воскресенье, 24 января 2016 г.

ШАРМАНДАЛИК ЛИБОСИ!


Бу мақолам футболимиз ҳақида бўлса ҳам, гапимни либос ҳақида ёзиб бошламоқчиман. "Либосни футболимизга нима алоқаси бор?" дейсизми? Жуда алоқаси борда. Чунки футболчиларимиз ҳам либос кийишадику. Ҳеч бўлмаганда шармандалик либосини!

Энди либосга қайтсак. Эсимда, анча йиллар олдин, баҳор кунларининг бирида бозорга кийим олиш учун тушдим. Бозор оралаб юрар эканман кўзим дўконлардан бирига илиб қўйилган ажойиб бир футболкага тушди. Футболкани эгасидан уни кўрсатишни сўрадим. Қўлимга олиб қарасам, футболканинг материали ҳам яхши, тикилиши ҳам сифатли тикилган, қисқаси кўнглимдагидай яхши бир футболка экан. Уни кийиб кўришни ҳоҳладим. Сотувчи ўлчамимни олиб берди.

Аммо...., аммо, футболкани кийиб кўриб ҳафсалам пир бўлди. Чунки футболка энди-энди оммалашаётган тор услубда тикилган эди. Торлигидан ҳатто қовурғаларим зинапоя бўлиб билиниб қолди. Бу футболкани бироз катта размерини олиш бефойда эди. Чунки катта размерини ҳам таги бироз узун бўлгани билан, ўзи барибир тор услубда тикилган эди. Футболкани ечиб сотувчини қўлига бердим ва манга торлик қилишини айтиб афсуслангандай бўлдим. Шунда менга ўз маҳсулотини жудаям сотишни ҳоҳлаётган сотувчи "Ака, сиз кенгроқ кийимлар кийиб юрганингиз учун бу тор услубдаги футболкани "тор" деяпсиз. Аммо ишонаверинг, икки-уч марта кийинг ўрганиб кетасиз торлигига. Ҳали "яна шунақасидан йўқми", деб қидириб ҳам келасиз", деб қолди!
Ўзи у футболкани "қандай кияман", деб, олсамми, олмасамми деб ўйланиб ўтирибман-у, сотувчини гапини қаранг! Аммо, у ўз ишининг устаси экан. Нарсаларини қандай сотишни биларкан.
Футболка зўр эди. Нархи ҳам қиммат эмас. Охири иккиланиб-иккиланиб ўша футболкани харид қилдим.
Футболкани уйга олиб келиб, ўша куниёқ кўчага кийиб чиқдим. Кўчага чиқдиму юзларим уятдан, хижолатдан қип-қизил бўлиб ёнаяпти. Аҳволимни кўриб "Одамлар нима деб ўйлашаётган экан-а?", деб атрофга аланглайман. Аммо, ҳеч кимни мен билан иши бўлмаяпти. Одамлар менга ола қарамаяпти. Қўлини бигиз қилиб кўрсатмаяпти. Одамларнинг бепарволигини кўриб ҳаяжоним бироз босилди. Юзимни қизили бироз кетди. Эртаси куни яна ўша футболкани кийиб кўчага чиққанимда менда яна бироз уялиш ва ҳаяжонланиш бор эди. Аммо кечагидай кучли эмас эди. Учинчи кун эса у фуболкани ҳеч қандай ҳаяжонсиз ва ҳеч кимдан уялмаган ҳолда хотиржам кийиб кетавердим. "Одамлар индамаса нега хижолат бўламан, нега уялишим керак" деб ҳам ўйладим.

(Шу ўринда қизлар нега уялмасдан ярим яланғоч, тор ва калта, одам кўзи тушганда уялганидан кўзини қайерга олиб қочишини билмай қоладиган ҳолатда кийиниб кўча-куйда бемалол юришларини сабабини тушунгандай бўлдим. Демак, уларга ўша ҳолатда юрганлари учун ҳеч ким, на ота-она, на ака-ука, на қўни-қўшни ва на жамиятда ҳеч ким танбеҳ бермайди. Ҳеч ким урушмайди.)
Менда ҳам шундай бўлди. Тор футболкамга на ота-онам, на қўни-қўшни, на кўчадаги одамлар, ҳеч ким индамади. Ўшанда футболкамни биринчи куни кийиб чиққанимда ақалли битта одам "ўзингга ярашган кийимни кийсангчи" деганида ҳам мен у футболкани бошқа қайтиб киймас эдим. Аммо, ҳеч ким индамади. Ўша футболкам ҳақиқатдан кўчада кийиб юрса хижолат бўлгулик, ёки уялгулик даражада тор эди. Аммо на атрофимдагилар ва на жамиятнинг бунга иши бўлмаяпти. Ҳамманинг мени тор футболка кийишимга муносабати "э бизга нима, ҳоҳласа яланғоч юрмайдими" каби қабилида бефарқ эди. Жамиятни ва одамларни содир бўлаётган ҳар хил уятлик ишларга муносабати шундай бўлиб бораверар экан, бизнинг муаммоларимиз, жамиятнинг, одамларнинг айниши кучайиб, кўпайиб бораверади. Жамиятда энг ёмон нарса бу лоқайдликдир. Бир нотўғри ишга ота-она индамаганда ҳам жамият салбий муносабатда бўлса, ўша нотўғри ишни тепасидагилар ўша нотўғри ишни ўйлаброқ қиладилар. Аксинча жамият нотўғри ишларга бефарқ бўлса, ота-она минг қайтармасин ўша йигит ёки қиз ўша нотўғри ишидан асло қайтмайди.  Демак, ота-онадан ҳам, кўчадаги жамиятнинг муносабати одамларнинг тарбияси учун муҳим экан. Демак, жамият бир нарсага муросасиз муносабатда бўлса, ўша ишни амалга ошиши қийин ёки умуман амалга ошмас экан.

Энди футболимизга қайтсак. Мустақил бўлиб, ўз футболимизни оёққа қўя бошлаганимизга 25 йил бўлаяпти. Аммо шу 25 йилдан буён давлатимизнинг, халқимизнинг қанчадан-қанча маблағлари сарфланганига, қарийб барча шаҳарларимизда янги стадионлар қурилиб, ўша шаҳардаги жамоаларга топширилганига, футболга ҳукумат доирасида ҳам катта-катта ёрдамлар берилаётганига қарамасдан, ҳанузгача бизнинг терма жамоаларимиз ҳам, клубларимиз ҳам халқаро майдонда айтарли бир ютуққа эриша олмадилар.
Ёки Европанинг "кучли бешлик" чемпионатларида шу 25 йилни ичида (Англия, Испания, Италия, Франция, Германия миллий чемпионатлари "кучли бешлик" чемпионатлари деб аталади.) биронта ўйинчимиз ўйнай олмаётганини қандай тушунмоқ керак. Бу "кучли бешлик"да, дунёдаги, ҳатто отини биз билмайдиган, митти орол давлатлардан ҳам ўйинчилар келиб ўйнаяпти. Аммо бизникилар йўқ. Сабаби, бизникилар ёшликларида ўзимизнинг савиямизда ўртача футболчи бўлиб олиш учун бироз жонларини койитиб ўйнайдилар. Ундан кейин эса келишилиб ўйналадиган чемпионатимизда шунчаки йўқ бўлиб, кўринмай кетадилар.
Кейин эса, "тирикчилигим ўтиб турса бўлди"га мослашадилар ва фаолиятларини тугатиб кетгунларича тайёр маъошни олиб, майдонда кўринмай ёки заҳирада ўтирган ҳолда фаолиятларини тугатиб кетаверадилар.

Мен ўшанда тор футболкани ҳеч қандай хижолат бўлмай, уялмай кийиб юрган бўлсам, футболчиларимиз, мураббийларимиз, ҳакамларимиз мана шунақа "Шармандалик либос"ларини, ҳеч кимдан уялмай, хижолат бўлмай кийиб юришибди.
Буни сабаби мени эгнимдаги тор футболкамга жамият индамагани, бепарво бўлганидек, футболчиларимизнинг, мураббийларимизнинг, айрим ҳакамларимизнинг "Шармандалик либосини" кийиб бемалол юрганларига мутасаддиларнинг, жамиятнинг, мухлисларнинг лоқайд бўлишларидир.
Ярим яланғоч қизга на ота-онаси, на ака-укаси ва на жамият индамагандай, Ўзбекистон терма жамоаси, олимпиада терма жамоаси кўрсатаётган паст ва қониқарсиз натижаларига 25 йилдан бери раҳбарият ҳам, мухлислар ҳам бефарқ бўлишмоқда.(Шу ўринда шунчаки бефарқ бўлаяптилар, дея олмайман. Танқидлар раҳбариятда ҳам, матбуотда ҳам бўлаяпти. Аммо, танқидлар жойига етиб бормай, шундоққина чойхонанинг ичида қолиб кетаяпти.) Ана ундан кейин, футболчи ва мураббийларимиз ҳоҳлаганларини қилиб, ҳоҳласалар "шармандалик либослари"ни, ҳоҳласалар "юзсизлик либослари"ни кийиб юрибдилар. Тўғрида, елкада ҳеч қандай маъсулият бўлмаса, жавобгарлик ҳисси, хижолат бўлиш ва уялиш туйғуси бўлмагандан кейин, улар яна қандай натижа кўрсатсинлар.

Эслайлик, еҳҳе шу пайтгача терма жамоамизга қанчалаб мураббийлар мураббийлик қилдилар ва қилаяптилар.  Футболчилар  ўйнаб ўтдилар ва ўйнаяптилар. Аммо уларни биронтасига кўрсатган қониқарсиз натижаси учун жиддийроқ бир жазо тайинлангани эслай оласизми? Сизни билмадиму, аммо мен эслай олмадим. Натижа кўрсата олмаганлари учун уларга энг жиддий жазо халқнинг, мухлисларнинг назаридан четда қолиш ёки Ватанга хиёнат қилиш билан тенгланишини улар билганларида балки яхшироқ ўйнармидилар. Аммо ҳозир кечагина терма жамоамиз билан натижа кўрсата олмаган мураббий ва футболчилар бугун ҳеч нарса бўлмагандай, ўзларининг терма жамоалари учун эмас, балки ҳеч ким танимайдиган давлат бўлмиш аллақандай Тувалу учун ўйнаб келгандай бемалол юришибди. Улар кўрсата олмаган натижалари учун халқдан, мухлислардан уялишмайди ҳам, юзлари қизармайди ҳам. Бу эса жудаям ёмон нарса.

Куни кеча олимпия терма жамоамиз билан ҳам юқоридагидай иш бўлди. Яъни улар Катардаги, совринига 2016 йилда Бразилиянинг Рио-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган олимпиада ўйинларига йўлланмалар тикилган, 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Чемпионатида шармандаларча гуруҳдан чиқа олмай қолиб кетишди.  Бу терма жамоа мусобақага кетишдан олдин "тарихимиздаги энг кучли терма жамоамиз" деб роса мақталганди. Амалда эса мақталган жамоамизда ҳеч нарса йўқ экан. Улар ҳам бутунлай "шармандалик либоси"га бурканиб олиб бўлган эканлар. Уларга мураббийлик қилган С. Бабаянни ҳам ҳали шу пайтгача халқаро майдонда бир "каромат" кўрсатганини эслай олмайман. Аммо раҳбарият нега уни қўлига бирданига иккита руль, ҳам олимпия терма жамоаси, ҳам асосий терма жамоа тизгинини топширди кўпчилик ҳанузгача бундан ўз ҳайратини яшира олмаяпти.

Энди буёғига футболчиларимиз ҳам, мураббийларимиз ҳам, миллий чемпионатдаги айрим ҳакамларимиз ҳам эгниларидаги "шармандалик либоси"ни ечишлари керак. Ҳатто шу ўринда ЎФФ раҳбарияти ҳам бу ташкилотда катта ислоҳот ва ўзгаришлар қилишлари керак. Акс ҳолда футболимиз ўз ўрнида тойилиб, тебраниб тураверади ва амалда келажакда ҳам ҳеч нарса ўзгармайди ва биз катта мусобақаларда қатнаша олмай яна томошабин ролида қолиб кетаверамиз.

Менга шу ўринда энг таъсир қиладигани шуки, ўшанда мен кўчада кийишга уялган либосимни ўз пулимга
сотиб олган эдим. Уни пулини биров бериб турмаган эди. Ўзбек футболида эса, 25 йилдан бери давлат пули, халқни пешана териси билан топилган маблағ ишлатилади. Ҳали шу пайтгача на бир жамоамиз, на терма жамоаларимиз маркетинг орқали сариқ чақа ҳам ишлаб топганлари йўқ. Уларни мана шу, футболга қизиққану, қизиқмаган оддий халқ боқаяпти.Футболчиларимизнинг  катта-катта маъошларни олиб, буёқда кўрсатаётган шармандали натижалари эса ҳаммамизга маълум. Шундай экан қачонгача халқни пешана терисини мана шунақа, бир думалаб футболчи ва мураббий бўлиб қолган инсонларга сарфлаймиз.
Ундан кўра тизимда ислоҳотлар ўтказиб, боқиманда бўлган жамоаларга йилдан-йил маълум бир фоизларда ўзини-ўзи маблағ билан таъминланиш шартини қўйиб ва маблағ топа олмаганлари қўйи лигаларга тушириб юбориб, агар қўйи лигада юрганида ҳам маблағ топа олишмаса унда ўша жамоаларни батамом тарқатиб юбориш керак. Бу учун ҳокимиятлар қиладиган ёрдамни камайтириб, жамоалар ва футболчиларга "бўлди энди пулни ўзинг топ, бўлмаса бориб биринчи лигада ўйнайвер, мабодо ўшаниям эплай олмасанг ана катта қир, бориб кетмон чоп" дейиш керак вассалом.

Барибир ҳар йили аллақандай жамоалар тугаб кетаяпти. Барибир ҳар мавсумда иккита-учта жамоани айтмаса, қолганларида маблағ етишмовчилиги туфайли қўйи лигага тушиб кетиш хавфи бор. Шундай экан, бундай кўзбўямачиликлар билан, халқни ҳаққини ҳар йили туя қилавериш кимга керак? Қачонгача жамият бу ҳолатга бепарво қарайди "билганингни қилавер" қабилида?

Ўзбекистон спортига эътибор берсангиз арзимаган маъош тўлансада, спортнинг яккакураш турлари бўлмиш бокс, дюздо, кураш ва ҳоказо яккакураш турларида биз анча муваффақиятларга эришиб, жаҳон ареналарида ўз ўрнимизга эга бўлиб бўлдик. Аммо футболда доим кишини кўнглини оздирадиган натижалар кўрсатмоқдамиз.
Буни сабаби яккакурашларда ҳакам, ёки мураббийлар ҳар қанча ноҳақлик қилишмасин, ҳаммаси ўша спорчининг ўзини қўлида. Агар у ўз устида яхши ишласа ва рўпарасига чиққан ҳар бир рақибини улоқтириб ташлайверса, охир оқибат у мамлакат чемпиони бўлади ва халқаро мусобақаларга йўлланмага эга бўлади ва халқаро мусобақаларда ҳам юртимиз байроғини баланд кўтаради. Дунё миқёсида эл-юртнинг, Ватанимизнинг обрўсини ошишига ҳисса қўшади. Афсуски футболда бундай тизим йўқ. Футбол жамоавий ўйин ва иккита ўйинчи яхши ўйнагани билан бошқалари орқага тортаверса натижа кўрсатиш қийин бўлаверади. Футболда халқаро учрашувлар учун, терма жамоа йиғилаётганда таниш билишчилик кучли роль ўйнаяпти. Кейин мураббий этиб тайинланадиган зот, доим ўзини "севимли" футболчиларини термага жамлайди ва буни натижасида ҳақиқий истеъдодлар ва терма жамоаларда ўйнашга лойиқлар бир четда афсус, надомат билан қолиб кетаверишади-ю, бир ишни қойиллата олмаганлар доим термамизни йиғинларига чақирилаверилади.

Эслайлик, бир пайтлар Саркисян терма жамоага мураббий бўлганда, терма жамоага ўзи мураббийлик қилаётган "Нефтчи"дан анчагина футболчиларни жалб қилганди. Кейин М. Қосимов мураббий бўлганда термани ўзагини асосан "Бунёдкор" ўйинчилари ташкил этишди. Ундан кейин В. Абрамов термани бошқарганда терма жамоадаги асосий ўринлар "Локомотив" жамоаси футболчиларига тегди. Ҳозир С. Бабаян миллий терма жамоага бош мураббий бўлганда, ўша анъаналарда содиқ қолиб терма жамоа ўзагини "Пахтакор" жамоаси футболчилари билан тўлдирмоқда. Бундай ишлаш бизга ҳеч қачон муваффақият олиб келмаган. Буни ҳаммамиз биламиз. Ҳатто раҳбарият ҳам. Аммо кимнидир терма жамоага мураббий этиб тайинлашса "ўзингни жамоангдан камроқ ўйинчи ол, бошқаларга ҳам эътибор қарат" дейишмайди шекилли. Агар дейишганда у мураббийлар бунақа қилишмасди.
Ўша, ўз жамоасининг ярим таркиб футболчиларини ёппасига терма жамоага олиб келадиган мураббийларга журналистлар "Сиз нега ўз қўл остингиздаги ёки собиқ ишлаган жамоангиздан терма жамоага бунча кўп футболчи олиб келаяпсиз, эртага бу биз учун аянчли натижалар билан тугаши ва бўлажак мусобақаларда муносиб қатнаша олмаслигимиз мумкинку" деб савол беришганда, терма жамоамизга "ўзиникиларни" тиқадиган мураббийларнинг жавоблари доим бир хил бўлган. "Мен қўл остимдаги ўйинчиларни имкониятларини сенлардан кўра яхшироқ биламан. Сенлар бориб ёзув-чизувингни бил, тушунмаган ишингга бошингни суқма".
Ҳа, уларнинг аксариятини жавоблари шу бўлган. Мана шу ерда терма жамоа бош мураббийининг иши ўзининг жамоасидаги футболчиларни терма жамоага ёппасига олиб келиб, кейин жиддий турнирларда шармандали натижа кўрсатгунча, бутун мамлакат бўйлаб турли ўйинларни кузатгани бориш ва ҳар бир жамоалардаги энг истеъдодли ўзинчиларни ўйинини мунтазам кузатиш ва уларни терма жамоа йиғинларига чақириб синаб кўриш эмасми?
Уларни бош мураббийликка тайинлаш вақтида ЎФФ мутасаддилари ва раҳбарлари уларни олдига нима талабларни қўйишади?
Нега ўша мураббийлар терма жамоамизга бош мураббий бўлганларидан кейин ўз жамоаларидаги "севимли" ўйинчиларини терма жамоага кўчириб олиб келишганида, бунга панжа орасидан қараб, лоқайд томоша қилиб тураверишади.
Жавоб берадиган одам бўлса, футбол мухлисларининг уларга берадиган саволлари жудаям кўп. Аммо у саволларга жавоб берадиган "мард" ҳозирча ҳеч қайерда топилмаяпти. На миллий чемпионатимизда иштирок этаётган клубларимизда ва на турли ёшдаги терма жамоаларимизда ва на футболимиз раҳбарлари орасида.
Манимча бундан буёғига футболимиз раҳбарлари қаттиққўлликни оширишлари, футбол жамоатчилиги, мухлислар, журналистлар активроқ бўлишлари керак.
Ҳатто терма жамоаларимиз ғалаба қозониб турган ҳолатларида ҳам "кўтар-кўтар" ва сохта мақтовларни камроқ қилиб, асосан камчиликлар устида ишлаб, уларни мураббийга ҳам, раҳбариятга ҳам кўрсатавериш керак. Акс ҳолда жиддий бўлмаган ўйинларда ғалаба қозонган мураббийни юқорига кўтариб юборсак, кейин жиддий ўйинларда натижа кўрсата олмаганда уни пастга қайтиб тушиши қийин бўлади.

Сўнгги сўз. Мана ҳаммамиз олимпия терма жамоамизни Катардаги Осиё чемпионатида қандай шарманда бўлганини кўрдик. Биз зудлик билан бу шармандаликдан етарли хулоса чиқаришимиз ва терма жамоага тезда хориждан яхшироқ мураббий таклиф этишимиз керак. Мени пессимистликда айбласангиз ҳам ўз фикримни айтаман. Эсга олиб қолинг, Бабаян билан биз Жаҳон Чемпионати уёқда турсин, ҳатто Тўйтепадан  уёғига ҳам бора олмаймиз. Шундай экан, бизга хориждан маслаҳатчи мураббий эмас, балки бош мураббий олиб келиш керак. Албатта бизга топ-мураббийлар келишмайди. Ёки уларга маъош тариқасида миллионлаб долларни топиб беришга бизни ҳам имконимиз йўқ. Аммо ишонинг Европада, яхши натижага эришиши мумкин бўлган қанчалаб ўртамиёна мураббийлар бекор юришибди.
Биз ана ўшалардан бирини чақиришимиз ва Бабаян ёки Абрамовга ўхшаганларни вилоятларга бориб ўйинлар ва ўйинчилар ҳақида уларга маълумот йиғиб келиб берадиган мутахассислар қилиб қўйишимиз керак. Улар терма жамоани бошқаришдан кўра, мана шу ишга муносиброқдирлар!

(Бу мақолани анча олдин футбол бўйича Олимпия терма жамоамиз шармандали натижалар кўрсатган пайтда ёзган эканман. Ўшандан кейин ҳам анча вақт ўтиб кетди. Амалда на миллий чемпионатимизда, на теома жамоамизда ҳеч нарса ўзгармади. Ўқиб бўлгач ўзларинг баҳо берарсизлар)