пятница, 29 апреля 2016 г.

Оғриқли муаммо; ўрисча исм-шарифимиз ҳақида.

Аввало гапни ўзимдан бошлай. Ижтимоий тармоқларга "Ғайрат Йўлдош", "G‘ayrat Yo‘ldosh" исм-шарифи билан кираман. Ижтимоий тармоқлар орасида мен активроқ бўлганим "Фейсбук" ижтимоий тармоғидир. Бу ижтимоий тармоқда анчадан бери қидириб юрган имкониятимни топганим туфайли кўпроқ кираман. Чунки "Фейсбук"да турли мавзулардаги ўзимнинг мулоҳазаларимни кенгроқ қилиб, мақола тарзида берса ҳам бўлади. Менга шуниси қулай. Бу ижтимоий тармоққа кирар эканман, баъзилар исм-шарифимда нега "ев" қўшимчаси йўқлиги билан қизиқадилар. Кимлардир исм-шарифимни бунақа қилиб ёзиб қўйганимни шоирлик ёки ёзувчилик, кимдир эса журналистлик, яна кимдир эса диний тарафдан деб ҳам ўйлашган. Бир неча киши бу ҳақда ўзимдан ҳам сўраган. Аммо исм-шарифимда ўрисча қўшимчани йўқлигининг юқоридаги омилларга алоқаси йўқ.  Шунчаки ўзлигимга қайтишни хоҳлаганман холос.

Исм-шарифимдаги ўрисча қўшимчани олиб ташлаб нега бунақа ёзганимни сабабига келсак, тарихимизда ўтган 1990-92-йиллардаги миллий уйғониш ўша даврда ҳатто мендай мактаб ўқувчисини ҳам анча мулоҳаза юритишга, ўйлашга мажбур қилган эди. Эсимда "Шарқ Юлдузи", "Ёшлик" журналлари, Ўзбекистон Адабиёти ва Санъати", "Туркистон" ва бошқа газета журналларда миллий уйғониш ҳақида кўплаб мақолалар, асарлар чиқди-ки, ўз даврида ўша мақола ва асарлар менга ўхшаган кўплаб миллатдошларимизни том маънода "уйғота олган" эди.
Ўша даврда "Улуғ оғалар" бошлиқ чиркин тузумнинг шунчалик кўп кирдикорлари ошкор бўлди-ки, ўша пайтда мен мактабни 6-7- синфларида ўқиб юрган вақтимдан-оқ ўз исм-шарифимдаги бир пайтлар "Улуғ оғалар" томонидан ота-боболаримиздан бошлаб мажбурий сингдирилган қўшимчаларни ўлгудай ёмон кўриб қолдим. Мустақил бўлганимиздан кейин бу мавзу кўтарилади ва биз тез орада исм-шарифимиздаги бу қўшимчадан қонун асосида воз кечамиз деб умид қилдим.
Аммо мустақил бўлганимиздан кейин орада шунча йил ўтди ҳам-ки ҳанузгача бу мавзуда ҳеч ким бошини қотирмаяпти.

Ўрислар Чор Россияси даврида бизни кўп ишларимизга аралашмаган. Шу жумладан эътиқодимизга ва қандай исм-шарифда юришимизга ҳам. Аммо "Октябарь тўнтариши"дан кейин Россия тепасига бир тўда ювиндихўрлар келгандан кейин улар ўз мавқеларини бизга ўхшаган чет жойлардаги халқларни тепасида ҳам мустаҳкамлаб боравериш учун  бизни эътиқодимизни йўқ қилишга уриндилар. Алифбомизни икки марта ўзгартирдилар. Исм-шарифимизга ўзларига хос бўлган қўшимчаларни қўшдилар ва ўз мақсадларига эришдилар. "Ўз мақсадларига эришдилар" деганимнинг сабаби ҳатто бугунги кунда ҳам миллатдошларимиз ва юртдошларимиз орасида уларнинг бизга қилган қонхўрликларини, хунрезликларини оқлайдиганлар кам бўлса-да топилади.

Юқорида ёзганим 1990-92- йиллардаги миллий уйғонишда бевосита иштирок этар эканман, ўшанда мени энг кўп ўйлантирган саволлардан бири "Нега Кавказ халқларининг аксарияти, хохоллар, белоруслар, татарларнинг бир қисми,  Болтиқбўйидаги халқлар ўз исм-шарифларини, ҳатто кўпчилиги ўз ёзувини (масалан, грузинлар, арманилар ўз ёзувларни сақлаб қолишди. Болтиқбўйи халқларида эса латин графикасига асосланган ўз алифболари бор эди) сақлаб қолишди-ю, аммо биз ўзбеклар, озарбайжонлар, қозоқлар, қирғизлар, турманлар ва тожиклар нега на исм-шарифимизни сақлаб қола олдик, на алифбомизни?" деган савол эди. Ўшанда бу саволга ҳеч ким жавоб бермаганман. Тўғрироғи ҳеч кимдан сўрамаганман. Аммо, ёш, мактаб ўқувчиси бўлсам-да ота-боболаримизни кўп ҳолатларда ўз исм-шарифини ва ўз алифбосини сақлаб қолган грузин ва арманларига қараганда саркашроқ бўлганларини, айримлари ҳатто қорнини доим тўқлаб юриш учун нарсага тайёр бўлганларини ҳам ўйладим. Акс ҳолда биз ўз эътиқодимиздан воз кечмаган ёки ўз исм-шарифимизни, ёзувимизни сақлаб қола олган бўлар эдик. Ичимиздан, ўзимиздан чиққан "қаҳрамонлар" ўша даврда ҳар ишга тайёр бўлишган ва ҳатто ўрислар "салла олиб кел" деса ўша саллага қўшиб ўз миллатдошларини, ўз юртдошларини калласини ҳам қўшиб олиб боришган. Шутуфайли ҳам биз ҳамма нарсамиздан айрилганмиз деб ўйлайман.

Грузин ва арманларнинг ўз алифбоси ва ёзувини сақлаб қолишида уларнинг руслар билан бир динда бўлганлари ҳам қандайдир роль ўйнаган бўлиши ҳам мумкин. Шунингдек Россия уларни биздан юз йил олдин босиб олганини ва эътиқод тарафидан улар бир хил бўлганлари туфайли уларни ҳар иккаласи ҳам ўрис билан чатишиб, Россиянинг турли бурчакларига кўчиб бориб аралашиб яшаб кетаверишганини ҳам инобатга олиш керак. Аммо бизга нисбатан бундай деб бўлмасди. Биз эътиқодимиз юзасидан ўрис билан чатишиб кета олмас эдик. Ўртада доим оралиқ масофа сақланган. Ана шу туфайли ҳам ўрислар армани ва грузинларга нисбатан биздан кўпроқ хавфсираган ва шу учун ҳам коммунист ювиндихўрлар даврига келиб нима қилиб бўлса-да бизни ҳар тарафлама айнитиб ташлаш чоралари кўрилди. Бу йўлда олдинига  Ислом таъқиқланди. Мусулмонлар даъво қилмасин деб насронийлик ва яҳудийлик ҳам номига таъқиқланиб давлат бўйича умумий атеистик режим эълон қилинди.  Насронийлик ибодатхоналарига унчалик тегмай асосий зарбани Исломга бериб мадраса ва мачитлар бузиб ташланди. Диний илми борлар ўлдирилди, сургун қилинди. Кейинчалик миллийликниёқлайдиган зиёлилар қатағон қилинди. Охирида эса ҳаммани бир четдан жазолайвердилар. Биз эса қўшнимизни олиб кетаётганда ҳам худди бизга навбат келмайдигандай "менга тегмаяпти-ку" деб томошабин бўлиб ўтиравердик. Эртасига эса навбат бизга ҳам келаверди.
Бу билан қониқмаган ювиндихўрлар энди бизни алифбомизга ва исм-шарифимизни ўзгартиришга тушдилар. Бу йўлда ҳам саркашлигимиз туфайли улар катта мувафаққиятга эришишди Ана ўшандан бери бўйнимизда бўйинтуриқдай исм-шарифимизда ўрисча қўшимчани "тақиб" юрибмиз.

Мана шу омиллар ҳаммаси йиғилиб қачон бўлса ҳам, ҳатто ҳужжатимда бўлмаса бошқа жойдадир барибир ўз исм-шарифимдаги ўрислардан қолган қўшимчани олиб ташлаб ёзишга қарор қилган эдим. Орадан йиллар ўтиб шу ишни ахийри ижтимоий тармоқларда бўлса ҳам бажардим. Аммо, ёмони болаларимни ҳаммасида бу ёмон кўрган қўшимчам бор. Ўшанда болаларим туғилган пайтда мен уйдан узоқда бўлганман ва туғилиш ҳақидаги гувоҳномаларни тегишли идорадан отам ёздириб олган. Ўшанда ўзим бўлсам ҳам барибир ўша қўшимчалар болаларимни исм-шарифида ёзиларди. Сабаби....
Сабаби, бир пайтлар бизда ФҲДЁ (ЗАГС) идораларида ҳатто олис туман идораларигача асосан ўрис, ёки татар ёки ўрис ва татардан ҳам баттарлашиб кетган ўзимизнинг "ўриссимон" миллатдошларимиз бўлган опалар ишлашган ва тепамизда ўтирганларнинг қатъий буйруғи билан ҳаммаёқни чалкаштириш ва бўтқа қилиш учун улар янги туғилган қиздир, ўғилдир ота-она айтган исм-шарифни қандай талаффуз қилса шундай бузиб ёзаверган. "Нега хато ёздинг" деб ҳеч ким эътироз ҳам билдирмаган. Эътироз билдирганларга ҳам улар  "кечирасиз адашибмиз" демаган ва хато ёзилганларини ўзгартиришмаган. Шу туфайли бугунги кунда исм-шарифларимиз орасида шунақа ғаройиблари борки, кўриб ҳайрон қоласиз.
Оддийгина Қудратхўжаев фамилиясини бузиб Кодратхаджаев бўлиб кетгани бу кичик бир мисолдир. Бугунги кунда ҳам ФҲДЁ идораларида  ходималар орасида айрим олдингиларидан ҳам баттарлари ишлаётган ҳолатлар бўлмоқда.
Бугунги кунда бизда қоғозбозлик ва бюрократия шунчалик ривожланди-ки, ҳатто исм-шарифдаги битта ҳарфи фарқ қилгани учун ота-болани ота болалигини, ака-укани ака укалигини тан олишмаган жойлари бор. Балки мана шунақа сарсонгарчиликлардан кейин ҳам одамлар "ҳаммаси чалкашиб кетади деб" ҳам исм-шарифини тўғирлашга уринмас.

Яқинда бир жойда шу мавзуда гап чиққанда ўтирганлардан бири "Мен яқинда туғилган фарзандимга гувоҳнома олишда, исм-шарифни ёзишда "ўрисча қўшимчани ёзмайсан" десам ФҲДЁда ўтирган опа "йўқ мумкин эмас бунақа ёзиш" деб қолди. Мен унга Оила кодексини келтириб "Одамларга таҳдид, хавф туғдирмайдиган маънолардаги ва ўзимизни ота-буваларимиздан қолиб келаётган исмлардан фойдаланиб болага исм-шариф танланаверилади" деб ёзиб қўйибди-ку" десам, у "бизга тепадан буйруқ бор, мумкин эмас" деб туриб олди. Охири ўртада бироз баҳслашдик ва менам қўймаганимдан кейин, "Бўпти айтганингдай қилиб ёзиб бераман, аммо сен бориб туман ИИБ ва Миллий хавфсизлик бўлимидан рухсат олиб кел" деди. Айтган жойига бордим, тегишли одамларни олдига кирдим. Улар мендан боламга нега бунақа исм-шариф танлаётганимни сўрашди. Шунда уларга бизни анча йил елкамизда ўтириб зулукдай сўрган ўрисларни ёқтирмаслигимни ва шу туфайли боламга уларни фамилиясидаги қўшимчани беришни ҳоҳламаслигимни ва бундан бошқа сабаб йўқлигини айтдим. Улар рухсат беришди ва мен боламни исм-шарифи ўрисча қўшимчаларсиз ёздирдим. Тегишли идора рухсат бергандан кейин шунчаки қизиқиш учун "Командир ФҲДЁ идораларига  кўрсатма берганларинг ростми?" деб сўрадим. Шунда улар "Бу бўлмаган гап, агар энди одамларни қандай исм қўйиши ҳам бизни назоратимизда бўлса одамлар ўз болаларига "Месси", "Ишани"га ўхшаган бизга ёт бўлган исмларни қўйишига йўл қуярмидик?! Одамлар фарзандларига ўзлари хоҳлаган исм-шарифини танлаяпти-ку. Ўша ФҲДЁда ишлайдиган опа ўзидан, ишидан айрилиб қолишидан қўрқиб шунақа қилган. Бундай топшириқ ҳеч бир ФҲДЁ мудирасига берилмаган" деб жавоб берди. Очиғи қайси бирини гапига ишонишни ҳам билмадим. Аммо боламга ўрисни исм-шарифидаги қўшимчасиз исм-шариф танлаб гувоҳнома олдим" деб гапини тугатди.
Қаранг икки даврда яшаб ишлаганига қарамай иккита ФҲДЁ мудираларининг қанчалик ўхшашлигини.

Энди юқоридаги исму-шарифдаги ўрисча қўшимчаларга келсак, бу бизга керакми ўзи? Мана шу қўшимчалар туфайли ҳам дунёнинг бизни унча танимайдиган жойларида фамилиямизни эшитиб кўпчилик бизни ўрисга чиқариб қўяётгани ҳам бор гап. Биз ҳозир дуёнинг турли жойларида яшаётган миллатдошларимизни ҳам ҳисобласак қарийб эллик миллион ададга етиб қолдик. Шундай экан энди буёғига яна қачонгача ўрисларни исм-шарифидаги қўшимчалардан фойдаланамиз?
Қачон ўзимизни ота-боболаримиз яқин-яқингача фойдаланган "Фалонча, фалонча, фалонча ўғли" тарзидаги ўзимизга хос бўлган исм-шарифга қайтамиз?
Отасининг исм-шарифини англатадиган ва биз "Ўғли" , "O‘g‘li"  тарзида ёзадиган сўзимизни турклар, озарбойжонлар, туркманлар "Оглу" ,"oglu" тарзида ёзишади ва талаффуз қилишади. Қозоқ ва қиргизлар эса бу сўзни "Ули" , "uli", "Улии", "ulii" тарзида ишлатишади. Демак, бизнинг "Ўғли",  "O'g'li" тарзидаги талаффузни биздан бошқа ҳеч ким ишлатмайди. Бу биринчидан. Иккинчидан мабодо ўзимизни эски фамилиямизга қайтсак турк, озорбайжон, туркман тилидаги талаффузга ўхшаш бўлиб қолиши мумкин десангиз, жавобим хўш ўрисча исм-шарифни қўшимчасини кўтариб юргунча ўзимизни қардошларникига ўхшаса нима бўпти? Ота-боболаримиз шундай фойдаланишган-ку. Учинчидан "Ўғли",  "O'g'li" сўзи фақат отасини исми билан ишлатилади ва исму-шарифни ўзи ишлатилганда у ишлатилмай тураверади. Қолаверса "Ўғли", "O'g'li" сўзини ҳозир ҳам отанинг исми билан қўшиб ишлатаяпмиз. Аммо исм-шарифимиздаги русча қўшимчалардан воз кечмаган ҳолда.

Бизни ўз исм-шарифимизга ўрисча қўшимчани олишга бир пайтлар коммунист ювиндихўрлар мажбурлашган экан, хўш энди ўша қўшимчадан воз кечишдан бизни нима қайтараяпти? Бизга ҳозир ҳеч ким ҳеч қандай босим ўтказмаяпти-ку!

Биз, ўзи аслида мен бир пайтлар умид қилганимдек  ўша энди мустақил бўлган пайтларимиздаёқ исм-шарифимиздаги  ўрисча қўшимчадан воз кечиб юборишимиз керак эди. Аммо орадан шунча йиллар ўтгандан кейин ҳам ҳалиям бунга кеч эмас. Биз ўзимизни ўзбекча исм-шарифимизга энди бўлса ҳам қайтишимиз керак.
Яқинда юртимиздаги бир нечта янгилик сайтлари қўшни давлатлардан бирида ҳукумат миқёсида энди бундан буёғига исм-шарифларидаги ўрисча қўшимчалардан бутунлай воз кечиш ҳақида  ҳақида қарор чиққани ва ўша қўшни давлат раҳбари 2007 йилдан бери ўз исм-шарифида ўрисча қўшимчани қўшиб ишлатмаслигини хабар бериб ёзиб чиқишди.
Хўш, қўшни давлатлардан бири шу қарорга келган бўлса, биз энди қачонгача "нимўрис" бўлиб исм-шарифимизда русча қўшимчани кўтариб юрамиз. Ё бизга мустақилликдан кейинги йигирма беш йилимиз ҳам шу ишни қилиш учун кифоя эмасми? Агар кифоя бўлмаса бизга ўз миллий исм-шарифимизга қайтишимиз учун  яна неча йил керак бўлади?

Тўғри, Россияни жудаям қаттиқ яхши кўрадиганларга бу гапим ёқмаса керак. Чунки узоқ муддат қул бўлган инсон қўлидан кишан ечилганига ҳам бир муддат мослашиши қийин бўлади. Ҳатто узоф муддат тақилган кишани ечиб олинганига чидай олмай ўша кишанни бошқатдан тақиб олганлар ҳам йўқ эмас.
(Кейин бу ерда Россияни қанақалигини эмас, балки ўзимизни миллий исм-шариф қўллаш услубимизга қайтишдан фикр юритаяпман).

Фейсбукда жудаям кўп яхши инсонлар билан танишдим. Шулардан бири Абдувоҳид деган ўртоғимдир. У билан биринчи танишиб кўришганимизда ёнидагиларга мени "Танишинглар бу киши Ғайрат Йўлдош бўладилар" деб бошқаларга таништирганда  ўз исм-шарифимни ўрисча қўшимчаларсиз бошқанинг тилидан эшитиб ғалати бўлиб кетганман. Кишани ечилган қулни аҳволига тушганман.  Кейинчалик бу ҳолга кўникдим. Энди эса фахрланаман. Ҳа шундай, ҳатто ижтимоий тармоқларда бўлса-да исм-шарифимдаги ўрисча қўшимчадан қутилганимга, ўзимизни миллатга хос исму-шарифда юрганимдан фахрланаман. Ва хоҳлайман-ки яқин вақтларда  ҳукуматимиз ҳам мана шу масалани яна бир бор кўриб чиқади ва яқин йилларда биз исм-шарифимиздаги ўрисларни қўшимчасидан батамом қутиламиз.

Сўнгги сўз. Албатта ҳозирги кунда бу масаладан бошқа кўплаб ечимини кутаётган масалалар бор. Уларни олдида бу масала жудаям арзимасдир. Аммо ишонинг мен ҳаммамизни ўз уйимизда ҳам, ёки хориждаги катта-катта минбарларда миллий исм-шариф чиқишларини, спорт мусобақаларида ҳам миллий исм-шариф билан қатнашишларини жудаям ҳоҳлайман.
Мен нафақат ижтимоий тармоқларда, балки паспортим бўйича ҳам Ғайрат Йўлдош  бўлиб юришни ҳоҳлайман. Сизчи азиз миллатдошларим?

среда, 27 апреля 2016 г.

"БОЛАЛАРГА..... МАЙДОННИ БЕРИНГ!"

Яқиндан бошлаб қишлоғимизда қурилган сунъий майдонли ихчам стадионда футбол ўйнай бошладик.
Охирги марта футбол ўйнаганимни эслаб кўрсам анча бўлган экан. Тирикчилик дегандай вақт бўлмабди. Вақт бўлганда эса футбол ўйнашга жой йўқ эди. Маҳалламиздаги мактаб стадионини мактабга ёндош бўлмай, кўчани бу тарафида жойлашгани туфайли ўша пайтларда бир "ёзувчи" отахон "бозор қураман" деб тортиб олиб ўғилларига ҳовли қилиб берди. Собиқ Иттифоқ даврида колхоз томонидан хўжамкўрсинга бўлса-да қурилган катта ўлчамли стадионимизни ўрнига эса бошқа жой топа олишмагани учун коллеж қуриб юборишди. Шу туфайли анча йил бўлди, биз стадионсиз қолиб кетдик.

Эсимда, ўша стадионимиз мактаб ҳовлисидан ташқарида эди ва биз у ерда ҳоҳлаганимизча футбол ўйнардик. Катталар эса "колхоз стадиони" номи билан номланадиган стадионда, гоҳида эса ана шу стадионда футбол ўйнашарди. Энг муҳими у стадионда биз эркин эдик. Яна у стадион мактаб ҳовлисини ичида бўлмагани учун маҳалла стадиони вазифасини ҳам бажарарди. Куни билан биз болалар футбол ўйнасак, кечки пайт катталар ўйнашарди биз қизиқиб томоша қилардик. Ҳозирги кунда кўпгина маҳаллаларимизда мана шундай оддийгина "иккита устуни ва уларни тепасига қоқилган битта тўсини бор" маҳалла стадионлари етишмаяпти.

Тўғри, ҳозир ҳар қадамда, юртимизни чекка-чекка ҳудудларигача сунъий қопламали майдончалар қурилди. Уларни жудаям қулай ва ихчамлигини айтмайсизми?! Оёғ ости чанг, лой бўлади демайсиз, тошдай ерга йиқилиб жароҳат оламан деган хавф йўқ. Яна буни устига ихчамлиги туфайли катта югуриб чарчашмайсиз. Майдон марказидан йигирма қадам чопса ҳужумга ўтиб кетади, орқага йигирма қадам қўйса ҳимояга қайтиб келади.  Бир сўз билан айтганда ҳаммаси ажойиб. Аммо суъний қопламали бу замонавий мини стадионларнинг аксарияти пуллик ва болаларнинг уёқда турсин ҳатто катталарнинг ҳам кўпчилигида у стадионларда доимо пул тўлаб футбол ўйнашга имкониятлари йўқ. Пул топганда бориб ўйнашади, топилмаганда боришмайди.

Ану куни маҳалла марказига чиқсам турли ёшдаги маҳалладошларим йиғилишиб туришган экан. Ўн беш ёшли боладан, буёғи қирқ ёшгача бўлган одамлар. Футболга боришаётган экан. Жамоалар тўлиқ бўлиши учун икки-учта одам етишмаётган экан. Бориб мен қўшилдим, яна битта бола келиб қўшилди. Энди яна бир кишини топишимиз керак. Маҳалла маркази бўлгани учун атрофда болалар кўп эди. Шу пайт орамиздан кимдир "Фалончани чақирайлик, боради у, ўзиям зўр ўйнайди" деб қолди. Ўша болани чақиришди. У келиб ҳаммамиз билан сўрашиб бўлганидан сўнг "Акалар раҳмат, аммо чўнтагимда бир сўм ҳам пулим йўқ , боролмайман" деди. Шунда биз унга, "пул керак эмаслигини, стадион ҳаққини ўн икки кишига эмас, ўн бир кишига бўлиб юборишимизни, шу учун биз билан бораверишини айтдик. Аммо у "Раҳмат акалар, ўзи шундоқ ҳам неча марта мени пулим йўқлигида қўллаб юборгансизлар, аммо энди яна сизларга юк бўлиб бора олмайман" деди. Шунда унга биз билан юраверишини, агар у бормаса ҳам жамоаларни тўлиқ қилиш учун стадион атрофида юрганларнинг биттасини шундоқ ҳам пулсиз қўшиб олиб ўйнатишга мажбур бўлишимизни айтдик. Аммо у барибир кўнмади ва "акалар мени тўғри тушунинглар футбол ўйнаш жони дилим, ҳатто тўрт-беш соатлаб ҳам ўйнайверишим мумкин, аммо ишонинглар шу футбол ўйини деб ота-онам ўзимни харажатларимга деб берган пулларни ҳам футболни вақтига тўлаб юбораяпман, пулим тугаганда эса сизлар қўллаяпсизлар ва бир неча маротабалаб бепул ҳам ўйнаб келаяпман, энди футбол ўйнашни бироз камайтиришим керак, узр бора олмайман" деди-ю олдимиздан нари кетди.
Уни гаплари ҳаммамизни ўйлантириб қўйди. Чунки ҳаммамизда ҳам ҳафтасига 2-3 кун пул тўлаб футбол ўйнаш учун имконият бўлмайди. Шу учун ҳам маҳаллада доимий жамоамиз йўқ. Ким пул топса бориб футбол ўйнайди. Пул тополмаганида эса бормайди. Ҳозир ҳам икки кун олдин биз билан бирга футбол ўйнаган болалардан тўрт-бештаси кўринмаяпти. Балки улар пул топа олишмагани учун келишмагандир.

Энди асосий гапга ўтсам.
Бизнинг мамлакатимизда футбол биринчи рақамли спорт тури ҳисобланади. Аммо кўриб, билганларим бўйича айта оламан, бизда болалар футболига эътибор умуман йўқ.
Хўш, болалар футболига эътибор нима билан яхши бўлади? Албатта футбол майдони ва  майдончалари билан.
Агар биз ўз футболимизни "болалар футболи", "ўсмирлар футболи", "ёшлар футболи" ва ниҳоят "катталар футболи" деб поғоналарга ажратсак, биринчи навбатда болалар футболига эътибор йўқлигини кўрамиз.
Масалан, вилоятларда, туманлардаги аксарият мактабларни спорт майдончалари умуман хароб бир аҳволда. Ҳатто қанчадир  фоиз мактабларда ўша спорт майдончасини ўзи ҳам йўқ. Чунки баъзи ҳудудларда аҳоли кўп ва зич жойлашгани учун эскитдан мактабда спорт майдончаси бўлмаган, ёки ўша аҳоли зичроқ жойлашган ҳудудлардаги катта кўчалар ёқасидаги мактабларни  аксариятида мактаб атрофига турли тадбиркор акалар ҳар хил дўконлар қуриб олиб мактаб териториясидан қўшиб олаверганлари туфайли ёки ҳатто мактаб ҳудудини одамлар ўз ҳовлисига қўшиб олган жойлар бор, мактаб ҳовлиси торайиб қолган ва спорт майдончалари ўз-ўзидан қисқариб йўқ бўлиб кетаверган.
Мактаблардаги спорт майдончасида стадиони ҳам борларида ҳам, ўша стадионларнинг аҳволи анча хароб. Ёзда чанг, ёғингарчиликда лой бўлиб, ёққан ёмғир натижасида ҳосил бўлган кўлмаклар ҳатто ёмғир ёғиб ўтиб кетгандан кейин ҳам бир неча кун турадиган даражада бўлиб кетган.

Эсимда 2004-2010 йилларда давлат дастури асосида мактаблар эскилари бузилиб янгитдан қурилди, ёки капитал таъмирланди. Ўша дастурга мувофиқ баъзи мактабларда спорт заллари ҳам қурилди ёки навбати билан қуриб келинмоқда. Аммо, барибир у спорт залларини футболга алоқаси йўқ. Чунки кўп жойларда гувоҳи бўлдим ундай спорт заллар "мактабга бўлаверади" қабилида жудаям кичик қилиб қурилмоқда ва уларнинг аксариятида футбол ўйнашни умуман иложи йўқ.

Шу ерда сиз ўзингиз кўрган жойингиздаги мактабни мисол келтириб "Мана мен яшаётган ҳудуддаги мактабда спорт зал анча катта қурилган ва ичида футбол ўйнаса ҳам бўлади" дейишга шошилманг. Чунки ўша сиз назарда тутаётган жойдаги мактабнинг спорт залида футбол ўйнаш учун шароит бўлсада болалар барибир футбол ўйнай олишмайди.
Чунки ўша спорт зали куни билан икки сменада ўқийдиган болаларни жисмоний тарбия фанидан бўшамайди. Мактабда ўқиш бўлмаганда ёки тушдан кейин кечроқ энди қоровул спорт зали уёқда турсин, ҳатто мактабни ҳовлисига ҳам ҳеч кимни ҳатто у мактаб ўқувчисини бўлса-да қўймайди.

Жойлардаги коллежларда ҳам аҳвол шу. Спорт зали уёқда турсин, ҳатто коллеж ҳовлисида жойлашган стадионларга ҳам кўчадан борган ҳар кимни бориб футбол ўйнашига ёки спортнинг бошқа турлари билан шуғулланишлари учун қўйишмайди. Коллежлардаги спорт иншоотлари фақат ўша ерда таълим оладиганлар учундир. Бегоналар учун эмас.

Энди бошимиздан дўппини олиб қўйиб, яхшилаб бир ўйлаб кўрайлик.
Мактабларни баъзиларида спорт заллари ёки спорт майдончалари бўлмаса, борларида эса жисмоний тарбия дарси ўтилиши муносабати билан спорт майдончалари ва заллари банд бўлса, коллеж ва лицейлар ўзида таълим олаётганлардан бошқаларни ўзининг ҳудудидаги, ўзига тегишли спорт майдончалари ва залларига "бегоналар"ни киритмаса, маҳаллаларда "бой ака"лар томонидан қурилаётган сунъий чимли замонавий ихчам мини стадионлар соати "фалон пул" бўлса болалар футболни қайерда ўйнасин?

Хўш, шундай ҳолатда биз "футбол мамлакати" бўла оламизми?
Неча марталаб қишлоқ кўчаларида болалар футбол ўйнашга жой топа олмай кўчани икки тарафида дарвоза ўрнида иккитадан тош қўйиб копток тепаётганларига кўзим тушади.(ҳатто ҳозир ҳам) Хўш, Жаҳон Чемпионатига чиқишни орзу қилишдан аввал ана ўша болаларга қишлоқ четидан бўлса ҳам иккитагина ёғоч устинни устига битта тўсинни қоқиштириб, уларга футбол ўйнашга жой қилиб бериб, уларни келажакда футбол билан жиддий шуғулланишлари учун тамал тошларини қўйиб берсак, ёки улар футболчи бўлишмаса ҳам соғлом бир миллат вояга етишишига сабабчи бўлсак яхши эмасми!?
Айтишингиз мумкин, "бу жуда катта муаммо эмас-ку, бориб иккита устунни тепасига битта тўсинни маҳаллани футболсеварлари ҳам қоқиштириб, болаларга футбол майдони қилиб берсалар бўлади-ку" деб. Бу гап айтишга осон. Чунки, аҳоли зич жойлашган ҳудудларнинг аксариятида маҳаллаларда болаларга иккита устунга битта тўсинни шундоқ қоқиб футбол майдончаси қилиб бераётган ер майдонининг ўзи қолмаган. Ҳаммаси одамлар томонидан ўй ёки бошқа бинолар қурилиб эгалланиб бўлинган. Қишлоқ четига қилиш керак десангиз, ундай аҳоли зич жойларда қишлоқ тугагандан эса фермер акаларни ерлари бошланади ва ундай ерлардан ҳатто битта кичкина иккита устун ва уларни тепасига қоқилган битта тўсинли дарвозаси бор стадионча учун ер олиш учун эҳҳе қанчалик қоғозбозлик қилиб, ҳокимиятдан бошлаб нечталаб идораларнинг эшигида сарғаясиз. Аммо ўшанда ҳам, турли жойлардаги турли маъсул шахсларнинг эътиборсизлиги туфайли ўйлаган режангиз амалга ошмасдан болалар янги спорт майдончасига эга бўлмай, стадионни тушларида кўриб, яна ўша ўзларини жонажон кўчаларида, дарвоза ўрнига иккита тош қўйилган майдончаларида футбол ўйнаб юраверадилар.

Бу муаммони ечими ҳам бор. Бу муаммони ҳал қилиб, мамлакатимизни ҳақиқий маънода "футбол мамлакати" даражасига чиқариш учун футбол ҳақида олдин ҳам бир неча бор турли қарорлар қабул қилган Вазирлар Маҳкамаси янги болалар футболини ривожлантириш ҳақида қарор қабул қилиши ва туман ҳокимларига бир йиллик муҳлат берилиб, ҳар бир маҳаллада оддий, ёзда чанг, қишда лой бўлса ҳам эркин ва пул тўламасдан текинга футбол ўйнайдиган, иккита устуни ва тепасида тўсини қоқилган жўн ва оддий битта футбол майдончасига (эътибор беринг, "майдонига" демаяпман, "майдончасига" деяпман) ер ажратиш ва ўша оддий бўлса-да маҳалла учун футбол майдончасини қуриб беришни назорат қилиш вазифалари қўйиши керак. Кейин ўша берилган муҳлат давомида маҳалла учун қурилаётган стадионларни қурилишини, уларга ер ажратилишини назорат қилиб бориши керак. Ҳозир кўп жойларда, маҳаллаларда битта футбол майдончаси қуриш учун "кимлардир" эга бўлиб ўтирган ташландиқ, ёки фойдаланилмаётган ерлар бор. Ана ўша ерларни "эгаси"дан халқ минг зўр бўлмасин, футбол майдончаси қуриш учун ер ололмайди. Агар шу ишга ҳокимиятлар аралашса, ерни ажратиб берса бўлди, футбол майдончасини футболни жондан яхши кўрадиган халқимизни ўзи фарзандлари учун ҳашар йўли билан қилиб олади. Муаммо аҳоли зич жойлашган ҳудудларда стадион учун ер майдони топишдадир. Агар маҳаллий ҳокимиятлар аралашса, бундай ерларни топиш ва у ерларда оддий футбол майдончаларини қуриш жудаям қийин иш эмас.

Яъни соддароқ айтганда "битта маҳаллага - битта футбол майдончаси" шиори билан юқоридаги ишлар қилиниши керак ва мамлакатимиздаги ҳар бир маҳаллага мактаб ва коллежларникидан ёки суъний мини стадионлардан ташқари, болалалар ҳоҳлаган пайтида футбол ўйнай оладиган оддий бир стадион бўлиши керак Ана шунда мактаб ва коллежларнинг футбол майдонларига кира олмайдиган, ҳаммаси пуллик бўлган суъний мини стадионда футбол ўйнашга ҳар доим ҳам пул топа олмайдиган маҳаллани каттадан кичиги ўша футбол майдонида вақтига қараб бемалол тўп тепаверади.

Бу ёзганларимни кўриб, қайерлардадир қишлоқларда, маҳаллаларда  ажойиб спорт майдончалари, футбол майдончалари, спорт иншоотларида ўзлари, ёки фарзандлари спорт билан шуғулланиб юрганлар "муаллиф ошириб юборибди-ю, мана биз, ёки бизнинг фарзандларимиз замонавий спорт мажмуаларида, спорт ва футбол майдончаларида шуғулланаяпти-ю" деб, мени муболаға қилишда айбламанглар. Чунки сизни қишлоғингизда футбол ва спорт майдончалари, спорт иншоотлари қурилган ва ҳаммаси етарли бўлса, сал нарироқдаги сизга қўшни бўлган қишлоқда ана шундай футбол ва спорт майдончалари йўқ.  Уларнининг болалари сизни маҳаллангизга, ёки қишлоғингизга меҳмон бўлиб келса "Эҳ, қанийди бизда ҳам мана шундай футбол ва спорт майдончалари бўлса" деб ҳавас қилиб кетишмоқда.
Айтишингиз мумкин, "Улар сабр қилишсин, навбати билан уларда ҳам қурилади" деб. Тўғри навбати билан уларга ҳам қурилар, аммо ҳозирча уларга ўша замонавий футбол ва спорт майдончалари қурилганча иккита устун ва уларни устига қоқилган тўсинли дарвозаси бор оддий стадионни қилиб беравериш керак. Ана шунда юртимизда болалар футболи янги босқичга чиқади. Болаларимиз футбол билан кўпроқ ва тинимсиз шуғулланиш имкониятига эга бўлишади. Энг муҳими келажак авлод соғлом фикрлайдиган ва соғлом танли авлод бўлади.

Юқорида мен ҳам футбол ўйнаяпман дедим. Бошқалар қатори мен ҳам нариги маҳалладаги суъний чимли мини стадионда пул тўлаб футбол ўйнаяпман. Аммо ишонинг, замонавий стадионда ўша бир пайтлар маҳалламиздаги иккита устуни ва уларнинг устига қоқилган битта тўсинидан бошқа ҳеч нарсаси бўлмаган стадионда футбол ўйнаб олган завқни ололмаяпман. Балки пуллик эканлиги учундир. Аммо ишонинг мен ўша оддийгина стадионимизни жудаям соғиндим. Айтгунча у стадионни маҳалламиздаги анча йиллардан бери стадионсиз қолиб кетган болалар ҳам соғинишган. Жудаям соғинишган.

Сўнгги сўз: Қайсидир бир машҳур кишини "Болаларга дунёни беринг" деб бошланувчи машҳур цитатаси бор эди. Мен шу цитатани сўзларини бошқачароқ талқинда "Болаларга майдонни беринг..., футболни донғини шулар чиқазишади" дейман.

Ҳа "Болаларга майдонни беринг....."