурмаган машинани қувиб ўтишга мажбур бўлади. Аксарият ҳолларда ўша жойдан сал нарида ЙПХ ходимлари туриб олишади ва ўшандай қувиб ўтишга мажбур бўлган ҳайдовчиларни тўхтатиб маъмурий баённома тузишади. Энг қизиғи ўша ерда рўпарадан келиб бурилиб оладиган машиналарни аксариятини ўша жойдан 100-150 метр пастроқдан ўнгга, аҳоли пунктига бурилиб кетадиган машиналар ташкил этади. Шу сабабли ҳам рўпарадан келиб қайрилиб олган машиналар ўша ўнгга қараб бурилишга етгунча тезликни оширмай секин боришади. Тойлоқ шаҳарчаси тарафдан келиб уларга тақалиб қолган ҳайдовчилар ўша жойда қоидани бузиб қувиб ўтишлари керак ёки ўша ердан қайрилиб олган ва секин юраётган машинага тақалиб қолиб тезликни соатига 20-30 км га туширишлари керак. Ўша жойда "қувиб ўтиш мумкин эмас" деган йўл белгиси умуман нотўғри ўрнатилган.
Ёки, яна бир мисол; Буни олдинги мақолаларимда ҳам ёзганман, Тошкент-Термиз трассасининг Тошкент вилоятидан ўтган қисмида озгина жойни айтмаса катта қисмида ўтган йилгача бемалол соатига 100 км тезликда ҳаракатланса бўлар эди. Бу ерда жойлашган аҳоли пунктларининг номи кўрсаткич билан ёки тезликка дахл қилмайдиган кўк рангда ёзилган эди. Аммо негадир ўтган 2017 йилда шу йўлда аҳоли пунктлари ёзилган жойларда кўк ранг ҳам, кўрсаткич ҳам олиб ташланди ва энди ҳайдовчилар ўша йўлнинг аксарият қисмида соатига 70 км тезликда ҳаракатланишга мажбур бўлмоқдалар.
Умуман олганда мамлакатимизнинг шаҳар-қишлоқларидаги кўчаларда ўрнатилган аксарият йўл белгилари мос жойларда ўрнатилмагандай, ҳайдовчилар ва пиёдаларга қулай эмас, балки ноқулай тарзда, ЙПХ ходимларининг режаларини осон бажаришлари учун ўрнатилгандай таасурот қолдиради.
Шундай экан тегишли ташкилотлар кўчаларимизда ўрнатилган ва ўрнатилаётган йўл белгиларини тўғри ёки нотўғри ўрнатилганини биттама-битта ўрганиб чиқиб, юқорида мисол тарзида ёзган жойларимдагидай ҳайдовчи пиёдаларга ноқулайлик туғдираётган йўл белгиларини олиб ташлаши ёки ўзгартириши керак.
Қолаверса бу соҳада ҳали қилинадиган ишлар жудаям кўп. Авваламбор барча йўллар сифатли таъмирланиши, йўл белгилари лозим ҳолда мақсадли ўрнатилиши керак. Шунингдек ушбу соҳада ишлаётганлар ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиб энг маъқулини йўлларимизда жорий этишлари керак. Йўлларимиз ҳайдовчилар учун ҳам, пиёдалар учун ҳам максимал даражада қулай бўлиши керак. Ана шундан кейин қоидаларни бузган ҳайдовчиларни жазолайверишсин. Унгача эса қоидаларни бузган ҳайдовчиларни жазолашни янгидан янги усулларини ўйлаб топиб, ҳадеб жазолайвериш ҳам адолатдан бўлмайди.