пятница, 12 февраля 2016 г.

"АРАБ БАҲОРИ!"

"АРАБ БАҲОРИ"

"Араб баҳори"- бу сўз ҳам тарих китобларига мусулмон  ўлкаларнинг катта бир фожиаси юз берган баҳор ўлароқ ёзилди.

Мен "Араб баҳори"ни ҳеч ҳам тушунмаганман. Ҳеч ҳам ҳазм қила олмаганман. Чунки мени билганим ва тушунганим бўйича мусулмон киши агар бўйнига қилич қўйилиб, "динингдан кеч" дейилмаса сабр қилиши керак бўлади.
Ҳазм қила олмаганим "Араб баҳори" бошланган Тунис, Ливия Миср, Сурия давлатларида мусулмонларни бўйнига ҳеч ким қилич қўйиб, "динингдан кеч" демаётган эди.
Хўш, унда демак, намойишлар, қаршиликлар ижтимоий адолатни йўқлиги ва қорин дардида бошланган бўлиб чиқаяптими?
Мен тўғри тушунаяпманми?
Ҳа шундай, ўша юқоридаги давлатларда одамлар ўз дини учун эмас, қорин ғамида, ёки янада фаровон ҳаётни истаб кўчага намойишга чиқди.
Мени билишимча эса, бу нотўғри эди. Ҳа бу иш "Мўмин битта ичаги тўйгунча ейди" ёки "Икки кишини овқати уч кишига ҳам етади" деб марҳамат қилган ва умрлари давомида бирон марта қорнилари тўйиб кетгулик даражада овқат емаган, ҳатто Мадинада қийинчилик пайтларда қоринларига тош боғлаб юрган ва қаноатдан улкан ибратлар бериб кетган Пайғамбаримиз Росулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васалламнининг кўрсатмаларига зид эмасмиди?
(Шу ўринда "ўша пайтда вазият тақозо қилган, энди эса мўл-кўлчиликда кўп нарса емасдан ўзини тийиб юриш ахмоқлик" дейдиганларга  айтаман: Тўғри, аммо бор ҳолича еб, йўғига ёки камига сабр қилиш ҳам бизга суннат эмасмиди?

Ёки дунёни ярмини фатҳ қилиб, Мадинага мол-дунё анҳорда оққандай оқиб келганда ҳам, ўз турмуш тарзини ўзгартирмай "Мен икки соҳибимни олдига уларга муносиб ҳолда боришни ҳоҳлайман" деб, ҳеч қачон бир пайтда икки хил таом емаган ва халифа ҳолида, шаҳид бўлгунча эгнида ямоқ кийимини ечмаган Ҳазрати Умар розиаллоҳу анҳуни эслайлик.
Ёки умрини охиригача, уйида хизматини қилиб юрган қули кийишга орланган кийимни эгнига кийиб "Бир пайтлар Мадинада турмушга узатилаётган қизлар турмушга чиқаётганида бу кўйлагимни сўраб олиб, кийиб, узатилиб бориларди. Уларни сонини аниқ билмайман-у, аммо элликтадан ошиқ эди" деб айтган ва  Ислом ўлкаларини турли бурчакларидан ўзига келадиган озиқ-овқат, олтин-кумушлар ва кийим-кечакларни тезда эҳсон қилиб тарқатиб юбориб,  кийиниши ва овқатланишини Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидагидан асло зиёда қилмаган Оиша розиаллоҳу анҳо онамизни эслайлик. Уларда нафс йўқ эдими?
Улардаям нафс бор эди. Аммо тақво Аллоҳ ва Унинг Расулига бўлган муҳаббат ҳаммасидан кучли эди.
"Ҳа энди уларнинг бири Умар розиаллоҳу анҳу, бирлари эса Оиша розиаллоҳу анҳо эдилар. Биз улардай бўла олмаймиз" дейишга шошилманг. Тўғри сиз улардай бўла олмайсиз. Аммо уларга эргашишга, улардан ўрнак олишга сизни ким қайтараяпти?

Энди, яна "Араб баҳори"га қайтамиз.
Бу "баҳор" оқибатда мусулмон ўлкаларга шунчалик кўп кулфатлар келтирди-ки, қани эди ўша "баҳор" бўлмаганда эди.
Бу "баҳор" натижасида Мисрда қанчалаб инсонлар қатл қилинди, ўлдирилди.
Бу "баҳор" натижасида Ливия батамом вайрона ва нотинчлик ўлкасига айланди.
Бу "баҳор" натижасида Суриядаги аҳволни кўриб турибсизлар.
Эсланг, ўша жоҳил оломонни қорин дардида кўчага чиққанини ва биринчи бўлиб "Араб баҳори" деб, ким номлаганини. Албатта манфур яҳудийлар бошлиқ Ғарб ОАВ ларидир.
Эсланг, бу "баҳорни" қўллаб қувватлвб энг кўп ёритган бу- яна ўша Ғарбнинг ОАВлари эди.
Эсланг бу "баҳор"ларни энг кўп қўллаб-қувватлаб, ўша қорин дардида кўчага чиққанларни қўлларига қурол-яроқ тутқазган ва иккита мусулмонни бир-бирини ўлдиришга гиж-гижлаган ҳам ўшалар эди. Наҳотки кечагина улар билан иймон кўпригининг устида "Сизнинг динингиз ўзингиз учун, бизнинг динимиз ўзимиз учун" деб жанглар олиб борган мусулмонлар, энди осонгина уларни гиж-гижлашига учиб, ўз биродарини ўлдириб дўзахи бўлса. Бундан ортиқ кулфат борми?

Ўша "баҳор"дан кейин мусулмон ўлкаларнинг ўша "баҳор" содир бўлганлари Ғарбнинг манфур ва олчоқ давлатлари томонидан вайрон қилинди, таланди. Энг ёмони бу ҳанузгача давом этаяпти.
Мени энг ажаблантиргани ва афсуслантиргани  шу "баҳор" юз бергунча Ғарбнинг манфур давлатлари АҚШ бошчилигида Афғонистон ва Ироқни вайрон қилиб бўлганди. Энди навбат ўша "Араб баҳори" содир этилган давлатларга келаётган эди. Буни тахмин қилиш учун киши олим бўлиши шарт эмас эди. Чунки юқорида таъкидлаганимдай халқни қутқуга солиб, қўлига қурол беришни бошлашганини ўзиёқ Ливия, Тунис, Миср, Сурия халқини хавотирга ва ҳушёрликка чорлаши керак эди. Улар Афғонистон ва Ироқ воқеаларидан етарли хулоса чиқаришлари керак эди. Аммо воқеалар тескари йўналишга айланиб кетди. "Тўполончи халқлар" эса, ўша ишларнинг жароҳат ва асоратини ўз таналарида миллионлаб қочоқлар, миллионлаб ҳалок бўлганлар, тул ва етим қолганлар орқали татиб кўрмоқдалар.

Эсимда, ўша "Араб баҳори" бошланганда бу иш хато бўлганини айтиб, ёзиб кўпгина "Ватанпарвар"лар билан баҳслашганман. Аммо уларга ўз фикримни қабул қилдира олмаганман. Уларни аксарияти ўз фикрида қолган ва "улар тўғри қилишаяпти" деб мени енгмоқчи бўлганлар.
Аслида эса ўша пайтда уларга тўғри гапни тушунтириб бўлмас эди, вақт керак эди. Мана ўша вақт ўтиб, ўша даврлар ҳам келди. Мана энди кимни кимлигини билиш, баҳолаш мумкин.
Аммо шаҳид кетганларни ортга қайтариб бўлармикан?
Энг ёмони лаънати яҳудлар бошлиқ ҒАРБ давлатларини етказган маьнавий ва моддий қийматларини ким тўларкин?

(Аслида бу қораламалар олдинроқ ёзишим керак эди. Аммо ёза олмаган эдим. Бугунги кунда Суриядаги бомба остида қолиб, танаси парча-парча бўлиб кетаётган норасида болалар, касалманд-бемор кишилар, қарияларни аҳволини кўриб, тинч аҳолини бомбардимон қилиб юришганини кўриб чидай олмай ёздим.
Аллоҳим мазлумларга Ўзинг раҳм қил. Улар тепасидан бомба улоқтирганларга Ўзинг кифоя қилгин.)

"КЕСАРЧА"

"КЕСАРЧА"

(Ёки айрим виждонсиз духтирларнинг жиноятлари ҳақида!)

"Кесарча" нима экан деб, ҳайрон бўлаяпсизми? "Кесарча"-бу ҳомиладор аёлни туғруқ пайтида турли сабабларга кўра, ўзи туға олмаган боласини операция қилиб олишнинг номи. Шу тобда нега "Кесарча"ни эслаб қолганимга, бу ҳақда ёзаётганимга жиддийдан ҳам жиддийроқ сабаблар бор. Ўзи аслида бу ҳақда батафсил ёзиш ниятим бор эди, аммо орқага суриб келаётган эдим. Аммо ҳозир Nargiza Usanboyeva нинг бир гуруҳда ўз синглисининг бошига тушган воқеаларни ёзганини ўқидиму жим тура олмадим.

Дунёдаги мен ҳурмат ва ҳавас қиладиган касблардан бири бу тиббиёт вакиллари. Чунки, улар доим инсонларни соғлигини ўйлаб, доим уларга ёрдам беришга ҳаракат қилиб фидокорлик кўрсатадилар. Аммо уларнинг ораларида ҳам шундай ноинсоф ва виждониниям, иймониниям пулга қўшиб сотиб, одамларни даволаш ўрнига, уларни жонига қасд қилиб қотиллик қилиб юрганлари ҳам кўп. Нафс қулига айланган инсон жамият учун, одамлар учун, энг хавфли душмандан ҳам баттарроқдир. Чунки душманни душманлиги аниқ. Нафс қулига айланган инсон эса ўзини ёнингизда дўстдай тутсада аммо "ҳаққини" бермасангиз, ҳатто сизни жонингизга тажовуз қилишдан ҳам қайтмайди. Айниқса у қўлида тиғ ушлаган духтир бўлса, янада ёмон. Чунки одамни бўшаштирадиган уколни олиб, уни тиғини остида ётганингиздан кейин, у ҳоҳлаганини қилади. Ҳоҳласа ўлдиради, ҳоҳласа тирилтиради. Буёғи "ҳаққини" беришингизга боғлиқ.

Энди асосий гапга ўтаман. Анча йиллардан бери Ўзбекистонни ҳамма минтақаларида, ҳомиладор аёлларни туғиш пайтида, оқ халатли, нафсига қул бўлган, жирканч духтирлар томонидан мудҳиш бир жиноятлар қилинмоқдаки, бу ҳақда бошқа жим ўтириб бўлмайди.
Гап шундаки, айрим оқ халатли жирканч жиноятчилар туғриқхонага туғиш учун келган соғлом аёлларни, пул учун, "ўзингиз туға олмайсиз, болани операция қилиб олиш керак, бўлмаса оқибати ёмон бўлиши мумкин"- деб қўрқитиб ўзи туға оладиганларини ҳам қорнини ёриб "Кесарча" йўли билан боласини олмоқдалар.

"Бу ерда пулни нима аҳамияти бор"-дейсизми? Бу ерда пулни аҳамияти шундан иборатки, агар бир аёл ўзи туға олса, ҳамшира ва духтирларга арзимаган суюнчи пули беради холос.
(Суюнчи пулини "арзимас" деяпману, аммо у пул духтирлар учун арзимас пул. Аммо кўп оилалар ўша арзимас пулни топа олмай, кимдандир қарз олиб обориб бераётганлар ҳам бор. Кейин анча йиллар бўлиб кетди, бунақа "суюнчи пуллари"ни олиш туғруқхоналарда мажбурий бўлиб кетди. Йўқ , ўша суюнчи пулини бермасангиз ҳам ҳеч ким, ҳеч нарса дея олмайди. Аммо туққан аёлларда "шу суюнчи пулини бермасам, аламига боламга нимадир зарар етказишдан ҳам қайтмайди булар"- деган хавотир жудаям кучли. Шу учун унақа суюнчи пулларини қарз олиб бўлсада, олиб келиб ҳамшира ва духтирларга беришади. )
Агар ўзи соғлом туға оладиган аёлни табий туғдирмай, "кесарча" йўли билан операция қилсалар, энди суюнчи пули эмас, балки "операция ҳаққи" олишади.

Аммо, ўз нафсини қули бўлган айрим духтирлар, бу берилаётган суюнчи пулини кам санаб, туғадиган аёлларни кўпроқ пулини олиш учун, жирканчдан жирканч ишларга ҳам қўл уришмоқда. Бу ишлардан энг асосийси, юқорида ёзганим, соғлом ҳолда бўлиб, ўзи ҳам туға оладиган аёлларнинг баъзиларини "сиз ўзингиз туға олмайсиз, бу соғлигингизга жиддий хавф бўлиши мумкин, шу учун болангизни кесиб оламиз"- деб, соғлом, ўзи туға оладиган айрим оналарни ҳам операция қилиб боласини олаётганларидир. Бунда энди пациент оддий суюнчи пули билан қутилмайди. Ҳа, суюнчи пули билан қутила олмайди. Энди, операция бўлгандан кейин, соғлом ҳолида қорни кесилган онанинг яқинлари операцияни қилган духтирни рози қилиш учун яхшигина пулни беришади. Ҳа, ўзларида бўлмаса қарзга олиб бўлса ҳам олиб келиб беришади. Ҳеч ким қарз бермаса, нималаринидир сотиб бўлса ҳам, духтирни ҳаққини барибир олиб келиб беришади. Улар шунга мажбурдирлар. Чунки бунақа ишларни нархи ва ҳаққи операциядан олдин "келишилади".

Ноинсофликни, виждонсизликни, орсизликни қарангки, ёлғон аралаштириб, бир тарафдан соғлом аёлни қорини кесиб, яримта қилиб, иккинчи тарафдан "сенга хизмат қилдим, болангни қорнингдан кесиб бўлсада эсон-омон олиб бердим"- деб, уни пули олинмоқда. Ҳа, ҳам уни қорнини кесиб яримта қилинмоқда, ҳам ўша "жинояти" учун уни "рози қилиб" пули олинмоқда.
Бу жиноятни, бу бедодлик, бу виждонсизликни, бу разилликни охири борми? У разил Худодан қўрқмайдими. Унга ўша "ёлғон сценарий"да ёрдам бераётганларни, у билан шерикчилик қилиб, унга қайчи узатиб турганларни, ундан тепада ўтириб, ундан "ҳаққини олиб" мана шунақа жиноятни содир этганини кўра била туриб, кўрмасликка олаётганларни шунчалик ҳам Худо уриб қўйибдими? Уларни нафс йўлида мана шунақа жиноят қилаётгаларини ҳаққи бир кун келиб олинишини, ҳаммаси учун, аввало бу дунёда, кейин эса Охиратда жавоб беришларини, қасослар бир кун келиб, албатта олинишидан улар наҳотки билишмаса?

Бу юқорида ёзганим, яъни бир соғлом аёлни ҳам яримта қилиш, ҳам пулини олиш масалани бир томонидир. Масаланининг иккинчи томони эса бунданда аянчлироқдир. Чунки ўша виждон, иймон, инсоф, одамийлик, ҳамма-ҳаммаси пулга қўшиб сотиб юборилиб, соғлом бир аёлни яримта қилиб қўйиш жараёнида, уни, ёки уни боласини, эҳтиётсизлик оқибатида батамом ногирон қилиб қўйиш, ёки минг афсуслар бўлсин-ки, ўлдириб қўйиш ҳолатлари ҳам учраяпти.
Тушунаяпсизми, эътибор бераяпсизми, пул учун, нафс учун, онгли равишда қотиллик, ёки жонга қасд қилиш ҳодисаси содир бўлаяпти. Операция вақтида у, ёки бу ички аъзосини жароҳатлаб қўйишлари, ёки болани жароҳатлаб қўйишлари оқибатида она ва боладан биттаси ё вафот этаяпти, ёки бир умрга ногирон бўлиб қолаяпти.
Виждонсизлик, орсизлик, инсофсизлик шунчалик ҳам бўладими?

Шу ўринда муштарийларда "муаллиф ошириб юборибдику"- деган фикр келаётган бўлиши ҳам мумкин. Аммо шахсан ўзим шунақа ҳолатдан иккитасига гувоҳ бўлганман. Бир неча йил олдин маҳалладаги иккита аёлда шунга ўхшаш ҳолат содир бўлди.
Биттасини соғлом ҳолида "кесарча" қилиб, операция пайтида эҳтиётсизлик туфайли, болага жароҳат етказиб, болани онасини қўлига ўлдириб бердилар.
Иккинчисини эса, аёлни соғлом ҳолида "кесарча" қилиб, духтирлар операция пайтида эҳтиётсизлик қилиб, сийдик чиқариш каналини ҳам қўшиб тикиб юбориб, буни оқибатида сийдик аёлни қовуғига тушмай, қонга ўтиб, қонни заҳарлаб шу сабаб туфайли вафот этди.

Ҳар икки ҳолатда ҳам ҳужжатлар, бу ишларда духтирларнинг айбсизлиги ҳақида тўғирланиб қўйилган экан. Биринчисида боласи ўлган аёлнинг яқинлари кўп югуришди ва ўша аёл духтирни ишдан четлаттиришди. Аммо қамата олишмади. Қизиғи, ишдан ҳайдалган духтир опа, орасини бироз совутиб, икки йилдан кейин, яна ўша жойга ишига жойлашиб олди. Айтишларича ҳалиям ақлини йиғмаган ва ҳануз соғлом аёлларни пул учун, ёлғондан қўрқитиб, қорнини кесиб, боласини олиб, ўзларини яримта қилиб юрибди.
Иккинчисида эса вафот этган аёлнинг яқинлари ҳодисани Худога солишди, қўйишди. Марҳумани кўмиб келишгандан уч-тўрт кун ўтиб, уни операциясида қатнашган ҳамшира аёл келиб, марҳуманинг яқинларидан, онасиз бўзлаб қолган болаларидан йиғлаб, кечирим сўраб, "марҳумани нафс қутқусига учиб операция қилишди, аслида операцияга ҳожат йўқ эди, ўзи ҳам туға оларди"-деб кетибди.
Мана нафсига берилган айрим оқ халатли, одамларнинг соғлиги учун ёрдам бераётган духтирларнинг аҳволи. Одамларимизнинг лоқайдликлари, тепадагиларнинг унга шерикликлари сабаб, индамасликлари туфайли улар ўз виждонларини, инсофларини, одамийликларини юқотиб қотиллик қилмоқдалар. Кимларнидир жонларига, танларига тажовуз қилмоқдалар. Болаларни эса, онасиз бўзлаб қолишларига сабаб бўлаяптилар.

Ўйлаб кўрсам, жамият учун, одамлар учун энг хавфли шахслар, қандай касбда ишлашларидан қаттий назар, ўз нафсининг қули бўлган шахслар экан. Акс ҳолда айримлар томонидан нафс учун кимнидир жонига тажовуз қилинармиди? Нафс учун кимнидир ўлдирилармиди?
Ҳа нафсининг қули бўлган инсонларда на виждон, на иймрн, на инсоф, на одамийлик, ҳеч нарса қолмас экан. Ундайларнинг одамларнинг жонига қасд қилиши ҳам, кимнидир ўлдириши ҳам, Ватанни, иймонини сотиши ҳам осон экан.

Энг ёмони бунақа жиноят ва қотилликлар Ўзбекистонни ҳамма жойида кунда бўлмаса ҳам, кунора содир бўлиб турибди. Аммо бу ҳолатдан яхшигина хабардор бўлган ССВ ҳам, ёки ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ҳам кўп ҳолларда сукут сақламоқдалар. Чунки ўз виждонини пулга сотиб, ўзганинг жонига тажовуз қилаётган духтир "ишлаган пул"идан ўз навбатида тепасидаги раҳбаригаям узатади. У раҳбар ҳам ўз навбатида ўзидан тепадагини "йўқлайди" ва бу занжир ҳолида ССВнинг мутасадди мулозимларигача етиб келади. Ишонаверинг. Акс ҳолда ўша қотил ва виждонсиз духтирни ўзлари бир кун ҳам қўймай ишдан бўшатиб қаматтиришади. Индашмаяптими, демак у даромадидан тепадагиларга ҳам узатаяпти. Бу асло туҳмат эмас. Ҳаётимизда содир бўлаётган жараёндир.

(Шу ўринда ўқувчиларда "туғриқхонага бораётган ҳамма аёлларни кесаётган экан-да"- деган фикр келмасин. Мени ёзганларим ҳам "ҳаммани" деган хулоса бермайди. Айрим соғлом аёллар кесилмоқда. Аммо ўша "айрим аёллар"нинг сони ҳам, бу кўп ҳисобланади. Чунки соғлом аёллар, сабабсиз биттаси ҳам "кесарча" қилинмаслиги керак.
Кейин аёлларимиз орасида ҳақиқатдан ҳам соғлиги тўғри келмай, боласи "кесарча" йўли билан олининиши шарт ва лозим бўлганлари бор. Уларни боласини кесиб олишларига эътирозим йўқ. Аксинча ўша операцияни қилган, қўли енгил ва ўз ишининг устаси бўлган виждонли духтирларга раҳмат айтаман. Юқоридаги гаплар, ўзи виждонини юқотиб бўлган айрим қотил духтирларга қарата ёзилган. Аллоҳ уларга ҳам инсоф берсин. Кўр кўзларини очсин)

Сўзимнинг охирида ундай инсонларга айтаман: Аллоҳдан қўрқинг, Охиратда жавоб беришдан қўрқинг. Аллоҳнинг Раҳмати билан бирга Унинг Қаҳҳорлиги ҳам бор, шундай экан Уни Қахридан қўрқинг. Зеро ҳаммаси учун, ҳатто олган нафасимизгача куни келиб, жавобини бермиз. Ўша Кунда жавоб беришдан қўрқинг.
(Аллоҳдан ёлвориб сўрайманки юқоридаги кўзини ҳам, қалбини ҳам, нафс эгаллаб олган инсонларни Ўзи ислоҳ қилсин. Уларни қалбига Ўзидан қўрқиш ва нафсини енгиш неъматини солсин. Мабодо шундан кейин ҳам ақлларини йиғмасалар уларга Ўзи кифоя қилсин. У насф бандаларини қилғиликлари туфайли азият тортган мусибат аҳлларига сабр берсин. Уларни айби билан дардманд бўлиб ётганларига шифо берсин. Вафот этганларини эса мағфират қилсин.
22 ноября 2015 г. в 10:19 ·

ЗИЛЗИЛА!

"ЗИЛЗИЛА"

Ҳозир ер қимирлаганига Ироқ , Сурия, Афғонистон, Яман, Ливия каби нотинчлик ва уруш бўлаётган минтақалар эсимга тушди.
Чунки ҳозирги зилзила олдингиларидай, аста-секинлик билан бошланмай, бирданига бир марта қаттиқ силкиниб ўтиб кетди.
Мутахасисларнинг айтишларича осмондан самолётлардан ташланаётган бомбалар, нечадир километр радиусда мана шунақа силкинишни юзага келтираркан.

Айтмоқчи бўлганим биз-ку мана шунақа, онда-сонда бир Аллоҳнинг қудрати билан ер озгина силкинганига қўрқиб кетамиз, баъзида уйда ўтирган жойимиздан қочиб чиқамиз, ваҳимага тушамиз. Аммо юқоридаги давлатларда яшаётган ва на давлат тарафдорлари ва на бошқа бузғунчи тўдаларга алоқаси бўлмаган инсонлар, ҳар суткада бошларини устидан эҳҳе қанчалаб бомба ташланаяпти, қанчалаб уйлар вайрон бўлиб, ўша вайрон бўлган уйларни тагида қолиб ҳалок бўлаяптилар, ёки майиб мажруҳ бўлаяптилар.

Юқорида ёзганимдек, биз онда-сонда бўлаётган бунақа зилзилаларни кўриб қўрқиб ваҳимага тушамиз, аммо улар ойлаб, йиллаб мана шундай бир кечада устларидан неча марталаб бомба тушиб, ер силкиниб, бинолар қулаб, буни оқибатида ҳалок бўлиб, ёки майиб-мажруҳ бўлиб, қулаган бинолар остида қолиб кетишга маҳкум бўлиб яшамоқдалар. Қочгани қочаяпти, аммо қоча олмайдиган кекса, касалманд ёки кўп ёш боласи бор оилаларчи?
Улар нима қилсинлар?
Улар бомбадан қайерга қочсинлар?
Улар мана шундай яшашга маҳкум ва мажбур бўлиб яшамоқдалар.

Энди тасаввур қилаяпсизми уларни аҳволини?
Энди тушунаяпсизми мени, нега у юртларни дунёни "катта наҳанглари" бўлмиш АҚШ, Россия, Англия, Франция ва ҳоказо каби давлатларини келиб бомбардимон қилишларига қарши бўганимни?

"Унда ИШИД нима бўлади? " дейсизми?
ИШИДни битмас, туганмас қурол-яроқ , озиқ-овқат ва бошқа таъминот заҳираси йўқ. Унга қурол-яроқни ҳам, озиқ-овқатни ҳам, бошқа таъминотларни ҳам юқоридаги давлатларни ўзлари етказиб бермоқдалар. ИШИДни арзон нефтини ҳам ана ўшалар олмоқдалар. Демак, бундан шундай хулоса чиқади-ки юқоридаги "наҳанг давлатлар" ўз манфатлари йўлида жаҳон афкор оммасига жудаям катта олчоқлик  қилмоқдалар. Яъни, ўзлари ИШИДни таъминотини қилиб, яна ўзлари уни бомбардимон қилиш баҳона минтақани кулини кўкка совураяптилар. ИШИДни марраларига қўшиб тинч аҳолини ҳам бомбалаяптилар.
Демак, улар у давлатларни бомбалаб, ҳаммаёқни вайрон қилиб, одамларни ўлдириб, майиб-мажруҳ қилгунча, олдин ИШИДни таъминотини тўхтатишлари керак. Ундан нефт сотиб олмасалар, қурол-яроқ, озиқ овқат ва бошқа таъминотларни етказиб бермасалар уни осонроқ енгишлари мумкин. Дунёни том маънодаги хўжайинлари бўлмиш "катта наҳанглар" эса ҳаммани чалғитиб, ўзлари бир ўйинчоқ ясаб, яна ўзлари ўша ўйинчоқ билан жанг қилиб, буни оқибатида мусулмон ўлкалар вайрон бўлиб, одамлар ҳалок бўлмоқдалар. Тириклари "устимга қачон бомба тушаркин" деган хавотир билан доимий таҳликада яшашга мажбур бўлмоқдалар. Бундан ҳам катта мусибат борми?

Ўша "ғоя"га кўр-кўрона эргашиб кетаётганлар кўзингизни очинг. Ғарбнинг бунақа ўйинлари иштирокчиси бўлиб қолманг. Қўлингизга қурол тутқазаётганидан ва "от" деяётганидан хулоса чиқариб олинг. Ҳар бир кўраётган тошингиз ялтираб тургани билан у олмос эмас!

понедельник, 8 февраля 2016 г.

ФУТБОЛ ВА МЕН!

ФУТБОЛ ВА МЕН!
(Ёки оддий бир футбол мухлиси ва жонкуярининг нега пойтахт жамоаларига мухлислик қилмаслиги ёки уларни ёқтирмаслиги ҳақидаги иқрори.)

"Ҳаётда мени энг қизиқадиган машғулотим бу-китоб ўқиш. Албатта кўп китоблар ўқиганман дея олмайман. Ўзимда борини такрор ва такрор ўқиб кетавераман. Энг муҳими китоб доимий ва мени зериктирмайдиган ҳамроҳимдир.
Ҳозиргача бўш бўлдимми қўлимга китоб оламан. Йўлга чиқсам ҳам, ўтирсам ҳам, турсам ҳам қўлимда китоб бўлади. Ҳатто ухласам ҳам ёстиғим остида эмас, балки ёстиғим устида ҳам китоб бўлади.

Ҳаётда, китобдан кейин қизиқадиганим эса, спорт турларидир. Айниқса футбол.
Ўзим ҳеч қайси спорт турлари билан жиддий шуғулланмаганман. Футболни эса, ёшликда кўп ўйнардик. Кейин маҳалламиздаги футбол майдонини бир "ёзғучи" одам "бозор қиламан" деб, ўша пайтдаги ҳоким тўрани қўрқитиб, тортиб олиб, бозор қилмай, ўғилларига ҳовли қилиб бергандан кейин футбол ўйнашни ҳам йиғиштирганмиз. (Ҳозир яна қўлимизга уч-тўрт сўм пул тушганда бой акалар томонидан чиройли қилиб қурилган замонавий мини стадиончаларда футбол ўйнаб турибмиз) Энг ёмони, ўша стадион, мактаб стадиони эди.
Энди, ҳанузгача маҳалламиздаги мактабда на стадион бор, на спорт зали. Ҳа ишонаверинг, ХХI-асрда ракеталар кунора Марсга учиб турган, тараққиёт шунчалик тезлашиб кетган ва тв. каналларимизни қулоғини бураганизда "Мамлакатимиздаги ҳар бир мактабда спорт майдончалари ва спорт заллари бор ва улар жаҳон андозаси даражасида қурилган ва жиҳозланган" деб минг баландпарвоз гапларни гапириб турган даврда, ҳали мамлакатимизда спорт майдончалари ва спорт заллари умуман бўлмаган, бизнинг маҳалламиздаги мактабга ўхшаш мактаблар, афсуслар бўлсинки ҳалиям бор.

Мактабдаги аҳволни ёздим. Энди қишлоғимиздаги аҳволга келсак, қишлоғимиз марказидаги бир пайтлар қурилиб қишлоқни ёшу-каттаси бориб тўп тепиб турадиган катта бир стадионга бошқа жой топа олишмагани учун коллеж қуришгандан кейин, бешта маҳалласи, олтита мактаби бор ва 25-30 минг одам яшайдиган қишлоғимизда спорт билан шуғулланишга ҳеч қандай жой қолмади.

2013 йилда маҳалламиздаги бир гуруҳ футболсеварлар ариза билан мамлакатимиздаги "Болалар спортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси"нинг маҳаллий бўлимига, қишлоқ четидаги ташландиқ жойда, шароит ва имкониятга қараб спорт мажмуаси қуриб бериш ҳақида мурожат қилдик. Улар бунга ижобий қарадилар. 2014 йилги режага киритиб, шу йилда қуриб беришларини ҳам айтдилар. Ташландиқ ерни кўриб, жой каттагина эканини ва бемалол катта бир стадион, ёнида спортзал ва бошқа спорт турлари учун майдонлар қуришга жой бемалол етишини ва агар мабодо улар ажратган сметага қишлоқнинг ўзидан ҳам саховатли кишилар чиқиб ёрдам беришса, қўшимча қилиб, мажмуани ҳоҳлаганимиздай қилиб қуриб беришларини, аммо бу ер қайсидир фермерни ҳисобида тургани учун туман ҳокимининг, ўша ерда спорт мажмуаси қурилиши учун розилик хати кераклигини айтишди. Ўшанда мен улар орасида йўқ эдим, футбол жонкуярлари туман ҳокимини қабулига шу масала бўйича киришган.
Улар киргандан туман ҳокими "Қайердан, нима масала билан келдинглар" деб кутиб олади. Улар ўз мақсадларини айтиб, биттагина розилик хати учун киришганини айтишади. Шунда ҳоким ака "Сенларга футбол ўйнашни ким қўйибди, ундан кўра фермерларингни ҳаммаси давлатдан қарз. Олдин қарзни тўласин. Бу учун сизлар ҳам ўша фермерларингдан ижарага ер олиб ишлатасизлар, ердан бўлган қарзларингни узинглар. Энди эса сизларга жавоб", деб кабинетидан чиқариб юборган. Шундан кейин бояги футбол жонкуярлари "агар ҳокимни спортга муносабати шу бўлса" деб ҳафсалалари пир бўлиб, шу билан жим бўлиб кетишди. Энг муҳими ҳокимни ҳам айблай олмаймиз. Чунки туман марказида 2014 йилда ўша жамғарма орқали катта бир спорт мажмуасини қурдирди. Демак, уни 2014 йилда туман марказидаги спорт мажмуасини қуриш режаси бўлган ва шу учун ҳам бизга рад жавобини берган. Аммо, шу баҳонада биз қолиб кетавердик. Бугунги кунга келиб бояги ташландиқ ер бой акалар томонидан эгалланди(албатта ҳокимни қарори билан). Ва ўша бой ака интенсив боғ баҳонасида у ерни панжара билан ўраб олиб, ўзимизни хасаки нав дарахтлардан экиб қўйибди. Энди стадион учун ундай қулай ер қишлоғимиз атрофида бошқа қолмади.

Футбол ўйнамай қўйганимиз билан футболга қизиқишимиз асло сўниб кетмади. Йиллар ўтиб, энди биз ўйновчи эмас, балки футбол кўрувчи ва футбол ҳақида ўқувчи бўлдик.
Футбол кўришни бошлаганимни эсласам 1986 йилги Жаҳон чемпионатига тўғри келади. Ўшанда ёш бола бўлганман. Уйда рангли телевизорни энди олганмиз. Ўшанда амакиларим Жаҳон чемпионати ўйинларини кўргани бизникига келишарди. Эсласам ўшанда Ер шарини нариги қисмида ўтган ўйинларни аксарияти кундузи бўлиб ўтган ва бизда у вақт ярим кечага тўғри келган экан. Ўшанда, очиғи ухлаб қолаверганман. Ёдимда қолгани "Марадона", "Аргентина", "чемпион", "Қўли билан урди", "Ҳакам кўрмай қолди" деган сўзлар экан. Ундан бошқаси эсимда йўқ.

Кейин футболни ақл билан, тушиниб томоша қилишим 1988 йилдаги Европа чемпионатига тўғри келди. Ўшанда Собиқ Иттифоқ терма жамоаси Лобановский мураббийлигида Голландия терма жамоасидан енгилиб Европада иккинчи ўринни олганди. Ўшанда Европа чемпионатида бор йўғи 8 жамоа қатнашарди. Эсимда, ўшанда Голландия билан бир гуруҳда эдик. Биринчи ўйинда голландлар бироз кучли ва бироз ақлли футбол ўйнаганларига қарамасдан омад бизга кулиб боққанди ва уларни 1:0 ҳисобида ютгандик. Амио финалда улар ҳақиқий кучларини кўрсатишган ва 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишган эди. Мана шу финалда Ван Бастен ўзининг шедевр голлардан бирини урган эди.
Ўшанда Собиқ Иттифоқ терма жамоаси қарийб "Динамо" Киев футболчиларидан ташкил топганди. Бегоналардан, В. Хидятулин, Р. Дасаев ва яна бир-иккита ўйинчи бор эди.
Ўша даврларда  ким мураббий бўлса, йўлини қилиб "ўзиникиларни" тортарди.(Бизнинг мураббийларимиз ҳам шундай.) Лобановскийдан олдин Собиқ Иттифоқ терма жамоасига мураббий бўлган К. Бесков асосан ўзи мураббий бўлган "Спартак" ўйинчиларини кўпроқ терма жамоага чақирарди.  Аммо, ўшанда Лобановский "тортган" "Динамо" Киев жамоаси ҳақиқатдан кучли жамоа эди.

Эслайман, ўша пайтларда мен пойтахт Москва жамоаларига умуман мухлислик қилмасдим. Чунки, ўша даврда Москва жамоалари Москвада ўтирган катта-катта тўраларнинг эркатой жамоалари эди. Минтақаларда битта тузукроқ ўйинчи чиққан заҳоти дарров, ҳали армияни баҳона қилиб ЦСКАга, ҳали "партия олдидаги бурчларини" рўкач қилиб бошқа жамоаларга олиб кетиб қолишарди.
Бу эса минтақалардаги жамоаларнинг мухлисларини доим жаҳлини чиқарарди. Чунки, яхши ўйинчисини олиб кетиб қолган Москва жамоалари доим юқори ўринларда юришар, Еврокубокларда қатнашишар, буёқда минтақалар жамоалари эса доим лигадан тушиб кетмаслик учун ўйнардилар.
Ўшанда чемпионатни асосий жамоаларини Россия (Москва) ва Украина жамоалари ташкил қиларди. Москва жамоаларидан фарқли равишда Украина жамоаларида футбол мактаблари яхши шаклланганди. Улар кўпинча ўз тарбияланувчиларидан зўр ўйинчилар чиқаришарди. Мабодо четдан ўйинчи олишса ҳам Москва жамоаларидай зўравонлик билан, сиёсатни аралаштиришмасди. Балки ўйинчиларнинг шартномаси тугашини кутишарди, ёки яхши маъош таклиф қилиб олиб кетишарди.

Ўша даврда пойтахт жамоаларидан совуганим, мустақиллигимиздан кейин ҳам давом этди. Ва назаримда бизнинг футболда ҳам ўша Собиқ Иттифоқ давридаги система давом этиб ишлаб келаверди. Энди ўйинчиларни пойтахт жамоаларига олиб кетишда армия, ёки сиёсат билан қўрқитишмасди, балки "терма жамоалар маркази", ёки "терма жамоага йўлни осон очилиши" билан алдаб текинга олиб кетишарди.

Энг қизиғи, биздаги аҳвол Собиқ Иттифоқ давридаги билан бир хил ва томчи сувдай ўхшаш. Ҳатто у даврдагидан ҳозирги аҳволимиз баттароқ. Чунки, у даврда қўрқитиб олиб кетилган ўйинчи, пойтахт жамоаларида кўпи билан уч-тўрт йил ўйнагандан кейин, у ўйинчини яна ўша олган жамоаларига қайтариб юборишарди "бор энди, ўзингникиларга ёрдам бер" деб. Бизда-чи, бизда вилоят жамоаларидан ўйинчиларни пойтахт жамоалари олиб кетганидан кейин, икки-уч йил ўйнатар-ўйнатмас четга отни калласидай пулга сотиб фойда олишади. Буёқда эса, у ўйинчини тарбиялаган вилоят жамоаси ҳемирига ҳам эга бўлмай, бурнидаги мишиғи билан қолиб кетаверади. Эсласам охирги ўн беш йилда пойтахт жамоалари қанчалаб ўйинчиларни шу йўл билан жувонмарг қилиб пул ишладилар, чўнтак қаппайтирдилар. Бечора, анави ўзи тарбиялаган ўйинчисини, оғзидаги ошини, зўравонларга олдирган вилоят жамоаларининг бир қисми ҳалигача бир амаллаб, олий лигада қолиш учун ўйнаб юрибди. Бир нечтаси эса, пул йўқлигидан олдинига биринчи лигага тушиб кетиб, кейин баъзилари йўқ бўлиб ҳам кетди, баъзилари эса биринчи лигада аутсайдер(!) бўлиб, юрибди.
Мана биздаги футбол системасининг ҳолати.
(Биздаям ҳар бир трансфердан, у халқаро даражада бўладими ёки мамлакат ичидами, ўша олди-сотди бўлган ўйинчини, биринчи борган футбол мактабидан тортиб  20-ёшгача ўйнаган жамоаларига маълум бир фоизларда ҳақ тўланиши керак. Буни ЎФФ қандайдир қонун билан амалга киритиб қўйиши керак. Ана шунда вилоят жамоалари ҳам, футбол мактаблари ҳам бироз бўлсада ўзларини меҳнатлари учун бироз ҳақга эга бўлардилар.)

Бу орада 1998 йиллардан бошлаб "Футбол экспресс" газетасини олиб ўқий бошладим. Бу газета ўша даврларда ҳам, кейинроқ ҳам, жаҳондаги таниқли футбол жамоаларининг тарихлари ҳақида мақола бера бошлади. Ўшанда, бир сонида "Барселона" жамоасининг тарихи ҳақида берилган мақолада улар 40-50 йилларда, ҳатто 60-70 йилларгача "Реал" жамоаси билан бўлган ўйинларда ёки бошқа жамоаларга қарши ўйинларда "Реал" жамоасини чемпион қилиш учун ўша пайтда Испаниянинг мутлақ ҳукмдори бўлган диктатор Франконинг одамлари (яъни "Реал" жамоасига мухлислик қилган Франко ҳукуматининг одамлари) томонидан, пешаналарига тўппонча ўқталиб ютқизиб беришга мажбурланганликларини ўқиб "Уҳҳ пойтахт жамоалари" деб юборганман ва "Реал" жамоаси ўшандан кўзимга ёмон кўрина бошлаган.

(Ҳозир аллақандай бир жамоага қаттиқ мухлислик қилмайман. Аммо "Реал" билан "Пахтакор" бориб ҳеч ким танимайдиган ва йирик ҳисобда ютқазиши аниқ бўлган Тувалу давлатининг терма жамоаси билан ўйнаса ҳам, ўша Тувалуга мухлислик қиламан.

"Барселона"га бироз мухлислик қилганимни иккита сабаби бор. Биринчиси, бир пайтлар Франко вақтида унинг эркатой жамоаси "Реал"га муносиб қашилик қиламан деб кўп азият чеккани бўлса, иккинчиси охирги йигирма беш йилликда кўпинча мен ёқтирмайдиган "Реал"га принципиал рақиб бўлиб, унга муносиб қаршилик кўрсатиб, уни бурнини ерга ишқаб қўяётгани учундир.
Шу жумладан бир пайтлар "Динамо" Киев жамоасига ҳам бу жамоа доим Собиқ Иттифоқ ҳукумаиининг эркатойлари бўлмиш Москва жамоаларига муносиб қаршилик қилгани учун мухлислик қилганман.

Пойтахт жамоаларидан бири бўлган "Пахтакор"ни ёқтирмаслигимни сабаби эса, мана йигирма беш йилдан бери бу жамоа "ўзимизникиларнинг" эркатойи бўлиб келаётгани учундир. Эсимда 2001-2002 йилларда "Пахтакор" жамоаси баъзасида "терма жамоа базаси"ни ташкил этиш" баҳонасида вилоятлар жамоаларидаги энг яхши умидли футболчилар "Пахтакор"га текинга(!) йиғиб келинган эди. Ўшанда "Нефтчи" жамоасининг бош мураббийи бўлган "закунчи" Саркисиян Темур Копадзени ўзининг азалий рақиби "Пахтакор" таркига текинга бориб қўшилишига қаттиқ қаршилик билдирган ва охир-оқибат бу ишга яна "катталар" аралашиб Копадзени "Пахтакор"га бир йиллик ижара шартномаси билан ўтиши, бу учун "Пахтакор" "Нефтчи"ни ҳисоб рақамига маълум миқдордаги суммани ўтказиб бериши ҳақида Саркисиян билан "келишишди". Ўшанда бир йил "Пахтакор"да ўйнаган Копадзе кейинги йилдан эркин агентга айланиб "Пахтакор"да қолишни лозим топганди. Ўшанда биргина Саркисиянни "исёнини" айтмаса қолган жамоа раҳбарлари ўзларининг энг яхши ўйинчиларини "Пахтакор"га шундоққина текинга бериб юборишга рози бўлишди. Шундан кейин вилоятлардаги миллионлаб футбол мухлислари "Пахтакор"ни умуман ёқтирмай қолишди. Ҳанузгача ёқтиришмайди. Ўшанда бўлиб ўтган ишларда "Пахтакор" жамоаси раҳбариятининг айби йўқдир. Ҳаммасини тепадагилар ҳал қилишгандир. Билмадим. Аммо "Пахтакор"ни айби ўша ҳаммасини "Пахтакор"нинг фойдасига режалаштирган раҳбариятнинг эркатой жамоаси бўлганлиги эди. "Пахтакор" жамоасига ундан кейин ҳам тепадан эътибор кучли бўлиб қолаверди. Масалан, охиргисини эслатай, эски йилнинг охирида ЎФФ раҳбари томонидан "Пахтакор"га, келишилган ўйинлар учун қандайдир чора кўрилиши ҳақида гап бўлганди. Ҳамма билаяптики бу иш ҳеч қачон бўлмайди. Ҳатто бу иш юз беришига ва жамоага қандайдир жазо чоралари қўлланишига ўша "Пахтакор"га дағдаға қилиб гапирган раҳбарни ўзи ҳам ишонмайди шу жумладан Пахтакор жамоасининг раҳбарлари ҳам ишонишмайди. Чунки бу жамоа халқ орасида "катталарнинг эркатой жамоаси" номини олиб бўлган. Шундай экан бу жамоани ҳам, футболимиз раҳбариятини ҳам ёқтирмаслигимга асосим етарли. Чунки мана шу пойтахт жамоаларининг ноҳалол ўйинлари ва футболимиз раҳбарларининг қониқарсиз ишлари туфайли Жаҳон Чемпионатига чиқиш бизга, мана чорак асрдан бери армон бўлиб қолаяпти.
Турли имтиёз ва ёрдамлар ўз вақтидан пойтахтнинг бошқа жамоаларига ҳам берилган. Аммо уларга берилганлари "Пахтакор"га берилганларидай эмаслиги учун бунга алоҳида тўхталмайман.

Шу пайтгача бизда ҳам, жа унақа Франко давридагидай амалдорлар томонидан пешанага тўппонча ўқталиш даражасидаги ҳолатлар бўмаган-у, аммо чемпионат ўйинларида пойтахт жамоасига ҳеч бўлмаганда ЎФФ ва ПФЛ томонидан турли имтиёзлар ёки ҳакамлар томонидан аллақандай ён босишлару, вилоят жамоаларига аллақандай пўписалар бўлгани ҳақида эшитганим бор.

Кейин, шу-шу пойтахт жамоаларидан бутунлай совуб кетдим.
Манимча энди, мабодо қачонлардир бизда ҳам аҳвол ўзгариб, футболимиз қинғирликлардан тийилиб, жамоалар ўртасида ҳалол рақобат бўлиб, вилоят жамоалари ҳам ўзларини кўрсатиб, чемпион бўлиб, ОЧЛга йўлланма олсалар ва унда муносиб қатнашсалар, ўшанда балки, мени пойтахт жамоаларига бўлган муносабатим ўзгарар. Ҳозирча эса, гарчи бу кимларгадир ёқмаса-да, бўлганим шу!