воскресенье, 1 декабря 2019 г.

Андижон зилзила

Зилзила деганда авваламбор ҳаммамизнинг хаёлимизга Тошкент зилзиласи келади. Сабаби, бу зилзила фан-техника тараққий этган пайтда содир бўлгани учун зилзиланинг асоратлари, зилзиладан сўнг бўлган қайта қуришлар киноленталарга, фотосуратларга муҳрланган. Аммо, юртимизда Тошкент зилзиласидан аввал ҳам, бошқа турли шаҳарларда кўплаб  зилзилалар ва улар ортидан беқиёс вайронагарчиликлар бўлган. Ана шундай зилзилалардан бири эски Юлиан тақвимига кўра 1902 йил 2-3 декабрь(Григориан тақвимида 16 декабрь) кунлари содир бўлган ва бутун шаҳарни вайрон қилган Андижон зилзиласидир.
Андижон зилзиласи ҳақида ўша даврда машҳур рус антропологи, Россия антропология фани
асосчиларидан бири, академик Дмитрий Николаевич Ану-
чин (27.8.1843 й. туғилган – 4.6.1923 й. вафот этган )нинг таклифи
билан С.А.Мелик-Саркисян "1902 йил 3 декабрдаги Фарғона зилзиласи" ("Ферганское землетрясение
3-го декабрья 1902 года" – Москва, 1903.") номли рисола
ёзган ва нашрдан чиқарган.

Айнан шу рисолани тадқиқ этган олимлар Р.Т. Шамсутдинов, А.А. Исҳоқов ҳамммуаллифликда ёзган "Андижон тарихидан лавҳалар" китобининг ("Шарқ" нашриёти – 2013 йил, Тошкент)
"Андижоннинг тарихий, меъморий
обидалари нега бизгача етиб келмади?" деб номланган бобида Андижон шаҳридаги қадимий обидаларнинг замонамизгача етиб келмаслиги сабаблари кўрсатиб ўтилган. Жумладан, тарихда Андижон шаҳрида бир нечта кучли зилзилар бўлиб ўтгани, айниқса 1902 йил 2-3 декабрь кунлари бўлиб ўтган зилзила жуда қаттиқ бўлгани ва шу зилзила туфайли Андижон шаҳридаги  барча бинолар қулаб тушгани учун ҳам Андижонда тарихий бинолар сақланиб қолмагани ҳақида фикр юритишган. Шунингдек С.А. Мелик-Саркисяннинг 1902 йил 3 декабрдаги Фарғона зилзиласи рисоласида келтирилган фактлар асосида 1902 йилда Андижонда юз берган зилзила кўламини тадқиқ этишган.

С.А.Мелик-Саркисяннинг рисоласида ёзилишича ўша зилзила туфайли Ўрта Осиёдаги йирик савдо ва саноат марказларидан бири бўлган Андижон шаҳри ва унинг атрофида жойлашган бир қатор қишлоқлар  тўла вайрон бўлган. 30.000 дан ортиқ уй таг-туги билан қулаб
тушган, беш минг нафарга яқин одам зилзила содир бўлган пайтда ва кейин вайроналар орасида қолиб вафот этган. Уйи қулаб тушган кўплаб оилалар бошпанасиз қолган.

Зилзиладан сўнг Андижонда зилзила оқибатларини бартараф этиш ишлари бошланиб кетади. Жумладан бинолар остида қолган ўликларни ковлаб олиш, уларнинг жаноза маросимларини ўтказиш, зилзиладан зарар кўрганларга ёрдам бериш ишлари шулар жумласидандир.

Ўша пайтда ўлкада ҳукмрон бўлган руслар томонидан Андижонни қайта тиклаш учун ёрдам жамғармаси
ташкил этилади ва Мелик-Саркисяннинг ёзишича ўша жамғармага ҳатто Россия императори Николай II ва рафиқаси ҳам маблағ ажратган.
Шунингдек Россия империясининг турли бурчакларидан Андижонга ёрдам маблағлари жўнатилган.

Шамсутдинов ва Исҳоқовларнинг китобида Андижон зилзиласига тегишли яна бир муҳим гап ёзилган. Унга кўра рус ёзувчиси А.П.Чехов 1903 йил июнда доктор Книперга ёзган мактубида "Москва шаҳри театрларида махсус спектакллар қўйилиб, томошадан тушган маблағ Андижонга, зилзила  оқибатларини бартараф этиш учун  юборилганини" ёзган.

Зилзилада ҳар бир хонадондан бир нечталаб одамнинг ҳалок бўлгани ва андижонликлар мотам ичра қолганлигига қарамай вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларни қайта тиклашда  Андижон шаҳри ва унга туташ қишлоқлар аҳолиси жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилади.
Айниқса андижонлик бойлар катта-катта маблағларни эҳсон қилиб, шаҳар ва қишлоқларни тиклаётган халққа овқат пиширтириб беради. Аҳолига қурилиш ашёлари сотиб олиб беради.

Мелик-Саркисяннинг ёзишича Андижонни тиклашда маҳаллий халқ билан бирга руслар, яҳудийлар ва бошқа европа миллатлари вакиллари, Андижонни бошқариб турган рус маъмурлари бирдай ҳаракат қилган. Ўша пайтда Андижонда фаолият олиб борган рус, яҳудий бойлари ҳам зилзила оқибатларини бартараф этишда анча маблағ ажратган.

Ана шундай саҳоватпеша бойлардан бири бу Миркомилбой Мирмўминбоев эди. У Андижон шаҳрини тиклаш учун катта маблағ ажратади.
Шамсутдинов ва Исҳоқов ўз китобларида Миркомилбой Мирмўминбоевнинг Андижон
уезди бошлиғи Ю.А. Бржезицкийга ёзган хатини кел-
тиришади. Хатда шундай ёзилган:
«Ўз она шаҳрим Андижоннинг маданий ривожланиши ва
батамом тартибсиз аҳволда бўлган Гултепа майдонига мада-
ний кўриниш бериш, майдон ҳам шаҳар кўрки бўлсин, ҳам
аҳоли фойдалана олсин деб, мен Миркомил Мирмўминбоев
ўз ҳисобимдан Андижон шаҳрига тортиқ сифатида қуйидаги
иншоотларни қуришни ўз зиммамга оламан:
1. Турли миллат вакиллари – эркак ва аёлларга мўл­жалланган, қирқ ўринли намунали шифохона. Унда қуйидаги бўлимлар мавжуд бўлади:
а) жарроҳлик;
б) туғруқ-хона;
в) ич касалликлар;
г) секцион камералар ва ўлик
сақлаш учун ертўла;
д) дезинфекцион камера ҳамда шифохона бошлиқлари, ходимлари ва турли хизматчилар учун махсус бино;
е) шифохона биносини марказий иситиш бўлими ҳамда сувларни биологик тозалаш хизмати.

2. 30 ўқувчига мўлжалланган интернат тиридаги, мадраса
ўқувчиларини рус тилига ўргатиш бўлимига ҳамда зал ва
ёрдамчи биноларга эга рус-тузем мактаби.

3. 100 та ўқувчига мўлжалланган мадраса ва хонақоҳи бўлган намунали мактабхона.

4. Европача нусхадаги, ертўла ва қоровулхона, учта хожатхонаси бўлган учта дўконлар тизими. Мана шу дўконлардан келадиган фойда юқорида кўрсатилган муассасаларни таъминлаш ва таъмирлаш учун ишлатилади.

5. Маҳаллий халқ ва европаликлар учун алоҳида
бўлимларга эга бўлган ҳаммом.

6. Шу бинолар атрофида йўлкалар очиб, хиёбонлар барпо этиш, майдон марказида манзарали боғ барпо этиш.
Кўрсатилган иншоотларнинг барини мен, Миркомил
Мирмўминбоев, менинг назоратимда тузилган ва тегишли
ҳокимият томонидан тасдиқланган лойиҳа ва смета асосида уч йил давомида қуриб битказишни ўз зиммамга оламан...
Шу билан бирга юқорида кўрсатилган барча бинолар, ин-
шоот ва жиҳозларни қуриш учун ўз шахсий маблағимдан
500 минг сўм ажратаман».
Бироқ мустамлакачи маъмурият маҳаллий сармоя-
дор Миркомилбойнинг бу саъй-ҳаракатини онгли равиш-
да қўллаб-қувватламайди. Чунки Миркомилбойнинг Эски
шаҳарни замонавий талаб даражасида янгилашдек бу
саховатли, эзгули ватанпарварлик ишларидан мустамлакачи маъмурлар ҳадиксираб қўрққан.  Улар Миркомилбойбойнинг бу ишлари чоризм мулозимларини обрўйига путур етказиши, афкор оммада уларга нисбатан ишончсизлик уйғотиши, ўлкани бошқариш ишига Миркомилбойдек юрт фидойисининг салоҳияти ва обрўйи соя солиши мумкинлигини ўйлаб Миркомилбойнинг таклифини рад этган. Таклифини рад этиш уёқда турсин, чор маъмурларининг сиёсий
фитначилиги билан Миркомилбой тазйиқ-таъқибга учрайди ва судланиб бегона юртга сургун қилинди.

Ўзбекистон миллий энцклопедиясида Андижон зилзиласи ҳақида қўйидаги маълумот берилган:

АНДИЖОН ЗИЛЗИЛАСИ — Ўрта Осиёда содир бўлган кучли зилзилалардан бири. 1902 йил 2 декабрь (янги тақвимда 16 декабрь) соат 10 да рўй берган. Бу зилзиладан Андижон шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқлар катта талафот кўрган. Ер кетма-кет уч марта силкиниб, биринчиси 8 — 9 балл, 1 — 1,5 минутдан сўнг иккинчиси 9 баллдан ортиқ ва яна 30 минут ўтгач, учинчиси 8 — 9 балл бўлди. 50 минг киши яшайдиган Андижон шаҳри билан атроф қишлоқларда кўп жойлар вайронага айланди. Зилзилада 4652 киши нобуд бўлди. Зилзила натижасида Андижондан 5–6 чақирим наригача бўлган темир йўл излари эгилиб қолди. Андижон станциясидаги паровоз ва поезд вагонлари изларидан четга суриб ташланди. 2 декабрь (16 декабрь)дан сўнг ҳам бир неча ой давомида Андижонда ер қимирлаб турди. Зилзила оқибатида Андижон ва унинг атрофида эни 10 сантиметргача бир неча ёриқлар пайдо бўлди. Айрим ерларда ер сатҳи 70 см гача чўқди. Андижон зилзиласи Жанубий Фарғона флексураси — узилиш чизиғи бўйлаб содир бўлган. Зилзила маркази Қораёрда (40,7° шимолий кенглик 72,2° шарқий узунликда) жойлашган.

Бугунги кунда Андижон шаҳрида сақланиб қолган обида ва биноларларнинг аксарияти ўша машъум зилзиладан кейин қурилган.
Жумладан, XIX асрда қурилиб, 1902 йил 3 декабрда
кучли зилзилада бузилиб, қулаб кетган ва аср бошлари-
да қайта тикланган бинолардан Девонбеги ёки Девонобой
масжиди (1862–1865 йиллар қурилган). Уйғур масжиди
(1868–1870 йиллар), Жомъе мадрасаси (1882–1892 йиллар)
сақланиб қолган. Улар эндиликда таъмирланиб, халққа
қайтариб берилди ва улардан андижонликлар самарали
фойдаланмоқда.

среда, 20 ноября 2019 г.

туркистон мухторияти

Тарихдан яхши биламиз, 19-асрнинг иккинчи ярмида Марказий Осиё ҳам Чор Россияси томонидан босиб олинди. Шундан сўнг мустамлакачилар минтақадаги Бухоро амирлиги ва Хива хонлигини вассал бир давлатга айлантириб, қолган ҳудудларда бир нечта генерал-губернаторлик туздилар. Шу тариқа минтақада Россия империяси ҳукмронлиги ўрнатилди.
20-аср бошида Россияда монархия тузумига қарши ва Россияни республика бошқарувига ўтказиш талаби билан чиққан кишилар ҳаракати кучайди. Айниқса, улар орасида Россияни ишчи-деҳқонлар республикасига айлантиришни мақсад қилган Россия большивик ишчилар социал демократик партияси (РСДРП(б)) алоҳида ажралиб турди ва кўп тарафдорлар орттирди. Нафақат Россия империяси, балки аксарият Европа мамлакатлари 1914 йилда бошланган жаҳон уруши билан овора бўлиб турганида, 1916 йилнинг кузига келиб Россияда монархияни ағдариб ташлаб, ўрнига республика жорий қилмоқчи бўлган кучлар анча активлашди ва амалдаги ҳукуматга қарши намойишларни бошлаб юборди. Шу тариқа кураш кучайиб бораверди ва 1917 йилнинг февраль ойига келиб Россия императори Николай II истеъфо беришга мажбур бўлди. Ҳокимият Муваққат ҳукумат қўлига ўтди. Россияда монархия ағдарилгани билан ҳокимият тизимлари ўша эски ҳолида қолаверди ва империя таркибида бўлган кўплаб ҳудудлар эски тартибда бошқарилаверди. Қолаверса, ҳокимиятни қўлга олган Муваққат ҳукумат таркибида ишчи-деҳқонларнинг бўлмагани Россия большивик ишчилар социал демократик партияси(РСДРП(б))ни ҳам мутлақо қониқтирмади. Шу туфайли 1917 йилнинг кузига келиб ушбу партия бошчилигидаги ишчи-деҳқонлар Муваққат ҳукуматни ағдариш учун янги ҳаракатни бошлади ва Юлиан тақвими бўйича 25 октябрда, Григориан тақвими бўйича 7 ноябрь куни Муваққат ҳукуматнинг охирги қароргоҳи бўлган Қишки саройни забт этиб, ҳокимиятни қўлга киритди.
Ана шундан сўнг Россия қўл остида бўлган Финландия, Болтиқбўйи, Польша, Украина, Кавказорти, Марказий Осиё ҳудудларида ўз миллий давлатларини барпо этиш ҳаракатлари бошланиб кетди.
Польша ва Финландия ўз мустақилликларини эълон қилди. Украина ғарбида Украина халқ ҳаракати Украинани мустақиллиги учун курашган бўлса, Кавказ ортида миллий республикаларни тузиш, Туркистонда эса мухторият мақомидаги миллий республика тузилди.

Шу ўринда "Нега ўша пайтда Туркистонда мустақил давлат эмас, балки Мухторият эълон қилинган?" десангиз, гарчи ўша пайтда Россияда олдинига  монархия, сўнгра унинг ўрнига келган Муваққат ҳукумат йиқитилган бўлсада Туркистонда ҳанузгача ҳукмрон сифатида руслар ва Россия армиясининг бўлинмалари бор эди. Муваққат ҳукуматни йиқитган Россия большивик ишчилар социал демократик партияси (РСДРП(б)) исталган пайтда минтақадаги Россия армияси бўлинмаларини эгаллаб олиши мумкин эди. Амалда шундай бўлди ҳам. Қолаверса Туркистондаги кўплаб маҳаллий миллатларга мансуб ишчи-хизматчилар ҳам ўша пайтда Россия социал демократик ишчилар партияси (РСДРП(б)ни қўллаётган эдилар. Бундай ҳолатда Россиядан айро ҳолатда мустақил давлат тузиш имконсиз эди. Бу ҳақда ўша пайтда Мустафо Чўқаев: "Янги мустақил давлат қуришнинг ҳозир мутлақо имконияти ҳам, иложи ҳам йўқ. Сабаби, бизда давлатчиликни юритиш учун мутлақо кадрлар йўқ. Энг муҳими янги тузиладиган давлатни ҳимоя қиладиган армиянинг ўзи йўқ. Армияни шакллантириш учун эса маблағ йўқ.  Бундай шароитда мустақил давлат эълон қилиб бўлмайди. Шу учун биз Россиянинг таркибий қисми бўлиб туришга мажбурмиз. Ҳозир Россия билан ҳисоблашмаслик биз учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкин" деган эди.

Миллий давлатчилик ташаббускорларининг фикрича Туркистонда аввало Мухторият тузилиб, Россиянинг минтақа ички ишларига аралашувига чек қўйилиши лозим эди. Агар шунга эришилса, сўнг келажакда Россиядан батамом мустақил бўлиш учун ҳаракат бошласа бўлади деб ҳисобланган. Муваққат ҳукумат ағдарилганидан сўнг Туркистонда тузилган Мухторият минтақани ҳеч бўлмаганда Россия чангалидан бирмунча озод қилишни режа қилган Мухторият эди.
Ўшанда, Туркистон Мухториятининг таркибий тузилмасини тузишда минтақада яшовчи барча халқларнинг талаб ва таклифлари инобатга олинган ва Мухторият раёсатида минтақада яшовчи барча миллат вакиллари бор эди.

Воқеалар талқини

Юлиан тақвими бўйича 1917 йил февраль ойида Россияда император Николай ағдарилиб ҳокимият Муваққат ҳукумат ихтиёрига ўтганидан сўнг Туркистон ўлкасида ўлкани мустақил давлат қилиш учун турли тузилма ва ҳаракатлар пайдо бўла бошлади. Шулардан энг таъсир доираси катталари 1917 йилнинг баҳорида тузилган "Шўрои Исломия" ва "Шўрои Уламо" ҳаракатлари эди.
1917 йил октябрь ойида большивиклар томонидан Муваққат ҳукумат ағдарилгандан сўнг, октябрь-ноябрь ойларида Туркистон ўлкасининг турли шаҳарларида, айниқса Тошкентда ижтимоий-cиёсий ҳаракатлар кучайди ва юқоридаги иккита ҳаракат Туркистонда миллий давлатчиликни ташкил этиш учун бу шаҳарда турли йиғинларни уюштира бошлади. Бу орада, Тошкентда ҳокимиятни таркибида битта ҳам маҳаллий миллатлар вакиллари бўлмаган, темирйўл ишчиси Ф. Колесов (бу инсон кейинчалик Бухорони авиация ёрдамида бомбардимон қилишда бош-қош бўлган шахслардан бири бўлган) бошчилигидаги Туркистон Ишчи-деҳқон Совети эгаллаб олди ва Туркистон Халқ Комиссарлари Советини тузди. Шундан сўнг Туркистонда миллий давлатчилик тузиш истагида бўлган ҳаракатлар ўз қароргоҳларини Қўқонга кўчиришга мажбур бўлдилар.

1917 йил 26-28 ноябрь кунлари Қўқон шаҳрида Умумтуркистон  ўлка мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойи бўлиб ўтди. Ушбу қурултойда кўпчилик мусулмон зиёлиларнинг хоҳиш-истаклари билан Туркистон ўлкасида яшовчи европа миллатига мансуб делегатлар ҳам қатнашдилар.
Қурултой ишида муҳим бир масала, Туркистонни мустақил давлат ёки Россия таркибидаги Мухтор республика деб эълон қилиш иши кўриб чиқилди ва кўпчилик вакилларнинг овози билан Туркистон ўлкасини Россия таркибида Мухтор республика сифатида эълон қилишга келишилди.
1917 йил 27 ноябр куни Қурултойда кўпчилик овоз билан қабул қилинган қарорда шундай дейилади: “Туркистонда яшаб турган турли миллатга мансуб аҳоли Россия инқилобини содир этган большивиклар томонидан, халқларнинг ўз ҳуқуқларини ўзлари белгилаш хусусидаги гапларидан келиб чиқиб Туркистонни Россия Федератив Республикаси таркибида ҳудудий жиҳатдан мухтор деб эълон қилади”.
1917 йил 28 ноябрь куни давом этган қурултой ишида Туркистонда ташкил топаётган мухтор давлатнинг номи “Туркистон Мухторияти” деб аталадиган бўлди ва ўша ондан бошлаб Туркистон ўлкасида ҳокимият Туркистон Мухторияти Муваққат Кенгаши ва Туркистон Мухторияти Халқ (Миллий) Мажлисига ўтиши ҳақида қарор қабул қилинди.
Шундан сўнг Туркистон Мухторияти Муваққат кенгаши аъзоларидан 12 кишилик ҳукумат тузилди ва Туркистон Мухторияти Миллий Мажлисига 32 кишидан иборат вакил сайланди. Туркистон Мухториятининг Муваққат ҳукумати таркиби қўйидаги шахслардан бўлди:

Муҳаммаджон Тинишбоев – Бош вазир, ички ишлар вазири, 2-чақириқ Давлат Думасининг аъзоси, Муваққат ҳукумат Туркистон комитетининг аъзоси, темир йўл муҳандиси. Миллати қозоқ.

Ислом Султон Шоаҳмедов – Бош вазир ўринбосари, Бутунроссия Мусулмонлари Кенгаши Марказий қўмитасининг аъзоси, ҳуқуқшунос,, миллати татар

Мустафо Чўқай (Мустафо Чўқаев)  – ташқи ишлар вазири, Муваққат ҳукумат Туркистон комитетининг аъзоси, Туркистон ўлка Мусулмонлар Шўросининг раиси, ҳуқуқшунос. Миллати қозоқ.

Убайдулла Хўжаев – ҳарбий вазир, Бутунроссия Мусулмонлар кенгаши Марказий қўмитасининг аъзоси, ҳуқуқшунос. Миллати ўзбек.

Ҳидоятбек Юрғули (Юрали) Агаев – ер ва сув бойликлари вазири, агроном, миллати ўзбек.

Обиджон Маҳмудов – озиқ-овқат вазири, Қўқон шаҳри думасининг раис ўринбосари, жамоат арбоби, миллати ўзбек.

Абдураҳмон Ўрозаев – ички ишлар вазирининг ўринбосари, ҳуқуқшунос, миллати қозоқ.

Соломон Абрамович Герцфельд – молия вазири, ҳуқуқшунос. Миллати яҳудий.

Маъди Чанишев – Қуролли кучлар қўмондони, миллати татар.

Ҳожи Муҳаммад Иброҳим Ҳожиев(кичик Эргаш) – Уезд милицияси бошлиғи. Кейинчалик Маъди Чанишевнинг ўрнига Мухторият қуролли кучлари қўмондони бўлган.

Муваққат ҳукумат таркибига кириши лозим бўлган қолган 4 ўрин европалик аҳоли вакиллари орасидан номзодлар кўрсатилиши учун уларга ажратилди.
Қурултой иши тугаганидан сўнг, 1 декабрь куни Туркистон Мухториятининг Муваққат ҳукумати аъзолари (барча 8 киши) имзолаган махсус Мурожаатнома эълон қилинди. Ушбу Мурожаатномада Туркистон ўлкасидаги барча аҳоли: ирқи, миллати, диний эътиқоди, жинси, ёши ва сиёсий қарашларидан қатъий назар, якдиллик ва ҳамжиҳатликка чақирилган ва Туркистон Мухториятини қўллаш сўралган эди.

Туркистон Мухторияти эълон қилиниши ортидан ушбу минтақанинг турли ҳудудларида яшовчи ҳур фикрли ва таниқли шахслар миллий давлатчилик ташкил топгани муносабати билан турли шаҳарларда, матбуот орқали Туркистон Мухторияти ҳукумати номига табриклар эълон қилдилар ва ушбу Мухториятни қўллаб-қувватлашларини билдирди.

Шундан сўнг Туркистон Мухторияти ҳукумат вакиллари жойларда Мухторият тузилмаларини тузиш ҳаракатларини бошлади. Шунингдек Туркистон Мухторияти Миллат мажлиси томонидан тасдиқланган қонунлар барча жойларда эълон қилиниб, янги ҳукумат таниқли ҳуқуқшуносларни жалб этиб,  Мухторият Конституциясини тайёрлаш ишларини бошлаб юборди. Мухторият томонидан ўзбек, қозоқ ва рус тилларида бир нечта ҳукумат газеталари нашр этила бошланди.
Ўша пайтда Мухторият олдида турган энг муҳим вазифалардан бири бу Мухторият армиясини шакллантириш эди.
Шу учун ҳам Мухторият ҳукумати миллий қўшинларни ташкил этишга жиддий киришди. Мухторият Ҳарбий кучлари вазири Убайдулла Хўжаев оз вақтда 2000 дан ошиқ аскарларга эга бўлган армия тузди. Бундан ташқари Қўқон шаҳрида шаҳар милиция отрядлари бошлиғи бўлган Эргаш қўрбоши қўл остида икки мингга яқин миршаблар ҳам бор эди.

Ўшанда, умумхалқ томонидан қўллаб-қувватланган Туркистон Мухторияти Тошкентни эгаллаб олган большивикларга, хусусан Туркистон Халқ Комиссарлари Советига маъқул келмади. Алалоқибат воқеалар шундай ривожланди-ки, Россия билан ҳисоблашиш ва Туркистонда мустақил давлат ўрнига Россия таркибида Мухтор давлат тузиш ҳам барибир ёмон оқибатларга олиб келди. Россия Тошкентда Туркистон Мухториятига мухолиф ўлароқ Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси(ТАССР)ни тузди ва унинг йиғинларида Туркистон Мухториятини тан олинмади ва ноқонуний тузилма деб эълон қилинди.
1918 йил 19-26 январь кунларида Тошкентда Туркистон ўлкаси ишчи, солдат ва деҳқон депутатларининг фавқулодда IV съезди бўлиб ўтди ва унда Туркистон Мухториятига бутунлай салбий муносабат билдирилди. Съезд ишида РСДРП(б) вакиллари бўлган большевиклар томонидан Туркистон Мухторияти тўғрисидаги резолюция таклиф этилди ва у бир овоздан қабул қилинди. Ушбу резолюцияда Туркистон Мухторияти ноқонуний тузилма деб эълон қилинди ва Қўқонга ҳарбий юриш қилиб, Мухториятни ағдариб ташлашга қарор қилинди.
Ана шу ерда большивиклар Туркистон ўлкасига мухторият мақомини бериш ниятида эмаслиги ойдинлашди. Уларнинг мақсади нима қилиб бўлса ҳам Туркистон ўлкасини Россия таркибида мустамлака тарзида сақлаб қолиш эди.
Шу учун ҳам улар Туркистон Мухториятини йиқитишни ўзининг энг бирламчи вазифаси ўлароқ қабул қилди. Ўша пайтда Тошкент большивикларининг раҳбари бўлган Ф. Колесов Марказдан ёрдам кучларини сўради ва Марказ Туркистонга 11 та эшалонда 10 мингдан ошиқ аскар жўнатди. Уларга арман дошноқлари ҳам қўшилди. Аскарлар Тошкентга етиб келгандан Қўқонга сафарбар этилди.

1918 йил 30 январда Туркистон Халқ Комиссарлари Совети (ХКС) Туркистон Мухторияти ҳукуматини тугатиш учун ҳарбий ҳаракатлар бошлади. Большивиклар Мухторият раҳбариятига сўзсиз таслим бўлиш ва ихтиёридаги қўшинларнинг қуролларини топшириб тарқатиб юбориш ҳақидаги талабларини қўйди. Мухторият раҳбарияти бу талабга кўнмагач, 1918 йил 31 январь куни икки ўртада жанглар бошланди.
Қарийб уч ҳафта давом этган жанглардан сўнг 1918 йил 19 февраль куни Туркистон Мухторияти қўшинлари батамом мағлубиятга учради ва Мухторият ҳукумати большевиклар томонидан ағдариб ташланди.
Бўлиб ўтган жангларда Туркистон Мухториятининг айрим вазирлари ҳалок бўлди, айримлари қўлга олинди. Муҳаммаджон Тинишбоевнинг истеъфосидан сўнг Туркистон Мухторияти раҳбари бўлган Мустафо Чўқаев Қўқонни тарк этиб яширинишга мажбур бўлди.

Ўшанда, қарийб уч ҳафта давом этган жангларда қизил аскарлар ва уларга ёрдам берган арман дашноқлари ҳеч кимни аямадилар ва Мухтормият армиси аскарларидан ташқари Қўқон шаҳри аҳолисидан 10 минг нафардан кўпроқ аҳолисини ҳам ўлдирди.

Ўшанда Туркистон Халқ Комиссарлари Совети бошчилигидаги қизил аскарлар Қўқонда амалга оширган хунрезликларини кўрган маҳаллий аҳоли Мухторият йиқитилганидан сўнг большивикларга қарши Озодлик урушига отланди. Миллий истиқлол учун бўлиб ўтган бу кураш қаҳрамонлари тарихда босқинчи большивиклар томонидан "босмачилар" деб аталди. Озодлик уруши Туркистоннинг турли ҳудудларида турли йилларгача давом этди.
Халқ озодлик ҳаракати қаердадир, масалан Фарғона водийсида 1922-23 йилларда бостирилган бўлса, Тожикистоннинг узоқ тоғли ҳудудларида ҳатто 2-жаҳон урушигача давом этган.
Туркистон Мухторияти мағлубиятга учрар экан, ўлка батамом Россия қўл остида мустамлака сифатида қолди. Айёр большивиклар Туркистонда Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикасини тузган бўлсаларда амалда бу республика қўғирчоқ бир республика эди ва амалда ҳеч қандай автоном ҳуқуқлари йўқ эди. ТАССР 1924 йилда Ўзбекистон ССР тузилгунча яшади.