четверг, 7 июня 2018 г.

Коррупцияни урчитаётган имтиёзлар


Бир пайтлар, мактабнинг 11-синфида ўқир эканман, фан олимпиадасида она тили ва адабиёт фанидан туман босқичида 1-ўринни олиб, вилоят босқичида қатнашган эдим. Ўшанда мени олимпиадага олиб борган она тили ва адабиётдан дарс берадиган устозим билан уйга қайтар эканмиз у менга: «Отангнинг шу пайтда уйдан узоқда бўлгани яхши бўлмади-да», — деди. «Нега бундай деяпсиз, устоз?», — десам, «Агар отанг уйда бўлганида одамини топиб гаплашиб сенга вилоятда 1-ўринни олиб берсак бўлар эди», — деди. Шунда мен: «Устоз, наҳотки 1-ўринни билим билан олиб бўлмаса?», — деб ҳайратланиб сўрадим. «Йўқ, билиминг минг зўр бўлмасин вилоят босқичида 1-ўринни пулсиз олиб бўлмайди. Бунинг сабаби, вилоятда биринчи ўринни олганлар республика босқичига боради. Уёқда ҳам одамини топиб «харажат»ни қилиб биринчи ўринни ололса ўша ўқувчи ўзи хоҳлаган ОТМга имтиҳонсиз кириш ҳуқуқига эга бўлади», — деб ўқитувчим менга очиғини айтди-қўйди.

Ўшанда мен ўзимнинг билимим билан вилоят босқичида 3-ўринни олдим. Биринчи ўринни эса ўқитувчимнинг айтишича, «мен бор эканман, қизим республика босқичида ҳам ғолиб бўлади» деб гапнинг ҳам каттасини гапирган, «харажат»нинг ҳам каттасини қилган одамнинг қизи олган.
Коррупцияга шароит очиб бераётган, уни урчитаётган имтиёзга ўшанда илк марта дуч келган эдим.

Орадан бироз вақт ўтди ва олдимизда армия хизматини ўташ масаласи кўндаланг бўлди. Ўшанда бизда армияни қисқартириш ишлари кетаётган эди. Шу туфайли танамдаги битта кичкина ярани деб мен армияга боришдан озод қилиндим ва муқобил хизматни ўтаб, икки йил давомида қандайдир суммаларда ойма-ой давлатга пул тўладим. Ўша пайтда армияга кетиш ҳам осон эди, муқобил хизмат ўташ учун армиядан қолиш ҳам осон эди. «Мен хизмат қилмоқчиман» десангиз бўлди, армияга кетаверар эдингиз. Ёки арзимаган битта кичкина яра ёки чандиқ, бошдаги қазғоқни деб муқобил хизматга қолдирилаверар эдингиз.
Орадан бироз ўтди ва «армияга борганларга ОТМларга кириш имтиҳонларида фалон баллдан қўшиб берилсин» деган қарор чиқди. Шундан кейин бирданига ҳамма ўзини ҳарбий хизматга урди. Энди ота-оналар ўғилларининг ҳарбий хизматга бориб қандайдир имтиёзларга эга бўлиб келишлари учун ҳар қандай "харажат"дан қочмайдиган бўлдилар ва ўртада яхшигина пул ўйнай бошлади.
Минг афсуски, ана шу имтиёз туфайли билимли болалар аро йўлда қолиб кетиб, саводи ҳаминқадар бўлган йигитлар ҳарбий хизматга бориб келиб, бунинг ортидан ўқишга имтиёзли қабул қилиниб кетавердилар.

Яна йиллар ўтди ва бу орада қизлар ўртасида Зулфия мукофоти таъсис этилди. Бу мукофотни қўлга киритадиган қизларга моддий рағбатлантириш билан бирга ўзлари хоҳлаган ОТМга имтиҳонсиз кириш имконияти бериладиган бўлди. Ана шундан кейин бу мукофотни қўлга киритиш ҳам кўпкари ўйинидай бўлиб кетди. Ҳатто кўча-куйда "Зулфия мукофотига номзодини қўйган  қизларнинг аксариятига турли шоиралар шеър ёзиб берадилар ва кейин у шеърлар ўша қизлар номидан китоб бўлиб чиқади" деган гап ҳам юради. Бу гапни нечоқлик ҳақиқат ёки ёлғонлигини  билмадим, аммо "шамол бўлмаса дарахтни шохи қимирламайди" деган гап ҳам бор.
Йўқ, мен бу билан «ҳамма Зулфиячи қизлар ўз мукофотларини «харажат»ини бериб олганлар» дейишдан йироқман. Аммо шундай йўл билан ушбу мукофотни олган қизлар ҳам бисёр. Чунки тўғридан-тўғри ўқишга бориб кира олмай юргандан кўра пулни Зулфия мукофотини олишга сарфлаб, шу йўл билан ОТМларга имтиёзли тарзда имтиҳонсиз кириб кетиш осон ва қулай. Буни устига "Зулфия мукофотининг совриндори" деган залворли обрўси ҳам бўлади.

Эсингизда бўлса, ўтган йили Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига автосалонлардан имтиёзли равишда арзон нархда автомашина сотиб олиш имконияти тақдим этилди. Шу имтиёз эълон қилиниши ортидан жойларда автосалонларда навбатга туришдан кўра уруш қатнашчиси бўлган отахонлар ёрдамида машина олишни хоҳловчилар пайдо бўлди. Ўртада «менга фалон машинани олиб берсангиз сизга фалон пул бераман» деб савдолашишлар бошланди. Кимдир гаплашиб қўйган отахонни иккинчи бир одам келиб каттароқ сумма ваъда қилиб айнитган ҳолатлар ҳам бўлди.
Шундай воқеалардан бири қишлоғимизда юз берди. Уруш қатнашчиси бўлган отахоннинг олдига бир ҳамқишлоғимиз «менга «Каптива» олиб берсангиз сизга 50 миллион сўм бераман» деб борибди. Отахонга машина керак эмас. Ўғилларида эса энг арзон машинани имтиёзли нархда сотиб олишга ҳам пул йўқ. Бундай пайтда Президент берган имтиёздан фойдаланиб қолишмаса аниқ аҳмоқ бўлишади. Отахон кўнибди. Ҳалиги ҳамқишлоғимиз уч кундан кейин келишини ва автосалонга бирга боришларини айтиб кетибди.
Эртаси куни эса отахоннинг олдига иккинчи бир ҳамқишлоғимиз келиб, «агар ўша «Каптива»ни менга олиб берсангиз сизга 60 миллион бераман. Шартим автосалонга ҳозироқ борамиз» дебди. «Отахоннинг олдидан чиқиб кетсам яна кимдир келиб суммани ошириб уни айнитади» деб ўйлаган бўлса керак-да.
Отахон ва харидор ўша куни бориб «Каптива»га пул тўлайдилар. Эртаси куни қишлоқда бу гап тарқагач отахоннинг олдига биринчи бўлиб келган «мижоз» югуриб келади. Аммо ғишт қолипдан кўчган, машина бошқага кетиб бўлган эди. Шундан кейин у бориб машинани олган маҳалладоши билан «сен нега мен келишиб қўйган машинани номардлик билан олдинг» деб жанжални бошлайди. Халқ иккаласини зўрға ажратиб қўяди. Ўшандан кейин иккаласи бир-бири билан юзкўрмас бўлиб кетди.

Мен шу ва шунга ўхшаган ишларни ўрганар эканман қизиқ ҳолатга дуч келдим.  Аксарият автосалонлар уруш қатнашчисига бериладиган машинани уруш қатнашчисига умуман алоқаси бўлмаган одамларни номига расмийлаштириб берган. Буни сабаби билан қизиққанимда уруш қатнашчисига берилган имтиёзли нархдаги машинани олаётганлар уруш қатнашчиси яшаётган маҳалладан "Фуқаро Фалончаев Фалонча Иккинчи Жаҳон Уруши қатнашчиси бўлган Фалончаев Фалончага анчадан бери  ўз фарзандларидан ортиқ  моддий ва маънавий ёрдам қилиб келади" деган маълумотнома олар эканлар. Албатта, ушбу маълумотнома маҳалла раислари томонидан қуруқдан-қуруққа ёзиб берилмайди. Шундан сўнг  автосалонга олиб бориб ўша маълумотнома асос қилиниб имтиёзли машина уруш қатнашчисига имтиёзли нархдаги машина учун яхшигина пул тўлаган одамнинг номига тўғридан-тўғри расмийлаштириб берилар экан. Бу жараёнда автосалон ходимлари ҳам қуруқ қолишмаган.

Албатта, имтиёзга эга бўлган ҳамма отахонлар ҳам пул учун бошқаларга машина олиб берганлари йўқ. Машинани ўғилларига олиб берганлари ҳам бор. Аммо бегоналарга пул учун машина олиб берган отахонлар ҳам, минг афсуски, бор.
Қаранг, оқибати ўйланмасдан берилган бир имтиёз жамиятимизда қанчалаб ноқонуний ишлар келиб чиқишига ва гап-сўзлар тарқашига сабаб бўлди.
Мен уруш қатнашчиси бўлган инсонларнинг рағбатлантирилишига қарши эмасман. Аммо уларни рағбатлантириш бундай имтиёз билан эмас, балки бошқачароқ йўл билан, масалан, уларга йирикроқ пул мукофоти ёки қандайдир бошқа совғалар ёки улар яшайдиган хонадонга коммунал тўловлар ва солиқлардан чегирмалар бериш орқали қилинганда юқоридагидай ишлар келиб чиқмас эди.

Яқинда Президент Наманган вилоятига борганида у ерда Исҳоқхон Ибрат номли лицей-интернат очиш ва ана лицейни битирган ўқувчиларни ОТМларга имтиёзли равишда, имтиҳонсиз қабул қилиш ва уларга бюджет ҳисобидан ўқиш имкониятини бериш ҳақида қарор эълон қилди. Шу ерда савол туғилади: лицей ўқувчиларига берилган имкониятларни эшитиб кўплаб ота-оналар ўз фарзандларини ушбу лицей-интернатга жойлашни хоҳлаб қолишлари ва бунинг ортидан лицейга ўқувчиларни қабул қилишда коррупция урчиб кетмасмикин?

Имтиёзлар бизга керакми?
Имтиёзлар албатта керак. Аммо юқоридаги ҳолатлардай коррупцияни ва ноқонуний ишларни урчитаётган имтиёзлар эмас, балки ҳақиқий маънода ўша имтиёзлар жамиятга, одамларга ёрдами тегадиган ҳолатда, одамларнинг оғирини енгил қиладиган ҳолатда берилиши керак.
Масалан, агар эсингизда бўлса анча йиллар олдин ўқитувчиларга газ, электр энергияси, солиқ ва бошқа коммунал тўловларнинг 50 фоизини давлат тўлаб бериши имтиёзи берилган эди. Аммо негадир менга қоронғи бўлган сабабларга кўра ўша имтиёз олиб ташланган экан. Хўш, энди ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнатини инобатга олиб ўша имтиёзни қайта жорий қилишдан бизни нима қайтариб турибди?
Яқинда Президент Андижон вилоятига қилган сафари давомида: «Ўзимга қолса ўқитувчиларнинг маошини ўн баравар оширар эдим. Аммо иқтисодий ҳолатимиз бунга йўл қўймаяпти», — деди. Ўқитувчининг маошнини ўн баравар оширишни ҳозирги иқтисодий ҳолатимиз кўтармас экан, хўш, унда уларнинг маошини бир-икки баравар оширишдан бизни нима қайтараяпти?

«Имтиёз» сўзини «Google»га ёзиб маълумот қидирсангиз асосан «ҳарбийларга имтиёз», «ички ишлар ходимларига имтиёз», «ДХХ ходимларига имтиёз» деган маълумотлар бирин-кетин чиқиб келаверади. Лекин турли имтиёзлар энг аввало уларга эмас, балки жамиятимиздаги кам таъминланган инсонларга, болаликдан ногирон бўлиб ёки етарли иш стажига эга бўлмагани учун арзимаган пенсия олиб юрган инсонларга берилиши керак деб ўйлайман. Адашмасам I ва II гуруҳ ногиронларига қандайдир имтиёзлар бор. Аммо ўша имтиёзлар арзимаган имтиёзлардир. Уларга ёрдам беришни хоҳласак уларга берилаётган имтиёзлар кўламини ошириш керак.
Шунингдек турли оғир ишларда ишлайдиган аёлларга имтиёзлар беришни йўлга қўйиш лозим. Чунки фарзанд тарбияси, рўзғор юмушларидан ортиб яна қандайдир қийин соҳаларда ишлаётган аёллар имтиёзлар орқали ёрдам олишга албатта лойиқдирлар.

Умуман олганда, биздаги турли имтиёзлар ҳақида ёзаман десангиз гап кўп. Шунинг учун сўзимни шу ерда якунлайман. Фақат шуни таъкидламоқчиманки, ҳозирги кунда коррупцияга сабаб бўлаётган имтиёзлар зудлик билан бекор қилиниши, уларнинг ўрнига эса ёрдамга муҳтож одамларга турли имтиёзларни коррупцияга олиб бормайдиган йўллар билан жорий қилиш керак.

пятница, 1 июня 2018 г.

Мажбуриятга айланган эҳсонлар.

Бироз ғалати одатларим бор; кўп ҳам элга қўшилиб кетавермайман. Масалан, маҳалламизда жаноза бўлиб қолса жанозага бораман, аммо жанозадан кейин қилинадиган турли маросимларга бормайман. Йўқ, бораман. Қачонки қўшним, қариндошимники бўлса бораман. Ҳарҳолда шунга мажбурман. Бошқаларникига эса бормайман. Буни сабаблари шу-ки, биринчидан ўша аза маросимларини динимизда йўқ бўлган бидъат маросимлари деб биламан. Иккинчидан аза тўсатдан келиб қолади ва аза хонадонининг аҳллари бунга тайёр бўлмасликлари мумкин. Шу учун ёзнинг иссиғи бор, қишнинг қаҳратон совуғи бор, уларни безовта қилгим келмайди. Тўғри-да, ўзи шундоқ ҳам яқин бир инсонларини йўқотиб ғамга ботиб ўтирибдилар. Мен ва менга ўхшаганлар ҳали "Худойи" деб, ҳали "жума оқшоми", "душанба оқшоми" дуои фотиҳа қилиб туриш керак" деб азадорлар хонадонига бостириб бораверсак уларни баттар қийнаб қўямиз-ку.
Жаноза бўлиб қолса, қарз олиб бўлса ҳам аза маросимини ўтказаётган инсонларни ёки қарз олмаган тақдирда ҳам бола-чақасини ризқини қийиб аза маросимлари каби бидъат маросимларни ўтказишга ёпишиб оладиган одамларни тушунмайман. Ўшандай ҳолатларда "шу одамлар айнан аза маросимларда динимиз қандай буюрган бўлса шундай; "аза уч кун, магарам ери вафот этган аёлгина тўрт ой-у ўн кун иддада ўтиради" қабилида ўтказишса ва шу маросимларга сарфлайдиган маблағларини болаларининг шароитини яхшилашга, уларга кутубхона қилиб беришга, турли тўгаракларга қатнашишлари учун сарфлашса бўлмасмикин?" деб ўйлардим, кўча-куйда шу мавзуда билганларимни гапириб ўзимча маҳалламиз ёшлари орасида тарғибот ўтказар эдим. Аммо....

2014 йилнинг февраль ойида милодий ҳисоб бўйича 92 ёшга, ҳижрий ҳисоб бўйича 95 га кирган бувим, отамнинг туққан оналари вафот этдилар. Бувим мен учун доим ўрнак бўлган инсон эдилар. Беш вақт намозни канда қилмаган, Рамазон рўзасини доим тутиб келган, энг муҳими қалбида заррача кибри йўқ аёл эдилар. Бувимнинг жанозасидан кейинги ишларни шариатимиз қандай буюрса ўшандай қилиб бажаришни ўйлаб бувимни қабристонга қўйиб келгандан бу ҳақда отам, амакиларим, амакивачча-ю, аммаваччаларим олдида гапирдим. Аммо бу таклифимни уларга ўтказа олмадим. Улар таклифимни эшитиб  "сен нима деяпсан?" деб ҳатто дарғазаб бўлишди. Уларнинг айтишича агар мен таклиф этган ишни қилсак бир умр элнинг маломати ва кулгусига қолиб кетар эканмиз. Бувимнинг жанозаларидан кейинги ишларни шариат кўрсатмасидай бажарсак ўзини мусулмон санайдиган эл "Ҳа сенларми, бувингни "йигирма"сини, "қирқ"ини, "йил оши"ини қилиб беролмагансанлар" деб маломат қиларкан, устимиздан куларкан.

Шу ерда мени муболағада айбламанг. Яқин бир инсони вафот этганида шариатимизда йўқ ишларни қилмаган бир нечта маҳалладошимизни устидан ҳам кулдилар. Кўчада маломат ҳам қилдилар.
Охир-оқибат маслаҳатлашувимизни интиҳоси  шу бўлди-ки биз ҳам бошқалар билан битта катта қозонда, ўз қобиғимиз ичида қайнаётган одамлар гарчи шариатимиз кўрсатмаларига мутлақо зид бўлса ҳам бувимнинг жанозаларидан кейин барча бидъат маросимларни ўтказдик. Ҳа дўстлар, ҳаётда, кўча-куйда, қолаверса ижтимоий тармоқларда "ундай қилиш керак, бундай қилиш керак" деб маъни бериш осон экан. Ўзинг ўша иш билан тўқнашганингда эса айтганингдай, ёзганингдай, кўча-куйда тарғибот қилганингдай айнан жанозада ва ундан кейинги ишларда шариат кўрсатмаларини бажаришни мутлақо имкони йўқ экан. Ўша кўрсатмаларни бажаришингга бегоналар эмас, аввало ўзингникилар аллақандай кибрлари ёки одамларнинг гап-сўзлари деб йўл қўйишмас экан. Ўшанда менга қанчалик оғир гапларни гапиришди ва минг ҳаракат қилмай мақсадимга ета олмаслигимни тушундим ва секин ўзимни четга тортдим. Қариндошларим эса "савоб олаяпмиз" деб билганларини қилишди.  Улар савоб олдиларми ёки гуноҳга ботдиларми инша Аллоҳ Қиёматда ажрими чиқажак.

Яқинда, Рамазон ойи тугагандан кейин унаштирилиб қўйилган қизимни тўйи бўлиши керак. Ҳар ҳолда қудам икки-уч марта келиб бу ҳақда огоҳлантириб кетди. Қизим балоғатга етиб улғаяр экан, "қачон совчи келса ва бўлажак қудалар, уларнинг ўғли маъқул тушишса  розилик бераётган чоғимда уларга ихчам тўй қилиш ҳақида шарт қўяман, ўзаро сарпо олди-бердиларда ҳам, тўйни ўзини ҳам ихчамроқ ўтказаман" деб ният қилиб юрардим. Аммо буни иложи йўқ экан. Бу ниятимни эшитиб биринчи ота-онам "Ўғлим, замонани кўраяпсан. Ўғил ўстирганни тили бир қарич. Шундай экан қудаларга "тўйни ихчам ўтказайлик" деб бўлмайди. Шундай экан тўйни ихчам ўтказиш гарчи икки тараф учун ҳам савобли  ҳам моддий тарафдан фойдали бўлса-да қуданг буни тўғри тушунмаслиги мумкин.   Шунингдек бунда ўзини ҳам моддий тарафдан анча маблағ тежашини ҳисобини олмай сени зиқналикда айблаши мумкин. Мабодо ҳозир юзингдан ўта олмай "хўп" дегани билан эртага қизинг келин бўлиб борганидан кейин қайнотаси тушунса қанонаси, у ҳам тушунса эри барибир "ота-онанг ҳеч нарса қилмаган" деб таъна қилиши мумкин. Қизингни кўзини очирмасликлари мумкин. Шундай экан, "бош ёрилса дўппи остида" деганларидай энди ҳаммасига чидайсан" дейишди. Уларни гапларини эшитиб шаштим пуфакдай ёрилиб бўшашиб қолдим. Ха дўстлар, бировларга маъни бериб, кўча-куйда насиҳат қилиш осон экан. Аммо ўша иш бошингизга тушса чорасиз қолар экансиз.
Мен буни икки ҳолатда бошимдан ўтказдим ва юқорида баён қилдим.

Шу йил баҳорда тўйларни ихчамлаштириш ҳақида кўп гаплар бўлди. Менга ўхшаган миллионлаб инсонлар тўйларни ихчамлаштиришга доир қонунни тезроқ қабул қилинишини кутаяпмиз.
Ана шу қарорда нафақат тўйларни қисқартириш, балки аза маросимларини ҳам динимиз буюргандай қилиб ўтказиш ҳақида бандлар бўлиши керак. Бу масалани имом домлаларимиз 26 йилдан бери масжид минбарларида ёки бошқа мажлисларда амру-маъруф йўли билан тарғиб қилдилар. Аммо натижа бўлмади. Шундай экан, энди бу ишни ҳам қонун йўли билан тартибга солишимиз керак. Акс ҳолда аза маросимларини ҳам худди тўй маросимлари каби бойлар бошлаб беришади. Камбағал ва ўртаҳоллар уларга тақлид қилишга ўтишади. Тақлид қилганда ҳам ўзларига мажбурият даражасигача кўтариб тақлид қилишади. Ана ундан кейин эса ўша ахмоқона ишларни дод-вой қилиб ҳам бекор қила одишмайди.

Шу гапларни ёзар эканман, бундан уч-тўр йил олдин қиш фаслида тўсатдан вафот этган қўшнимиз эсимга тушди. Унинг иқтисодий аҳволи ҳаминқадар эди. Вафотидан кейин ортидан тўрт нафар балоғат ёшидаги ва ундан ёш бўлган боласи қолди. Ўшанда унинг ўғиллари қарз олиб оталарининг жанозасидан кейинги "худойи", "қирқ" каби маъракаларини ўтказди. Ўшанда унга ўлик кўмиш қанчалик оғир бўлганини кўрдик. Аммо биронта одам унинг ўғилларига "оталарингни маъракаларини енгилроқ ўтказинглар, айримларини эса умуман ўтказманглар" деб насиҳат қилмади. Ҳатто шундай насиҳат қилинганда ҳам у одамнинг ўғиллари бу насиҳатни олмай ўз билганларидан қолмасликлари эҳтимоли катта эди. Аммо барибир насиҳат қилинмади. Улар эса оталарининг маъракалари деб анчагина қарзга ботишди.
Энг ёмони ана шу ишлар "эҳсон" номи остида қилинади.

Гапларимни ўқиб "сен динимизда тарғиб қилинадиган эҳсонга қаршимисан?" деманг. Мен одамлар томонидан турли эҳсонлар қилинишига қарши эмасман. Шунчаки турли эҳсонларнинг қарз олиб қилинишига қаршиман. Пули кўп инсонлар бир кун эмас, қирқ кун эҳсон қилсинлар, буни қўллаб-қувватлайман. Аммо қўлида пули йўқ инсонлар қарз олиб эҳсон қилмасинлар. Шунингдек бу иш жамиятда мажбурият тарзига айбланмасин. Эҳсон қилганнинг эҳсонини еб уни дуо қилган одамлар эртаси куни қўли калтароқ бир кимсанинг эҳсон қилмаганини гапирмасинлар, таъна қилмасинлар.
Энг ёмони ўзи қарз олиб эҳсон қилаяпти. Мабодо бормасангиз кейин кўча-куйда кўриб қолса "Кеча эҳсон бердик, кўринмадинг. Сен ҳам бойларнинг эҳсонига югуриб, биз каби камбағалларни эҳсонини назарга илмайдиган бўлиб қолдинг" деб гина ва таъна ҳам қилишади. Шундай пайтларда дод деб юборгинг келади.

Минг афсуски бизда ҳаммаси тескари. Менга ана шу тескари ишлар ёқмайди. Ана шу учун ҳам мажбуриятдай бўлиб қолган турли эҳсонларни қарз олиб қилаётган инсонларнинг маъракаларига боргим келмайди. Уларнинг аксарияти эса буни тўғри тушунмайди ва гина қилади.